Мақолалар

Ғафлат

Ўйлаб қарасам, ҳамма нарсани ғафлат бузади.
Масалан, лим-лим тўлиб оқадиган ариқ ўзанини бузиш учун бошига тўғон солиб сувни бирдан бошқа ёққа буриб юбориш шарт эмас. Бир чеккасидан кўрсаткич бармоқ учи билан салгина чизиб қўйсангиз, етади. Билинар-билинмас сизиб турса:
"Ҳа, арзимас экан-ку…";
"Озгинаси чеккага сизган билан камайиб қолармиди…";
"Қайтага яхшиликкадир, ён-атроф ҳам яшилланиб қолади…"
каби мулоҳазалар одамларни ғафлатга солади.
Бошда сизиб турган сув секин-секин жилдирай бошлайди, сўнг шалдираб оқади ва… охири бир куни қирғоқни тўласича ўпириб юборади.
Диннинг асосини бузиш учун ҳам уни таг-туги билан қўпориш шарт эмас. Бир чеккасидан озгина тирқиш очиб қўйилса, бўлди: ичидаги асиллар ташга чиқиб, ташдаги ёт нарсалар ичига кириб бошлайди.
Илк дамдаги ғафлат вақт ўтиб кўплар тирқишга кўникиб қолишига сабаб бўлади. Натижада тирқиш ўзи аслида бормиди-йўқмиди деган масалада тортишув чиқади. Мунозара, мулоҳаза кўпаяди.
Тирқиш катталаша бошлайди.
Ва охири бир куни… ўпирилади.

nurullohuz.com