Мақолалар

«Бу кунлар» китоби чоп этилди

bu kunlar"Бу кунлар" узоқ йиллик кузатувлар, меҳнатлар маҳсулидир. Номидан кўриниб турганидек, асар шу кунларимиздан ‒ асосан Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейинги ҳаётимиздан баҳс этади.

Воқеалар тўқима эмас. Асар аниқ замон, аниқ кишилар, аниқ ишлар ҳақидадир. Қаҳрамонлар таниш ‒ ҳаммаси теварагимиздаги кишилар.

Синчиклаб боқсангиз, асар ичида ҳатто ўзингизни ҳам учратиб қоласиз. Зотан бундан бошқача бўлиши мумкин эмас. Чунки йигирма беш йиллик мамлакат ҳаёти сиз билан биз бошимиздан кечирган кунлардир.

“Бу кунлар”нинг электрон нусхаси шу йил (2016)  апрел ойи охирларида nurullohuz.com шахсий веб-сайтимга қўйилди. Бир зумда дунё бўйлаб тарқалди. Мамлакатимиз ичида ҳам, ташида ҳам ўқилди, қизғин муҳокама давом этяпти. Ўқувчи ўз ҳолига четдан ҳам боқиб кўряпти, воқеаларни таҳлил қиляпти, қийинчилик билан бўлса-да, ҳаётининг йигирма беш йиллик бўлагини аста-секин қайтадан идрок этяпти.

Ҳозиргача ўқувчилардан кўплаб хат олдим. Фейсбук саҳифамдан ташқари электрон почтамга ҳам ёзиб билдирилган муносабатлар қанча! Ижобийми-салбийми фикрини билдирган барча холис ўқувчилардан миннатдорман.

"Бу кунлар"нинг пдф, андроид ва овозли шакллари бор бўлишига қарамай, жуда кўплаб киши уни анъанавий китоб шаклида ўқиш истагини ҳам билдирди. "Китоб барибир китоб-да!" деган мулоҳазалар айтилди. Шу талаб-истаклар инобатга олиниб, ниҳоят асар китоб ҳолида ҳам чоп этилди.

Муаллиф ўлароқ узоқ йиллик меҳнатдан сўнг буюк бир ҳаяжон ичра "Бу кунлар" китобимни қўлингизга тутқазар эканман, асар баҳона кечамиз ҳақида қилинаётган бугунги муҳокамалар шояд эртанги кунимиз ёруғроқ бўлишига хизмат қилса дейман.

Хайрли дуоларингизга муҳтож,

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон.

 

Нашриёт: "Doğu kütüphanesi"

Саҳифа: 552 бет

ISBN: 978-605-5227-75-3

Нашриёт белгилаган нарх: Туркия учун — 15 лира + жўнатиш чиқими; Туркиядан ташқарига — 4 АҚШ доллари + жўнатиш чиқими.

Китоб савдосига тегишли қўшимча маълумотларни admin@nurullohuz.com  ёки телеграмда @kitobdor билан боғланиб олишингиз мумкин.

Китобнинг интернет савдоси amazon.com сайти орқали амалга оширилади.

2 Comments on «Бу кунлар» китоби чоп этилди

  1. Асарнинг ўзи қани сайтда, электрон нусхаси борми?

    Сайтда топиб бўлмади.

  2. Китоб ҳолида баъзи ўзгаришлар билан чоп этилди, чалғимаслик учун эски электрон нусхасини олиб қўйдик. Кейинчалик ўзгаришларни киритиб қайта қўямиз. Ҳозирча, Google Play дан электрон нусхасини олишингиз мумкин.

Фикр билдириш чегараланган

nurullohuz.com