Оқ бино оқшомлари

Ҳафизаларнинг уйи Туюлнинг чиқаверишида, Жалойирнинг кираверишида жойлашганидан бу уйдагилар иккала қишлоққа ҳам бирдай тегишли эди. Тўйгами, маъракагами иккала ёққа ҳам бораверишар, бегонасирашмас эди. Қолаверса, бу қишлоқларнинг оти бўлак, мактаби бўлак холос, қабристони деярли бир-бирига уланиб кетган.

Ҳафиза тўрт синфни Жалойирда ўқиди, бешинчи синфдан отаси негадир у билан укасини Туюлдаги мактабга берди. Бошида янги синфдошларига аралашиб кетиши қийин кечди. Айниқса, туюллик қизчалар Ҳафизани анчагача орага қўшмай, ўзларига яқин йўлатмай юришди. Бўлар-бўлмасга ғижиллашиб қолишса, «Жалойирди жинниси» деб уни масхаралашар эди. Бора-бора бу гаплар унутилди-ю, лекин митти юрагида кўринмас ғубори қолди. Шунданми, одамовироқ бўлиб ўсди. Неча марта онасига йиғлаб берди. Ҳатто бир сафар отасига: «Биз ўзи қайси қишлоқданмиз?» деб зарда қилди. Отасининг: «Иккала қишлоқ ҳам ўзимизники, ўртада бегонаси йўқ», деган жавобидан кўнгли тўлмади. Вақтни оралатиб, яна онасига йиғлади. «Тайинли бир ўртоғим йўқ менинг», деб ўксинди. Онаси отасидан ошириб бир нима дермиди? «Қўявер, қизларнинг минғир-минғири сенинг шимилдириғинг», деб уни юпатган бўлди…

 

«Ҳа, қизлар кўпроқ ҳасаддан бир-бирларини янишади, ҳасад қилишаётган эканми, демак, сен улардан устунсан!»

Бунисини онаси айтмаган, буниси еттинчи синфдами ўқиётганида ўзининг хаёлига келган. Шундан кўнгли кўтарилиб, қизларнинг шивир-шивирини парвойига илмасдан, ўқишини ўқийверди.

 

Орадан йиллар ўтиб, битта болали бўлиб, ичидаги «дугонаси» билан сирлашиб ўтирганида ўша илк армонини бари бир айтди:

«Ўзи мен бошидан иккига бўлиниб қолганман, энди ўлгунимча шундай қолсам керак».

Ичдугонаси бу дунёда Ҳафизанинг яккаю ягона ва чин сирдоши эди.

«Сен чиройлисан, Ҳафиза – ҳамма бало шунда!» деди у ҳар галгидек тап тортмай.

«Нима қил дейсан? Юзимни юмдалаб ташлайинми?»

«Юзни юмдалаган билан иш битмайди. Ўртада боланг бор, кўзингни оч, деяпман, холос».

«Буни ўзим ҳам биламан. Менга ўшанақа – кўзимни очадиган маслаҳат бергин-да бўлмаса!»

«Тўғрисини айт: мабодо ҳаммаси қайта бошланганида, кимга тегар эдинг?»

«Шариф акамга!» деди Ҳафиза ўйлаб ҳам ўтирмай.

«Унда… Аваз ака-чи?»

«Билмадим… – Ҳафиза тутилиб қолди. – Ростини айтсам, тағин барибир шундай бўларди, шекилли…»

«Унда менинг маслаҳатим сенга ўтмайди».

 

Жалойирдан Туюлдаги мактабга кўчиб ўтганининг боисини ҳам Ҳафиза эрга тегиб, битта болали бўлганидан кейин билди. Онаси айтди.

– Ўшанда Жалойирдаги мактабди дириктири – у юзсиз дадангди ошнаси эди – ўнинчи синфда ўқийдиган битта қизди бошини айлантириб юрган. Ростиниям, ёлғониниям бир кимса билмайди, дадангга ўзи мақтаниб айтганмиш. Дадангди биласан-ку, жаҳли бурни учида туради, – деди нима сабабдандир ўша олис воқеаларни хотирлаб.

«Менинг болаларим сенинг ҳаром мактабингда ўқиб олим бўладиган бўлса, кечдим берадиган илмингдан!» дебди дадаси ва шундан кейин Ҳафиза билан укасини Туюлга кўчирган экан. Ҳафиза буни эшитдию нигоҳи ўйчан ер чизди.

 

Одамовилиги ўзи билан, чеккадан қараган киши назарида эса, у жуда чиройли, истарали, ёқимтой қиз бўлиб вояга етар эди. Бунақаси иккала қишлоқда ҳам йўқ эди, иккала қишлоқ аҳли ҳам бунақасини яқин орада кўрмаган. Буни Ҳафизанинг ўзи ҳам сезиб, ҳис қилиб улғаярди. Буни, айниқса иккала қишлоқнинг ўғил болалари, йигитлари яхши билишарди. Туюлда ҳам, Жалойирда ҳам Ҳафизани лоақал бир маротаба ўйламаган, у билан лоақал бир маротаба хаёлан ёлғиз қолмаган, юрагида Ҳафизага аталган лоақал биттагина орзу-умиди бўлмаган, уни суймаган, унга хаёлан уйланмаган биронта йигитча, биронта бўйдоқ бўлмаса керак! Эҳ-ҳе! У орзу-умидлар, у ширин хаёллар бирдан жонлантирилиб, кино сингари кўрсатилса борми, Ҳафизани бир пайтда иккала қишлоқнинг деярли барча хонадонида кўриб, эс-ҳушингиздан айрилишингиз турган гап.

…ана, сочларини мажнунтол қилиб, нафис дуррасини пешонасига дол танғиб, энкайганида қийғос очилган кўкрак ёқасини чап қўли билан тўсиб, ҳовли супуриб юрибди… ана, ўчоқдаги аланга акси уриб жилоланаётган ёноқларида бир думалоқ ёш билан пиёз арчяпти… ана, тиззаларини қучоқлаганича дарвозадан кўз узмай, эрининг йўлига илҳақ ўтирибди… ана, чўғдек гилам ўртасига кенггина, баландгина қилиб ўрин соляпти… ана, эрининг оёқларини, белларини уқалаяпти, у ер-бу ерини чимчилаб ҳам қўяди, қийқириб кулади… ана, қўлида гўдаги, суйиб-суйиб эмизяпти, ёнида эридан бўлак кимса йўқ, боласи эмиб бўлди ҳамки, кўкрагини яширишга шошилмайди… ана, келинлик либосларию хилма-хил матолар билан ясатиғлик уйда, шундайгина, қўлига бош қўйиб, ўрилмаган сочлари тўшакка ёйилиб, мизғияпти…

Балоғатга етган барча ўспирину бўйдоқ йигит хаёлида, орзу-умидида Ҳафиза ҳамиша мана шундай манзаралар қўйнида яшарди.

Ҳа, у ҳақиқатан чиройли, истарали, ҳақиқатан ёқимтой қиз бўлиб етилган эди!

Қизининг чиройлилигини отаси ҳам билади. Билганидан, баъзан хотинига ўшқириб қолади. «Қизингга айт, ҳадеб салланглаб юравермай, иш-пишини қилсин!» дейди. Она ҳайрон, қизимга нима қипти, дегиси келади-ю, айтмайди. Фурсатини топиб, дашном беради: «Қизим, дадангди феълини биласан, кўзига кўринавермай, ўчоққами, тандиргами уннасанг-чи!» дейди. Энди Ҳафиза ҳайрон. Туриб-туриб онасининг даккиси нашъа қилади, секин дарсхонасига киради-да, хумори тарқагунича кўзёши қилиб олади…

Бўларига ўтадиган бўлсак, гап бундай.

Шу қиз мактабни тугаллаган йили, ёз кунларининг бирида, иккала қишлоқдан, «Бор таваккал!» деган иккита хонадондан, бир пайтда, лекин бир-биридан хабарсиз ҳолда… иккита совчи келди. Ажаб тақдир: уларни Ҳафизанинг ўзи кутиб олди. Айвонга кўрпача солди, дастурхон ёйди, чой қўйди, далага бориб онасини уйга юборди. Ўзи қайтмади. Хотинларнинг совчи эканини у бир қарашдаёқ билган эди, кимлардан вакил бўлиб келишганини ҳам юраги сезди.

 

Олдин сўз Шарифжон таърифида.

Ҳафиза саккизинчи синфни битираётганида ажиб бир воқеа бўлган. Тўй эди, шаҳарда ўқийдиган туюллик бир йигитнинг тўйи. Келин-куёв талабалар эмасми, тўйхона одамга лиқ тўла. Ғала-ғовур. Давра катта, ўрта чароғон. Талабалар антиқа томошалар тайёрлаб келишибди, кўрсатиб, кексаю ёшнинг ичагини узишди. Қизлари ҳам шўх-шаддодгина экан, тўйхонага йиғилган барча қизалоқларнинг кўзини куйдириб, йигитлар билан роса ўйин тушишди. Айлана тузалган столда ўтирганлар қанча, гирдо-гирдида тик турганлар қанча. Ҳафиза ҳам шу тикка томошабинлар қатори ҳовлининг дала томонидаги қоронғи бир чеккада туриб базм кўрар, тўй агар эрталабгача давом этса, эрталабгача томоша қилаверадиган кайфиятда эди. Базм қизигандан қизийверди. Вақт алламаҳалда Ҳафиза ёнидаги қизнинг қулоғига нималарнидир деб шивирлади-да, секин даврадан чекиниб, қоронғиликка қараб юрди.

Ҳовли бурчагига уйдек қилиб ғўзапоя ғарами уюб ташланибди. Орқа деворнинг бузилган ери бор экан, оёқ остида кесаклар қалашиб, сочилиб ётибди. Нарёғи дала…

Ҳафиза хиёл энкайиб, кесаклар устидан пайпасланиб, энди далага ўтаётганида кимдир номини тутиб чақиргандек бўлди. Жиндай вақт ўтиб, товуш яна қайтарилди:

– Ҳафиза!

Оёғидан мадор қочди ва деворнинг бузуқ жойига суяниб, тўхтади.

– Ким у? – деди қўрқа-писа.

– Ҳафиза, қўрқма, менман, – деди яна ўша «кимдир» қоронғулик қаъридан.

