Мақолалар

«Этакдаги кулба» шукуҳи

Муҳаббатсиз мутолаа, ҳайратсиз билим, қалбсиз таълим –
руҳ қаршисидаги энг оғир гуноҳлардандир.
Ҳерманн Ҳессе

 

Бугунги кунда тинимсиз ўқиладиган, инсонлар қалбига эзгулик уруғини сочиб, маънавиятини юксалтира оладиган, Ҳессе таъбири билан айтганда, яхши нашрлар сони анча кўпаймоқда. Айниқса, кейинги йиллардаги, синчиклаб тайёрланган, олижаноб руҳият одамларига ярашиғлик, муаллифнинг пурмаъно асарлари меҳр-муҳаббат билан тартибланган китоблар бизни қувонтиради.

Шундай нашрлардан бири, шубҳасиз, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Этакдаги кулба” китобидир. Китобга адибнинг турли йилларда ёзилган ҳикоя, қисса ва киноқиссалари жамланган. Шуни инобатга олган ҳолда тўпламдаги асарларни икки гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчи гуруҳ ҳикоя ва қиссалар адибнинг 90-йилларгача ёзган ижод намуналари бўлса, иккинчи гуруҳ ҳикоялари 18 йиллик танаффусдан кейин яратилган, аввалги асарларидан тубдан фарқ қиладиган, кучли рамзийлик асосига қурилган асарлар сирасига мансублиги билан ажралиб туради.

Ишқ туйғуси азалдан инсоннинг энг етакчи эҳтиёжларидан биридир. Ишқ бутун борлиқ сирининг асоси. Ишқ тириклик, мавжудлик нишонаси. Ишқ одамлар орасидаги барча муносабатлар негизи. Ишқ Аллоҳни англашдаги энг тўғри йўллардан биридир. Ишқ-муҳаббат орқали ҳар бир инсон ўз бетакрор “мен”ини топади. Дунё яралибдики ишқ-муҳаббат ҳақида латиф қўшиқлар, афсонаю-ривоятлар, гўзал ғазаллару достонлар битилди, битилмоқда. “Ишқдин ўзга ҳусни жонон қайда бор?”, дейди Румий. “Ишқдир абадийлик авжида офтоб”, дейди Умар Хайём. “Ишқ мазҳабиға тақвию тоат чидаёлмас”, дейди Машраб. Инсоният тожининг зеб ва баҳоси ишқдандур, дея Навоий ҳам гўзал бир ишқ достонини ёзди. Достон дунё адабиётининг соф илоҳий ишқни тараннум этувчи энг гўзал намуналаридан бири саналди.

“Лайли ва Мажнун”, адибнинг Алишер Навоий достони асосида ёзган киноқиссаси илоҳий ишқ, пок туйғу, бениҳоя нозик ва нафис муносабатларни соғинган китобхонларга бир тоза ҳаво ва гўзал туйғуларни тақдим этади.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг биринчи гуруҳ асарларига назар ташлар эканмиз, “Шу ерлик киши” қиссаси ва бир-биридан қизиқ воқеалар қаламга олинган ҳикоялари диққат эътиборингизни тортмай қўймайди. Дейлик, қиссадаги турфа хил феълли қаҳрамонлар, уларнинг тақдири, дард, алам ва орзу умидлари зўр психологик талқин асосида ёритилгани билан ўқувчида унутилмас таассурот қолдиради. Ундан ташқари, “Ютуқ” ҳикоясидаги ўз омадига ишонган Жўравойнинг аччиқ ва фожеали қисмати китобхонни бироз ўйга толдирса, “Уй” ҳикоясидаги Ҳайдар ота ва Зулфинисо кампирнинг қариганида бошларига “уй савдоси” тушиши, устига-устак иккита ўғлидан сас-садо чиқмай, ота-оналарига суянчиқ бўлиш ўрнига чол ва кампирни ёлғиз қолдирганларига одам ачинади. Ёҳуд “Кўзгу”даги Тамара ва Ҳамид сингари инсонийлик чегарасидан чиққан кимсалар китобхон ғашини келтирса, “Кунлардан бир кун” ҳикоясидаги ўлим тўшагида ётган қаҳрамон уста Собиталининг қўқисдан тузалиб кетганига, олдига яхши ният ва мақсадлар қўйиб, эртаси куниёқ у дунёга риҳлат қилгани китобхонни шошилтириб қўяди. Ёки маиший мавзудаги “Дунё кенг” ҳикояси қаҳрамонлари Сорабону, Мастон ва Соттихон каби кампирларнинг “чин дугонаю, ён қўшни-жон қўшни” қабилидаги “яқинликларидан” кулса, “Пуфак” ҳангомасидаги ўзидан ҳам исми ғалати Булаҳим Ҳалаев ва унинг яратиқи Пуфакбек “қилғилиқлари”ни “коса остида ним коса” қабилида қаламга олиниши, киноя ва пичингга тўлиб тошган маъноларни ўқувчи англаб, матн остига беркитилган ҳаёт ҳақиқатларининг ўзгача, кулгуга солинган талқинидан завқланади. Адиб “Пуфак” ва “ Шайтони Бузург” ҳикояларида антифразис усулидан кенг фойдаланади. “Шайтони Бузург” воқеалари инсонларнинг кечаги ва бугунги қилмишларидан ҳикоя қилаётгандек, гўё. “Шайтони Бузург ўйлардики, — дейди муаллиф, одамни доим етаклаб юриш керак, аммо Шайтони Бузург билмасдики, одамни доим етаклаб юриш шарт эмас, ўзининг ҳам кўзи бор, оёғию қўли бор, бир бориб кўрсатиб қўйсанг бас, йўлидан адашмайди. Шайтони Бузург фақат мен шайтонман деб ўйларди, одамлар ҳам ўзидан ўзиб кетиши мумкинлигини билмас эди”.

