Ислом дини воқе бўлибдики, муқаддас саждагоҳ Каъбатуллоҳ мўмин-мусулмонларни Ҳақ йўлига абадул-абад чорлаб турибди. Неча асрлар ўтса ҳамки, мусулмон фарзанди Маккаи мукаррамага интилиб яшамоқда. Аллоҳ уйи ҳамиша эътиқод нуридан мунаввардир. Асрлар, даврлар ўтмасин, бу эътиқод ошса ошдики, асло сўнмади. Албатта, бунинг боисини сўз билан изҳор этмоқ мушкул. Негаки, бу туйғу Аллоҳнинг ягоналигига бўлган буюк эътиқоддир: унинг қудратини ҳар бир қалб ўзича сезади, ҳис этади.
Қадим Туркистониинг Макка йўлидаги улуғ карвонлари орадан минг йил ўтиб, бизнинг асримизга келганда бир муддат йўлидан мосуво бўлган эди. Эътиқодлар саёзланиб, улуғ Ислом дарёси ўзанлари қай юртлардадир лойқалангани ҳам рост.
Бироқ яна Аллоҳга шукрлар бўлсинки, қўним топмаган карвонларимиз бугун ўз муқаддас йўлларини адашмасдан топиб олдилар. Тошкент ва Жидда ўртасида осмон кўприги ишга тушди. Қирқ беш кун муқаддам юртимиздан Маккага йўл олган тўрт мингдан ортиқ ўзбек мусулмонлари ана шу само йўлининг қалдирғоч йўловчилари бўлдилар. Ота-боболаримиз удумини тутиб Ҳаж сафарига отланган, Аллоҳга юз бурган ҳожиларимиз орасида зиёлиларимиз, олимларимиз, шоир ва адибларимиз ҳам бор эди. Исмоил Бухорий-у Аҳмад Яссавий, Ҳазрат Нажмиддин Куброю Баҳоваддин Нақшбандий зоти шарифларининг ватандошлари бўлмиш ёш адиблардан бир гуруҳини бугун «Жума ўгитлари» саҳифасига таклиф этдик. Улуғлар йўлидан Маккага бориб қайтган замондош ҳожиларнинг муштарийларимизга айтадиган гаплари бисёр экан…
– Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аввало, Оллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, улуғ ҳаж ибодатларини адо этишлик бу йил бизга ҳам насиб этди. Ҳажга одам астойдил ибодат учун, Оллоҳнинг розилиги умидида борган бўлса, у ердан бутунлай янгиланиб, иймони янада қувватланиб, руҳи, юраги бир қадар тозариб қайтар экан. Буни мен ўз танамда ҳам ҳис қилдим, атрофимдаги ҳожиларнинг ўзгаришларида ҳам кўрдим.
Ҳаж ибодати қурбон ҳайити арафасида бошланиб, ҳайитнинг учинчи куни тугайди. Унгача умра зиёратларини қилдик, нафл ибодатлар қилиб юрдик. Дастлабки кунданоқ бир нарсани англадимки, мен у ерга ниҳоятда оғир гуноҳлар билан борган эканман. Мамлакат зулм остида эди, халқимизнинг руҳоний аҳволи ғариб эди, камина ҳам шу жамиятнинг фарзанди сифатида ҳақ йўлидан адашиб, оилада олган исломий тарбияларим бир четга сурилиб, жамиятнинг йўлига юриб, кирмаган кўчамиз, қилмаган ишимиз қолмаган эди. Бир сўз билан айтганда, инсон зоти қилиши мумкин бўлган, балки ундан ҳам ортиқроқ гуноҳлар қилганмиз – буларни ҳаждан аввал ҳам билардим, тавбалар қилиб юрардим, гуноҳларимдан ўтгин, деб ҳар ибодатда Оллоҳга ёлборардим, аммо Байтуллоҳга яқинлашаётганимда менинг гуноҳларим ўзим ўйлагандан ҳам кўп ва оғир эканини қайтадан ҳис қилдим. Юрагим ваҳимага тушиб, довдираб қолдим. Ичимдан ўтганини ўзим биламан, Оллоҳ билади. Мен ҳатто Байтуллоҳнинг сеҳрли таъсирини ҳам сезмай қолгандай бўлдим. Мен карахт эдим. У ҳолатларимни ҳозир тўлиқ тушунтириб беролмайман.
Лекин ҳаждан одам бир дунё ибратланиб қайтар экан. Оллоҳнинг олдида ҳамманинг тенг эканини ўша ерда ҳис қиласиз. Ҳажда подшо ҳам, гадо ҳам, бой ҳам, камбағал ҳам эҳромга кириб, иккита оқ лунгига ўралиб, бир хил бўлиб олади. Мана шу ҳолатнинг ўзи одамга катта сабоқ: яъни, Исломда ирқий, насабий, миллий фарқлашлар йўқлигини ҳис қиласиз.
Ҳажда яна исломий жамиятнинг тимсолини кўрасиз. Дунёнинг ҳамма бурчагидан ҳожи келган, лекин ҳаммаси худди ўз уйида юргандай хотиржам, эркин. Муомалалар гўзал, миллатидан, танасининг рангидан қатъи назар, биродарлик руҳи устивор. Тасодифан туртиб юборсангиз, сиздан олдин узр сўраб туради. Намозда бир ёнингизда африқолик занжи ўтирибди, иккинчи ёнингизда ёпон ёки эрони ўтирибди, намоз охирида бир-бирингиз билан қўллашиб сўрашиб қўясиз, биродар.
Ҳаж беш кунда ўтади-кетади, озгина машаққат чекасиз, шу билан тамом. Энди ҳаждан кейинги ҳаётимизни чиройли яшасак, исломий йўллардан юрсак, ўзаро хушмуомалада бўлсак, ҳожиларимиз кўпайгани сари жамиятимиз поклана борса, иншааллоҳ, ҳаж ибодатларимиз кабул бўлаётганига далолат.
Яна битта нозик масала тўғрисида айтмоқчиман. Ҳаж саёҳат эмас, ҳожилик мартаба эмас. Ҳаж – ибодат, ҳожилик – фарзни адо этиш, холос. Ҳожи ҳали ҳажга бормаган бошқа мусулмонлардан ўзини баланд тутмаслиги, бу ёқдаги одамлар ҳам уни «Ҳожи!» деб ўзларидан юқори қўймасликлари лозим. Чунки ҳажга бориб келишнинг ўзигина ҳурматга сазовор иш эмас, боя айтганимиздек ҳаждан кейин унинг яхши томонга ўзгаргани, тақвоси ошгани ҳурматга лойиқдир. Қолаверса, ҳар қанақа мартабани қиёматдан, Оллоҳ таолодан кутишимиз керак. Илоҳи, ҳажларимизни даргоҳида қабул қилган бўлсин. Омин.
Нуруллоҳ Муҳаммад РАУФХОН
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 1992, 28-сон
Leave a Reply