Юзи кўринмаётган бўлса ҳам, Ҳафиза уни таниди: мактабни ўтган йили тамомлаган Шарифжон деган йигит эди у. Политехника институтининг кечки бўлимида ўқийди, кундузи қандайдир заводда ишлайди. Ҳафиза сал ўзини босиб олди-ю, оёғидаги титроқ барибир қолмади. Бир нафас ўтиб, Шарифжон ғўзапоя ғарами билан девор оралиғидан чиқиб келди.

– Сенга бир нарса бериб қўймоқчийдим, – деди у уч-тўрт одим нарида тўхтаб. – Ташлавормайсанми?

«Табрикнома! – деб ўйлади Ҳафиза дарров. – Биринчи Май билан табрикламоқчидир-да».

Бундан икки ойча бурун синглиси мактабда унга бир китоб келтириб берди. «Шариф акам китобингизни олган экан, бериб юборди», деди. Ҳафиза ҳеч кимга ҳеч нарса бермаган эди, шундай бўлса ҳам, нимагадир индамай олди. Синф хонасига кириб, яширин варақлади. Китоб ичидан табрик қоғози чиқди! Шарифжон уни Март байрами билан «чин юракдан» қутлабди. Сабабини ўзи ҳам билмаган ҳолда Ҳафиза табрик қоғозини икки-уч кунгача ташламай олиб юрди. Неча маротаба ўқиб чиқди, сўзларини ёдлаб олди, ниҳоят бир куни чорвоққа опчиқиб майдалаб-майдалаб, ариққа оқизиб юборди… «Бу сафар ҳам табрик ёзгандир», деб ўйлади Ҳафиза.

– Тўй бошланганидан бери шу ерда пойлаб ўтирибман, – деди Шарифжон олдинга тағин икки қадам ташлаб. – Хайрият, ўзинг кепқолдинг. Ҳафиза, бир ҳафтадан кейин армияга кетяпман… манови сенга… – У турган еридан ниманидир узатди. – Ма, Ҳафиза, айтадиганларимни шунга ёзганман, уйда ўқийсан.

Ҳафиза нима қиларини билмай қолди. Бир кўнгли, шарт ташла-да қоч, деса, яна бир кўнгли, олавер, олганинг билан бир нима бўлармиди, дерди. Шарифжон армияга кетаётганини яна эслатганидан сўнг ихтиёрсиз хатга қўл чўзди. Ҳаяжондан ўзини йўқотган эди. Кейин нима бўлганини ҳам билмайди. Хатни тутқазаётганида Шарифжон унинг қўлини сиқдими-ей, титроқ товушда: «Сени жонимдан ҳам яхши кўраман, Ҳафиза!» дедими-ей…

Сўнгра Шарифжон бир сакраб, дала тарафга ўтиб кетди. Девор бўйлаб кетган ариқ марзасидан анчагача шитир-шитир оёқ товушлари келиб турди.

Ҳафиза кейин ҳам бу товушни кўп бор эшитди. Кечалари дарсхонасида ёлғиз ўтирганидами, уйқуси ичидами, гоҳида ҳатто дарс пайтлари қулоғига шу товуш чалиниб қоларди: шитир-шитир, шитир-шитир… Ўшанда эса, у базмни томоша қилгандек ҳам бўлмади, уйга қайтди. Келасолиб, хатни ўқиди.

«Ҳафиза, мен сени яхши кўраман! Биламан, сен ҳали ёшсан, бунақа гапларни ҳозир айтмаслигим керак эди, лекин бир ҳафтадан кейин мен армияга кетяпман. Икки йилга! Билиб бўлмайди, денгизчиликка тушсам, уч йилга чўзилиб кетадими. Сени яхши кўришимни ўзингга айтиб кетмасам, у ёкда қийналадиганга ўхшайман. Унгача сен ҳам мактабни тамомлаб қоласан, шу гапларим эсингдан чиқмасин, Ҳафиза! Билиб қўй: қайтиб келиб сенга уйланаман!.. Хатим тумтароқ бўпқоляпти, хаёлимга бўлак гаплар келмаяпти. Иккала варақниям «Сени яхши кўраман, сени яхши кўраман» деб тўлғазиб чиқсам, сўзларимга ишонасанми?! Айтмоқчи, армиядан хат ёзиб тураман, мактабнинг адресига, майлими? Қўрқма, конверт тепасига бирорта қиз боланинг отини қўяман, биров билмайди. Хат ёзасан-а, ёзасан-а?! Хатларингни интизорлик билан кутаман, деб сени жон-дилидан севувчи Шарифжон!»

Ўшанда Ҳафиза хатни қайта-қайта ўқиркан, ичи жимир-жимир қилиб, вужудини ёқимли, одамни маст қилгувчи бир заифлик чулғаган эди. Кунлар, ойлар ўтган сайин у бир нарсани ўйлаб, сира ўйининг тагига етолмай, ажабланиб юрди.

 

«Шариф акам менинг ғарам ёнидан ўтишимни қаёқдан билдийкан? – деб сўради бир куни ичдугонасидан. – Нимага мени ўша ерда кутиб турди? Нимага энди ўзим ҳам айнан ўша жойга бордим?»

Дугонаси гапни айлантириб ўтирмади:

«Шариф ака сени қаттиқ яхши кўриб қолган! – деди ўша заҳоти. – Ҳаммаси шундан. Ноз қилиб юрмасдан, сен ҳам уни яхши кўриб қўяқол!»

Ҳафизага бу гап хуш ёқди, лекин яна ҳам ишонч ҳосил қилиб олиш учун бир оз тайсаллади:

«Қизиқ-ку гапинг. Мабодо у ерга бормаганимда, нима бўларди?»

«Борардинг! Бари бир борардинг!»

 

Тўққизинчида ўқиётганида интиқлик билан Шарифжондан хат кутаётганини сезиб қолди. Ҳатто, ёзмай қўйса-я, деб чўчиётганидан ҳайратга тушди. Пахта терими тугаган пайтлари бир хат олди, қишда орқама-кетин иккита хат олди, баҳорга чиқиб кўзни чирт юмдию ўзи ҳам битта жавоб хати ёзди. Ўшанда нималарни ёзган эди – кейин эслаёлмай юрди. Тўкқизинчида ўқийдиган мурғак қиз аскар йигитга нимани ҳам ёзарди? Ўқишларим яхши, далагаям чиқиб турибмиз, дегандир. Қишлоқда янгиликлар кўп: Адолат опойнинг тўйи бўлди, Жалойирдаги мактаб дириктири қамалиб кетди, «Дик домла» ҳалиям пинқиллаб юрибди, деб ёздими ё? Шулардир-да. Шулардан ўтказиб яна нимани ёзарди!..

 

Совчининг униси жалойирлик Авазбекдан эди, демак, энди сўз Авазбек таърифида.

Авазбек бўлимда сувчилик қилади. Қишин-ёзин денгизчиларнинг йўл-йўл майкасини кийиб юргани-юрган. Қоматдор. Адирлар тагида сойнинг айрилиш ери бор. Қишлоқдан анчагина олисда. Шунинг учун совхоз қулоқбошига битта уйча қуриб берган. Ўтган йили Авазбек қишлоқдан атай оҳак олиб бориб, шу уйчанинг деворларини оқлаб қўйдию ўша кундан бошлаб далачилар уни «Оқ бино» деб атай бошлашди. Уйча адирликда бўлганидан иккала қишлоққа ҳам оқариб кўриниб турарди. Шу Оқ бино Авазбекнинг ишхонаси. Бекор пайтлари қўлда калтак билан дала айланишни ёқтиради. Калтакни ён томондан оёғига уриб-уриб қўяди. Гоҳида сойнинг узун кетган қирғоғи бўйлаб «Ява»сини учириб ўтиб қолади.

Туюлу Жалойирнинг қизлари орқаворатдан Авазбекни кўп гапиришади, пинҳона унга ҳавас қилишади, ўзларича бир-бировларини унга бичиб, ҳиринг-ҳиринглашишади. Авазбек бўлса, нимагадир ҳеч кимга эътибор бермайди. Ҳеч кимга! Фақат…

Куз эди. Оқшом тушган. Тутқатор бўйлаб ўт юлиб юрган Ҳафиза сира кутилмаганда Авазбекка дуч келди. Далада бунақа йўлиқишлар оддий ҳол, лекин қизнинг юраги безовта дукурлай бошлади.

– Ҳафиза, – деди Авазбек товуши алланечук ғўлдираб, – бир гап айтсам, майлими?

Ҳафизанинг юраги сезганича бор экан: Авазбек уни ёлғиз учратиш учун атай пойлаб юрган кўринарди.

– Нима дейсиз? – деди нимадир дейиши керак бўлгани учун ҳам.

Авазбек ундан бундай дангал муомалани кутмаганми, олдинига довдиради:

– Биласанми… ростини айтсам… анчадан буён…

Ажаб, Ҳафизанинг хаёлига дастлаб: «Нега сенсираяпти, олдинлари сизлаб гапирарди-ку?» деган ўй келди. Бу ҳол унга ғалати туюлди. Шарифжон ҳам ҳов ўшанда томдан тараша тушгандек сенсираб қолган эди…

– Сенсирамай гапиринг! – деб юборди у бирдан.

– Кечирасиз…

Авазбек шундан бўлак бир сўз ҳам деёлмади. Ҳафиза апил-тапил ўтларини тўплаб, этакка солиб, Авазбекка ҳам қарамай, уйга жўнаб юборди.

У яна бир марта йўл тўсди. Яна сенсираб гапирди. Лекин бу сафар хийла дадилроқ эди. Ҳам узоқроқ гапирди. Ҳафиза, юрагимдагиларни айтмасам, ёрилиб кетаман, деди. Мен сени севаман, фақат, айтолмай юрган эдим. Ўнинчини битирганингдан кейин одам юбораман, менга тегасанми? Сени бошимда кўтариб юраман, хўп десанг, сен менинг маликам бўласан, деди. Гапираверди, гапираверди, Ҳафизани индагани ҳам қўймади. Бир ёғи шунинг учун, бир ёғи яна нима учундир, Ҳафиза «ҳа» ҳам демай, «йўқ» ҳам демай, Авазбекни четлаб ўтди-да, йўлига кетаверди. Орқадан Авазбекнинг: «Сени бари бир яхши кўраман, Ҳафиза!» деганини эшитди. Юзлари ловиллаб ёниб, ўн-ўн беш қадамча юриб борди-да, у ёғига чопқиллаб кетди.

