Тангри таоло инсонга фаҳм-фаросат ато этганки, қилаётган ишини англаб қилсин, айтаётган сўзини англаб айтсин, тағин қиёматда, билмай қолибман, дея баҳона излаб юрмасин.
Шоирларга бундан ташқари шеърий фаросат ҳам ато этганки, СЎЗни ниҳоятда нозик ҳис қила олсинлар, нафис сўзласинлар, жамиятни назокатли нафосатли этиб тарбияласинлар.
Одамда биринчиси бўлиб, иккинчиси бўлмаса ёки иккинчиси бўлиб, биринчиси бўлмаса, қўлга қалам олмагани маъқул. Чунки пала-партиш ишлатилган сўзлар тизмаси эгасини барибир уялтириб кўяди.
Яқинда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, газетининг (1992. 28. 08) 1-саҳифасида Барот Бойқобиловнинг "Ҳуррият китоби” бошсўзли бир мадҳияси эълон қилинди. У ҳақда мулоҳаза юритишдан олдин азиз Ўқувчимиз билан бирга шеърни бир карра тўлиқ ўқиб чиқсак:
Парда шу қадар баланд олинганки, ерда юрган биз каби икки оёкли инсон шоирнинг ниятини дабдурустдан тушунолмай қолади. Сўзларнинг ичида “қорасуяги” йўқ ҳисоб, ҳаммаси олий мартабадаги сўзлар. Радиф ҳам хийла бақироқ: “туғёнда”! Лекин, ажабки, шеърда маъни йўқ. Биринчи билан охирги сатрини қўшиб, яъни: “Истиқлол насиб қилиб Ўзбекистон туғёнда, Умримда қолмас армон, Барот комрон туғёнда", деб ғазал тугатиб қўяқолинганда ҳам майлийди, қандайдир маънолар топса бўларди бундан. Лекин орага яна алмойи-алжойи ўн тўрт сатр тиқиштириб, “Барот комрон” ўзларини ҳам, ўқувчини ҳам хижолатга қўйганлар. Ўзлари-ку билмай қолиб ёзиб қўйгандирлар, аммо биладиган ўқувчиларнинг шеърдан ва шоирдан ихлоси қайтиши тайин. Чунки биладиган ўқувчи “ваҳий” сўзининг қадрини бу қадар ерга уриш мумкинлигини ақлига сира сиғдира олмайди. Ваҳийни “Юртбоши ё улус, Ё Пайғамбар сийлаган зот”лар ҳам нозил эта олишларини ўқиб эса, тамоман ўзини йўқотади. Ахир, биладиган ўқувчи ваҳийни Тангри таоло ва фақат Тангри таоло нозил қилишини, Куръони карим тушиб бўлиши билан бундан ўн тўрт аср бурун ваҳий ҳам абадул абадга тўхтаганини жуда яхши билади-да!
“Мустақиллик Китоби Қуръони карим каби…” Мана, гап қаерда! Барот комроннинг гази билан ўлчаганда, у киши жўшиб куйлаётган мустақиллик китоби нақд Қуръони карим қаторида тураркан (Тангрим асрасин!) ва тўрт халифа (?) Қуръони каримни битгани (?) сингари бугун “аҳли ўзбек” мустақиллик китобини битаётган эмиш! Буни “жумлаи жаҳон ўқиб жисм ила жон”и туғёнга тушаётган эмиш! Ана, ҳикмат! Барот комроннинг айтишларича, бу мустақиллик китоби ҳам сура, оят, жузлардан таркиб топган ва "Ҳар сураси бир жаҳон, ҳар ояти мулки жон, ҳар жузда Ўзбекистон" экан. Ана қиёсу мана ўхшатишлар! Ана фаросату мана шеърият!
Тизма бошларида шоирнинг "дориломон туғёнда", “жаҳон туғёнда”, "еру осмон туғёнда" деган баланд ҳовуридан терлаб-пишиб ўтирган ўқувчи тизма охирларида ҳарҳолда пича ўзига кела бошлайди. Кафтини елпиғич қилиб, томоқларини, тўшини елпий-елпий: "Ҳаҳ, хайрият-э, шу ўзимизнинг “Самарқанду Бухоро ҳам Андижон, Сайхун ила Жайҳуну ҳам Зарафшон"ларимиз холос экан-э”, дейди. Осмондан жиндай пастга тушса ҳам бўларкан-ку, деб гина қилади.
Дарҳақиқат, ўқувчининг гинасида жон бор, Барот ака. "Ҳуррият китоби" деганда сиз мустақилликнинг ўзиними ёки мустақилликнинг бир йиллиги арафасида чиқарилган тўёна китобчаними назарда тутганингизни аниқ билмадиг-у, аммо ўхшатмаларингизнинг ўхшовсизлиги, бир-бирига сираям қовушмаётгани шундоқ балқиб кўриниб турибди. Ўзи мадҳия кўтаринкироқ руҳда бўлади, лекин одам сал ўпкасини босиб, сокинроқ маддоҳлик қилса ҳам бўлади-ку. Ердаги ҳодисаларни ердаги нарсаларга қиёслаган маъқулроқ эмасми? Ҳар кимсани Тангри таолога, ҳар нимарсани ваҳийга ё Куръони каримга тенглаштирган билан кошки ўша киши ва нимарсаларнинг ёки шеърнинг савияси, қадри ошиб қолса! Худди шунингдек, бунақа тизмалар Тангри таолонинг, Қуръони каримнинг ёки ваҳийнинг қадрини заррача ҳам пасайтира олмайди. Аксинча, бу муқаддас тушунчаларнинг қадрини биладиган ўқувчи кўзи олдида шоирнинг қадри тушиб кетади. Фаҳми етган-етмаган сўзларни шеърга тизаверса, шоир ўзини ҳам, шеъриятни ҳам, унинг шеърини эълон қилган газитни ҳам қаттиқ хижолатга солади. Ушбу тақризчани ёзишдан муродимиз – келгусида бир-бирларимизнинг юзларимизни ерга қаратмайлик, деб қўйишдир, холос.
Тангри таоло ҳаммамизни фаҳму фаросатдан айирмасин. Омин.
Нуруллоҳ МУҲАММАД РАУФХОН
1992 йил, 24-25 сентабир
Leave a Reply