
Китоб ҳақида ўн савол
1. Китоб ҳаётингизда қандай ўрин тутади?
2. Илк бор ўқиб, завқ олган китобингиз эсингиздами? Болалигингиздаўқиган яна қайси китоблар ҳаётингизда ижобий таъсир кўрсатган?
3. Янги чоп этилаётган китобларни кузатиб борасизми? Уларданкўнглингиз тўлмаётган жиҳатлари ҳам борми?
4. Ҳозир бизда кийим–кечак, озиқ–овқат бозорининг харидорлариниҳоятда сероб. Қачон китоб бозори гавжумлашади?
5. Устоз адиб Асқад Мухторнинг: “Китоб — бойлик. Лекин сотиболингани эмас, ўқилгани”, деган иборасини қандай изоҳлайсиз?
6. Жавонингизда қайта–қайта ўқийдиган, соғиниб қўлга оладиганкитоб борми? Айтинг–чи, у қайси китоб?
7. Ҳозир нафақат болалар балки уларнинг ота–оналари ҳам камкитоб ўқиётганлиги ҳақидаги ташвишли фикрларга қандайқарайсиз? Уларни китобга қайтаришнинг ё`ли борми?
8. Агар ўзбек адабиёти бўйича “Олтин жавон” тузилиб, унга 10 такитоб киритиш зарурати туғилса, қайси китобларни киритганбўлардингиз?
9. Шу кунларда қандай китоб ўқияпсиз?
10. Журналхонларга қайси ва қандай китобларни ўқишни тавсияқиласиз?
Жавоблар
1. Оиламиз китоб ўқийдиган оилалардан эди. Кўзимиз очилибоқ китобни кўрганмиз десам ҳам бўлади. Раҳматли дадажоним билан аяжоним бўш қолишди дегунча китоб ўқиб ўтиришганини кўриб улғайганмиз. Ҳаётимни китобсиз сира тасаввур этолмайман. Лекин мақтанмай қўяқолай, мендан кўп китоб ўқийдиган, топганини китоб сотиб олишга сарфлайдиганлар анча-мунча. Уларга доим ҳавасим келади.
2. Кичик опамнинг ҳаракатлари билан ҳали мактабга бормасимдан саводим чиққан эди. Биринчи синф охирларига бориб ўзим китоб ўқий бошлаганман. Ўқиганим, ўқиб завқланганларим аниқ, лекин у илк китоб қайси эди – эсимда йўқ. Эртак китоб эди, албатта. “Беш жонлини бежон қилган баҳодир” деган эртакчалар бўларди. “Уч оға-ини ботирлар”даги Кенжа ботир мени қаттиқ ўзига тортган. Кейинроқ билсам, бу ботирда фаросат, куч, маҳорат ва олижаноблик тўпланган экан. Балки у пайтда ўзим англаб етмаган ҳолда унинг айни шу фазилатлари менга қаттиқ таъсир қилгандир. Бешинчи ё олтинчи синфда ўқиб юрганимда дадажонимнинг саккиз жилдлик “Минг бир кеча” китобларини ўқиб чиққанман. У катталар ўқийдиган китоб, лекин мен уйда бор китобни ўқийверар эдим.
3. Афсус, ҳар хил олди-қочди мавзулар урчиб, ялтироқ муқовалар билан безаниб, китоб шаклида дўконларнинг тўридаги токчаларга чиқиб ола бошлаганидан бери пича кўнглим чўкиб, китобга хафсаласизлик пайдо бўлди. Шунинг учунми, янги чиқаётган китобларни доим кузатиб бораман дея олмайман. Лекин орада тарихимизга тегишли, совет даврида халқдан яширилган китоблар ҳам чиқяпти, бу қувонарли ҳол. Бадиий адабиётга келсак, адабиётимиз тиниб, ғоялари теранлашгани сари салобати юксалиб, ота-боболаримиз эришган чўққилардан ҳам баландларни эгаллашига ишонаман.