Шундан кейин Авазбек унинг йўлини ҳам, оғзини ҳам узоқ пойлади, лекин қиздан кўнгилга таскин берадиган бирор белги-ишора сезилмади.

Ҳафиза эса тобора тушуниксиз бир дунёга – олдингисига ўхшамаган, янгича бир дунёга кириб бораётганини сезди. Ўша дамгача китоб ўқиса ҳам, телевизорда кино кўрса ҳам, ўз-ўзидан Шарифжонни ўйлаб кетарди, энди онда-сонда кўзига Авазбек ҳам кўрина бошлади. Рост, уни ўйласа, керагича ўйлайди, сўнг хаёл эшигини дарҳол орқасидан тамбалайди, гўё ўзи билан ўзи бекинмачоқ ўйнайди. Бундай бекинмачоқ ўйин ўрни-ўрни билан одамга ёқар экан ҳам! Гоҳо хаёллари чегарадан чиқиб, Шарифжон билан Авазбекни бир-бирига солиштириб кўради. Аслида иккалови ҳам ёмон эмасдек, лекин Ҳафизани улардан қай бири қаттиқроқ севади?

 

«Шариф аканинг севгиси қаттиқроқ! – дерди ичдугонаси қатъий оҳангда. – Унақаси бу дунёда камдан-кам учрайди. Овора бўлиб бошқасини ўйлаб ҳам ўтирма!»

«Аскарликда хизмат қилаётгани учун уни мақтаётгандирсан?» деб Ҳафиза ичдугонасини, айни чоқда, ўзидаги туйғуларнинг чин ёки ёлғонлигини синаб кўрмоқчи бўлса, ичдугонаси барибир бўш келмасди:

«Йўқ, аскар бўлгани учун эмас, мен билганимни айтяпман, – дерди. – Шариф ака ўзи бўлакча йигит!»

 

Кунлар шу тахлит ўтаверди, Ҳафиза етилиб бораверди, Авазбек Оқ бинода кўкрагини захга бериб ётаверди, Шарифжон аскарликдан қайтди, Ҳафиза ўнинчини битирди, ёз келди ва… кунларнинг бирида, иккала қишлоқдан, «Бор таваккал!» деган иккита хонадондан, бир пайтда, лекин бир-биридан хабарсиз, иккита совчи келди.

Совчилар яна келишди. Кимўзарга ўйнаётгандек, бири олиб-бири қўйиб яна келишди. Ота-она ўртага одам қўйди. Ҳафиза ўйлана-ўйлана, ичдугонасидан маслаҳат ола-ола, ниҳоят бир қарорга келди. Қарорини онасига айтди. Куз ўтиб, қиш ўтиб, баҳор кечаларидан бирида Шарифжоннинг қаллиғига айланди…

Шод, келинлик либосига бурканиб, икки юзи янада тиниқлашиб, ширин-ширин тунлар оғушида эркаланиб, янги хонадонга ярашиб, Шарифжоннинг ҳам, қайнона-қайнотасининг ҳам кўнгилларини хушнуд этиб юраверди.

Шаҳар яқин эди. Шарифжон ҳафтанинг ҳар шанба-якшанбаси келиб турадиган бўлди. Шанба-якшанбалар Ҳафиза қўмсаб, орзиқиб кутиб яшайдиган кунларга айланди. Иккиси ҳам ҳаётга гўё китоблардан, кинолардан тушиб қолгандек бахтиёр эди!

Бир сафар Шарифжон ўнг қўлини Ҳафизанинг бўйнидан ўтказиб, Ҳафиза эса бошини Шарифжоннинг яланғоч елкасига қўйиб, тунчироқнинг хира шуъласида кўкимтир тусга кирган шипга тикилиб ётганларида:

– Шаҳарга олиб кетайми, Ҳафиза? – деб қолди Шарифжон сирли товушда. – Хоҳласанг, ўқишга ҳаракат қип кўрасан. Мактабда ёмон ўқимаган эдинг, шекилли?

– Ёмон ўқимаганман, лекин… – деди Ҳафиза эрининг қулоғига шивирлаб. Нафаси Шарифжоннинг қитиғини келтирдими, қиқирлаб кулди. Шу чоқда Ҳафиза эрини яна ҳам суйиб кетди: шарт ўгирилиб, қулоғининг солинчоғидан тишлаб олди. – Мен ўқимийман, эргинам… Умуман, мен ўқимоқчимасман. Менга сиз бўлсангиз бўлди! Сиз ўқинг, мен далада ишлайвераман, сизга ёрдам қиламан.

Шарифжон бир силтаниб, бор кучи билан қучоқлади.

– Сендақаси бу дунёда биттаю битта! – деди ютоқиб.

Шундай қилиб, Шарифжон шаҳарда ўқиб, Ҳафиза далада ишлаб юраверишди.

Куз ўрталаридамиди, Ҳафиза кейинчалик тақдирини ўзгартириб юборган бир гап эшитди: Авазбек хотинини ўласи қилиб урган эмиш. Уч-тўрт кунгача далачи хотинлар шуни эрмак қилиб юришди, Ҳафизанинг миясига эса бу воқеа қўрғошин бўлиб қуйилиб қолди. У Авазбекни тўйдан кейин кўп учратган, шунчаки саломлашиб ўтиб кетаверган, Авазбекдан ҳам ортиқча бирор ҳаракат ёки бирор қилиқ сезмаган, эски гаплар ўз-ўзидан барҳам егандир деб хулоса чиқариб қўйган эди, энди бу хабар унга нимага таъсир этдийкан? Нимага бу оддий ҳодиса унинг миясидан кетмай қўйди?..

Ахийри бир куни хаёлидан кутилмаган фикр ўтди: «Аваз ака ҳалиям мени яхши кўради!»

Кейинроқ ундан ҳам антиқа ўй келди: «Мен унга текканимда, мени ҳам урармиди? Урмас эди…»

Ўйлар бири иккинчисини туғарди. Бунақа ўйларни ўйлашдан Ҳафиза ўзини тўхтатолмай қолди.

«Мен Аваз акага текканимда, Шариф акам ҳам аччиғидан бўлак қизга тез уйланиб кетармиди? Уйланса… мени деб «у»ни урармиди? – Шуларни ўйлаган сари Ҳафизани титроқ босарди. – Урмас эди, мутлақо урмас эди! Шириф акам олижаноб одам: ёмон кўрса ёмон кўрарди, аммо асло хотинини урмас эди. Ҳа, ҳа, урмас эди!»

Буларнинг шунчаки бир хаёл эканини, қолаверса, уларни ўзи тўқиб чиқараётганини билиб туриб ҳам негадир Ҳафизанинг кайфияти тушиб кетди. Ҳатто, нега урмайди, деб Шарифжондан ғойибона кўнгли ранжиди, эрининг бунақа «олижаноблиги» юрагига оғир ботди. Айни чоқда, Авазбекнинг тез уйланиш воқеаси хаёлида қайтадан жонланиб, унга тинчлик бермай қўйди. Олдинлари назарига илмаган эди, энди қараса…

Нега ундай қилдийкан? Ахир, сенсиз яшай олмайман, деган эди-ку? Қасам ичган эди-ку? Ё ўшанда йўлига айтган-қўйганмикан? Авраганмикан?

Гап шундаки, Ҳафиза Шарифжоннинг совчиларига розилик бериб юборгач, Авазбек жиянидан унга хат жўнатган. Уни хат деб ҳам бўлмайди, қоғознинг ўртасига катта-катта ҳарфлар билан: «Бари бир сени яхши кўраман, Ҳафиза! Демак, бари бир сени оламан!!!» дейилган эди, холос. Сўнгра Авазбек узоқ бир қишлоқдан қиз топиб, онасини қисталанг қила-қила, ўшанга бўлишган. Тўйини Ҳафизаларникидан уч кун кейин ўтказган. Худди мана шу нарса орадан шунча вақт ўтиб, Ҳафизанинг тинчини ўғирлаган эди…

 

«Алам қилибди», деди ичдугонаси бир куни.

«Йўғ-э! – деб қўрқиб кетди Ҳафиза. – Олдинига ўзимга ҳам шундай туюлди, қарасам, йўқ, унақамас. Аламми, аламмасми эканини ўзим биламан-ку, ахир! Менга бир нарсани айт: ҳаммаям менга ўхшаганми ё фақат мен шунақаманми?»

«Қанақа “шунақа”?»

«Хаёлимга ҳар хил нарса келаверади-ку?»

«Бошингда эринг бор, у сени еру кўкка ишонмайди, буни ўзинг ҳам биласан. Бас, шундай экан, нимага ҳадеб бекорчи нарсаларни ўйлайверасан?»

Ҳафиза уҳ тортди.

«Айтишга осон, – деди пешонасига кафтини босиб. – Ўйлар ўзи келаверса… Қўл силтаган билан кетақолмайди-ку!»

«Баҳона қиляпсан! – деди дугонаси кескин оҳангда. – Қинғир ўйларингни оқламоқчи бўляпсан!»

«Авазбек акаям яхши кўрса, менда нима айб? Қолавурса, мен ўйламаганим билан у ниятидан қайтиб қолмайди-ку?»

«Унда нимага алам қиляпти? Уйланган бўлса, уйланди. Энди хотинини ураётган бўлса, уряпти. Сенга нима? Орага суқилиб нима қиласан?»

«Билмадим. Билганимда…»

 

Лекин! Барибир Ҳафиза ўзини қўлга ололмай қийналар эди.

Саодатли шанбалардан бирида юрагини ларзага солган, турмушини издан чиқарган ҳол рўй берди.

Шарифжон келган эди. Ҳафиза рўзғор юмушларини унда-мунда тинчитиб, уйга кирганида, тасодифми ёки пойлаганми, Шарифжон эшик орқасида турган экан, қаршисига тиз чўкиб, уни қучоғига олди. Ҳафиза ҳам эрини соғинган эди. Бир-бирларининг исларидан маст бўлишиб, аллақанча муддат шундай тураверишди. Ниҳоят, Шарифжон уни илкис кўтариб ўрнидан турди.

– Секин, – деди Ҳафиза бармоқ учи билан эрининг бурнини босиб, – секин… кичкинтой Шарифжонни эзиб қўясиз…

Шарифжон кийим устидан Ҳафизанинг қорнидан ўпди.

– Ваҳ-ваҳа, мунчаям ширин бўлмасанг, Ҳафиз! Сен ҳам одам боласимисан-а! – Кейин Ҳафизани авайлаб тўшакка ётқизди-да, эҳтиросга берилди.

