Мақолалар

Ҳурфикрлилик қозонилади

Ким айтади ҳурфикрлилик осонгина берилади деб?
Ҳурфикрлилик қозонилади. Курашларда эришилади.
Ўзбек фикр оламида бугун кузатилаётган кучсизгина талотўп дарров бизни гангитиб қўймасин. Салгина лойқаланишдан тушкунликка тушган файзбоғлик бир йигит ҳафсаласи пир бўлиб: “Ўзбекларга сўз эркинлиги бериб бўлмайди, дарров бир-бирининг устидан мағзава тўкиш бошланади”, деб юборибди.
Тўғри, мағзава тўкиш хунук иш, номарднинг иши! Лекин, хавотир олманг, вақтинчалик ҳолат бу. Ўтади бу палла. Иншаоллоҳ, лойқалар босилади. Сувлар тинади. Ифлосликка қарши курашда аста-секин соғлом фикр ташкилланади, оёққа туради.
Дунёнинг энг гўзал борлиқларидан чақалоқ ҳам дунёга топ-тоза ҳолда келмайди ‒ йўлдошнинг ифлосликларига, қон юқларига беланиб туғилади. Эҳтиётлаб артиб-нетиб тозаланганидан кейин унинг гўзаллигини томоша қилинг!
Туҳмат, мағзава ҳамма замонда, ҳамма тузумда ҳам бўлган ва бўлади. Бугун уларни тозадан ажратиш, ҳақиқат юзини қоплаган кирликлардан артиб-нетиб тозалаш қийин кечаётган бўлса, яқин келажакда туҳматнинг туҳматлигини, мағзаванинг мағзавалигини асосий омма биладиган-танийдиган бўлиб қолади.
Эртага кўзимизга илк қарашда чақалоқ устидаги "ифлослик"лар эмас, у "ифлослик"лар ичидаги мўъжиза чақалоқ кўринадиган бўлади.
Ҳурфикрлилик учун кураш билдирмай бошланган эди. Бугун тобора очиққа чиқиб боряпти. Иншаоллоҳ, яхши натижа беради. Дунё тажрибаси шуни кўрсатади.

nurullohuz.com