Азиз мусулмон биродарлар! Ёдингизда бўлса, жаридамиз ўтган йили ўн беш кунда бир марта чикар эди, янги обуна йилидан бошлаб эса ҳафталик нашрга айлантирилди. Бу суюнчилик хабар билан ҳаммаларингизни яна бир бор табриклаймиз. Аллоҳ таолога шукрки, энди бизлар ўн беш кунда эмас, ҳар ҳафтада дийдор кўришиб турамиз. Шу муносабат билан жаридамиз таҳририятида анча-мунча ўзгариш бўлди: янги ходимлар ишга олинди; бошқа жойга кўчиб ўтдик; саҳифаларимизда янги-янги рукнлар ташкил этиляпти. Мақсад – жаридамизнинг илмий, бадиий ва имловий савиясини янада кўтариш, талаб-эҳтиёжларингизга тўлароқ жавоб бериш. Лекин унутмангизки, савиянинг ўсиши сиз қадрдон ўқувчиларимизнинг биз билан кай даражада ҳамкорлик қилишингизга, жарида ҳаётида канчалик иштирок этишингизга боғлиқ. “Ислом нури” сизларнинг сирдош дўстингиз, ёрдамчингиз, шогирдингиз ва устозингиздир.
Жаридамизнинг ҳар чаҳоршанба чиқишини назарда тутиб, янги рукнлардан бирини "Чаҳоршанба сабоқхонаси" деб атадик. Сизлар ўзларингизни қизиқтирган, ўйлантираётган, қийнаётган ҳамма масала бўйича ушбу сабоқхонамизга мурожаат этишларингиз мумкин, саволларингизга қўлдан келганча жавоб беришга ҳаракат қиламиз ва бахонада ўзаро яқиндан алоқа ўрнатиб оламиз. Бу рукн сизларга албатта ёқади деган умиддамиз.
***
1-САВОЛ. "Ислом нури" жаридасининг ўтган йил охирги сонларидан бирида "Киши олим бўлмагунча тақволи бўла олмайди", дейилибди. Нега энди? Ҳамма тақволи бўлишни истайди, аммо ҳамма мусулмон ҳам олим бўлавермайди-ку? Бу гапни ўқиган авом: "Э, биздан тақводор чиқмас экан-да", деб тушкунликка тушмайдими?
Исмоил ҒИЁС,
Тошкент шаҳри.
ЖАВОБ. Мазкур ҳикматли гапдан бунақа тескари хулоса чиқармаслик керак. Сизни чалғитаётган нарса, бизнингча, "олим" сўзидир. Шунинг учун аввало шу сўзнинг маъносини ойдинлаштириб оламиз. Буюк мусулмон шоири Алишер Навоийнинг халқимиз орасида кенг тарқалган бир ҳикматли сўзлари бор: "Билмаганни сўраб ўрганган олим, Орланиб сўрамаган ўзига золим", дейдилар ҳазрат. Бундан маълум бўладики, фақат 10-15 йил олий ўқув юртларида ўқиб, илмий ишлар ёқлаб, турли-туман унвон олган одамларгина олим эмас, балки "билмаганини сўраб ўрганган” ҳар бир шахс ҳам ўзига хос олимдир.
Исломда битта ҳадисни ўрганиш ҳам илм олишдир. Ана шу ўрганишлар натижасида эришилган билимни ҳаётида қўллаш тақво дебочасидир. Бу эса инсон имони жилосини зиёда этади. Шунинг учун барча мўмин-мусулмон тақвога интилади. Ҳаётда нималар қилиши лозимлигини ўрганади. Аллоҳ таоло олдида инсон ҳамма жиҳатдан тенгдир, фақат тақвоси билан бир-биридан фарқланади, турлича мартабага эришади. Номи "олим" бўлатуриб илмига амал қилмагандан кўра, номи авом бўлса ҳам, тақво йўлига кирганлар Аллоҳнинг ҳузурида минг чандон аълодирлар.
"Масалуллазийна ҳуммилут таврота сумма лам яҳмилуҳо камасалил химори яҳмилу асфара".
"Зиммасига Таврот юклангандан сўнг уни кўтара олмаган (унинг кўрсатмаларига амал қилмаган) кимсалар мисоли китобларни кўтариб кетаётган эшакка ўхшайди".
Аллоҳ таоло ҳаммаларимизни ўзи рози бўладиган даражада тақволи бандалардан бўлишимизни насиб айласин. Омин.
2-САВОЛ. Яқинда собиқ улфатларимдан биттаси бетимга: "Кечагина мен билан бирга ароқ ичиб юрган одам бугун энди тақводор бўлиб қолдингми?! Ўғри қариса, сўфи бўларкан-да?!” деди. Дабдурустдан унга нима деб жавоб қилишни билмай қолдим. Аллоҳни мен сингари кеч таниган ҳар бир одамнинг бошидан шунақа савдо ўтса керак. Бундай пайтлари қандай муомала қилганимиз маъқул?
Салом билан, С.Т.
Сурхондарё вилояти.
ЖАВОБ. Ҳурматли биродаримиз С.Т.! Собиқ улфатингизга ўхшаш кимсаларнинг таъна-дашномларига парво қилманг. Ақлли киши имонга кирган одамнинг ўтмишига эмас, бугунига эътибор қилади. Яъни, кеча унинг ароқ ичиб юрганига ёки бузуқчиликлар қилганига эмас, балки шундай бузуқ ва гуноҳкор одамнинг бугун имон туфайли яхши томонга ўзгариб қолганига эътибор беради ва бунда Аллоҳнинг қудратини кўриб, қойил қолади.
Собиқ улфатингиз каби кимсаларни Аллоҳнинг ўзи ўнгламаса, бандаси бас келолмайди. Чунки уларга гап уқтириб бўлмайди. Бизларнинг қўлимиздан келадигани уларга ҳам инсоф, тавфиқ ва имон тилашдир. Шояд Аллоҳ таоло ундай кимсаларнинг ҳам қалбини ўзига мойил қилса.
Имонли киши гапини уқадиганлар орасида даъватни давом эттириб, ўзини ҳар қанақа таъналардан баланд тутиб, тоат-ибодатини қилиб юравериши керак.Чунки банда ўзига ўхшаган бандаларнинг маломатидан эмас, Аллоҳ таолонинг маломатидан қўрқиши лозим. Шунда мурод ҳосил бўлади.
Аллоҳ бу йўлда сизни ва бизларни сабрли, бардошли қилсин. Омин.
Нуруллоҳ МУҲАММАД РАУФХОН
Leave a Reply