Таассуфки, глобаллашув барча қадрият ва урф-одатларни емириб, инсонни инсонийликдан ташқари ҳаёт кечиришга роботлашувига олиб келди. Оқибат, “Инсон ўлди” (Эрих Фромм) деган муаммо ўртага чиқди. Сабаби, унинг ташқи қиёфаси ўзгармаган бўлсада, ботини ўзгарган, катта бир механизмга, истеъмол механизмига айланиб улгурмоқда. “Замонавий инсон… У – мангу истеъмолчи. У ичимликларни, овқатни, маърузаларни, томошаларни, китобларни “қилқиллатиб” ютаверади. Ҳамма нарса истеъмол қилинади, ҳамма нарса ютилади. Дунё унинг иштиёқларини қондирадиган катта-катта буюмлар – баҳайбат шиша, улкан олма, каттакон сийна шаклида кўринади. Инсон эмизикли болага ўхшаб қолади – у ҳамиша ютоқиб эмади, лекин ҳеч қачон эмиб тўймайди…” .

Истеъмолчига айланган инсон эса нафсини қондириш мақсадида ўз “Мен”ини идрок этишга эҳтиёж сезмайди, чунки у ҳамиша истеъмол билан банд бўлади, ўз хоҳиш ва истакларини қондириш учун эса шайтонни баҳона қилиб кўрсатадида, истаклари йўлида ҳиёнат, зино, ўғирлик, қотиллик ва бошқа қабиҳликларга қўл уради. Худди “Шайтони Бузург” ҳикоясидаги дўкончининг сулув хотини каби, тишдўхтири сингари, гўл дўкончи ва Шайтони Бузургни шогирдликка олган мурда ювғучидай… Шундан бўлса керак: “Шайтони Бузург астойдил бўзлади. Ҳақ таолодан қарғиш олиб, ерга сургун қилинган илк дамларини эслади. Кўзига ёш келди – ўтмишини қўмсади. Лаънатланган, қувғинга учраган бўлса ҳам, у пайтлар ер юзида ўзи яккаю ягона эди, кўнгли нени тусаса қиларди, не тирқишга бош суқса кириб кетаверарди, на бир тўсиқ, на бир рақиби бор эди. Энди-чи?..”

Энди, нақд инсоннинг ўзи унга рақиб бўлиб турибди, ҳатто ундан бироз олдинлаган, бир пайтлар одамни йўлдан уришни мақсад қилган Шайтони Бузург бугун келиб-келиб мурда ювғувчига шогирд тушсая… Бунинг сабаби Шайтони Бузургнинг қаригани, чарчагани, сеҳру жодуларининг кучи йўқолиб бораётганидамикин?! Ёки одамлар орасида унга фириб бериб кетадиганларнинг кўпайганидами?! Балки энди бемалол оёқ узатиб ўлиб қўя қолса ҳам бўлар?

“Бироқ энг даҳшатли томони – Шайтони Бузург ҳеч қачон ўлмасди, ўлолмасди. Оллоҳнинг иродаси ҳам, жазоси ҳам шу эди унга!

