Туркияга бундан олдин уч марта (1997, 2009, 2013 йиллари) келганман. У таассуротларим ҳам ўзига хос. Вақти билан ёзарман, эълон қиларман. Ҳозирча фақат бу галгиси ҳақида ёзмоқчиман. Лекин лозим топганимда айрим эски хотираларимни ҳам эслашимга тўғри келади, албатта.
Истанбул Туркиянинг осмон дарвозаси. Яъни, Туркияга бутун дунёдан келаётган учоқлар бу шаҳарга қўнади. Ўзим кузатдим: Истанбул осмонини бир он ҳам учоқсиз, холи кўрмайсиз. Ҳар бир ё бир ярим дақиқада учоқ қўняпти ё учяпти! Дунёнинг нодир йирик шаҳарларидан. Истанбулнинг бир чеккасидан бошқа чеккасигача масофа Тошкентдан Қўқонгача десам лоф бўлмайди. Бу дегани шаҳарнинг бир бошидан бошқа томонига етиб олгунингизгача Тошкентдан Қўйлиқ паккасидан йўлга чиқиб, Қўқонга етиб ҳам олиб, водий дарвозасининг тезпиширар ошхоналаридан бирида паловхонтўрани уриб олса бўлади Ўшанда ҳам тиш кавлашга вақт ортиб қолса ажабмас. Гап шундаки, Истанбулнинг ички йўллари узоқлигидан ташқари улов кўплигидан кўпинча (айниқса эрта билан ва кечки пайтлари) йўллар тиқин ҳам бўлади.
Хуллас, қўналғадан минганимиз такси шаҳар ўртасидан Ускудар (шаҳарнинг Осиё қисми) сари елиб бораркан (сўрасам, ҳайдовчи айтишича, йўл очиқ бўлса тезликни 120 гача оширса бўлар, биров тўхтатмас эмиш), ойнадан Истанбулни томоша қилиб борардим. Ҳар куни бу ерда яшаётганларга балки унча сезилмас, аммо анча-мунча йилда бир келадиган одам шаҳардаги кескин ўзгаришларни сезмай қолмайди. Қирқ, эллик, олтмиш қаватли уйлардан ташқари ҳажми ҳам буюк, шакли ҳам ажойиб иморатлар роса кўпайибди.
– Булар ҳаммаси кейинги 10-15 йилда қурилди, – деди кирачи.
Табиий, Туркиянинг тобора тез бойиб, юксалаётганини турли хабарлардан юртда ҳам сезиб турардим, ҳозир ҳам кўзим билан кўраётган эдим. Агар Амир Темурнинг "Бизнинг қудратимизни кўрмоқчи бўлганлар қурган иморатларимизга боқсинлар" (матндан эмас, эсимдан олиб ёздим), деган ўлчови билан ўлчаганда ҳам, шубҳасиз, Туркиянинг бугунги қудратини сезмаслик ё кўрмаслик мумкин эмас эди.
Кирачи ўқиганроқ чиқиб қолди. Ёки бу ерликларнинг оддий кирачиси ҳам сиёсатчи бўладими, ҳарҳолда бу юксалиш сабабларини ўзича тушунтира бошлади. Гапларини чала-ярим тушунмай қолаётганимдан ташқари, унча қизиғи ҳам йўқ эди. Зотан, натижа шундоқ ҳам кўриниб турибди.
Бу менинг Истанбул тупроғига қадам қўйиб, то менга ажратилган ерга етиб боргунимча олган илк таассуротим эди.
Leave a Reply