Мақолалар

Илк қадам

ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТ ВА ИНСОН МАНФААТЛАРИ ЙИЛИ

"Бисмиллоҳ" деб мулоқотни бошласак бўлаверадимикан ё янги йил киришини кутишимиз керакми?
Ҳарҳолда, эълон бўлди. Давлат қулоғидаги тиқинпахтани олди. Икки қўлини кўксига қўйиб: "Хўш, хизмат? Тиланг тилагингизни!" деб турибди. Ҳатто кеча Президент юксак минбардан туриб: “Халқнинг дардини тинглай билишимиз керак!” деган маънода сўзлади.
Хуллас, бугун давлат биздан мулоқот кутяпти.
Давлатимизнинг бу жиддий тавирини халқимиз ҳам жиддий кутиб олади ва қадрлайди деб ўйлайман.
Яъни, мулоқотга мавзуда майдалашмасдан, халқ, ватан, дин ва давлат манфаатини ўйлаб, жамиятимизни гўзаллаштиришга ҳисса қўшиш ниятида холис киришиш керак.
Шундай қилиб, Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан илк мулоқотни бошладим.
Биринчидан, халқимизни янги президент билан қутлайман! Яхшиликни соғинган, энди нима бўларкин деб кўзлари жавдираб турган муштипар юртимга бу кишини хайрли, қадамини баракали қилишини Яратгандан тилайман!
Иккинчидан, кўнглимда тўпланиб қолган гаплардан айримларини янгиланаётган давлатга етказмоқчиман:
1. Оллоҳ бор, жаннат ҳам, дўзах ҳам бор! Дунё ўткинчи, охират абадийдир. Бу дунёдаги ҳар бир сўз, ҳар бир иш охиратда албатта ҳисоб-китоб қилинади.
2. Ҳамма иш ҳалол-ҳаром тарозисида ўлчаб юритилса, юртга барака киради. Жамият соғлом, бугунимиз чиройли, охиратимиз обод бўлади.
3. Давлатнинг бақоси адолат биландир. Адолат эса мамлакатнинг энг чеккасида яшовчи деҳқон ё подачи ҳам, қоқ марказида яшовчи Президент ҳам қонунга бирдай риоя этганида, қонун олдида ҳамма теппа-тенг жавобгарлик ҳис этганида юзага чиқади.
4. Онадан ҳур туғилган одам, фитрати тақозосига кўра, кейин ҳам ҳур яшагиси келади. Давлатларнинг ўсиши ё чўкиши мана шу ҳурриятга қандай муносабатда бўлишига боғлиқ: инсон ҳуррияти мўътадил ўлчовда ушлаб турилса, юксалади, бўғилса, боши муаммодан чиқмай қолади.
5. Инсон ҳурлиги бошвоқсизлик эмас. Давлат жамият ҳурлиги билан шахс ҳурлиги миқёсини аниқлашда мувозанат нуқтасини топиши, тенглик ўрнатиши ва ҳимоя этиб туриши лозим. Яъни, ҳурриятнинг ҳам ўзига яраша чеклови бор. Аммо бу чеклов давлат манфаатини кўзлаб эмас, жамият манфаатини кўзлаб ўрнатилади.
6. Динини, фикрини, хурсандчилик ва қайғусини эркин ифодалаш, ҳаққини ҳимоя қилиш… ҳурликлари таъминланса, жамият аҳил-тотув, халқ билан давлат иноқ бўлади.
7. Динга ва бошқа инсоний ҳурриятларга муносабат давлатнинг маданият даражасини кўрсатади. Давлат дин ва диндорлардан ё, аксинча, дин ва диндорлар давлатдан хавфсираб-қўрқиб яшаши ҳеч қачон яхшиликка олиб бормайди.
8. Давлат халқини, халқ давлатини ўзига дўст билиши, бир-бирини қўллаб яшаши лозим. Яхшиликка даъват йўлидаги ҳар қандай тўсиқ ўртадан олиб ташланса, халқнинг руҳи кўтарилади, давлатини севади, давлати ҳимояси йўлида жонини қурбон қилишга тайёр бўлади.
9. Қайсидир мамлакатда порахўрлик бор экан, адолат том бўлмайди. Адолат бўлмаса, мамлакат юксалмайди.
Порахўрликни тугатишнинг энг самарали йўли қамоқ эмас, ўлим эмас, жуда оддий ‒ уни олмай қўйишдир.
Одатда пора тепага ва бирнима илинжида узатилади. Тепа оляптими ва паст шу йўл билан илинжига эришяптими, порахўрлик давом этаверади. Тепа порани инкор этса, пастнинг ишини порасиз битириб бера бошласа, бу иллат илдизи қурийди.
Яъни, иллатнинг илдизи тепада! Тепа олишни истамаса, паст беришга мажбур бўлмасди. Ортиқча чиқим кимга зарил!
Порахўрликни тугатиш осон эмас албатта, аммо қатъият билан киришилса, эришса бўлади.
10. Бойликка, тўкин ҳаёт кечиришга интилиш инсоннинг фитрий хусусиятларидандир. Давлат шу интилишни ҳалол, қонуний йўлга солиши, турли бўлар-бўлмас солиқлар, ортиқча текширишлар кўринишидаги сунъий тўсиқларни ўртадан олиб ташлаши керак.
11. Давлат ва ҳукумат бошқарувидаги кишилар истаса-истамаса мавқеидан фойдаланиш эҳтимоли борлиги учун уларнинг тадбиркорлик ниятларини қонун билан қатъий чеклаш лозим ёки умуман йўл қўймаслик керак.
