Баҳорни фаслларнинг сулуви, гард юқмаган бокира қизи дейишади. Яна кимлардир уни инсон умрининг беғубор ёшлик чоғларига менгзайди, кимлар келинчакка қиёслайди. Барида жон бор. Булардан ташқари, баҳорнинг нимаси кўп – байрами кўп. Халқаро хотин-қизлар куни, Наврўз байрами, Меҳнаткашларнинг халқаро бирдамлик куни, Ғалаба байрами… Агар қайта қуриш сиёсатимиз барча тўсиқларни енга-енга тўла ва узил-кесил ғалаба қилса, жамиятни демократиклаштиришдек, ошкораликни барқарор ҳаёт тарзига айлантиришдек эзгу амалларга хиёнат бўлмаса, машҳур Апрел пленуми ҳам келажакда баҳорнинг азиз байрамлари қатори нишонланса ажаб эмас. Демоқчиманки, баҳорнинг вужуди байрам…
Апрел ойининг ўрталарида редакция биносидан чиқиб, метро бекатига қараб бораётсам Ленин номидаги майдон тарафдан узилиб-узилиб тантанали мусиқа садоларию кимнингдир микрофондан кимларгадир йўл-йўриқ, буйруқ бераётган овози эшитилди. Қизиқ туюлди. Тўхтаб, қулоқ сола бошладим. Майдонда 1 Май намойишига тайёргарлик борарди, чоғи. (Бу қарийб бир ой давом этди). Намойиш машқи. Ҳалиги кўринмас одам куйиб-пишиб «намойишчилар»ни орқага қайтарар, яна олға чорлар, уларнинг қайсидир ҳаракатлари афтидан у кўринмас одамга ҳеч ёқмас эди. «Бир» деганимда юрасизлар, «икки» деганимда ҳов анави шиорни кўтарасизлар, «уч» деганимда гулдурос товуш билан «Яшасин! Яшасин! Яшасин!» деб уч марта қичқирасизлар. Тартиб бузилмасин, шиорларнинг ўрни алмашиб қолмасин!» дея қайта-қайта тушунтирарди. Сўнг «Қани, бошладик!» деган буйруқ бўлди-ю «намойишчилар» ишбошқарувчининг имо-ишораларига биноан, ҳар хил шиорларни кўтариб қичқира-қичқира юра кетишди. Яна мусиқа садолари янгради.
Метрога тушиб, поезд келгунча, сўнг то манзилимга етгунимча икки лаҳзалик шу таассурот хаёлимни тарк этмади. Ғалати аҳволга тушдим. Байрамлар, уларнинг табиати, ўтказилиш тартиблари, одамларнинг бу байрамларга муносабатлари ҳақида беихтиёр ўйлай бошладим…
Ҳамма кунлар тенг, шу сингари 1 Май ҳам оддий кунлардан бири эди, аслида. Таниқли бўлиб кетганига сабаб эса, бир пайтлар шу куни кўплаб ишчининг (намойишчининг) бегуноҳ қони тўкилган.
Ўтган асрнинг[1] 86-йили 1 Майда бутун Амриқо бўйлаб жуда катта иш ташлашлар, намойишлар бошланиб кетди. Чикаго шаҳрида бундай ҳаракат оммавий тус олди – қарийб ҳамма намойишга чиқиб, ҳокимиятдан ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қила бошлади. Қўрқиб кетган маъмурият намойишчиларга қарши полицияни ташлади. Иғвогарлар митинг чоғи бомба портлатиб, кўпчиликнинг бошига етишди. Ёлғон кўргазмалар асосида анча-мунча ташкилотчилар ҳам қатл қилиб юборилди. Бу фожиа хабари тез орада Оврупога ҳам етиб келди ва Амриқо ишчилари билан бирдамлик ҳаракатлари юзага келди. Ниҳоят, 11 Интернационалнинг 1889 йили Парижда ўтган конгрессида бундан буён 1 Май кунини бутун дунё йўқсиллари Халқаро бирдамлик куни сифатида кенг нишонлашлари тўғрисида қарор қилинди ва ҳар йилги 1 Май йўқсилларнинг кучларини чамалаб олувчи намойиш кунига айланиб қолди. Шунинг учун биз, модомики 1 Май кунини нишонлар эканмиз, энг аввало, бегуноҳ қурбонларни ёдга олишимиз, ундай шармандали воқеаларнинг такрорланишига сира йўл қўймаслигимиз керак. Дарҳақиқат, дастлабки кезларда 1 Май бутун дунёда худди шунақа руҳда нишонланар эди. Ишчи-хизматчилар бу кунда намойишлар, пикетлар, иш ташлашлар уюштириб, ўз жамиятларида рўй бераётган ноҳақликларга, жабр-зулмга қарши курашишар, мавжуд тартиб-қоидалардан норозиликларини шу йўл билан изҳор этишар эди. Русиядаги инқилобий ҳаракат йўлбошчилари ҳам 1 Май куни шаҳар чеккасига сайилларга чиқиб, хотира кунига ўхшаш тадбирлар ўтказишгани, бўлғуси инқилобий ўзгаришларнинг режалари кўпинча шунақа сайиллар пайти пишитилгани бизга тарихдан маълум. Бирдамлик кунининг моҳияти ҳам шунда, асли.