Кутилмаган воқеа шунда рўй берди.

Ҳафиза Шарифжоннинг эркалашларидан маст бўлиб, вужуди қизиб, танасида ажиб енгиллик сезиб, инон-ихтиёрини унга буткул ҳадя этаётганида, кўзига туйқус… Авазбек кўриниб кетди! Ва бирдан қичқириб юборди.

Шарифжон сапчиб ўрнидан туриб кетди.

– Нима гап, Ҳафиза?

– Билмадим, – деди титраб-қақшаб, – қўрқдим… Бола чинқиргандек бўлди…

– Рангингда ранг қолмади. Сув ичасанми? – деб Шарифжон ўрнидан турди. Унга пиёлада сув тутди…

Ўшанда Ҳафиза эрига биринчи марта ёлғонлади.

 

Куз ўрталарида даладан қайтаётиб, Авазбекка йўлиқди. Ҳаво жиндек изғирин эди. Авазбек денгизчилар майкасининг устидан ялангқават куртка кийиб олибди. Ҳафизанинг эгнида бахмал тўн. Бошида рўмол. Шу тўнию рўмоли ўзига қўполдан-қўпол туюлиб кетди. Устига устак, лоп этиб ҳомиласи кўзга ташланиб турарди. Ҳафиза уялди. Иккала қўлини беихтиёр қорнига ташлаб олди.

– Ҳафиза, гапларим эсингдами? – деди Авазбек бургутдек тикилиб. Ҳафиза ерга қаради. – Мен сени чинданам яхши кўрардим, ҳали ҳам яхши кўраман! Мендан қочма, илтимос. Ҳар замонда кўриб, овозингни эшитиб юрсам, бас.

– Қўйинг, Аваз ака, энди у кунлар ўтди, – деди Ҳафиза ўзини хотиржамроқ тутиб.

– Сенга ўтган бўлсаям, менга ўтгани йўқ! – Авазбекнинг овози титраб кетди. – Аммо-лекин, Ҳафиза, мени пичоқсиз сўйдинг сен…

Ҳафиза теваракка олазарак кўз ташлар экан, қарийб илтижога ўтди:

– Жинни бўлманг, Аваз ака, менинг эрим бор, сизнинг – хотинингиз. Қолавурса, ўшандаям сизга ҳеч нарса ваъда қилганим йўқ.

Авазбек кўз қири билан унинг дўмпая бошлаган қорнига қараб олди-да:

– Эринг бўлса… унга менинг хусуматим йўқ! – деди кескин. Айни чоқда унга Ҳафизанинг «жинни бўлманг» дегани ёқимли эшитилган эди. – Ҳалиям сени яхши кўраман, шуни айтиб қўйяпман, холос! Яна, сен бу ерда, эринг шаҳарда… Менга нимагадир алам қилади, Ҳафиза!

Ҳафизанинг ғаши келди.

– Энди менинг йўлимни тўсманг! – деди чўрт кесиб. – Теккан бўлсам, Шариф акамни яхши кўриб текканман, турмушимизни бузманг!

– Алдаяпсан, – деди Авазбек совуққон қиёфада, – яхшилаб ўйлаб кўргин-а, уни севасанмикан? Шариф мендан омадлироқ экан, холос. Майли, рўзғорингни бузмайман, қўрқма. Энди боравер уйингга!

Шундай деб қарта ўртасидан Оқ бинога қараб йўл солди. Бурилаётганида: «Менинг хотиним бўлганингда, бир минут ҳам ёнимдан жилдирмасидим», деб тўнғиллаб қўйди.

Ҳафиза бирдан ўзидан нафратланди. Авазбекдан олдин кетиши керак эди. «Боравер уйингга», демасидан олдинроқ кетиб юбориши керак эди. Наҳот кетгиси келмади? Авазбекнинг барча гапларини рад қилса ҳам, ўзи билан у ўртасига мустаҳкам девор қуриб қўймоқчи бўлган бўлса ҳам, барибир, наҳот кўнгли у билан узоқроқ бирга туришни, унинг ҳам кўнглидагаларни билишни истади?

Уяту исноддан Ҳафизанинг юраги ўртаниб, уйга қандай етиб борганини ҳам билмади…

 

Қиш чиқарида Ҳафизанинг кўзи ёриди: ўғил туғилди. Полвон бўлиб ўссин, деб «кичкинтой Шарифжон»га Рустам отини қўйдилар. Шарифжон ота бўлди, Ҳафиза она бўлди – иккаласи ҳам ўзида йўқ шод. Рустамжон эса кундан-кунга ўсаверди. Ҳафиза олти ойгача далага чиқмади. Орада чиллақочди қилиб ўзининг уйида пича туриб келди. Икки марта Шарифжон билан шаҳарга тушиб, бир ҳафта-бир ҳафтадан ўша ёқда яшашди. Август охирларига келибгина яна ишга чиқди.

Бир куни Авазбек тағин унинг қошига келди.

– Ҳафиза, сенда гапим бор эди.

– Менга ҳеч қанақанги гапнинг кераги йўқ!

– Нима қилай, ахир?

– Билганингизни қилинг! Рости, ўтган сафарги йўлтўсарлигингиздан кейин сиз билан гаплашмайман деб қўйганман. Сиз… ҳалиям мунақа қип юрибсиз.

Авазбек ялт этиб Ҳафизанинг кўзларига қаради, нигоҳини тутиб олмоқчи бўлди. Йўлтўсар… Авазбек йўлтўсар!.. Қандай ширин эшитилди унга бу сўз! Бунинг устига, «мунақа қип юрибсиз»даги сирли меҳр… Шартта Ҳафизанинг қўлидан ушлаб, ҳансираб сўзлай бошлади:

– Йўқ дема, Ҳафиза, бир жойга борайлик, гаплашайлик, майлими?! Юрагим тўлиб кетяпти, бўшатмасам бўлмайди. Қўрқма, тегмайман сенга, ўлай агар! Мен сени севаман, Ҳафиза! Нима қилсам ишонасан? Ўзимни осайинми, хотинимни қўяйинми – айт?.. Гаплашишга кўнмасанг, судрамайман, лекин унда мени адо бўлди деявер! Лоақал бир марта мен билан юракдан гаплашсанг, армонсиз кетардим… майлими, Ҳафиза?

Ор-номуси қанчалик кучлилик қилмасин, ўз эрини қанчалик суймасин, ҳадеганда кўзига Рустамжони кўринавермасин, Авазбекнинг юракдан вулқон каби отилиб чиқаётган бу ҳаяжони қаршисида Ҳафиза ўзини ожиз сезди. Бир ёқда қизиқиш…

Ахир, тан ол, Ҳафиза, юрагингни ларзага солган ўша кундан бошлаб баъзан атайин, баъзан ихтиёрсиз сен ҳам Авазбекни ўйлаб қолмасмидинг? Узоқлардан унга кўзинг тушса, юрагинг жизиллаши ҳам ёлғонми? Бунақа ўйлар сенга сирли бир дунё эди, сирлари билан жозибали туюларди, мана, энди сени яна ҳам сирлироқ туйғулар чулғаб оляпти, бўлак бир жозибали дунё ўзига чорлаяпти, хўш, нима дейсан?..

Ҳафиза Авазбекнинг қайноқ кафтлари орасидан қўлини суғуриб, «Кўрамиз», деди оҳиста ва тўхтамай кетди. Авазбек-чи? Деярли розилик олган Авазбек турган ерида сапчигиси, сапчийвергиси келаётгандир.

Ҳафиза ортига ўгирилиб қарашдан ўзини зўрға тийди…

Эртаси кун қандай ўтди, қандай ишлади – эслаёлмайди. Оқшомги учрашувни орзиқиб кутганидан эмас – буни орзиқиб кутмаётганига у амин – шунчаки, қандайдир тушунтириб бўлмас бир ҳолатда эди у. Лекин Оқ бинога боришга қаттиқ аҳд қилиб қўйди. Шунданми, кун бўйи Авазбек ҳақида ёмон ўйламасликка, ҳатто уни сал-пал соғиниб, ҳа, ҳа, соғиниб эслашга уриниб юрди. Оқшом эса, оёғи ўз-ўзидан Оқ бинога тортаверди.

Бинонинг пастидаги қартадан ўт юлаётган бўлиб, секин-аста яқинлашаверди. Эллик қадамлар қолганида тўхтаб, ғўзаларнинг ичига чўкди. Юраги дук-дук урар эди. Тиззаларини қучоқлаб ўтираркан, нега келдим, дея изтироб аралаш кўнглидан ўтказди. Бир хаёли, Авазбек кўриб қолмасидан изига қайтишни ўйлади.

Шу пайт Оқ бинонинг эшиги ғичирлаб очилди ва остонада Авазбек пайдо бўлди. Эшик тирқишидан Ҳафизани анчадан бери кузатиб турган шекилли, тўғри шу томонга кела бошлади.

Ҳафиза индамай ўтираверди. У гўё эгатлар орасига чандиб боғлаб ташлангандек эди. Тепасига Авазбек келганида ҳам қимир этмади.

– Алдаб кетасанми деб қўрқувдим, – деди Авазбек шивирлаб. – Келмаганингда, бўйнимга тош боғлаб, дамбанинг тагига ўзимни ташлар эдим лекин.

Ҳафиза бир дақиқа олдин қанчалик ҳаяжонланиб ўтирган бўлса, бирданига ҳаяжони босилди-қўйди.

– Мени сиз судраб келганингиз йўқ, ўзим келдим, шунинг учун бўлмағур нарсаларни ўйлаб ўтирманг, – деди ўзи ҳам кутмаган ҳолда. – Айтадиганингизни айтинг, орани очди қилайлик.

– Майли. Олдин ичкари кирайлик.

Оқ бино деганлари омбордек бир жой экан. Сув дарвозасини кўтариб-туширадиган калитлар, турли бўлак асбоб-ускуналар қалашиб ётибди. Бир бурчакка устма-уст қутилар тахланган, тепасида пилик чироқ, оёқ остида қоп, латта-лутта; деворга тақаб узун тахтакалавот ўрнатилган, устида битта кўрпачаю битта ёстиқ – Оқ бинонинг бор жиҳози шу эди. Деразаси йўқ. Бирдан-бир эшик ҳам доим берк турса керак, аллақандай ҳид одамнинг кўнглини ҳузурсиз қилгулик даражада димоққа урилади. Худди деворга ҳам шу ҳид ўрнашиб қолгандек.