4. Совет давридаги бир маълумотга кўра, аҳоли жон бошига китоб сотиб олиш бўйича ўша пайтдаги СССРдай катта мамлакатда Қўқон шаҳри биринчи ўринда, СССРда тугул, ҳатто Оврупода ҳам энг йирик ва маданий шаҳарлардан ҳисобланган Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) эса иккинчи ўринда турарди. Бу дегани халқимиз китобни жуда севадиган халқ. Эски дарё ўзанига яна қайтади, бир пайтлар шарқираб оққан сув яна тўлиб-тошиб оқади. Одамлар китоблардан кўнглидаги гапларни топа бошласа, китоб бозори яна қизийди, иншааллоҳ. Бугуннинг ўзида юз минг-икки юз минг сўм пулини аямай айрим китобларни сотиб олаётган одамларни кўрсам, кўзимга ёш келиб қувонаман. Китобларнинг қимматлиги иккинчи масала, одамларнинг шунча пулга китоб ола бошлагани ажойиб ҳодисадир!
5. Жуда топиб айтганлар! Ўқилмаган китобнинг ахлатда ётган қоғоздан фарқи йўқ. Сотиб олиб ўқимаган одам эса, Қуръони карим таъбири билан айтганда, “…сўнгра уни кўтармаган (ўқимаган ё ўқиганига амал қилмаган) кимсаларнинг мисоли худди китобларни ортиб кетаётганэшакка ўхшайди” (Жума сураси 5-оятдан) маъносидаги таърифга тушиб қолиш эҳтимоли бор, Оллоҳ сақласин.
6. Бор. Бир эмас, бир нечта. Аммо севган китобим ҳам севган кишимдек менинг бир маҳрамимдир. Маҳрами билан эл кўзида қучоқлашиб ўтирганларни ёқтирмайман. Айтмай қўяқолай.
7. Хоҳлаймизми-йўқми, билинтирмай-сездирмай китоб ўрнини телекинолар ва интернетлар эгаллаб боряпти. Танглайи китоб билан кўтарилган биз каби катталарга бу ҳол ёқмайди, албатта. Лекин интернет ва кинолар тарбиясини олаётган болаларнинг ўзи нима дейди? Нимага китоб ўқимаяпти? Ота-оналар нега китобга қизиқмай қўйишди? Уларнинг кўзини телеекрандан узиб китобга қаратиш учун, менимча, энг олдин эътиборларини торта оладиган, кўнгилларини овлай оладиган китоблар ёзилиши керак. Ҳозир ўзбек адабиёти мавзуини ва йўлини ахтаряпти. Бир куни топади. Демак, китоб ўлмайди, иншааллоҳ.
8. Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғатит турк”и, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”и, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибатул ҳақоиқ”и, Алишер Навоийнинг “Хазоинул маъоний”и билан “Хамса”си, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг дилбар ғазаллари билан “Бобурнома”си, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”и билан “Меҳробдан чаён”и ҳамда Ойбекнинг “Наъматак” шеъри ҳар қандай олтин жавонга лойиқ асарлардир, менимча. Ўнтасини танланг дейилгани учун танлашга ҳаракат қилдим, аслида, яхши кўрадиган китобларим яна кўп. Масалан, энг замонавий адабиётдан Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон шеърларини қайта-қайта ўқиб ҳам зерикмайман. Алихонтўра Соғунийнинг “Туркистон қайғуси” асари руҳимга уйғунлиги ва тилининг туркона гўзаллиги билан мени қаттиқ ҳаяжонга солади. Ва ҳоказо.
9. Яқин орада Исажон Султоннинг янги асарларидан учтасини ўқидим. Усмон Азимнинг “Фонус” китобини ўқияпман.
10. Китобларнинг китоби Қуръони каримни, маъно ва ҳикматларнинг кони ҳадиси шарифларни ҳар бир киши қўлидан қўймай ўқиши керак деб ўйлайман. Бадиий адабиётларга келсак, Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий”ини, Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут тайр”ини, ўзимизга яқинроқлардан эса, АЪзам Ўктамнинг шеърларини, Тоҳир Маликнинг насиҳатномаларини тавсия қилган бўлардим.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
“Гулхан” журнали, 2011 йил 4-сон.
Leave a Reply