Аммо, афсуски деймизми ё шундай бўлиши табиийми, бу фожиали кунни нишонлаш бора-бора тантанали байрам тусини ола бошлади. Баъзан ҳатто шундай туюладики, 1 Май маъмурий байрамга айланиб қолаётганга ўхшайди. Мана, неча йиллардан бери шиор ва чақириқларни озчилик ишлаб чиқиб, кўпчиликка жорий қилади. Бу шиорларнинг моҳияти неча йиллардан бери ўзгармайди – битта-иккита янги қўшилганини айтмасак, кўпроқ маъмуриятнинг кайфиятини белгиловчи ўша эски шиор, ўша эски чақириқлар… Юқоридан корхоналар, ўқув юртларига намойишда иштирок этувчиларнинг сони белгиланган кўрсатмалар келиши-чи? Тўрт-беш йил бурун биз ўқиб юрган вақтлари тартиб шундай эди. Кўпчилик ўқишидан хавотирдагина намойишга чиққанлари ҳали-ҳозир эсимда. Нега шундай бўлиб қолди? Энг биринчи сабаб, менимча, намойишни ташкиллаштиришда маъмуриятчилик кучайиб кетди. Иккинчидан, айтилаётган шиорларнинг аксарияти ҳаётдан узилиб қолган. Учинчидан, бу намойишларнинг ҳукумат маҳкамаларига таъсири сезилмайди. Тўртинчидан ва энг муҳими, бундай намойишлардан сўнг халқ ҳаётида бирон-бир ўзгариш рўй бермайди. Байрам ўтади (аниқроғи, бир тадбир сифатида ўтказилади) ва индинигаёқ ҳаммаси унутилади-кетади – яна эски ҳаммом, эски тос… Ахир, байрамни (намойишни) ўтказишдан мурод байрамдан бошқа кунларнинг яхшиланишига умид, орзу эмасми?!
Ҳозир қайта қуриш замони. Модомики, қайта қуриш мамлакат ҳаётининг барча жабҳасида бошланган ва амалга оширилаётган экан, шояд энди у 1 Май намойишларига ҳам кириб келса! Лекин тағин алвон кийимларга бурканиб эмас, одми, ишчи коржомасида келса. Дарров минбарга чиқиб олмаса, балки намойишчилар орасида, Ҳаёт билан бирга қўшилиб оқиб ўтса. Улкан ютуқлар қатори турфа матоларга Пахта Ҳазрати Олияларининг қора ишлари ҳам битилса. Оролнинг кўзёш томчилари ҳам чизилса. «Яшасин! Яшасин! Яшасин!» деган гулдурос ҳайқириқлардан ҳозирча андак тийилиб турсак-да, ҳар биримиз кўнглимиздагиларнигина айтиб ҳайқирсак. Ва ниҳоят, намойишни Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмасига айлантирмасдан, асл моҳиятга қайтсак – курашнинг узун йўлларида қон тўкканларни, жон берганларни эсласак, ҳозир ҳам курашаётганларга чин маънода бирдамлигимизни изҳор қилсак! Демоқчиманки, 1 Май намойишини ҳар хил бидъатлардан тозалайдиган пайт келди.
Хўш, мен нима таклиф қилган бўлардим? Ҳар йили байрамдан бирор ой олдин корхоналарда, ўқув юртларида, колхоз-совхозларда қуйидан Намойиш комитетлари тузилса, улар ўзлари ишлаётган, яшаётган жойлардаги муаммоларни пухта ўрганиб, шунга мувофиқ шиорлар, чақириқлар ишлаб чиқишса, намойишни тартибли ўтказишда бошқош бўлишса, қуйи билан маъмурият ўртасида воситачилик қилиб туриш учун бу Намойиш комитетлари байрамдан кейин ҳам тахминан уч ойгача ваколатларини сақлаб туришса… Албатта, булар ҳаммаси Асосий қонунимизга қатъий суянилган ҳолда амалга оширилиши лозим.