– Нима бу, бошим айланиб кетди? – деди Ҳафиза кўлини елпиғич қилиб бурни тагини елпир экан.

– Тирактирди ёғи. Салидўл ҳам бор. Билиняптими?

– Билинмай-чи.

Авазбек гап ораси эшик занжирини солиб, чироқ пилигини кўтариб қўйди.

– Бекитманг, кетаман мен, – деди Ҳафиза, лекин кўнглида Авазбекнинг ишини маъқуллаётгандай туюлди. – Пуф-ф, ҳиди ёмон экан… Тезроқ гапиринг гапингизни!

– Шошма, Ҳафиза. Мана бу жойга ўтиб ўтир. Қўрқма, кечқурун бинога мендан бўлак зоғ ҳам келмайди.

– Қўрқаётганим йўқ, – деди Ҳафиза хотиржам. – Қўрқсам, келмасидим.

Иккаласи тахтакалавотнинг икки четига ўтиришди. Сўнг эшик тирқишига тикилганча, хиёл фурсат жим қолишди.

– Илтимос, гапимни бўлмай эшит, Ҳафиза, – деди Авазбек ниҳоят тилга кириб. – Нима десам, юрагимдагиларни айтаман, ундан кейин ўзинг ҳал қилавер, мен ҳам бир кунимни кўрарман.

Ҳафиза Авазбекнинг юзию кўзларини кўрмаётган бўлса-да, ундаги ўзгаришларни ичдан ҳис этиб ўтирарди. Гапирган сари Авазбекнинг нафаси ёноқларига урилиб, бўйинларини сийпалар, ёқаси четидан ичига кириб, вужудини ёндирар эди, лекин ҳаммасига чидаб, миқ этмай ўтираверди. Гап орасида Авазбек қаердан бир магнитофон олди, қачон тугмасини босди – сезмай қолди. Оқ бино ичида машҳур хонанданинг ёқимли овози тўлқин-тўлқин бўлиб тарала бошлади:

 

Мен ишқ элининг нолаи афғонида куйдим,

Кўнгил уйининг оташи армонида куйдим…

 

…Сен Авазбекнинг совчиларини қайтардинг, Ҳафиза, лекин унинг соф муҳаббатини қайтаришга ҳаққинг йўқ! Ҳаётини издан чиқарганинг алам қилади, холос. Чунки у сени, фақат сени яхши кўрар эди! Эҳтимол, Шарифжондан ҳам қаттиқ яхши кўрар эди, афсус, билмадинг! Тақдирнинг ишими бу? Тақдир наҳот Авазбекка шунчалар шафқатсиз бўлса?.. Сен жудаям чиройлисан, Ҳафиза, сен бу далаларнинг одами эмассан! Тўйдан кейин эринг сениям шаҳарга кўчириб кетадими деб Авазбек чўчиган эди, хайрият, қишлоқда қолдинг. Авазбекка шунисиям катта бахт эди. Ахир, ҳеч бўлмаса ора-сира кўриб туради-ку сени! Рост, унинг хотини бор, сенинг эринг бор, иккалаларингнинг хилватда бундай ўтиришларинг ҳеч қайси қуюшқонга сиғмайди, лекин бир нарсани билиб қўй, Ҳафиза: Авазбек хотинини суймайди. Суйиш қаёқда, жирканади! Бир жиҳатдан, хотинида нима гуноҳ? Ахир, у ҳам бировнинг боласи. У ҳам ким биландир бахтли яшашни орзу қилган. Ёки бунга ҳаққи йўқми? Ҳаққи бор – буни Авазбек жуда яхши билади, лекин бунда ҳам нима айб? Атай шундай бўлсин демайди-ку?! Авазбек тўйни аччиқ устида қилди. Шошилди. Тўйдан кейин турмушимиз юришиб кетар, деб ўйлади. Бўлмади-да. Охири хотинига очиғини айтди: сени яхши кўрмайман, деди. Буниси ҳолва. Бақрайиб туриб, сени ёмон кўраман, деди. Бир куни ичиб келиб, кўзимга кирпидан ҳам хунук кўриняпсан, деб айтди. Эҳ, Ҳафиза, сен буларни билармидинг? Хотини шўрлик роса йиғлади. Йиғлади-ю, отасиникига кетиб қолмади. Ўшанда қорнида боласи бор эди… Авазбекни уятсиз дейсанми ё бетига тарсаки тортиб юборасанми – ўзинг биласан, лекин у сенга яна бир гапни айтмаса туролмайди, чунки худди шу нарса уни мана шу арзи ҳолни қилишга мажбур этган. Уялмай айтаётганига сабаб шуки, энди Авазбек бўз бола эмас, энди сен ҳам ёш қизалоқ эмассан… унинг ҳозирги аҳволини тўғри тушунгин, Ҳафиза! Тўйи эртасигаёқ Авазбек сенсиз яшай олмаслигига иқрор бўлган. Айни нозик маҳалда унинг кўзига сен кўрингансан! Хотинининг ўрнида сенинг жилмайиб турган қиёфанг намоён бўлаверган ва у буткул ўзини йўқотган. Ўшандан бери тўшакка кирса, хотинини эмас, сени кўради! Йўқ, шошма, унинг гапларини бўлмай тур… Авазбек сени севади, Ҳафиза! Буни у тўйдан кейин янаям қаттиқ ҳис қилди. Хотинига қараса, ўз-ўзидан нафрати қўзийверади, ургиси келаверади. Ниҳоят, ура бошлади ҳам. Бу кетишда у бечорани ўлдириб қўйиши ҳам мумкин. Шундай яшаб бўладими, Ҳафиза? Хотинига қийин, боласига қийин, лекин Авазбекка ҳам осон эмас! Мана шунақа – икки йилдан бери Авазбекнинг боши қотган. Лекин… тавба, бугун у сенга бутунлай бошқа гапларни айтмоқчи эди, нимага буларни сўзлаб ўтирибди? Эҳ, Ҳафиза, сен бир йигитнинг умрига ўт қўйдинг-а!

…Машҳур хонанда эса ҳамон юракларни эзиб-эзиб куйлар эди:

 

Меҳрин тилабон ўтса агар ошиқи зорлар,

Меҳримни бериб, мен эса товонида куйдим…

 

Ҳафиза тўсатдан қичқириб юборди:

– Энди нима қил дейсиз?! Мени бу ерга нимага бошлаб келдингиз?! Менга бу гапларни энди нимага айтяпсиз, Аваз ака?!

Авазбек осмондан қулаб тушгандек бўлди.

– Ҳафиза, ахир…

Лекин ҳозир Ҳафизанинг жини қўзиган эди, уни гапиртиргани қўймади:

– Ниятингиз менинг рўзғоримни бузишми энди?! Мени мунча қийнайсиз, Аваз ака?!

Авазбек терлаб-пишиб кетди.

– Сенга мен, эрингдан чиқ, демадим. Сенга мен бўлган гапларни айтдим, холос. Эртага менинг ҳолим не кечади – ёлғиз Худога аён…

– Мен ҳам нима қилай, ахир?! – Шундай деб Ҳафиза шартта ўрнидан турди ва Авазбекнинг икки елкасидан тутиб силтай бошлади. Кейин бирдан тўхтаб, унинг юзини қорнига босди ва… йиғлаб юборди. – Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим-ку мен ҳам!

Авазбек ҳам Ҳафизанинг белидан пастроғидан маҳкам қучоқлаб, ўзига тортди.

Оқ бинодаги бадбўй ҳид аллақаёқларга чекинди…

Бўлар иш бўлди, энди таскину изоҳларга ўрин йўқ, қолаверса, юзни сидириб ташлаб, тан олиш керак: Ҳафиза ҳам, Авазбек ҳам шу ҳолларидан мамнун эдилар.

Ҳафиза анчагача Авазбекнинг ўсиқ сочларини тараб-силаб ётди, кейин чап кафти билан ёнламасига унинг мўйловию оғзини тўсиб, чиройли кўзларига тикилди. Хаёлида эса: «Менда айб йўқ, менда айб йўқ, – дея такрорлар эди. – Шўрлик, шу кунгача бундай бир меҳр кўрмагани сезилиб турибди…» Кейин кафтини силжитиб, Авазбекнинг кўзларини тўсди ва пешонасидан ўпди…

Ҳафиза шундан сўнг бир ойгача Оқ бинога яқин йўламади. Лекин ой ўтиб, ихтиёрсиз оёғи шу ёққа тортиб, Авазбекни шу ерда кўриб, ажабланмади ҳам…

 

Оқ бинога олтинчими, еттинчими боришида Авазбек ундан бир нарсани сўраб қолди:

– Шарифни ҳалиям яхши кўрасанми, Ҳафиза? – деди унинг кўксига бошини қўйиб. Бу алдаса, ростини ўзи билиб олмоқчидек, юрагига қулоқ тутиб ётар эди.

– У кишини бу ерда эсламайлик.

– Хафа бўлма, билгим келди-да бир.

– Қўйинг шу гапни!

Мабодо Авазбек юрак зарбларининг маъносини тушуна олганида эди, Ҳафизага бундай савол бермасди. У эса…

– Унда менинг олдимга нимага келяпсан? – деб сўради қўполдан-қўпол. – Ростини айт, мени яхши кўрганингданми ё…

Оқ бинога илк келган ўша кунидан бошлаб Ҳафизанинг ўзи ҳам тез-тез шу каби сўроқлар гирдобига тушиб қолар, лекин ҳозиргача бунга аниқ жавоб тополмаган эди.

Шарифжонни яхши кўришига шак келтирмайди, лекин бу ёққа нега келяпти? Мен ўзимни алдаб юролмадим, ўзимга қарши боролмадим – бор-йўқ гап шу, деб ўзига тасалли берарди. Эҳтимол, бундай саволлар Авазбекни ҳам ўйлантириб юргандир ва у ҳалиги гапни Ҳафизадан кўнгилда кир-ғуборсиз сўрагандир. Лекин барибир Ҳафизага у оғир ботди.

– Ишингиз бўлмасин! – деди шарт-шурт ва илкис ўрнидан турди…

 

«Ўшанда биринчи марта виждоним қийналди, – деди у ичдугонасига. – Шариф акамни алдаб яшаётганим алам дилди. У шўрлик хабарсиз. Бундан кўра мени уриб-ҳайдаб солгани яхши эмасмиди-я?! Ўзим индамай кетворай десам…. Шариф акамсиз бу дунёда қандай яшайман?!»