Шайтони Бузург жаннатдаги беғубор дамларини қўмсаб тағин эзилди, номусдан юрак бағри ўт бўлиб ёнди…” . Чунки замонавий инсон шайтонга дарс беришни бошлаб юборган, ҳатто бу борада шайтон ўз вазифасини адо этолмай, Аллоҳга исён қилиб, фаришталар қаторидан қувилганига минг бора пушаймон, чунки вазифасини уддалай олмаяпти шайтон, “одам” шайтондан ўзиб иблис билан дўст тутинган, йўқ-йўқ иблиснинг ўзгинаси гўё…
Умуман айтганда, ҳикояни ўқиётиб, китобхон инсоннинг бугунги ҳолатидан қайғуга ботади, ҳатто Шайтони Бузургни номусдан ўлдираётган инсон қилмишлари ҳақида ўйлаб, тавба-тавба, деб юборса ҳам ажаб эмас.
“Шайтони Бузург” ҳикояси ёзилганидан кейин, узоқ танаффусдан сўнг, адиб “Оддий ҳақиқат” номли ҳикоя ёзади. Аммо бу узоқ сукунатнинг илк садолари эмас эди. Бу мавзуга бироз туриб яна қайтамиз.
Адибнинг сўнгги йилларда ёзган иккинчи гуруҳ ҳикояларидан бири “Чилла” деб номланди. Ҳикоя адибнинг узоқ вақт сақлаган сукунатига изоҳ эди, гуё. Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон мақолаларидан бирида: “икки-учта китоб ёзиб, унча-мунча давраларда номим ҳам чиқиб, ўзимга, кучимга, қобилиятимга ҳар ҳолда маълум маънода ишонч ҳосил қилиб олганимдан кейин менда ғалати бир ҳолат юзага келди. Кетма-кет ёзиб, у ер бу ерда кўриниб туриш, тобора ном қозониш, юксакликларга интилиш…каби истаклар буткул йўқолди. Ёзмай қўйдим. Ёзгим келмай қолди. Эшитган қулоққа ғалати туюлар, аммо бу йиллар ичида, айниқса, эндигина ёзмай қўйган йилларим мавзулари, тўкис воқеалари, аниқ образлари билан бошланишию тугашларигача тайёр ҳолда не-не ҳикоя, қисса ва роман режалари хаёлимга келди. Кўнглим сезарди: агар уларни ёзсам, ҳарҳолда қизиқарли бир нарсалар бўлиши, ҳатто яхшироқ нарсалар чиқиши ҳам мумкин эди. Лекин мен қайсарлик қилиб туриб олдим, келганини елкамнинг орқасига ташлайвердим, ёзмадим. Кўнглим нимадир бошқа нарса тусар эди. У нарсанинг нималигини у пайтлар ўзим тўла тасаввур этмас, қандай юзага чиқариш йўлларини ҳам билмас эдим” , дея эслаб ўтадилар.

Дарҳақиқат, 90-йиллардан кейин давр, ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар жараёнида кўпгина ижодкорлар кайфиятида янгича, ўзгача ёзиш иштиёқи пайдо бўлди. Бунинг сабабларидан бири инсон тафаккур тарзининг ўзгаргани, бир хиллик, якрангликдан қочиб ўзгача бир адабиётга эҳтиёж сезила бошлагани бўлса, яна биттаси аввалгидай қизиқарли воқеаларнигина қаламга олиш ижодкорни қаноатлантирмай қуйганида эди, эҳтимол. Шу маънода, Томас Манн дейди: “ …сенинг қизиқишларингни қондириш учун ёзилган одатдаги асарларнинг умри битди. Умуман, ҳозир ҳам одатдаги асарларни ўқиб бўладими, — деб сўрайди ва бунга ўзи жавоб беради: Энди ортиқ бунинг имкони йўқ. Қизиқарлилик даражаси анчадан бери инқилоб ҳолатини кечирмоқда. “Қизиқарли”дан кўра ортиқ даражада зерикарли нарса йўқ” .

