
Истанбулнинг Ускудар ёқасида яқинда янги жоме қурилган деб эшитдим. Бир жумани оилам билан бирга ўша ерда ўқигим келди.
Манзилни излаб топиб бордик. Узоқдан мачитга кўзим тушган заҳоти бино менга ёқди. Бир томонидан Мармара университети Илоҳиёт факултаси билан иккинчи томондан Капитол олиш-бериш маркази ўртасига катта майдонга қурилган бу жоме ўзига хос лойиҳада эди. Гумбази ҳам, минораси ҳам қадим услуб билан замонавий услубнинг қоришмасини кўрсатиб турарди.
Яқинлаша бошладик. Одамлар кўп. Бизга ўхшаб янги мачитда жума намозини ўқимоқчи бўлганлар шекилли деб ўйладим. Нимагадир теваракда полислар ҳам тез-тез кўзга ташлана бошланади.
Мачит майдонининг бурчакроғига келганимизда полис текширувидан ўтдик. Кўча ёқасида алламбало мошиналар тиқилиб кетганини кўрдик. Йўлак бўйлаб катта-катта гулчамбарлар тизиб қўйилибди. Биронта амалдор оламдан ўтибди шекилли деб ўйладим (туркларнинг одатида жанозага яқинлари гулчамбарлар олиб келади ёки юборади). Чиндан, гулчамбарлар орасида Бош вазир Аҳмад Довуд ўғли номини ҳам ўқиб, тахминим тўғри чиққанини билдим.
Зинадан мачит саҳнига чиқарканмиз, излама ускуналар орасидан ўтказилдик. Шу ерда онаси чидамади: аёлларни текшириб ўтказаётган ёш-ёш полис жувонлардан ўзбекча-туркча оҳангни аралаштириб: "Ким ўлди?" деб сўради.
Билсак, Туркиянинг собиқ президенти Абдуллоҳ Гулнинг қайинотаси оламдан ўтган, жанозага Туркиянинг давлат устунлари келиши кутилаётган экан.
Энди мачитнинг тасвирини ва таассуротларимни кейинга қолдираман. Ҳозир асосий гапга ўтақолай.
Орада қолдирилган йўлакдан ўтиб бориб хонақонинг ўртароғига ўтириб олдим. Менинг ўтиришимга воиз (Туркияда кўп йирик мачитларда жума воизи бошқа, имом бошқа бўлади) ҳам суҳбатни бошлади. Бирин-кетин телевизорларда кўриб юрганимиз сиёсат одамлари ҳам келиб, олд қаторда тайёрлаб қўйилган ерга ўтиб туришибди.
Хутбаолди азонига беш дақиқача қолганида одамларнинг ўгирилиб қарашидан хонақога асосий одамлар келгани билинди. Ўртадан йўлак қолдирилганига қарамай ҳадеганда улар олдинга ўтавермади. Ярим туриб-тиззалаб орқамга қарадим: Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон, ўнг ёнида собиқ президент Абдуллоҳ Гул, чап ёнида Бош вазир Аҳмад Довуд ўғли ва яна мен танимайдиган бошқа арбоблар энг охирги қаторда ўтиришар ва хиёл бош эгиб воизнинг насиҳатларига қулоқ солишар эди…
Жамоат орасида менга ўхшаган қизиқувчилар бир-бир орқаларига қараб қўйганини демаса, асосий кўпчилик воиздан кўзини узмай, унинг ваъзларини тинглашда давом этаверди.
Диққатимни тортган нарса – баланд супада насиҳат қилаётган воиз арбоблар ўтирган томонга қараб ўтирганига ва улар кириб келганини кўрганига қарамай сўзини тўхтатмади, мавзуни ҳам ўзгартирмади ва то охиригача на Бош вазирнинг, на президентнинг номини тилга олди. Жаноза ҳақида ҳам индамади. Аммо ўлим ҳақида, бу дунёда одам ким бўлишидан, қандай лавозимда ишлашидан қатъи назар ўлимни унутмаслиги, бир кун охиратда бу дунёдаги ишларидан сўралиши ҳақида гапини давом эттираверди.
Хутбаолди азони чақирилгач, саловат айтилиб турганида имом минбарга салобат билан чиқиб борди. Арабча бошлаб, туркча давом эттириб, яна арабча тугатди, лекин у ҳам мачитга бугун кимлар келганию жаноза кимга тегишли экани ҳақида бир оғиз сўз айтмади. Умуман, сиёсатдан гапирмади.
Давлат устунлари охирги қаторда, муаззин ёнида намозни ўқишди, саловатларга жим қулоқ осишди, тасбиҳотларни ҳамма билан бирга тўлиқ қилишди, сўнгра одамларга аралашиб ташқари чиқишди, мачитнинг қибла томонида жаноза намози учун ажратилган махсус жойда биринчи сафда туриб жаноза намозини ўқишди, сўнгра… ҳамма қатори тарқаб, ўзларининг мошиналари сари кетишди…
Шунда Ибн Баттута хотира китобида ўтмишимиздан келтирган бир воқеа эсимга тушди. Илгарилари бизда ҳам худди шундай эди. Машҳур араб сайёҳи ўрта асрлар Мовароуннаҳр султони Тармаширин тутумидан икки шингил мисол келтиради (воқеа Бухорода бўлган). Ибн Баттута дейди:
1. “Бир куни мен пешин намозини адо этиш учун мачитга бордим. Аммо султон ҳали йўқ эди. Унинг маҳрамларидан бири жойнамоз келтириб, меҳроб яқинидаги одатда султон намоз ўқийдиган жойга ёзди ва (имом) Ҳисомуддин Ёғийга: “Султонимиз таҳорат олиб бўлгунларича намозни бошламай тураркансиз, шундай деб юбордилар”, деди. Имом ўрнидан туриб: “Намоз Оллоҳ учунми ё Тармаширин учунми?” деди ва муаззинга намозни бошлашни буюрди. Султон мачитга кириб келганида икки ракат намоз ўқиб бўлинган эди. У намозини одамлар оёқ кийимларини ечиб қўядиган жойда, мачит остонасида, қолдирган ракатларини ҳам қўшиб ўқиб олди. Сўнг ўрнидан турди ва имомга яқин келди, қўл олиб сўрашмоқчи бўлиб жилмайди. Мен имомнинг ёнгинасида турган эдим. Султон менга: “Юртингга борганингда ажамларнинг битта жулдурвоқи имоми турк султонига қандай муомала қилишини айтиб бергин”, деди"*.
Мана, қандай тўғрисўз бўлишган бизнинг имомларимиз! Мана, қандай камтар бўлишган бизнинг ҳам султонларимиз!
Хуллас, жума намозидан ажиб бир таассуротлар билан қайтдик.
* Кўчирма "Бу кунлар" китобимдан олинди. (Ибн Баттута. “Саёҳатнома”, 372-бет. “Шарқ” НМАК Бош таҳририяти. Тошкент 2012 йил.)
Leave a Reply