«Йиғлама, Ҳафиза, йиғидан фойда йўқ. Нима дейишгаям ҳайронман. Ҳамиша маслаҳат сўрайсан, лекин ҳамиша ўз билганингдан қолмайсан». 

«Шу кунгача фақат бир нарсани ўйлайман: қилаётган ишларим хатоми, хато эмасми?»

«Хато ҳам гапми, гуноҳ, хиёнат!»

«Ўтинаман, у сўзни тилингга олакўрма! Унинг ўрнига, менга тасалли бер. Ахир, Аваз ака мени қанчалар севишини сен ҳам биласан-ку!»

«Ўзингни алдама, Ҳафиза! Унинг қанчалар севишини мен тугул, сен ҳам билмайсан! Икки гапнинг бирида «Шариф акам, Шариф акам» дейсан, бу ёқда қилғилиғингни ҳам қўймайсан», деб сўз билан чимдиб олди дугонаси.

«Мен севиб эрга текканман, бундан кейин ҳам Шариф акамсиз ҳаётимни тасаввур қилолмайман! Нима бу? Муҳаббатми? Агар муҳаббат шу бўлса, унда буниси нима? Бу ҳам, ахир, мен билан бирга, ичимда яшаяпти-ку, оти нима унинг?»

«Нима бўлгандаям, ҳар ҳолда яхши нарса эмас! Яхши нарсаларнинг охириям яхши бўлади, бунинг эса…»

«Менга бошқача жавоб керак. Бунинг нималигини тушунтирадиган ва менинг кўнглимни тинчлантирадиган жавоб!»

«Бўлмаса мендан бунақа оғир нарса сўрама, Ҳафиза. Ўзинг ечолмаган жумбоқни мен қандай ечайин? Ахир, аслида икковимизнинг ҳам аҳволимиз бир эмасми?»

«Ҳа-я», деди Ҳафиза бирдан хомуш тортиб…

 

Кунлардан бир куни Авазбек унга:

– Хотинимни отасиникига жўнатиб юбораман! – деб қолди.

Ҳафиза ҳатто нимагалигини ўйлаб ҳам ўтирмай, уни бу йўлдан қайтаришга тушди:

– Сизга нима етмаяпти, Аваз ака? Қўйинг, ўша бечорани сарсон қилманг!

– Уни ёмон кўраман, ахир! Бутун умрим шундай ўтадими энди?

– Хотинингизни ўйламасангиз, болангизни ўйланг.

– Хотинга кўнгил исимаганидан кейин бола баттар сарсон бўлмайдими? Мен сендақамасман, Ҳафиза, битта юрагимга икки кишини сиғдиролмайман.

Ҳафиза сесканиб тушди. Авазбекнинг гапи унга таънадек, ҳақоратдек туюлди. Яшин тезлигида “Мен битта юрагимга икки кишини сиғдириб юрибманми?!” деган ўй ўтди хаёлидан. Лекин ҳозир чуқурроқ фикрлашга, саволининг тагига етишга кучи етмасди. Шунинг учун бир гапни қайтараверди:

– Ажрашманг, Аваз ака! Мени десангиз, ажрашманг!

– Нимага энди?

– Унда ёмон бўлади…

Ҳафиза айнан шундай деди. «Унда ёмон бўлади», деди. Лекин ёмон бўлиб нима бўлишини, умуман, нега ёмон бўлишини ўзи ҳам билмас эди. «Унда ёмон бўлади» – Ҳафизанинг кўнглидан кечган ўй эди, шуни айтди-қўйди.

Барибир Авазбек хотинини ҳайдади. Ҳафиза далада эшитди. Хотинлар кун бўйи ва ундан кейин яна бирор ҳафтача шу воқеани сақич қилиб чайнашди. Ҳафиза бунақа суҳбатлардан ўзини йироқ тутар, бироқ ҳар гал шундан гап очилганида юраги ғаш тортар эди.

«Энди ёмон бўлади…»

Ҳафиза Оқ бинога қадам босмай қўйди. Авазбек бир-икки йўлини тўсган эди, ул-булни баҳона қилиб қутулиб кетди. Кечалари ҳайҳотдек уйда Рустамжони билан ёлғиз қолганида ё уйқуси ўчган маҳаллари деярли ҳар куни: «Энди ҳеч қачон унинг олдига бормайман!» деб қайта-қайта қасам ичар эди. Қачон ёдига Авазбек тушса, ичида шу қасамини қайтараверарди, қайтараверарди. Шундай кунлар бўлди, ўн марталаб қайтарди шу гапни. Шундай кунлар бўлди, юз марталаб қайтарди. Эрини бўлакча орзиқиш билан соғина бошлади. Бирор шанба келмай қўйса, жинни бўлиб қолай дерди. Охири унинг ўқишидан ҳам, ишидан ҳам безор бўлди. Бир гал ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ:

– Қачон тугайди шу зорманда ўқишингиз? – деб заҳрини сочди.

Бошқа сафар:

– Ё қишлоқда туринг, ё мениям олдингизга оборволинг, қачонгача лўлига ўхшаб яшайман?! – деб йиғлади.

Шарифжон хотинидаги ўзгаришни соғинчга йўйиб, бошида унча хавотирланмади. Елкасидан қучиб, одатдагидек бурни учгинасидан ўпмоқчи бўлди, бироқ Ҳафиза унинг қўлини силтаб ташлади. Терс ўгирилиб олиб, ҳиқиллаб-ҳиқиллаб йиғлайверди. Шарифжоннинг уринишлари беҳуда кетди. Саволлари жавобсиз қолди. Ҳафиза узоқ йиғлади. Ниҳоят, ухлаб тинчиди. Эртаси Шарифжон тағин шаҳарга отланаётганида ўзидан-ўзи инсофга келиб:

– Кечиринг, инжиқланиб қоляпман ўзи, энди сира йиғламайман, – деди.

Шу билан эр-хотин яна апоқ-чапоқ бўлиб кетишди.

 

***

 

Рустамжонлари икки ёшга тўлар-тўлмас Ҳафиза қиз кўрди. Эр-хотин орзиқиб ният қилган ҳолвадеккина қиз! Шарифжон аллақачон отини топиб қўйган экан, Ҳафиза ҳам йўқ демади: қизалоқнинг исми «Муҳаббат» бўлди. Энди Ҳафиза, зора қулоғим тинчиса, деб умид қиларди.

Дарҳақиқат, Муҳаббат туғилганидан кейин саккиз ойгача далага чиқмагани сабабми ё Авазбек ҳам, энди бас, дедими, кўча-кўйда унга дуч келмади. Ҳафиза ҳатто уни эсидан чиқариб юборди. Ҳаёт ўз изига тушиб олгандек эди. Кўнгил тинч, юракда хавотир йўқ.

Лекин астойдил хурсанд бўлишга ҳали эрта экан. Ишга чиққанининг биринчи ҳафтасиёқ Авазбек унга узоқдан кўриниш берди. Эртаси «Ява» мотосиклини миниб, хотинлар ишлаётган ерга яқин далайўлдан у ёқ-бу ёққа тупроқ чангитиб ўтди. Ишдан қайтарда Ҳафиза атай бир тўда хотин-халаж ичида кетди. Лекин бунақа қилиб Авазбекдан қачонгача қочиб юра оларди? Аёллар орасида гап отиб қолса, нима деган одам бўлади? Ҳафиза Авазбекни ёмон кўриб кетди. Илгарилари у кўзига бу қадар ёмон кўринмаган эди!

Бир сафар ариқ бўйида оёғини ювиб ўтирган эди, қаёқдандир келиб қолди. Калишини ҳам киймасдан турди-да, жўнаб юборди. Орқасидан Авазбек «Ҳафиза! Ҳафиза!» деб чақирди, лекин у тўхтамади. Яна бир марта шундай бўлди. Унда ҳам бир нарса қилиб қутулди.

Кейин эса…

Кейин Авазбек ичиб келди… Оғзидан ароқ ҳидини бурқситиб, Ҳафизага дўқ ура бошлади:

– Сени деб хотин қўйдим, энди нимага қочяпсан мендан?!

– Иккита боланинг уволи тутади мени, Аваз ака, – деди Ҳафиза овози титраб.

– Иккита боласи бор экан, деб биз бурнимизни тортиб юраверайликми?

– Қўпол бўлманг!

– Юр бўлмаса мен билан! Юрмаяпсан-ку, ахир!

Ҳафиза энди бундан бу ёғига Авазбекка кескин гапира олмаслигини туйқус англаб етди. Англадию жисму жонидан мадор қочди.

– Менгаям раҳмингиз келсин, Аваз ака, яхши кўраман дердингиз-ку!

– Тонмийман, яхши кўраман, лекин юр мен билан! – Авазбек зўр бериб Ҳафизанинг қўлидан ушлаб олмоқчи бўларди. Унинг бу галги юрак изҳори илгаригиларига ўхшамасди. «Ёмон бўлгани шудир-да», деб кўнгли чўкиб кетди.

– Майли, Аваз ака. Сал кейинроқ учрашайлик, – деб илтижо қилди.

– Олдимга похол солиб кетадиган бўлсанг, ўзингдан ўпкала!

Хотинларнинг гапича бор экан, Авазбек ҳамманинг кўзи ўнгида девонаваш қиёфага кириб бораётган эди. Хотини билан ажрашганидан буён ичишга берилди. Ишдан кўнгли совуди. «Шундай бола ўзини ўзи хароб қиляпти-я», деб кимлардир унга ачинар, бошқалар эса: «Ойдеккина хотинини ҳайдади, ўзидан кўрсин энди», деб орқаворатдан койир эди. Ҳақиқатан, туриши шу бўлса, ундан ҳар балони кутса бўларди.

Ҳафиза шуларни ўйлаб, бир ҳафта ичида озиб-тўзиб кетди. Томоғидан овқат ўтмайди, қўли ишга бормайди, уйдагаларга ёрилмайди. Даладан келади-да, уйига кириб олиб, дим-дим бўлиб кетади…

– Шу бугундан бошлаб далага чиқмайман! – деб бақирди Шарифжон келган куни.

– Майли, – деди Шарифжон ҳеч нарсага тушунмай, – қийналиб кетдинг ўзинг ҳам. Уйда ўтирақол…

– Уйдаям ўтирмайман! Умуман, уйингиздан ҳам, қишлоғингиздан ҳам бездим! Сизга хотин керак бўлса, шу бугуноқ ўзингиз билан опкетасиз. Болаларниям! Ишласам, шаҳарда ишлайман, гап тамом!