Адибнинг “Чилла”, “Этакдаги кулба”, “Оддий ҳақиқат” ҳикоялари фавқулодда узгача, шакл, услуб ва мазмун жиҳатдан жуда юксак, ўз оҳанги (насрдаги назми)га эга; воқеаларнинг кайси замон ва маконда содир бўлгани аён, аммо шу билан биргаликда, рўй берган ҳодисалар барча замонларга, барча маконларга бирдек тааллуқли туйилади. Унда кечган воқеалар эса аввал бўлган, ҳозир ҳам содир бўлмоқда, шубҳасиз, эртага ҳам давом этади, этаверади. Гўё дунё яссилик Қул Хожа Аҳмадлар, Бегонаю Девоналар, “ўн олтию эллик тўққизлар”, “пиёдалар”, “каллалар”, “саллалар”, “аравалар”, “чойчилар”, “паттачилар”, “касаллар”, “бурноқлар”, “кирачилар”, “мижозлар”, “кўрлар”, “карлар”, “қоравуллар”, “азаматлар”, “баковуллар”, “Бозорқўмлар”дан иборат бўлган, бугун ҳам, эртага ҳам, доимо улар бор бўладигандай. Фақат, қачонки одам ўзини “ўз”лигини англамас экан “каллаю” “салла” бўлиб қолаверади. Ва қачонки, “…мен яратилган бир борлиқман – ўзимни шундай танийман, шундай англайман!.. Мен бу дунёга тасодифан ва бўш келмадим, айни ўз вақтимда ва ўзимга яраша бир вазифа билан келдим” , дея ўзини ва Яратганни танисагина Одамга, Қул Хожа Аҳмадга айланади…
Ўзликни англаш, ўзликка қайтиб, фикр ва руҳни янгилаш каби ғояларни ўзида жам қилган “Чилла” асари ҳам яссилик Қул Хожа Аҳмад изидан боришни кўзлаган қаҳрамоннинг руҳий кечинмалари ҳақида ҳикоя қилади. Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон “Қаҳрамон”и “Дунёга кўнгил берса киши, бўлғувси расво” дея, дунёдан “Борғил нари, дею кетиға бир шатталаб…” (Бобораҳим Машраб) ўтишни афзал билади ва “Ҳақ йўлига кириб бўлмас пок бўлмасанг” (Аҳмад Яссавий) – сўзларини ўзига шиор қилиб, қалби ва руҳини поклаб Яратганни топиш ва таниш орқали руҳий ҳотиржамликка эришишни мақсаб қилади. Зеро, донишмандлар таъкидлаганидек, инсон баданида бир аъзо бор. Агар у касалланса бутун тана заҳарланади. Бу – қалбдир. Қалб эса эътиқод… ва иймон билан юксалиб боради. Шуларни дилдан туйган, ҳис қилган қаҳрамон чилла сақлайди. Аммо бу чилла қирқ кундан ошиб, неча-неча ойлар ва йилларга чўзилади…

Шарқ мумтоз адабиётида кўп бора мурожаат қилинадиган, қаҳрамоннинг макони (Чиллахона – Б.Д.) рамзий поэтик образ бўлиб, маънан поклик тимсоли ҳисобланади. Тасаввуф таълимотида чилла сақлашнинг асл моҳияти — қатъий парҳез, кам ейиш, кам ухлаш, кам гапириш, барча номаъқул ва номақбул ишлардан сақланиш, пок тийнат, пок бадан ва пок аъмол учун курашиш. Сўнгра шу асосда руҳни чиниқтириш, сурункали зикр орқали Аллоҳнинг исмларини қалбга нақшлаш, хотира ва ҳофизани кучайтириш, иймонни мустаҳкамлаш, Аллоҳ қудратини англаш, идрок этиш ва қалбан иқрор бўлиш, танишдир.

Имом Ғаззолий ўзини “Кимёи саодат” асарининг “Узлат” бобида узлатга чекиниб, чилла сақлашнинг олти хил фойдасии кўрсатиб ўтади. Чилла сақлаган одамда: “фикр ва зикр фароғати” юзага келади; ибодат ила кўп изтироблардан қутилади, чунончи, ғийбат қилиш ва ғийбат эшитишдан, риё ва нифоқдан, нодонлар, ғофиллар, дунёпарастларни кўриб юриш азобидан; фитнадан; инсонлар ёмонлигидан, гумон ва туҳмат ранжидан озод бўлади; одамлар тамаъи ундан узилади ва у ҳам одамлардан тамаъ қилолмайдиган бўлиб қолади; ландавур ва нохуш табиатли кишилардан қутилади.

“Чилла” қаҳрамони ҳам, ана шундай олий мақсадларни кўзлаб чилла сақлайди, тавба қилиб, ризога юз тутади. Нафс розилигидан чиқиб Ҳақ розилигига киради. Тоат-ибодат ва тавба-тазарруси ила ҳам қалбан, ҳам руҳан покланади.