Президент ўғил-қизлари, келин-куёвлари ва бошқа энг яқинларига айниқса диққат қилиниши лозим. Ҳарҳолда, кечаги президент болаларининг қилмишлари сабоқ бўлсин. Шундагина халқи олдида давлат раҳбарининг тили қисиқ бўлмайди, мамлакатда адолат ҳукмрон экани билинади.
Жамият адолатга тўла ишонганида давлатини ҳурмат қилади ва севиб итоат этади.
12. Ёлғон ва маддоҳлик энг тубан, энг уятли, жирканч ишлардир. Жамиятда ёлғончи ва маддоҳларга ўрни кўрсатиб қўйилсин, то одамлар улардан жиркансин. Аксинча, тўғри сўзлар ва тўғрисўзлилик қадрланиши лозим. Шунда одамлар енгил нафас олади, ўзига ва қилаётган иши натижасига ишончи ортади, оқибатда ҳамма соҳада ўсиш бўлади.
Бу борада биринчи қадамни оммавий ахборот воситаларини ёлғончилик ва маддоҳликдан тозалаш билан қўйиш керак.
Маддоҳлик ҳам худди порахўрликка ўхшайди. Унинг ҳам илдизи тепада. Жамиятда маддоҳ ва маддоҳлик урчиса, демак, тепа шуни истаётганидан, тепага ёқаётганидан деб билинг.
Одатда бирнималар илинжида пастлар тепани мадҳ қилади. Тепа мадҳни ёқтирмай қолса, маддоҳликдан кўзланган илинж йўлига тўсиқ қўйса, пастнинг бозори ўша заҳоти синади.
Демак, маддоҳликни тугатишнинг энг самарали йўли уни эшитмай қўйиш, ихтиёрсиз эшитиб қолинса ҳам рағбатлантирмаслик ‒ маддоҳни илинжига етиштирмасликдир.
13. Тўрт-беш йилча бурун ҳозирги президент Бош вазир эканида селектирда республиканинг катта-кичик раҳбарларидан охирги марта ким қанақа китоб ўқиганини сўроқлагани қулоғимга чалинган эди. Мана шу ишни анъанага айлантириб давом эттириш керак.
Китоб ўқимаган одамнинг маънавияти паст, тафаккур қобилияти суст бўлади. Маънавиятсиз ва тафаккурсиз кишидан эса яхши бошлиқ чиқмайди.
14. Бошқарув услуби кескин ўзгариши, бақир-чақир, сўкиниш ва ҳақоратлардан воз кечилиши, “бошлиқ ‒ тобе” муносабати маданий изга солиниши керак. Балиқ тозалиги димоғи ҳолатидан билинади ‒ димоқ сасий бошласа, бутун балиқ айниган бўлади. Худди шунингдек, шалоқ сўзлар билан оғизнинг сасиши бутун жамият айниб бораётганини кўрсатади.
Қолаверса, бошлиқнинг сўкиниши ва ҳақоратлари у ишини эплаб юрита олмаётганига далолат қилади.
(Ҳеч бўлмаганда, оғзидан шалоқ сўзлар сачратаётган бошлиқ бугун қаршисида бўйин эгиб сўкиш эшитаётган шўрлик тобеси эртага ўзига катта бошлиқ бўлиб қолиши мумкинлигини ўйласин.)
15. Мустақиллик байрамини ҳозиргидай сохтачасига нишонлаш тартибидан воз кечиш керак. Байрамни қандай нишонлаш ихтиёри халқнинг ўзига қўйиб берилса, миллий урф-одатларга кўра сайллар, миллий ўйинлар билан байрамни чинакам халқ байрамига айлантириб оларди.
16. Тарихий ҳақиқат тикланмаса, мустақилликнинг аниқ юзи кўринмайди. Мустақиллик йўлида хизмати сингган барча шахс ва ҳодисалар катта минбарларда ҳам, оммавий ахборот воситаларида ҳам, илмий изланишларда ҳам эътироф этилиши лозим.
17. Адлия ишларида асосий ўлчов тўғрини ўғридан, ҳалолни ҳаромдан ажратиш бўлиши лозим. Диний бўладими, сиёсий бўладими қамоқлардаги тўғрилар қанча тез қўйиб юборилса, оиласига, бола-чақасига қанча тез қовушса, шунча яхши.
18. Жамият муроса билан тинч-хотиржам. Шуни ҳисобга олиб, давлат қачонлардир нима масалалардадир ўзига терслашиб қолган, лекин аниқ бир жинояти бўлмаганлар (расмий сиёсий тил билан айтганда: мухолифлар) билан ярашса, иккала томон ҳам эски гина-кудуратини унутиб бир-бирига қўл узатса, бу борада кучли ва улуғ сифатида айниқса давлатимиз бағрини кенгроқ очса, фақат шараф қозонар эди.
Халқимизнинг муқимию муҳожирию мухолифи бир бутун жамият бўлиб умумий манфаат ‒ Ватан манфаати йўлида хизмат қилса, нур устига нур. Дунё тажрибаси ва қари тарих давлат билан мухолифат муносабатларида муроса йўлидан бошқа самарали ва тўғри йўл йўқ эканини кўрсатади.
19. ……..
20. ……..
21. ……..
Ва ҳоказо…

ёзувчи
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

2016 йил декабирининг 8 ‒ 9-кунлари

(Ушбуни яхши ният билан "Халқ сўзи" ва "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетларига юбордим. Бири босмаса, бошқаси босар деган умидда. Сабрим чидамай озгина таҳрирлаб бу ерга ҳам қўйдим.)

nurullohuz.com