Ҳар ким ҳақиқатни ўзининг имони, ҳаётий тажрибаси ва фаросати даражасида танийди. Ўлчови ҳам мана шу ҳолатларига кўрадир. Биров кўзлаган иши фойдасига ҳал бўлмаса бўлди, ҳақиқат йўқ, деб ҳукм чиқаради. Биров кўпроқ жамиятини, мамлакатини, бутун инсониятни ўйлайди, уларга ҳақиқатни соғинади.
Кеча онгларга ҳақиқат деб сингдирилган дунёқарашлар бугун улкан ёлғон-уйдирма бўлиб чиқди. Жамият довдираб қолди. Кучли сиёсий-мафкуравий босимлар туфайли ҳақиқат бўлиб туюладиган, аслида таги пуч бўлган фалсафалардан чарчаган инсонимиз ўзгармас, мутлақ ҳақиқатни ахтаришга эҳтиёж сезди.
Катта ўзгаришлар замонида ҳамиша шундай бўлади. Муҳими ҳақиқатга ташналикни вақтида ва тўғри қондиришдир. Ташна юракка зарур воситани вақтида ва тўғри тута билишдир. Бу йўлда Алоуддин Башарнинг “Ҳақиқат нима?” китобчаси бизга ёрдамчи бўлади.
У аниқ саволлар юзасидан аниқ бир қизга йўлланган мактублардан иборат эканига қа- рамай, ўқиган ҳар бир инсон хитоб ўзига қаратилганини ҳис қилади. Асарнинг таъсир кучи ва фойдаси ҳам шу нуқтада, бизнингча.
Ҳақиқатни топишингизда Аллоҳ таоло сизга ёр бўлсин, бу йўлдаги изтиробларингиз қувончларга улашиб кетсин.
Нуруллоҳ МУҲАММАД РАУФХОН
(Алоуддин Башарнинг “Ҳақиқат нима” (Тошкен, “Моварауннаҳр”, 2005) китобига сўзбоши)
Leave a Reply