Бир қайнови ичида суҳбат

«– 1904 йилда Китоб ноҳиясидаги Пахтаобод қишлоқ Шўросига қарашли «Қизил Октябр» жамоа хўжалигида камбағал (!) деҳқон оиласида туғилганман. Демак, инқилобни ўн уч ёшимда кутиб олганман. Отамнинг икки таноб (!) ери бўлган, ночор (!) турмуш кечирган…»

(Бир рўзномада чиққан суҳбатдан.)

 

Яшанг, бобо! Яшанг, суҳбатчи оға! 1904 йил қаёқда-ю, қишлоқ Шўроси қаёқда! 1904 йилда жамоа хўжалиги, унинг устига, «Қизил Ўктабир» номида! Ҳе қойил-э, ҳе баракалла-е!

Кейин, яна ўша эски гап: «камбағал деҳқон оиласида!..» Худди ҳозир ҳамма бой деҳқон оиласида туғилаётгандек. Жумҳурият аҳолисининг 45 фоизи қашшоқ турмуш кечираётган бугунги кунда ҳам ўтмишга тош отишлар, ўтмишни чаппа-ростасига сўкишлар муборак!

 

Шу суҳбатни ўқиган деҳқонларимиз ҳозир: «Қани энди бизнинг ҳам икки таноб еримиз бўлсаю суҳбат берганнинг отасидай ночор турмуш кечирсак», деб орзу (!) қилишяпти. Сабабини билмоқ учун Қомусга қарасак, бир таноб ўлчови ҳар жойда ҳар хил – ҳозирги ўлчовда 17 сўтихдан то ярим гектаргача тўғри келаркан, Агар энг камини ҳисоблаганимизда ҳам, икки таноб дегани 35 сўтих деганидир. Ничего себе, «ночор»лик!

Майли, ўтмишингизни сўкаверинг, бобо, аммо сал инсоф билан, атрофга бир қараб олиб сўкинг-да!

 

Олчин ЯЙФОН

Мисолни Саид Анвар (Олчин) келтирган.

 


“Муштум” журнали, 1991 йил 1-сон.

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*