Ҳожиларимиз

«Муштум»нинг собиқ масъул котиби Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, жўрнол мусаввири Абдубосит Қамбаров ва фаол муаллифларимиз Асқар Маҳкам ҳамда Музаффар Турсуновлар муқаддас ҳаж сафаридан қайтишди. Мухбиримиз ҳожилар зиёратига бориб, ул зотларнинг суҳбатларини олиб келди.

— Аввало зйёратларингиз қабул бўлсин! Ижозат берсаларингиз, бир-иккита саволимиз бор эди.

1. Бу муқаддас сафарга қандай орзу-армонлар билан отланган эдингиз! Биздек ҳавасмандларга тушунтирсангиз: улуғ Каъба зиёратидан сўнг кўнгил не ҳолатга тушар экан?

2. Улуғ ҳаж — Маккаи мукаррама вз Мадинаи мунаввара зиёратларидан сўнг инсон онадан қайта туғилгандек бўлар экан. Энди Сиз — кичкина гўдак бу ғам дунёсининг катта ташвишларига қандай чидайсиз? (ҳазил).

3. Биламиз, бутун сафар давомида ҳайрат туйғуси Сизларни бир зум бўлса-да тарк этмаган. Аммо юртни соғиниш туйғуси ҳам доим бирга бўлгандир?

 

 

Нуруллоҳ МУҲАММАД РАУФХОН:

1. Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм. Аввало, ўзи фарз қилган амални бажаришга каминани муяссар айлагани учун Аллоҳ таолога шукрлар айтаман.

Ҳажга бораримда юрагимда битта орзу-армоним бор эди, у ҳам бўлса— Аллоҳнинг розилигига эришиш. Менинг Аллоҳ таоло олдида гуноҳларим бениҳоя кўп ва оғир. Шу гучоҳларимни кечиришини сўраб бордим, Яратган ҳузурига сидқидилдан тавба қилгани бордим. Ибодатларим, қилган ҳаж амалларим қабул бўлдими-бўлмадими — ёлғиз Ўзига аён. Дарвоқе, буни четдан қараб билса бўлади, дейишади: агар одамда у ибодатлардан, у тавбалардан сўнг ижобий томонга ўзгаришлар бўлса, демак дуоларининг қабул бўлаётгани шу экан.

Каъба зиёрати чоғида кўнгилнинг қай ҳолатга тушиши ҳар кимнинг Аллоҳ таолони, охират азобларини, ўзи қилган гуноҳларни билиш, ҳис қилиш даражасига боғлиқ. Буни сўз билан ифодалай олмайман.

2. Саволингиз ҳазил эмас, ўта жиддий. Бу дунёни ғам дунёсига айлантирганлар биз ўзимиздир. Фароғат дунёсига айлантирадиганлар ҳам ўзимиздир. Аллоҳ таоло иккаласининг ҳам йўлини кўрсатиб қўйибди, қай бирини танлаш биз инсонларнинг ихтиёримиздадир. Ҳажга бормай туриб ҳам онадан қайта туғилса бўлади.Бунинг учун қалбга Аллоҳни жойлашнинг ўзи кифоя. Қолаверса, Машрабнинг машҳур сатрлари ёдингиздами?

Ёрсиз ҳам бодасиз Маккага бормоқ не керак?

Иброҳимдин қолғон ул эски дўконни на қилай?

Ёр — Аллоҳ, бода Аллоҳ ишқида маст бўлишлик рамзи. У ёғини ўзингиз тушуниб олаверинг.

3. Бошқаларда қандайлигини билмадим-у, аммо мен ҳаждан қайтаётганимизда, учоқдалигимдагина болаларимни соғинганимни ҳис қилдим. У ерда бошқа нарсаларни соғиниб юрган эдим. Масалан, Маккаи мукаррамага борганимизнинг эртаси куниёқ Байтуллоҳга тикилиб туриб, шу тикилиб турганим Байтуллоҳни соғина бошладим. Бу бир ғалати ҳолат, ғалати соғинч туйғуси эди. Юрт тўғрисида янги тасаввурлар қўшилди, аммо соғинмадим. Нега шундайлигини тушунтириб беролмайман.

Умуман олганда, қандай улуғ неъматдан баҳраманд бўлганимни ҳозиргача ҳам тўла ҳис қила олганим йўқ, иншооллоҳ, умрим давомида бунинг натижаларини ўзимда қўрарман, Аллоҳ таоло ўзининг ҳидоят йўлидан адашмаслигимизни ирода қилган бўлсин. Омин!

 


“Муштум” журнали, 1992 йил 15-16 (август) сон.

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*