Алоуддин Башарнинг “Севги нима?” китобчаси аслида “Ҳақиқат нима?” китобининг давомидир. Катта ҳаёт бошида ўзи учун ҳақиқатни топиб олишга уриниб турган Хулё исмли қизга ёзилган мактублар…
Саволлар ва жавоблар кетма-кет эканига қарамай, мавзуда барибир фарқ сезилади. Ҳақиқатни ахтараётган ёш юракка, ёш хусусиятини эътиборга олган ҳолда, севги ҳақида тўхталинмаса, албатта, мақсад тўла ҳосил бўлмас эди. Иккинчидан, бу мавзуга алоҳида диққат лозим. Балки шунинг учундир, мактубларининг давомини алоҳида китобча ҳолида чоп эттирган. Биз ҳам муаллифнинг кўзлаган ниятини ҳурмат қилиб, иккала китобни айри-айри тақдим этяпмиз. Аммо бир ҳикмат билан қўлингизга “Севги нима?” олдин тушиб қолса, “Ҳақиқат нима?”ни ҳам топиб, қўшиб ўқишга ҳаракат қилинг.
Укаларим, сингилларим! Мана, ўсмирлик ёшидан ўтиб, бугун йигит-қизлар бўлиб етишдингиз. Энди мустақил ҳаёт остонасида турибсиз. Ҳаётда адашмайин, инсонликка лойиқ умр ўтказайин десангиз, ҳақиқат ва севги масалаларида тўғри дунёқараш шакллантириб олинг. Сиз изланувчи, фикрловчи Инсон бўлиб туғилганингизни ва бу дунёда ўзингизга ажратилган фурсатни Шарафли Инсондай яшашга ҳақли эканингизни унутманг. Аллоҳ сизга ёр бўлсин!
Нуруллоҳ МУҲАММАД РАУФХОН
(“Севги нима?” (Тошкент. “Моварауннаҳр”, 2005) китобига сўзбоши)
Leave a Reply