Умуман олганда, кейинги йилларда Ғарб адабиётига тақлидан яратилган, олди-қочди воқеалар қаламга олиниб, ғоя ва мазмун жиҳатидан жуда саёз, айниқса уятли воқеалар эринмасдан баён қилинаётган асарларнинг сони кўпайиб, бозори чаққонлашаётган бир пайтда “Чилла” ҳикояси том маънода улкан бир чақнаш, хос китобхонлар учун зулматдаги нур бўлди десак, асло хато бўлмас. Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон “Чилла” ҳикояси орқали: “Ислом дини, исломий маданиятимиз ва тарихимиз ёрдамида руҳ ва қалбларимизни қайта тарбиялаб, ўзимизни тўғрилаб олишга ҳали ҳам имконимиз бор”, деяётгандай туйилади менга.
Адибнинг кейинги, “Этакдаги кулба” ҳикояси ҳам адабий жараёндаги энг муҳим поэтик ҳодисалардин бири ҳисобланади. “Асарнинг вужуд-вужудига изтироб ва мунг сингиб кетган. Метафорик модел изтироб ва мунг асосига қурилган. Бу жиҳат ҳикояда баён этилган воқеада эмас, балки унга ёзувчи сингдирган оҳангда намоён бўлади. Айни пайтда бу оҳанг муаллиф ва бизларни ўраб турган воқелик оҳангидир” .

“Чилла” ҳикоясидаги гуноҳ, разолат ва нодонларга тўла дунёдан чарчаб, қўқисдан ер тагини макон айлаган Қаҳрамон билан, “Этакдаги кулба” ҳикоясидаги Қишлоқ жимжитлигига раҳна солиб, ўзининг “ғалати”, “шубҳали” ва “қўрқинчли” ҳитоби ила тўсатдан кириб келган Девона ҳикоялар воқелигида антитезани ҳосил қилса, “Чилла” Қаҳрамони билан “Этакдаги кулба” ҳикоясидаги Бегона эса умумийлик, ўхшашлик касб этади. Тушунилиш (эътиқод, дунёқараш фикр ва ҳаёт фалсафасига уйғун кишиларнинг борлиги) инсон учун энг олий бахтлардан биридир, бу иккала қаҳрамон эса, қайсидир маънода, бу бахтдан бебаҳра, шу сабабдан, бири ер тагига кириб кетса, иккинчиси ўз ҳовлисидан гўр қазиб, уйини мозор қилиб олган. Акси бўлганда… ахир дунёда уйи куйган, моли куйган, бағри куйганлар қанча?!

Асардаги рамзлар орқали ижодкор ғояси, психологияси, ижод моҳияти ва фикрларини англаб олиш мумкин. Айниқса, бундай масалаларни адабиётшуносликдаги биографик методи орқали ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Юрий Борев бадиий асарга биографик метод асосида ёндашув, масаласида “бадиий асарни ёзувчи шахси орқали ўқиш услуби”, дея ёзади ва бу фикрига: “Санъаткорнинг индивидуал тақдири унинг ижодини талқин этишда калит вазифасини ўтайди”, деган жумлани қўшади. Демоқчимизки, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг кейинги йилларда ёзилган асарларини адиб биографияси билан бирга ўргансак, таҳлил қилсак бадиий асар илдизларини очиш ва англаш бир мунча осонлашади.

Умуман олганда муаллиф юқоридаги иккита ҳикояси сирини учинчи “Оддий ҳақиқат” асарида бироз ойдинлаштиради: “…ербетида кечаётган ёқимсиз ишлардан безиган биттаси юмронқозиққа ўхшаб ўра кавлаб ертагига кириб кетганмиш. Ўшангаям, мана, ўн йиллардан ошибди, лекин нимага ербетига кириб кетганини одам бўлиб мунда-ай тушунтирмас ҳам эмиш…

Бошқа битта ҳикояда бир тентак Қишлоқ этагида кулбасидан ўзига гўр қазиб олиб, ювинчсиз-кафансиз кириб кетганмиш. Шу кириб кетганича Қишлоқ уни эсидан ҳам чиқариб юборганимиш…” Адиб ҳикояларини умумлаштириб таҳлилга тортганда, “Шайтони Бузург”даги “одамлар” аҳволидан қайғуриб, ҳавотирга тушиб, адибнинг бошқа бир асар қаҳрамонлари ертагига кирган, яна бири эса уйини мозор қилиб олган бўлса, орадан ўн-йигирма йилларча вақт ўтгач, масалан, “Чилла” Қаҳрамони ўзи қазиб кириб кетган ўрасидан, “Этакдаги кулба” асаридаги кулбасидан ўзига гўр қазиб олган Бегоналар ташқарига, ёруғ дунёга чиқишади ва “Оддий ҳақиқат” ҳикояси Қаҳрамони каби (муаллиф – қаҳрамон-ровий – Б.Д) одам излаб, оёққа шиппаг(лар)ини илади(лару)ю, шартта кўчага отилади(лар).

