Мақолалар

Сени бўлиб ташлайдиган «олим»дан қочиб, бирлаштирадиганга бор!

Бугун кўча-кўйдами, мачитлардами, бозорлару ижтимоий тармоқлардами, қаерга боқманг, ҳамма ерда икки мўмин бир-бирига ғазаб қилаётганини, душман каби бир-бирига нималар деб-нималар қилиб ташлаётганини кўрасиз. Ва ўйлаб қоласиз:

‒ ёки "Албатта, мўминлар (бир-бирлари билан) биродардирлар!" деган оят бекор бўлган (Асло! Бундай эмас, албатта!), ёки биз ояти карима назарда тутган чин мўминлар эмасмиз;

‒ ёки Нўъмон ибн Баширдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган “Мўминлар ўзаро раҳму мурувватда, меҳру муҳаббатда бир жасад кабидирлар, агар унинг бир аъзоси оғриб қолса, қолган аъзолари ҳам Бу оғриқни иситма ва бедорлик билан қарши олади” (Табароний ривояти) ҳадиси уйдирма (Асло! Бундай эмас, албатта!), ёки биз бугунгилар ҳадис қамровидаги чин мўминлар эмасмиз;

‒ ё Абу Бурда (розияллоҳу анҳу) отасидан, отаси бобосидан ривоят қилган “Мўминлар ўзаро бир-бирини ушлаб турадиган ва бир-бирига тиргак бўлган иморат кабидирлар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти) ҳадиси бўлмаган гап (Асло! Бундай эмас, албатта!), ё биз ҳадис таърифлаган мўмин эмасмиз!

Бугунги бу аҳволимизга боқиб туриб, бундан бошқа нима деса бўлади?! 
Тепада келтирилган ояти карима ва ҳадиси шарифларнинг “илло”си йўқки, унинг панасига қочиб кириб яшириниб омон қолсак!
“Биладиганлар билмайдиганлар билан тенг бўлурми?!” ояти каримаси биладиганларга истисно бир мартаба ва ё истисно бир шараф бермаяпти, балки уларнинг елкасига улкан масъулият, буюк жавобгарлик юклаяпти! Бу ояти карима маъносида биладиганларни улуғлаш ва ё билмайдиганларни ерга уриш йўқ, аксинча, биладиганларга елкасидаги оғир юкни қаттиқ эслатиш бор!

Бошқа ерларда биладиган (олим)ларнинг охиратдаги савол-жавоби оғир бўлиши бежиз таъкидланмагандир, ахир!
Вазифа бир четда қолиб, жавобгарлик унутилиб, озгина билимини ҳам бир-бирига қарши қирпичоқ бўлишга ишлатишлар чарчатди одамни!

Оллоҳ олим (биладиган)ларга билимни мўминларнинг орасини бузиш, уларни бир-биридан ажратиш, бўлиб ташлаш, ўзларига тарафдор йиғиш учун эмас, аксинча, тарқоқ қавмни бир ерга тўплаш, Оллоҳни ва элчисини танитиш, Оллоҳга ва элчисига мустаҳкам иплар билан боғлаш учун бермаганми?!

Эй бу тугамаётган машмашалардан ўртайўлда гарангсиб туриб қолган нафсим! Тўғри Йўлдан тоймай-адашмай десанг, мўминларни асло ёмон кўрма! Мўминларни сев! Уларга тиргак бўл! Уларни ўз танинг аъзоси каби бил! Бирилари озор чекса, сенга иситмалар чиқиб кетсин! Ёрдамга шошил!

Сендан уларнинг бир қисмини ёмон кўришни талаб этсалар, “Унда уларни мўминлар сафидан чиқариб беринглар, кейин ёмон кўраман!” деб айт ва сени бўлиб ташлайдиган “олим” (биладиган)дан қочиб, сени бирлаштирадиган олим (биладиган)га бор. Шунда шояд қутқарилсанг!

nurullohuz.com