Мақолалар

Буюк ўрнак

Ҳайит кунги бир воқеани эсладим.

Истанбулнинг Кичикчекмача бўлгасида “Mall of Istanbul” номида йирик “Aliş-veriş merkezi” (Савдо маркази) бор. Ичида Оврупада энг катта ёпиқ ўйинхона қурилган. Болаларни ўйнатишга бордик. Ўзимиз ҳам дам олгимиз бор эди, албатта.
Бу “Савдо маркази”, назаримда, шу дамгача кўрганларимнинг энг йиригига ўхшади кўзимга! Жуда улкан майдонда, беш-олти йирик бино остида, кириш қаватдан ташқари тагида уч, устида яна уч, ҳаммаси бўлиб етти қават! Ичида юзлаб дўкон!
Мақталган ўйинхона ҳам “Савдо маркази”нинг бир қисмида икки-уч қаватни эгаллаб ётибди. 
Айтилганича бор экан ўзиям. Энг замонавий ўйинлар ёнма-ён ва устма-уст шунақа маҳорат билан жойлаштириб чиқилганки, бир-бирига халақит қилмай ҳаммаси бараварига ишлайди!

Лекин ўйинлари сал қиммат экан. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас, чиқими катталиги ҳашамидан билиниб турарди.
Болалар мириқиб ўйнашди.
Аср ва шом намозларини шу “Марказ”нинг таг қаватида жойлашган мачитда ўқидик.
Узун йўлакдан юриб бораркансиз, деворларга мачитга қараб бораётганингизни билдириб динимизга тегишли тарих лавҳалари ҳар хил расм ва макет шаклида осиб қўйилган. Этакда олдин эрлар мачити ва таҳоратхонаси, йўлак охирида аёллар мачити ва таҳоратхонаси.

Гўзал! Бошқа таъриф айтолмайман! Намозхон харидорларга эътибор бундан ортиқ бўлмайди!
Йўлак бошидаги эълон диққатимни тортди. Унда туркчалаб “Мачитимизда таровиҳ намозлари ўқилади” деб ёзиб қўйилган эди. Демак, бир ой Рамазон ичи бу мачитларда таровиҳ ҳам ўқилган! 
Харидор хуфтон вақти кўчага чиқиб мачит ахтариб юрмайди. Одатда, хуфтон намози Рамазон ичи 22:30 дан кейин бошланганини ва таровиҳ намозлари билан қўшиб, то 24:00 гача чўзилганини ҳисобга олсак, демак, “Савдо маркази” ўшангача беркилмаган!..

Шом намозида ажиб бир ҳолга гувоҳ бўлдим. Аслида, шунинг ўзини ёзмоқчи эдим.
Мен намозимни ўқиб бўлганимдан кейин бир чеккага ўтиб ёнбошлаб дам олиб ётган эдим. Одамлар гурас-гурас оқиб кириб, айримлари янги жамоат ташкил этиб, айримлар ёлғиз намозларини ўқишяпти.
Мачитга ёши элликларда бир одам 12-13 ёшли бир ўсмир йигитчани қўлидан маҳкам тутганича кириб келди.
Беихтиёр кузата бошладим.

Бола кўринишидан туппа-тузук, бир чиройли эди, лекин қарасам сал ногирон экан. Юрганида бир оёғи сал майишиб кетади. Юраркан, бошини ҳам ғалати қимирлатиб-қимирлатиб қўяди.
Ота боласининг чап қўлини қаттиқ сиқиб ушлаб олган, сира қўйиб юбормасди. Оёқ кийимини ечаётганида ҳам, ичкари кираётганида ҳам қўйиб юбормади. Янги ҳосил бўлган жамоат намоз ўқий бошлаганини кўриб, боласини етаклаб тез бориб сафга қўшилди.

Такбири таҳрима айтиб намозга кираётганида боланинг ҳам қўли кўтарилди. Рукуга ҳам бирга борилди, саждага ҳам боласининг қўлини қўйиб юбормаган ҳолда борди. Табиий, бола ҳам отаси нима қилса, қилди. Ўтирганида отасига қараб бирнималар дея бошлади.

Демак, фақат жисмонан эмас, ақлан ҳам камчиликли эди бола. Демак, унинг қўлини қўйиб юбориб бўлмасди. Демак, ҳаётда ҳам доим у бировнинг етовида юради. Айниқса, кўчага чиққанида!
Менга боланинг жисмоний ва ақлий камчилигидан ҳам кўра кўпроқ отанинг меҳнати, машаққати, қатъияти қаттиқ таъсир этди.
Диққат қилинг: у бир он ҳам етовсиз юра олмайдиган боласини ҳайитда ўйнатгани олиб келган, ҳалиги қиммат-қиммат ўйинларда ўйнатган, намоз вақти киргач, боласини етаклаб мачитга тушган!

Рукуда қўлини тиззасига қўяр экан, боласининг қўли ҳам унинг тиззаси устида эди! Саждага бораётиб икки қўлини юзининг икки томонига тирар экан, боласининг қўли ҳам ўша ерда эди! Бола отасига қўшилиб турди, букилди, саждага борди!
Тик турганида майишиб-қимирлаб турган бўлса ҳам, икки саждадан кейин тинч ўтирмай отасига қараб бирнималар деб халақит қилган бўлса ҳам, мен берироқда бу ҳодисани кузатиб ўтирар эканман, чексиз қудрат Эгаси Оллоҳдан шу боланинг ҳам намозини қабул қилишини сўраётган эдим. Отасига Оллоҳдан улкан ажр-савоблар тилардим.

Иш бу билан битмади. Имомлик қилаётган йигит нимагадир икки ракатдан кейин учинчи ракатга турмасдан салом бериб намозни эрта тугатиб қўйди. Эргашувчилар ҳайрон бўлди. Масалани биладиганлар шом фарзини қайтадан ўқишга киришишди.
Ота намоздан кейин уч-тўрт одим эшик томонга юрар экан, боласига нималардир деди. Назаримда, намоз вақти гапирмасликни тайинлади. Сўнг яна ортига қайтиб, у ҳам шом намозини қайта ўқий бошлади.

Ҳаммаси бошқатдан бошланди: боласининг чап қўлидан маҳкам сиққанича қулоқ қоқди, икки қўлини киндик устига боғлади, тиззасини чангаллаб рукуларга борди, бошининг икки томонига қўлини тираб саждалар қилди, охирги қаъдада ҳам боласининг қўлини ўнг тиззаси устига қўйиб, ташаҳҳуд билан саловатларни ўқиди, икки томонга салом бериб, боласининг қўлини тутганча дуо қилди, сўнг ўрнидан турди!

Оллоҳ-Оллоҳ, ўзимдан уялиблар кетдим. Бу одамнинг эътиқоди ва намозга ғайрати мени буткул ўзига ром этди. Ихтиёрсиз равишда икки қўлим дуога очилди:
Эй Оллоҳ, шу одамнинг оғирини енгил қил! Тўзим бер! Боласига шифо ато эт! Бизларнинг ҳолимизни Ўзинг ўнгла!
Бу кўрган манзарам энди бир умр эсимдан чиқмаса керак.

nurullohuz.com