Кўнгилдаги гаплар

Ҳамзанинг номини илк бор қачон эшитганимни билмайман, лекин унинг номи билан турли ёшда турлича ғурурланиб юрганларим эсимда. Дастлаб Ҳамзадай инсонга ватандошлик туйғусининг ўзиёқ кўксимни фахрларга чулғар эди. Ўша пайтлари тўртта тенгқур даврасида ундан гап очилса, орага туғилган юртини албатта қўшиб турардим. Кейинроқ бу туйғу устига янги бир туйғу — бир ўзи шунча юмушни (шоир, драманавис, бастакор, ўз қўшиқларининг ижрочиси, ўқитувчи, дарсликлар муаллифи ва ҳ.) эплаганидан чексиз ҳавасланиш қўшилди. Яна кейинроқ, унинг маданиятимиз тарихида тутган ўрни (ўзбек совет адабиётининг асосчиси, ўзбек театрининг отаси, биринчи драманавис, биринчи бастакор, биринчи шарқия (марш) муаллифи, биринчи… биринчи… биринчи…) билан ғурурланадиган бўлдим. Лекин 1910—1930 йиллар ижтимоий ҳаётини, ўша давр адабиёти тарихини ўқиб, ўрганиб, устозлардан эшитганим сари кўнгилда ғалати шубҳалар уйғона бошлади. «Нега?, «Нега?», «Нега» деган саволлар пайдо бўлди. Ўзимиз ўлиб-тирилиб изчил реалист деб атаган шоирни идеал даражага кўтариб юборганимизни ҳис қилдим. Саноқсиз «Нега?»ларга жўяли жавоб тополмагач, шубҳалар аста-секин норозиликка, норозилик эса гоҳо кўр ғалаёнга айланиб борди. Вақтлар бўлдики, қўлни ювиб қўлтиққа уриб ҳам қўйдим…

Хайрият, тезгина Ҳамзани шахс ва ижодкор сифатида тушунишимда янги бир палла бошланди. Кексаларнинг, айниқса, аям билан дадамнинг Ҳамза тўғрисидаги ҳикоялари (тақдир тақозосига кўра, аямнинг ота уйлари шоир яшаган уйга қўшни бўлган), унинг бошқаларга, бошқаларнинг унга ёзган хатлари, айниқса, Ҳамзанинг бир неча кунга етарли нон сўраб Ўзбекистон президенти Йўлдош Охунбобоевга ёзган ўтинч хатию Президентнинг унга «ҳали уч-тўрт ойлик маошимни ололганим йўқ, ўзим ҳам ночорман, узр, Ҳамзахон», дегандек мазмундаги жавоб хатлари… менинг аввалги ялтироқ тасаввурларимни парчалаб юборди. Нафақат Ҳамза шахсиятию ижодига, балки инқилоб арафалари Туркистон миллий ўлкасида бошланган катта Уйғонишга, миллий озодлик, жадидлик, маърифатчилик ҳаракатларига, турли оқим ва йўналишларга, адабиётчи ва матбуотчиларнинг фаолиятларига, хуллас, бутун ўша даврга қарашларим тубдан ўзгаришга юз бурди. Балки бугунги кунда рўй бераётган Уйғониш жараёнида 10—20-йиллар уйғонишига ўхшаш жиҳатлар борлиги учун ҳам у даврга қизиқиш кучайгандир, ҳарҳолда, кўнглимда Ҳамзага (ва бошқа замондошларига) хайрхоҳлик, ўзгача ғурур уйғонаётганини сезаман. Ва бирдан англайманки, анча йиллар мени қийнаган шубҳалар, норозиликлар ва кўр ижирғанишлар ҳақиқий «эга»сига қаратилмаган екан. Шунда Ҳамзага астойдил… ачиниб кетаман. Ахир, у шўрликда нима гуноҳ?! Халқим деб жонини жабборга берган бўлса, юртимнинг камолини кўрай деб елиб-югурган бўлса, тинимсиз йўл ахтарган, бунинг учун ўзини ҳар соҳага уриб кўрган бўлса!.. Аксари адабиётчиларда Ҳамзанинг номи (яшириб нима қиламиз) қарши кайфият уйғотадиган даражага етган бўлсак, ишончим комилки, бунда Ҳамзанинг айби йўқ. У ўша давр фарзанди, шоири, илғор зиёлиси сифатида афсус чекмайдиган тарзда яшади, ижод қилди, давр зиммасига юклаган вазифаларни кўплар қатори сидқидилдан адо этишга интилди; ўзи ўша даврга сиғмади, шекилли, тошбўрон қилинди…