Бадиий адабиётда, айниқса, метафорик тафаккур етакчилик қилаётган замонавий адабиётда ижодкор ҳар хил хатарлардан сақланиш учун мажозга, рамзларга чўмади, “айни ҳақиқатдур мажоз” деганларидек, қат-қат метафоралар тўнига яширинади. Бора-бора бошқалар тугул, ўзи ҳам ўзини тополмай қолади.

Бу дунёда ўз фикрингга эга бўлмаслик – бахтсизлик,
бўлиш эса хавфли!
Беихтиёр аро йўлни қидирасан.
ўз сўзларингни бировники
дея суна бошлайсан:

мажоз излайсан,
иқтибос қидирасан,
румузга бош урасан.
Яъни сен ўзингни
ўзлигингни
ташқаридан келиши мумкин бўлган
Хатардан сақламоқ бўлиб,
ичкарига – қат-қат метафора тўнларига
Буркайсан,
Яширасан…
Баъзан шунчалар чуқур беркитасанки,
натижада сен ҳеч нима топа олмайсан .

“Оддий ҳақиқат” ҳикояси ҳам ана шундай рамзлар тўнига ўранган асар бўлиб, маъно қатлари ҳаётнинг ёзилмаган ҳақиқатларини фош қила боради, гўё. Шу маънода, айтиш мумкинки, рамз ҳақиқатнинг кўпригидир.

Муаллиф ҳикояда: “…миш-мишларга боқсам, чеврада кўзга илинарли одам қолмабди. Тасаввур қиляпсизми, одам йўқ! Сув бўлмаса, қурғоқчилик бўлади, нарса бўлмаса, йўқчилик бўлади, пул бўлмаса, камбағалчилик бўлади, емак бўлмаса, очарчилик бўлади, Одам бўлмаса-чи?!”, деган қўрқинчли саволни беради ва Одамни излаб топишга киришади. Ҳикоя якунида, ниҳоят, У излаган Одам топилади…

Хулоса қилиб айтганда, рамз, мажоз, тимсол асосига қурилган асарлар гўёки бир уммон, кимдир ундаги кўпикни, яна кимдир тириклик нишоналарини, яна кимдир уммон тагидаги марваридларни кўради. Мураккаб рамзли ҳикояни таҳлил қилиш худди туш таъбир қилишдек қийин иш, дейди адабиётшунос Раҳимжон Раҳмат. Шу маънода, метафорик тафаккур асосида яратилган дурдона асарларнинг таъбирчилари чиқарган таҳлил хулосалари турфа хил бўлсада, тугал ва сўнг сўз бўлолмайди. Бу асарлардаги рамзлар бағрига сингдирилган маъно-мазмун кўламининг кенглиги ва бадиий тафаккурнинг киши илғамас азалий ҳақиқатлар ва нозик инсоний туйғуларнинг гўзал бадиий ифодасидан далолат беради.

“Адабиёт севгиси юрагига сут билан сингган” Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ижодкор руҳ соҳибидир. Ижодкор руҳ эса ҳамиша озод ва барҳаёт. У эътиқодда содиқ, фикру тафаккурда баланд, сўз ва амали уйғун кишилар жисмида жам бўлади. Бундай руҳга эга ижодкор қаламидан эса ҳамиша эзгулик ва яхшиликка ундовчи буюк асарлар яралади.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ўз сўзига, бошқаларникига ўхшамаган услубга эга ижодкорлардан. Адиб асарларига сингдирилган исломий нафас, юксак маънавий руҳ, ҳар бир сўзидан томадиган пок ғоя ва тоза фикр, шакл, мавзу ва услубдаги ўзига хослик, Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон таъбири билан айтганда, адабиётнинг қадим ўзанларига қайтаётганидан далолат беради.

Доно Бекчанова

Манба: http://kh-davron.uz 

nurullohuz.com