Эркин Самандаровга

Ўзбекистон Президенти раислигидаги Вазирлар Маҳкамаси Э. С. САМАНДАРОВга

 

Муҳтарам Эркин Самандарович!

Бир эзгу иш юзасидан кўмак сўраб Сизга журожаат қиляпмиз. Биз ўзимизда журъат сезиб, яхши ниятда буюк бобомиз Алишер Навоийнинг гўзалликда тенгсиз "Лайли ва Мажнун" достонини кинолаштиришга қўл урган эдик. Сценарий 1990 йилнинг октябрида ”Ўзбекфилм" студиясининг "Юлдуз" ижодий уюшмасида Бадиий кенгаш муҳокамасидан ўтиб, бир овоздан қабул қилинди. Аммо маблағ ажратишга келганда, "томошабин ҳозир бунақа асарларга кирмайди, куйиб қоламиз", деган баҳонада студия пул беришдан бош тортди ва маблағ истаб Ўзбекистон ҳукуматига сўров хати қилишди. Лекин, афсуски, йил охири бўлгани учунми, ҳукумат ҳам сўровни оғзаки рад этди. Бу орада уч ой вақт кетди. Биз сценарийни муҳокамада билдирилган фикрлар асосида кайта бошдан яна ишладик.

 

Сценарийни навоийшунос олимлардан Азиз Қаюмов, Нажмиддин Комилов ва бошқалар, киношунос олим ва мутахассислар Ҳамидулла Акбаров, Фарҳод Мусажонов, Мелис Афзалов ва бошқа ўқиган кишилар баланд баҳолашди. Сўнг студиянинг "Ватан" ижодий уюшмаси харидор бўлиб чиқди ва у ерда ҳам муҳокама этилиб, бир овоздан қабул қилинди. Яна маблағ масаласи олдимизга кўндаланг бўлди. Мана, орадан яна тўрт ой ўтяптики, ҳалигача иш бошлаёлмай сарсон бўлиб юрибмиз.

Йўқ, биз Алишер Навоийнинг таваллуд тўйига улгуришга шошилаётганимиз йўқ, зеро биз бу асарни таваллуд тўйга атаб ёзмадик. Биз "Лайли ва Мажнун"ни ички эҳтиёж туфайли танлаганмиз. Кино экранларини ахлоқий бузуқ, яланғоч-шармсиз филмлар, фаҳш ва зулмни кўрсатувчи, нашавандлар ё олди-қочди ишқий саргузаштларга бағишланган картиналар босиб кетган бугунги кунда маънавий диди хўрланган ва поймол этилган халқимизга бир тоза ҳаво, пок туйғулар тақдим этишни орзулаган эдик. Халқимиз эътиборини боболаримиз маънавий оламига қаратмоқчи бўлган эдик. Афсуски, айрим тубан, ахлоқимизга зид филмларга бемалол топилаётган маблағ негадир "Лайли ва Мажнун"га топилмай турибди. Томошабин диди тоза нарсалар билан тарбияланмас экан, ҳозирги кетишда бўлса, яъни бадиий асарнинг фойдаси фақат ҳамёнга тушувигагина қараб ўлчанса, демак ўз-ўзидан экранларимизни ўртамиёна томошабиннинг кўнгилхушлигигагина мўлжалланган олди-қочди, қаланғи-қасанғи кинолар эгаллаб бораверади.

Албатта, биз сценариймизни мутлақо камчиликсиз демаймиз, ёки бўлмаса, экранда буюк асар яратамиз деб даъво қилмаймиз, у ёғини худо билади. Аммо, масалан, сценарийни ҳозирги ҳолидан кўра сал қисқартириш ҳамда драматургияни янада кучайтириш тўғрисида фикрлар билдирилдики, биз бунга рози бўлдик ва, иншоолло, уни яна бир-икки кўриб чиқамиз.

Шу мулоҳазалардан чиқиб келиб, Сизга яна алоҳида мурожаат этишни лозим топдик. Илтимос, маблағ ажратиш имконларини кўриб чиқиб, ижобий ҳал бўлишига ёрдам қилсангиз. (Бу ҳақда Ўзбекистон Кинематографчилар уюшмасининг биринчи котиби Малик Қаюмовнинг ҳам Сизнинг номингизга ёзилган расмий сўров хати бор.)

 

Эҳтиром билан

 Ҳотам ФАЙЗИЕВ

 – режиссёр, Ҳамза номидаги жумҳурият Давлат мукофоти совриндори;

 

Нурулло ОТАХОНОВ

 сценарий муаллифи, ССЖИ Ёзувчилари уюшмаси аъзоси.

 


15.04.91. 

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*