Бугун у ўзини ҳимоя қилолмайди. Шунинг учун унга (умуман, ўтган барча истеъдодли ижодкорларга) муносабатимизни белгилашда асло енгилтакликка йўл қўйиб бўлмайди. Менда негадир аниқ бир ишонч бор: биз бугунгача номига зўрлаб ёпиштириб келган жуда кўп сифатлашларнинг («асосчи», «биринчи» ва б.) Ҳамзага кераги йўқ, у ўз шеърлари, томоша асарларини, аслида, булар учун ёзмаган ёки шу сифатлашларни олайин деб сира интилмаган. Аксинча, у ўзига ҳаловатсиз турмушни танлади, романлардагидек ё киноепопеялардагидек эмас, оддий, лекин буюк мақсадлар ташвишига кўмилиб юрди, ўша ташвишлар ичидан ҳаловат қидирди, аксари ҳолларда топди ҳам. У ўзига ҳеч қандай имтиёз, сохта шон-шуҳрат ёки иззат тиламади, орзу қилган ягона имтиёзи — халқининг камолотини кўриш эди. У ҳақда эллик-олтмиш йилдан бери ёзилаётган («ҳамзашунослик») асарларнинг жуда кўп саҳифаларидан унинг руҳи хижолат чекиб юрганига шак-шубҳам йўқ.

Кейинги икки-уч йилдан буён адабий давраларда 20-йиллар адабиёти кескин мунозаралар қўзғамоқда. Сохта баҳоналар билан халқдан яширилиб келган номлар қийинчилик билан бўлса ҳам қайта тикланмоқда. Айни чоқда, Ҳамза номи теварагида яна баҳслар кучая бошлади. Ора-орада: «Нега у асосчи бўларкан, ана, фалончи ундан зўр, ўша бўлсин-да» ёки «У ким бўпти, шеърлари бир тийинга қиммат» ёки «Фалон асарини ўзи ёзмаган, писмадончи ёзган» дегандек гаплар қулоққа чалиниб турибди. Ростини айтганда, бу норозиликларда ҳар қанча ҳақиқат бўлмасин, адабиётчиларимиз орасидаги бунақа кайфият одамда нохуш таассурот қолдиради. Албатта, адолатни тиклаш, адабиёт қасрида ҳар бир ижодкорни ўз ўрнига қўйиш керак, аммо бу дегани кимни шоҳ, кимни вазир, кимларни девонбегию эшикоға қилиб қўйиш керак дегани эмас. Зеро, тахт мавжуд экан, унинг учун кураш бўлаверади. Менимча, адабиёт қасридан тахт ва тахтчаларни (расмий мавқеларни) олиб ташлашга эришиш лозим. Ахир, чуқурроқ ўйлаб кўрайлик, «асосчи» деган мартаба ўзи қаёқдан пайдо бўлди? У адабиётга шу қадар керакми? Аслида, Чўлпон бир йўналишнинг, Қодирий бир йўналишнинг, Ҳамза бир йўналишнинг, Фитрат бошқа бир йўналишнинг (ва ҳ.) асосчилари бўлиши, ҳар бирининг йўлдошлари ва издошлари бўлиши табиий ва маъқул эмасми? Нега биз ижодий мартабалар учун эмас, расмий мартабалар учун курашамиз доим? Яна, «социалистик реализм» расмий тушунчасини олиб кўрайлик (бунинг ҳам ҳар бир миллий адабиётда биттадан «асосчи»си бор). Бу атама топилганидан кейин унга муносиб темир қонунлар бичила бошлади, ўзига хос «устав»лари, «программа»лари яратилди ва у бора-бора… ёвуз мезонга айланиб, адабиётимизнинг жуда кўп истеъдодли вакилларининг бошига йетди. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир, Сўфизода (ва бошқалар) ниманинг орқасида азобланишди? Нима уларни ҳаётдан олиб кетди? Шахсга сиғиниш… чақув… душманлари… дерсиз. Албатта, булар ҳам. Лекин асосийси булар эмас. Аслида, улар шахсан ва ижодан «социалистик реализм» қолипига сиғмади, улар адабий жоҳилликнинг қурбонлари бўлиб кетишди. (Шу маънода, чақимчиларнинг ўзлари ҳам қурбондирлар.) Рост, Ҳамза 1929 йили ҳалок бўлди, лекин адабий давраларда бир гап юрадики, агар 37-йилларгача яшаганида, шубҳасиз, у ҳам отилиб кетарди… Начора, бу тахмин ҳарҳолда Ҳамзанинг обрўйини бир қадар кўтаради!