– Ўҳ-ҳў, чап ёнинг билан турганмисан бугун? Мунча шошилинч?

– Кетаман, дедимми, ке-та-ман!!!

Шарифжон ҳам қизий бошлади.

– Бошда юр дедим, бормадинг, энди бу қанақа қилиқ?! – Кейин товушини пастлатиб, давом этди: – Жиндай сабр қил, Ҳафиза, шу бу йил ўқишимни тугатиб олайин, ана ундан кейин умримиз охиригача бирга бўламиз.

Бироқ Ҳафиза сабр қиладиган ҳолда эмасди.

– Олдин бормаган бўлсам, энди кетаман деяпман! Мен борсам ҳам ўша ўқишингизни ўқийверасиз, халақит бермайман. Шу сафар бизди опкетасиз, дедимми, опкетасиз!

Анча тортишувлардан, тушунтирувлардан сўнг Шарифжон хотинининг талабига кўнишга мажбур бўлди. Ота-онасига: «Майли, уч-тўрт кун ўйнаб келар», деди. Улар ҳам рози бўлишди.

Бироқ Ҳафиза калта ўйлаганини шаҳарда юрганининг бешинчи куниёқ англаб етди. Ўз-ўзидан юраги сиқилаверди. Шаҳарда яшаб қолмоқчи, ўша ерда ишламоқчи эди… қаёқда?! Авазбек шу ерга ҳам уни ғойибона таъқиб қилиб келди. Шаҳар-ку Туюлга икки қадам, энди дунёнинг нариги бурчига қочиб борса ҳам, ундан қутула олмаслигини ҳис қилиб, Ҳафиза қишлоқдагидан бешбаттар изтироблар чекди.

Ҳафта охирида у эри билан бирга Туюлга қайтди…

 

Шаҳарда юрганида: «Ўлсам ҳам, далага чиқмайман!» деб қўйган эди, бироқ қишлоққа қайтган кунининг эртасигаёқ индамай ишга чиқди. Шаҳарда юрганида: «Менга деса бутун оламга ёйсин, шармандаю шармисор қилсин, ўша сассиқ уйига бормайман!» деб аҳд қилган эди, бироқ қишлоққа қайтиб, далага чиққан куниёқ бунинг иложи йўқлигини англади. Аваз акаям одам-ку, жа-а унчаликка бормас, деб умидланди. Ҳозирча жаҳлини қўзитмай турайин, кейинроқ бутунлай узиб юборарман, деб режа тузди. Ниҳоят, бир куни туйқус: «Бораман, агар Аваз ака ўша ерда бўлса, демак… пешонамдан кўраман!» деган қарорга келди ва оқшом чоғи далачиларнинг кўзини шамғалат қилиб, йўлни қишлоққа эмас, Оқ бинога солди.

Авазбек ёлғиз ўзи ўтирган экан. Пилик чироқ ёқиғлиқ.

– Ҳафиза-а?! – дея гандираклаб ўрнидан турди.

Ҳафиза иложи борича ўзини хотиржам, қувноқ кўрсатар эди.

– Мана, келдим, – деди илгаридагидек муомала йўсинида. – Уф, ҳалиям бижғиб ўтирибсизми? Кундуз кунлари мунда-ай шамоллатиб қўйсангиз бўлмайдими? – Эшикнинг занжирини солди. Турган ерида чайқалаётган Авазбекни четлаб, тахта калавотга юрди. – Чироқни сал кўтариб қўйсангиз-чи, қоронғида ҳеч нарсани кўриб бўлмаяпти, – деб ўзи пилик мурватини буради. Хона ёришди. Ичкаридаги ҳолни Ҳафиза шундагина аниқроқ кўрди, билди.

Тахтакалавот қаршисига бир қути кўндаланг тўнкарилган, қути устида ярим шишача бир бало, шиша ёнида икки бурдагина нон…

– Ўтир, – деди Авазбек довдираб.

Бирданига Ҳафизанинг руҳи тушиб кетди. Келиб бекор қилибман, деб афсусланди ич-ичида. Ҳа, ўлса ҳам бу ерга келмаслиги керак экан! Бир лаҳза ичида адои тамом бўлди. Энди нима қилади? Чиқиб кетсинми! Қўйиб юборармиди энди Авазбек? Додласинми? Элга шарманда бўлиши етмай турган эди ўзи.

Авазбек шишанинг узун бўйнидан сиқимлаб, ўрнидан қўзғалди. Қути устидан ҳатлади, Ҳафизага юзма-юз келди, пишиллаб, қўлидан тутди. Ҳафиза ҳам ғайритабиий сокинлик билан тек қўйиб берди. Авазбек ликиллаб, валдирай бошлади:

– Бу нима, биласизми, жоним? Буни вий-но дейдилар… Бунинг бир қултумини ичган одам тўппа-тўғри осмони палакка учади… Манови-чи? Буни биласизми? Бу попириска…

Ҳафиза чинқириб юборди:

– Бас қилинг, Аваз ака! Одам деган ҳам шунақа айнийдими?!

– Ҳали биз айниганга чиқдикми? Ҳийқ… Майли, кўрамиз… Майли, биз айниганмиз, сиз опоқсиз… Ўтир, Ҳафиза, ичамиз! Пиёла йўқ, кеча синди… Пиёлада ҳар қандай аҳмоқ ҳам ича олади… биз томоғидан қулқиллатиб… манавиндай қили-и-иб…

Ҳафиза бир ҳаракат билан Авазбекнинг қўлидан шишани тортиб олди ва бурчакдаги тахлоғлиқ қутиларнинг орқасига ирғитди.

– Бўлди, ичманг, Аваз ака! – деди ҳам қаҳр, ҳам меҳр аралаш.

Авазбек негадир бунга парво қилмади.

– Отаверсинлар, жонидан, отаверсинлар, – дея энкайиб, калавот тагидан тағин битта шиша чиқарди. – Отаверсинлар… Бизда мунақасидан бир олам…

Ҳафиза кескин бурилиб, ташқарига чиқишга чоғланди. Ҳозиргина зўрға ликиллаб турган Авазбек бир сакраб, унинг йўлини тўсди ва қўллари аралаш кўкрагидан қучоқлаб олди.

– Йўл бўлсин, жонгинам? Бугун биз билан қолмайдиларми? А?..

– Қўйворинг! Мен сизни одам деб юрсам… – дея Ҳафиза юлқина бошлади.

Авазбек ўхшовсиз кулди.

– Майли, биз одаммасмиз… биз айниганмиз, майли… лекин ҳақимизни ташлаб кетинг, Ҳафизахон.

– Қанақа ҳақ? Қўйворинг, деяпман!

– Ия, ҳали эсларидан чиқдими? Воҳ-ҳо-ҳо!.. Законний ҳақимиз бор сизда… законний! – Авазбек Ҳафизага канадай ёпишиб олган эди, дуч келган еридан таталай бошлади.

Дунё Ҳафиза кўзига қоронғи кўриниб кетди.

– Ўлганимда оласиз «ҳақ»ингизни! Ўлганимдаям ололмайсиз! – дея чинқирди-да, бор кучини билакларига жамлаб, Авазбекни итариб юборди.

Авазбек ўртадаги қутини нон-пони билан тўнтариб, чалқанчасига калавотга қулади.

– Сен ҳали мени урадиган бўлдингми? Сен-а? Мен энди сенга одамликдан чиқиб қолдимми? Ишгиналарини тўғрилаб юрардик, энди пуф сассиқ эканмиз-да? Ҳе ўша сендақанги…

Қачонлардир келиб Авазбек оғзидан шундай ҳақоратли сўзлар чиқиши мумкинлиги Ҳафизанинг етти ухлаб тушига кирмаган эди. Қулоқларини бекитайин деса, эшикнинг занжирини тушириши керак, занжирни туширақолай деса, қўллари тарашадек қотган – бўйсунмайди. Бир йилгина бурун қандай эди! Наҳот ўшанда ҳам шундай ўйлаган бўлса?! Қани у ширин-шакар сўзлар? Наҳот ўша гаплар ҳам шу оғиздан чиққан?! Йўқ, Ҳафиза бўлак ҳар қандай хўрликка чидайди, лекин тақдирининг бир чеккасига киритган одамининг бундай ҳақоратларига дош беролмайди.

Бу шармандалик, ўтакетган шармандалик!!!

Юраги зириллаб кетди. Вужудига қалт-қалт титроқ кирди. Акашак қўлларини минг машаққат билан занжирга чўзиб, туширди. Занжир шириқ-шириқ этиб тебрана бошлади.

– Ўв, менга бир қара-чи, – дея Авазбек Ҳафизанинг орқасидан кўйлагига чанг солди. – Қолмайсанми?

– Қўйворинг!

– Нимангга мунча ноз қиласан? Кошки паришта бўлсанг!

– Бас қилинг! Қўйворинг, деяпман!

Ҳафиза эшикнинг кесакисига ёпишиб ташқарига юлқинар, Авазбек унинг кетидан чангаллаб ичкарига тортқилар эди.

– Нимага келдингу энди нимага кетяпсаи? Ўз оёғинг билан келдинг… олдин ҳам зўрлаб опкелганим йўқ, ўзинг келгансан, шундайми?! Энди нимага ноз қиляпсан? Ҳо-о, осонгина қутулиб бўпсиз… ҳақимизни бериб кетасиз…

Ҳафиза шартта ўгирилиб, тиззасининг кўзи билан Авазбекнинг чотига тепди.

– Мана сенга! Мана сенга «ҳақ»инг! – деб яна тепди. Авазбек ўзини ўнглашга улгурмай туриб, ўхшатиб яна тепди. – Ол «ҳақ»ингни, ифлос!!!

Авазбек чотини чангаллаганича, икки букланиб қолди ва…

– Уҳ, жал-лаб! – деди чинқириб. – Жалаблигингга бординг ахийриям-а!!!