Булар менинг шахсий фиқрларим. Аммо негадир ишончим комилки, агар шундай қилинса, келгусида қуйи билан маъмурият ўртасидаги муносабатлар янада самимийлашади, яхши натижалар беради. Меҳнаткашларнинг халқаро бирдамлик куни чиндан ҳам Бирдамлик кунига айланиб кетади.
Бу йил 1 Майга барча совет халқлари кўнгилда гоҳ қувонч, гоҳ изтироб билан, гоҳ ижтимоий фаоллик, гоҳ лоқайдлик билан, ютуқлару йўқотишлар билан, энг муҳими – катта умид-ишонч билан келдилар. Ошкораликнинг тобора кенг қулоч ёяётгани, бир томондан, ҳаммамизни севинтирса, иккинчи томондан, куни кеча Тбилисида рўй берган фожиа қалбларимизни қайғуга солади. Демократия уриниб-суриниб бўлса-да тобора кучга кираётганини кўриб қувонсак, Арманистон билан Озарбойжонда содир бўлган ва ҳали ҳам тўла тинчиб кетмаган ҳодисаларни эслаб ўйга толамиз. Яна бизни изтиробга соладиган ҳол шуки, табиатни, маданий обидаларни, тилни муҳофаза қилиш йўлида Халқ ҳаракатлари кучайгани сари бюрократия тобора жазавага тушяпти. Бундай бўлиши, бир ҳисобда, табиий шекилли. Чунки бюрократия қонида Халқ ҳаракатларини бошқариш нари турсин, ҳатто бу ҳаракатларга суяниб иш кўриш кўникмаси йўқлигини кейинги бир-икки йилда мамлакатимизнинг турли бурчагида юз берган нохуш воқеалар очиқ-яққол кўрсатиб қўйди. Энг ачинарлиси, муайян вазиятда маъмурият нотўғри йўл тутгани кўпинча воқеа (фожиа) содир бўлгандан кейингина тан олиняпти ва қораланяпти. Аммо бу тан олишу қоралашлардан қанча фойдаю қанча зарар? Ахир, жиндай илгарироқ ақл билан фикр юритилса, воқеалар тўғрироқ идрок қилинса, ҳар қандай кўнгилсизликларнинг олдини олса бўлади-ку. Харҳолда, шу кунларда тил топишишга уринишлар бошланганга ўхшайдики, бу ҳол кўнгилларда умид уйғотади.
***
Мамлакатимизнинг қатор шаҳарларида бу йил 1 Май биз орзу қилган тарзда нишонландики, буни фақат қутламоқ керак. Болтиқбўйи республикалари пойтахтларида тантанали байрам ўрнига, меҳнаткашларнинг ҳукумат раҳбарлари билан учрашувлари ўтказилди, оммавий баҳс-тортишувлар, сайиллар уюштирилди. Булардан ташқари, марказий матбуот ҳам 1 Майга бирин-кетин ўз муносабатини билдира бошлади. «Огонёк» журнали 18-сонида бу тадбирнинг маъмурий тус олиш тарихини ёзди. «Комсомольская правда» газетаси эса, бу йилги 1 Май тантаналарини биргина Масков шаҳрида ўтказишга 500–600 минг сўм маблағ ажратилганини эълон қилди. Шу муносабат билан бизда савол туғилади: мамлакат бўйича қанча маблағ сарфланди экан? Тошкентда ўтказилган Май байрами неча пулга тушди? Бутун республикадаги намойишлар-чи? Бу маблағ қаердан, кимнинг, ниманинг ҳисобидан олинади? Халқ шуларни билиб қўйса, ёмон бўлмасди.
Байрамни телевизордан томоша қилганлар бу йил Тошкентдаги тантаналар ҳар йилгидан ҳар ҳолда қисқарганини сезган бўлса керак. Бу – яхши. Лекин, афсуски, намойиш ўтказиш тартиблари ўзгармабди. Шиорлар ҳам ўша-ўша. Демак, 1 Май ўтганига қарамай мақола ўз кучида қолади, биз эса, қайта қуриш руҳига мос турли ташаббуслар фақат Масков ёки Болтиқбўйи республикаларидан эмас, бизнинг жумҳуриятимиздан ҳам чиқишини орзу қилиб қоламиз.
Нурулло ОТАХОНОВ
РЕДАКЦИЯДАН: ёш адиб Нурулло Отахоновнинг мақоласида кўтарилган шахсий фикрларда баҳсли томонлар ҳам бор. Қайта қуриш ва ошкоралик даврида биз фаолиятимизнинг барча қирраларини изчил таҳлил этиб, камчиликларимизни рўй-рост кўрсатишимиз лозим.
Бу борада балки сизнинг ҳам мулоҳазаларингиз бордир, азиз муштарийлар!
“Ёш ленинчи” газетаси, 1989 йил, 18 май.
Leave a Reply