Мақолалар

Дўстликда яхшилик, душманликда ёмонлик бор

Эскилар: "Ухувватда хайр, хусуматда шарр бор", дейишарди.
Бу гапни замонавий тилимизга ўгирсак, бундай бўлади:
Дўстликда яхшилик, душманликда ёмонлик бор.
Бу яхшилик ва ёмонликлардан бир-иккитасини айтай:
Дўст дўстнинг ютуғидан қувонади, камчилигини яширади. Душман, аксинча, камчилигини очади, ютуғига боқмайди, боқса-да, кўрмасликка олади.
Дўст дўстни камчилиги билан дўст санайди, душман душманининг ютуғидан ҳам камчилик ахтаради.
Дўстлар орасида рақобат бўлмагани учун бир-бирининг ютуғидан ҳам, камчилигидан ҳам ибрат олади. Душманлар доимий рақобат ҳолатида бўлгани учун бир-бирининг ютуғига ҳасад, камчилигига севинч туяди.
Дўст оғир пайтда дўстини ботқоқдан чиқариш учун ўзини фидо этади. Душман нима қилиб бўлмасин душманини ботқоққа тиққиси келади ‒ то ботса, ботиб кетса-да, бунинг ғалабасини эл кўрса! Ҳолбуки, биринчиси ютқизиқ эмас, мардликдир, иккинчиси ютуқ эмас, тубанликдир.
Одам бир-бирига душман назари билан боқишга одатланиб қолса, охирги томчи қони қолгунича олишади, рақибини ер билан битта қилмагунича тинчимайди.
Бу хил курашнинг ғалабаси ва ғолиби йўқ. Умр зое, илм зое, ғайрат зое…

nurullohuz.com