Денгиз

Туркияни Истанбулсиз, Истанбулни денгизсиз тасаввур этиб бўлмайди.
Мармар денгизи билан Қора денгизни бир-бирига Истанбул бўғози боғлаган. Икки денгиз сувини боғлаган, аммо икки қитъа тупроқларини ажратган ҳам мана шу бўғоздир. Бу ерда "Шарқ ёқаси" – "Ғарб ёқаси", "Осиё (ёки Онадўли) ёқаси" – "Оврупа ёқаси" деган атамалар тез-тез қулоғингизга чалиниб туради. Истанбулнинг Осиё қисмида яшайдиганлар Овупа қисмини "қарши тараф" дейди ва, аксинча, Оврупа бўлдагидагилар Онадўли бўлдагини "қарши тараф" дейди. "Karşiye geçtım" (Қарши томонга ўтдим") дейди масалан.
Шаҳар қуруқликда иккига бўлиниб қолган бўлса ҳам бошқа ҳеч бир масалада шаҳар бўлинишини ҳис этмайсиз. Бўғоз тагидан ўтказилган муҳташам метро, икки буюк кўприк (шу кунларда учинчиси ҳам битай деб турган экан) ва сонсиз-саноқсиз кемалар у қирғоқни бу қирғоққа, бу томонни "қарши томонга" қон томирларидай тўхтовсиз боғлаб турибди.
Кемани турклар юнончалаб "вопур" дейишаркан. Бекатларни "Искала" деб ёзиб қўйишибди. Нимагадир бу сўзнинг ҳам илдизи туркчага ўхшамади, бирон чет сўзнинг туркчалашган шаклими деб ўйлаб қолдим.
Бўғоздан ҳар куни дунёнинг ўнлаб, юзлаб катта-кичик кемаси ўтади. Денгиз сувини тоширворгудай йирик юк кемаларини ҳам, бўғознинг Оврупа ёқасида тўхтаб турган, дунё бўйлаб кезишга чиққан баҳайбат (ойнак қаторларини санаб биттасининг 22 қаватли эканини билдим, сув тагида яна неча қават бўлса!) сайёҳлик кемаларини ҳам кўрасиз.
Хуллас, икки денгиз ва бу бўғоз Истанбул ҳаётининг ажралмас бир бўлаги бўлиб кетган. Бўғоз бу буюк шаҳарни янада улуғворлаштириб юборган.
Одамларга боқсангиз, уларнинг юриш-туришларида, ўзларини тутишларидагина эмас, руҳларида, маънавий оламларида ҳам жуғрофий бу ўзига хосликнинг таъсири яққол сезилиб туради. Шеърларида денгиз, рўман-ҳикояларида денгиз, киноларида денгиз. Бир оз ошириб айтилса, денгизсиз нафас олинмайди, денгизсиз нафас чиқарилмайди.
Давлатга ҳам, аҳолининг кўпига ҳам даромад манбаи шу денгиз. Уй-жойнинг қадри денгизга узоқ-яқинлиги билан ўзгариб туради. Табиий, денгизга яқин уйлар ижараси ҳам, сотуви ҳам жуда қиммат.
Бу ҳақда кўп ва узоқ ёзса бўлади. Оллоҳ насиб этса, кейинроқ тўлдирарман. Аммо ҳозир матн катта бўлиб кетмаслиги учун шу ерда қисқа кесдим.

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*