Ҳафиза отилиб ташқари чиқди ва тўхтамай чопиб кетаверди. Қаёққа чопаётганини билмайди. Оёқларида жон йўқ, лекин чопяпти. Шу ҳолда у ҳеч қачон тўхтамайдигандек эди. Йиғлаб йиғлашини билмайди, кулиб кулишини. Далаларда енгилгина шамол изғиб қолибди, шунга қарши чопаверди. Бошидан рўмоли учиб, орқада қолиб кетди ҳам, тўхтамади. Худди ортидан Авазбек қувлаб келаётгандек туюларди унга. Чопаверди. Бироқ ҳар қанча чопмасин, айланиб-ўргилиб келиб тағин Оқ бино қаршисидан чиқиб қолаверди. Ёки кўзига шундай кўриндимикан? Ҳар ҳолда, Оқ бинонинг ланг очиқ эшигини аниқ кўрар, Авазбекнинг ҳақоратини аниқ эшитар эди… Ҳолдан тойиб, думалаб қолгунича чопди ўзиям…

 

***

 

Кўзини очганида, тепасида туққан онасини кўриб, ҳайрон бўлди. Йиғидан онанинг мижжалари қизариб кетган, юзлари бир аҳволда эди.

– Сизга нима бўлди, ая? – деб сўради хавотирланиб. Шунда она тап этиб ўзини унинг устига ташладию йиғини баралла қўйиб юборди.

– Тузукмисан, болам? Вой болагинамдан ўргилай, тузукмисан? – дерди у ҳадеб.

– Менга нима қипти? – деди Ҳафиза ҳали нима гаплигига ақли етмай. Кейин бирдан туси ўзгарди. – Мен қачон бу ерга кепқолдим, ая? – деб сўради онасининг ёшли кўзларига жавдираб.

– Билмайман, қизим, билмайман. Кечаги аҳволингни кўриб, ўлиб бўлдик… Нима гап, қизим? Кўзингга жин кўриндими? Қўрқдингми ё? Шу, даласида қоронғига қолиб нима қилардинг-а, болагинам!

Ҳафиза бирдан ҳаммасини эслади. Ҳовлиқиб, болаларини сўроқлай бошлади.

– Қаерда бўларди, уйингда-да, – деди онаси. – Ҳозир опкелиб қолишар. Кечаси билан қайнонанг ҳам тепангда ўтириб чиқди. Эрталаб келамиз деган эди…

– Ая, мен уйимга бораман! – деди Ҳафиза тараддудга тушиб.

Онасининг таваллоларига қулоқ солмади. Нонушта қип кетарсан, деганига ҳам, даданг дўхтирга кетувди, деганига ҳам парво қилмади.

– Менга дўхтир керакмас, соппа-соғман!

Онаси: «Илойим, соғ бўлгин-а, қизим!» деганича қолди.

Шамол кечагидан хийла кучайибди. Ҳафиза кўйлаги устидан онасининг камзилини кийиб, уйига жўнади.

Бу кун жума эди. Эрта – оламда ягона эрининг келар куни. Ҳафиза тезроқ бориб, тайёргарлигини қилиши керак. Илгарилари шанба-якшанбаларни озмунча ҳаяжон билан кутармиди! Бугун ўшандай ҳаяжон, ўшандай соғинч ёнига яна аллақандай ҳадик-хавотир ҳам қўшилиб уни уйига шошилтирар эди. Ҳозир бориб ҳовли-жойини тартибга келтиради, супуриб-сидиради. Рустамжонини ҳам, Муҳаббатини ҳам чўмилтиради, ораста кийинтиради. Ахир, дадажонисига уларни вўжалақ ҳолича кўрсатмайди-ку?! Баҳонада ўзи ҳам чўмилиб олади, баданидан даланинг бир ҳафталик ғуборларини ювади. Бўйнига, қулоқларининг орқасига хушбўй атирдан суркайди…

Ҳафиза уйга етиб келганида шамол анча-мунча кучайиб қолган эди.

 

…Оқшом туша бошлаган палла икки оила бир бўлиб, қишлоқнинг кекса кампирларидан бирини олиб, Ҳафизани далага бошлаб келдилар, Туюл билан Жалойир далалари туташган жойга – узун кетган тутқаторнинг ўртасига ўт ёқиб, латта куйдириб, «ажинадан қўрққан» Ҳафизани алас-алас қилдилар, катта япалоқ тошни қўрамтада қиздириб, тоғорадаги сувга солдилар, устига Ҳафизани энгаштириб, кўрпа ёпдилар – буғладилар, ниҳоят, тоғорадаги сувдан унга уч ҳўплам ичирдилар, кўкрагини очтириб туриб, сепдилар, ҳар эҳтимолга қарши ўзлари ҳам ўша сувдан ичдилар. Ҳафизанинг юзига сал-пал ранг киргандек бўлди. Кўнгиллар тинчиб, ўзига хос бу кичиккина маросим қатнашчилари уй-уйларига қайтдилар…

Шамол кучайгандан-кучайиб бораверди.

Кечки овқатдан кейин Ҳафиза кўнглига тугиб қўйган ишларни бажарди: кир ювди, болаларини чўмилтирди, ўзи ҳам чўмилди, ширин алла айтиб, қўзичоқларини ухлатди. Рустамжони бирпасда пиш-пишлаб ухлаб қолди, Муҳаббати эса, «дад-да, дад-да» дея-дея анчагача ухламади. Бешикни тебратиб, яна алла айтганидан кейингина оромга кетди. Ниҳоят, Ҳафиза ўзига қарайдиган фурсат ҳам келди.

Вақт алламаҳал бўлиб қолган, ташқарида шамол ҳамон гувиллар эди..

Ҳафиза жавон тепасидан атир-упа турадиган жажжигина қутичани олиб очди-да, тошойна қаршисига турди…

Эвоҳким, кўзгудан унга мутлақо бегона бир жувон мўлтираб қараб турар эди.

Шув этиб ёдига кечаги воқеалар тушди. Оқ бино… вино… Қўланса ҳид… Авазнинг маст башараси… ва ҳақорат…

Ҳафизанинг қулоқлари шанғиллаб кетди. Мияси шишиб, боши тарс ёрилай дерди.

Кўзгудан ҳамон бегона бир жувон унга тикилиб турар, ажаб, ҳов орқароқда кимдир (Шарифжонми? Авазбекми?) ортга ўгирилмай, шитоб билан кетиб борар эди. Кўзлари чарс очилди. Хаёлига: «Хиёнат қилдим… хиёнат! Қайси юз билан Шариф акамга кўринаман?! Болаларимнинг кўзига қандай қарайман?!. Энди мен Шариф акамга бегонаман!» деган ўй келди ва…

…қутичани зарб билан тошойнага урди. Ойна ҳам, қутича ҳам синмади, лекин ичидаги лаш-луш хона бўйлаб ҳар томонга сочилди. Уй ичини упа-эликнинг иси тутиб кетди. Бир зумда карахт бўлиб қолган Ҳафиза шалвираб, гиламга чўнқайди…

Бу оламда унинг яккаю ягона сирдош ичдугонаси – чегара билмас ўй-хаёлларга бурканиб юргувчи яна бир ҳафизаси бўларди. Айни чоқда ўша дугонаси ҳам гунг, соқовга айлангандек эди. Ҳафиза зўр бериб у билан тиллашишга уринди. Бўлмади. Нимадандир илинж-умидда унга қулоқ солди. Ҳеч бир садо йўқ. Ўзи ниманидир сўрамоқчи бўлди. Тили айланмади. Шунда бирдан, бу оламда яккаю ягона сирдоши ҳам уни тарк этганини фаҳмлаб қолди. Ва овози борича… кулиб юборди.

Тунги кулгидан уй ичи жаранглаб кетди. Бешикдаги Муҳаббат чўчиб тушдими, пиқиллай бошлади.

Ҳафиза кулгидан тўхтаб, тошойнага яна бир неча муддат қараб туради. Сўнг индамай орқасига қайрилиб, даҳлизга чиқди. У ердан айвонга ўтди. Бешикдаги Муҳаббат секин-аста авжга минаверди.

Ҳафиза қайтмади. Бўм-бўш бошида Авазбекдан эшитгани ҳақоратли сўз ҳамда ўзининг бояги дил иқроригина ҳувиллаб чарх урар эди: «Хиёнат қилдим… хиёнат! Энди мен Шариф акамга бегонаман!»

Шамол ҳамон тинмай гувиллар, қоронғу тунда алланималарни учириб ўйнар эди. Ҳафизанинг кўйлаклари шамолда товуш чиқариб пирпирайди, қоп-қора тун мисол қоп-қора сочлари ёйилиб, тўрт тарафга юлқинади.

Бешикдаги Муҳаббат биғиллаб йиғлай бошлади.

Ҳафиза ортига қайтмади. Чорвоқ эшигини очиб, далага чиқди. Эшик тарақлаб ёпилди.

Далада шамол ҳовлидагидан ҳам кучли экан: буралиб-буралиб, чийиллаб-чийиллаб, Ҳафизани аллақаёқларга сургалаб кетаверди.

Қизчаси бешикда биғиллаб-биғиллаб қолаверди.

Коронғу тунда тўрт тараф охири йўқ йўлдек эди: Ҳафиза сочлари тўзғиб, кўйлаклари пирпираб, боши оққан томонга кетаверди.

Гувиллаган шамол тинимсиз йиғлайверди, Ҳафиза ўзини шамолнинг эркига бериб кетаверди. Энди унинг бўм-бўш бошида Авазбекдан эшитгани ҳақоратли сўзу ўзининг боягина қилган кўнгил иқрори билан бирга, бешикда чирқиллаб қолган Муҳаббатининг фарёди ҳам қўшилишиб ғувиллар эди.

Шамол эса, бу кўҳна дунёни зир-зир титратиб, биғиллаб-биғиллаб йиғлайверди…

 

***

 

Зийрак ўқувчиларимиз норозиланмасинлар деб кейинги айрим тафсилотлардан уларни қисқача хабардор этиб қўйишни лозим топдим.

Шарифжон политехника институтини битириб, этагини силкиб, узоқ Сибир вилоятларидан бирига ишга жўнаб кетди. Қўшни қишлоқдаги Суннатилла биргадга: «Мен энди бутунлайга кетяпман», дебди.

Авазбек «тирактирнинг дастаги тепган» жойини даволатиб чиққач, ичкиликни таг-томири билан ташлади. Хотини билан ҳам ярашди. Улар ҳозир Қарши чўлининг янги ўзлашган жойларидан бирида яшашади. Фарзандлари тўртта бўлди, тўнғичи бу йил мактабга борди.

Ҳафиза эса…

Келинг, Ҳафиза ҳақида индамай қўяқолай. Шунчасини айтдим, шунисини айтмасликка ижозат бўлар, ахир?..

 

1986

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*