Мақолалар

Давлат – қонундир

Давлат бир гуруҳ одамлар йиғиндиси эмас. Давлат ‒ қонундир.
Бугунги воқеликда ва бизнинг шароитда жамият ўзаро келишиб қабул қилган Асосий Қонун ва ундан ўсиб чиққан ёрдамчи қонунлар давлат ҳисобланади.

Давлатга бўйин суниш ‒ Қонунга итоат этиш, тўлиқ риоя этишдир.
Бўйин суниш эса фақат халқдан талаб этиладиган бурч эмас. Майда амалдордан тортиб давлат бошлиғигача ҳар ким ўртадаги Қонунга сўзсиз итоат этади, Қонун доирасида ишлайди, жамиятда Қонуннинг ишлашини таъминлайди. Тамом вассалом!
Акс ҳолда уларни давлат одамлари деб бўлмайди! Балки, худди Қонунни бузган оддий киши жиноятчи саналганидай, Қонунга терс иш юритган бошлиқлар ҳам жиноятчилар тўдасидир, холос.

Бундан давлатни бошқариш аслида Қонунни юритиш экани келиб чиқади.
Бундан яна Қонун ишламаган жойда давлат йўқ деган маъно ҳам чиқади.
Асосий Қонун давлат учун ҳам, халқ учун ҳам Бош Қўлланмадир.

Жамиятга Асосий Қонун берган ҳуқуқни ёрдамчи қонунлар "олиб қўйса" ёки Асосий Қонун тақиқлаган ҳодисага ёрдамчи қонунларда рухсат бериб юборилса, бундай давлатда тартиб-интизом қолмайди, бошбошдоқлик ҳукм суради.
Демоқчимизки, масалан, мамлакатнинг Асосий Қонуни берган бирон эркинликни кейин чиқарилган қонун ва қоидалар халқдан тортиб олиб қўйса, қанақадир ишхоналар, ўқув юртлари ўзларича “ички тартиб” деб Асосий Қонун берган ҳуқуқни топтаса ва давлат бу ҳолга парво қилмаса, бу энди очиқдан-очиқ зулмга киради.

Бундай пайтда Асосий Қонун кафолатчиси ҳисобланган Президент зудлик билан ўртага кириб, давлатнинг обрўйини сақлаб қолиши ва адолатни тиклаши лозим бўлади.

nurullohuz.com