Буюк ёзувчимиз Абдулла Қодирий 1894 йили туғилганлар. Тирик бўлганларида бу йил роса 120 ёшга кирган бўлардилар. Шу баҳонада эмас-у, аммо тўғри келиб қолди: каттаю кичик ҳамма асарларини қайтадан шимиб ўқиб чиқяпман. Кўзимга санчилган айрим фикраларини сизларга ҳам илингим келди.

“(Бугун) Мунаввар зиёлиларимизнинг сони, агарда истилоҳ топуб ўқушни эбласангиз, 1900, 7000, 8000, 500000 дир. Очиқроқ таъбир қилғанда “Ҳисобда ҳам йўқ, китобда ҳам йўқ!” деб шундай сонлик ҳисобқа айтадирлар. Бу ўртоқ мадрасада сиғаи муболағани кўпрак истеъмол қилған экан, деб балки мендан куларсиз. Лекин бу ҳисоб муболаға эмасдир. Чунки бизнинг мунавварларимизнинг ҳар бирисида бир эмас ўн минг ҳайвони нотиқ нинг ақли, фикри, сезгуси, даъвоси ва бошқа лаш-луши бордир. Мана шундан онгланған бўлса керакки, бизнинг сўзимиз пуч эмас, кучдир.


Бу мунавварларимизнинг асосий машғулиятлари қуйидағи режада кўрсатиладир:
1. Ўн беш фоиз ёшларнинг асосий ғоялари ичкулукка;
2. Йигирма беш фоизнинг яратилиш сабаблари ўрус ва бошқаларнинг фоҳишаларига;
3. Йигирма беш фоизнинг туғилиши соч ўсдириб, хина қўюб, янги мўда кийим билан бирга оқишқа;
4. Ўн фоизи қуруқ маҳмаданагарчиликка;
5. Қолған йигирма беш фоизнинг ғоялари НЭП чи чин ўғул бўлмоққадир” (Абдулла Қодирий. Диёри бакр. Т.”Янги аср авлоди” 2007, 178 – 179-бетлар).

Изоҳлар:
1.Ҳайвони нотиқ — сўзловчи ҳайвон. Яъни, инсон.
2. НЭП — Новая экономическая политика (Янги иқтисодий сиёсат). Ҳали совет тузуми янгилигида ишлаб чиқилган халққа ёт бир иқтисодий сиёсат. Муаллиф бу ерда шахсий фойдаларини кўриб, лекин умумий зарарни кўрмай бу сиёсатни тарғиб қилиб юрган айрим туркистонлик тўтиқуш зиёлиларимизни киноя қиляпти.
3. Абдулла Қодирий бу гапларни 1924 йил апрелида – бундан роппа-роса 90 йил бурун ёзган. Ҳозирга чоғиштирилса, фоизлар миқдори бошқача бўлиши табиийдир. Ана сизларга бир ҳафталик ҳазмга озуқа.

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*