Бошқоронғу

Бир куни ишдан қайтсам, хотинимнинг авзойи бузуқ.

– Ҳа?

Йиғи тортиб юборди. Хавотирланиб, елкасини силадим.

– Нима гап? Бекордан-бекор йиғлайверма, болага зарар қилади, – дедим қорнига ишора қилиб. Ахир ҳомиланинг энг нозик палласи…

– Ўлолмай ётибман-у, бекордан-бекорга дейсиз.

– Нима бўлди, ахир айтмаяпсан-ку!

– Сиз нуқул рост гапирасиз, ҳеч мени алдамайсиз.

– Ана холос! Рост гапирсам яхшимасми сенга?

– Яхшимас. Рост гапларингизга зормасман энди!

– Жинни бўлдингми?

– Агар алдамасангиз, жиннидан баттар бўламан!

– Кўп зарда қилаверма, боланг хунук туғилади, – дедим ҳазилга буришга тиришиб.

Баттар бўлди.

 

– Болам соғлом туғилсин десангиз, ёлғон гапиринг менга! Қанақа золим эрсиз ўзи! Ув-в-в… – деб додлаб юборди.

Ё чиндан ҳам жинни бўлган, ё ҳомиладорлигининг инжиқлиги бу, деб ўйладим мен. Лекин битта нарсага ҳайрон эдимки, инжиқлик ҳам шунақа бемаъни бўладими?!

Амаллаб тунни ўтказдим-да, эрта билан тўғри Аёллар маслаҳатхонасига йўл олдим. Хотиним учраб турадиган дўхтирнинг олдига кирдим. Аҳволни обдан тушунтирдим. Опой бир менга, бир хотинимнинг анкетасига қараб олди-да, тилла гардишли кўзойнагининг балдоғини ўйнаб туриб:

– Хотинингиз ёлғонга бошқоронғу бўлибди, – деди.

– Ия, шунақаси ҳам бўладими?

– Бўлади! Сизнинг хотинингиз-ку ёлғонга бошқоронғу бўлибди, бунинг иши осон, баъзилар ростга бошқоронғу бўлади, уларга қийин…

– Мен нима қилай энди?

– Алда-аб, овунтириб ўтирасиз, ёлғон гапирмасангиз ҳомила соғлом ривожланмайди.

Бошим қотиб, ишга жўнадим. Кечгача режа тузиб чиқдим. Уйга келибоқ, эртагимни бошладим:

– Хотин, суюнчи бер, бугундан сехимиз завўддан ажралди, мен бошлиқ бўлдим!

Хотиним бирдан ювош тортди. Чеҳраси очилди.

– Вой, қуллуқ бўлсин! Рости биланми?

–Ҳа-да,–дедим шодон,– сени алдармидим. Завўдимиз ўзи анчадан бери ўтириб қолган эди. Бугун эрта биландан катта хўжайин сех бошлиқларини чақирди-да, ҳамманг энди ўзини ўзи бошқарувга ўтасанлар, араваларингни ўзларинг тортларинг, деб ажратиб юборди.

Зимдан хотинимнинг юзига боқдим. Кўзлари:

«Яна, яна алданг», деб илтижо этиб турарди. Кечки овқат маҳали ёлғоннинг ўғил боласини айтдим:

– «09»нинг янги маркаси чиқибди. Тўққиз милён тураркан, шартта олайми?

Қанчалик ёқиб турган бўлмасин, хотиним барибир шубҳаланди:

– Шунча пулни қаёқдан топасиз?

– Бировга айтмагин-у, сехимизнинг чиқиндихонасидан бугун ғиштдай бир қуйма тилла топиб олдим.

Ҳаддан ошиб кетмадиммикан, дейман. Хотиним бўлса, ўзи тўла ишонмасаям, ҳарҳолда хурсанд. Менга нима, фарзандимиз тўрт муччаси соғ туғилса бўлди-да…

Кечаси ётар олдидан қулоғига шивирладим:

– Эртага сенга тилла балдоқ билан тилла узук, меҳрибон қайнонамга тилла билакузук олиб берсам, нима дейсан?

Хотиним батамом асир бўлди. Саккиз йиллик турмушимиз давомида бунақа яйрамаган эди ўзиям!

– Бор экансиз-ку, хўжайин! – деб юборди ирғишлаб.

Шу кеча тушида ҳам бир-икки марта кулгандек бўлди.

Ҳаммаси бинойидек кетаётган эди-ю… ёлғон тугаб қолди. Бор бойлигим бир ҳафтага етди, холос. Шу чиранаман, қани энди бир жумла туза олсам! Хотиним яна аввалги ҳолатига қайта бошлади. Қовоқ-тумшуқ. Заҳар.

– Эр бўлиб, мунда-ай ёлғонниям эплаб гапиролмайди,– деб тўнғиллайди йиғи-сиғи аралаш.

Жондан ўтди. Бир куни яна шартта Аёллар маслаҳатхонасига бордим. Кўнгли юмшоқ экан. Аҳволимни кўриб, онамдай ачинди ўзиям.

Лекин бу гал негадир қулоғимга шивирлади. Биров эшитиб қолмасин, дедими…

Дўхтир опойнинг нима маслаҳат берганини мен ҳам очиқ айтолмайман. «Ўртамизда сир бўлиб қолсин», деди опой.

– Майли-ку-я, лекин буларнинг нима алоқаси бор, опой? – дедим қўрқа-писа.

– Болам тўрт мучаси соғ туғилсин, десангиз, айтганимни қилинг, тамом!

Начора, айтганини қилдим.

Бугун ишдан кеч қайтган эдим. Хотиним ухламай телевизор кўриб ётган экан. Олдида бир тўда газит очиқ-чочиқ. Ўрнидан туриш йўқ. Салом-алик йўқ. Нега кеч қолдингиз, дейиш йўқ.

Парво қилмай ошхонага ўтиб кетдим. Майли, кўраверсин, ўқийверсин. Боламиз соғлом туғилса бўлди…

 

Шу Ерлик КИШИ

 


“Муштум” журнали, 1993 йил, 10-сон

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*