Мақолалар

Буюк ўзгаришлар арафасида

Ҳамма замон ўзига хос. Аммо кечагина ўтган милодий ХХ аср энг тезоб, энг мураккаб, энг зиддиятли, энг талофатли аср ўлароқ тарихдан жой олса керак. Ўтган бу асрга:

 

Илм-фан туйнугидан қаралса,

ҳайратланарли ривожланишлар даври бўлиб кўринади. Ундан олдинги асрларнинг буюк илмий изланишлари бу асрга келиб мисли кўрилмаган даража мўъжизавий самаралар берди, тараққиёт бирданига юксак поғоналарга чиқиб кетди. Айниқса, асрнинг кейинги ярми, айниқса охирги чорагида юксалиш тезлиги ҳам юксалди. Кеча оламшумул янгилик бўлиб туюлган бир нарса бугуннинг ўзидаёқ эскириб, ўрнига яна бир янги кашфиётлар қилинмоқда. Кечанинг тезлиги билан бугуннинг тезлиги туянинг тезлиги билан учоқнинг тезлиги нисбатичадир. Тасаввуримизда тараққиётнинг бундан баланд чўққиси йўқдай гўё. Аммо эртагаёқ бу чўққи пастда қолади. Ва индинга нима бўлишини Яратган Парвардигоримиз билади…

 

Сиёсат туйнугидан қаралса,

кишилик жамиятлари бошига энг катта мусибат солган иккита даҳшатли Жаҳон уруши мана шу даврда кечди;

мустамлакачилик сиёсати ҳам ‒ сиртдан маданийлашган қиёфада, аммо ичдан баттар ёввойилашиб, янгича босқичга кўтарилди, энди мустамлакачилик сиёсатининг эскича усули урфдан қола бошлади, бу аср охирларига келиб янгича усуллар ила Дунёни Буюк Бўлишиб Олишлар юз берди;

зўрлик, зўравонлик ҳам чўққисига чиқди, имон, инсоф орқа қаторларда қолиб кетди;

бир ёқда кўринишидан инсонпарвар бўлиб туюлувчи “инсон ҳуқуқлари” деган олижаноб ҳаракат бошланди, иккинчи ёқда халқлар ҳуқуқлари қийматини тамоман йўқотди, кучли давлатлар кучсиз давлатларни ўз ҳолига қўймай, халқларни ўзлари танлаган йўлда яшаш ҳақларига тажовуз қила бошлади, яъни, иккиюзламачилик сиёсати авж олди;

зулм, мустамлаканинг кучайиши Миллий Озодлик сари ҳаракатларни ҳам кучайтирди, асоратдаги мамлакатларнинг деярли барчаси айниқса асрнинг иккинчи ярмига келиб миллий-сиёсий истиқлолларига эришди;

Оллоҳга шукр, дунёда иккита зўравон давлатдан бири бўлган СССР шу аср охирларида чок-чокидан сўкилиб, совет қўл остида эзилиб келган кўп халқлар қатори бизнинг мусулмон халқимиз ҳам Миллий истиқлолини шу асрда эълон қилди…

 

Маънавият туйнугидан қаралса,

имон билан куфрнинг қадим мужодаласи куфрнинг ўтган асрларда бош кўтарган мафкуравий исёни бу асрда сиёсий устунликка эришуви билан гўё мантиқий якунини топди ‒ худосизлик ғоясига асосланган ва инсоният бошига мислсиз кулфатлар келтирган коммуначи­­­­­­­-моддиюнчи тузум ўрис болшавойчилиги тимсолида жаҳон саҳнасига шу асрда чиқди;

ва, алҳамдулиллоҳ, бор-йўғи бир инсон умрича амал-тақал кун кўриб,  аср охирларидаёқ тамоман йитиб битди.

Пайғамбар юборилмаган бир миллат ё қавм бўлмаганидек, динсиз бир миллат ҳам бўлмас. Дин мафкураларнинг асоси ўлароқ ҳар қандай жамиятнинг маънавий тирагидир. Тиргаги емирилган жамиятлар, мамлакатлар, тузумларнинг охири албатта ҳалокатдир…

Хуллас, милодий тақвимга амал қиладиган жамиятлар бугун янги ХХI асрга қадам қўйди. Энг тез, энг илғор, айни чоқда, энг мураккаб ‒ зиддиятларга, яхшилик ва ёмонликларга, топишу йўқотишларга бой ХХ аср ортда қолди. Инсоният умид ва ҳадик оралиғида янада буюк ўзгаришларга хомилали янги асрни қаршиламоқда.

Биз мўмин-мусулмонлар Жаноби Оллоҳдан уни бизларга яхшиликли, баракали ва зафарли қилишини сўраймиз.

 

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

 

“Ҳидоят” журнали 2001 йил 1-сонига мўлжалланган эди.

nurullohuz.com