Демак, ҳамма гап «ҳамзашунослик»да. Келгуси вазифа шу пайтгача боши билан турган бу соҳани оёққа қўйиш, тўғри йўлга солишдан иборат. Бу вазифани адо этиш учун ҳамзашунос бўлиш шарт эмас, адабиётнинг жонкуяри, муҳиби бўлиш кифоя. Ҳамзани ортиқча мақтовлардан ҳам, ерга уришлардан ҳам ҳимоя қиладиган пайт келди.

Яна бир гап. Кейинги пайтларда профессор Норбой Худойберганов Ҳамза баҳонасида бир-икки ҳамзашуносга муносабат билдириш учунми ёки ўша бир-икки ҳамзашунос баҳонасида Ҳамзанинг ўзига муносабат билдириш учунми, ишқилиб, бир қатор мақолаларида (жамоатчиликка маълум улар) норозиликларини ошкор айтиб турибди. Лекин, афсуски, бу танқидчимиз ҳам қандайдир расмий мартабаларни ундан тортиб олиб бошқага бериш учунгина курашаётгандай таассурот уйғотади. Фикрлар очиқ айтилмаса ҳам, гап пайнови айланма-чийрилма йўллар билан «бировнинг чорбоғи»га тўғрилаб қўйилаётганини сезиб турасиз. Бу йўл самарасиз. Ҳамза асарларининг қайси жиҳати зўр, унинг улуғлиги нимада еканини ҳамзашунослардан «конкрет мисоллар билан» исботлаб беришни талаб қилган яхши, лекин уларда бу исботни топмадикми, модомики бу мавзу бизни қизиқтираётган екан, ўзимиз ўша ишни бажаришга уриниб кўрайлик. Ахир, ИЛМ рад қилиш билангина шуғулланмайди. Илм ўрганади. Ўрганиб тасдиқлайди, ўрганиб рад қилади. Мартабалар улашиш, тахт учун курашиш илмнинг йўли эмас. Мақсади ҳам эмас. Бу билан расмий идоралар шуғулланаверсин. Биз эса кетма-кет мақолаларимизда бир нарсани талаб қилавермасдан, битта мақоламизда ниманидир тадқиқ қилганимиз яхши. Шундай қилсак, ҳар қанақа шубҳа-гумонларга ҳам ўрин қолмайди, ўрганилаётган ҳар бир ижодкор ўз ўрнини топиб кетаверади. Маданиятимизни яхлит севишни ўрганайлик.

Шахсан мен «Кўнглини бир олай деб, эй ёр, хуш келибсиз» сингари ниҳоятда ўзбекона, гўзал сатрларни кўрсам, кўнглим яйрайди, Ҳамзанинг барибир яхши шоир еканига иқрор бўламан; «Оловли йўллар» кинотарихини кўрганимда эса ичим ачийди, шўрлик ватандошим учун хижолат чекаман; маҳалланинг икки-учта қизалоғини қанд-қурс билан алдаб-сулдаб уйига олиб кириб, Кароматхон хотинига овунчоқ қилиб қолдириб, ўзи уй эшигини ҳам, кўча эшигини ҳам устидан қулфлаб, эрта кетиб-кеч қайтишлари, Кароматхон кеннойи эса қизалоқларга эртаклар айтиб, хамирдан шакллар ясаб, зериктирмай ўтирганлари тўғрисидаги ҳикояларни эшитганимда шоир сиймосини янада тўлароқ тасаввур эта бошлайман; «аксари асарлари аслида бошқача бўлган, кейинчалик атай бузиб таҳрир қилинган» дегандай гап-сўзлар чиққанида, адабий жоҳилиятдан куйинаман; ҳозир ҳатто қишлоқ боғчаларида тарбиячилар зўр бериб ўргатаётган «Қўғирчоғим Наташа, еб қўйибди кўп каша» сингари жўн, гўзалликдан маҳрум тизмаларнинг ўрнига Ҳамзанинг «Тўғрисўз бола» (ва б.) шеърлари ёдлатилишини жуда-жуда орзу қиламан…

Ҳамзанинг туғилганига юз йил, ҳалок бўлганига олтмиш йил тўлди. Келинглар, 100 рақамли довон Ҳамза ижодини ўрганишда туб бурилиш довони бўлсин. Шу пайтгача қанчалик ундан узоқлашган бўлсак, бундан бу ёғига Ҳамзага пешвоз юрайлик. Йўлимиз кесишса зора. Ҳамза асримиз бошларидаги Уйғониш даврининг фарзанди, асримиз қариётганда яна ўшандай, ҳатто анча салобатли Уйғониш жараёни бошланяпти. Биз — саксонинчи йиллар қаламкашлари қаторимизда чўлпонлар, қодирийлар, ҳамзалар, фитратлар, усмон носирлар, ойбеклар, қаҳҳорлар… туришини истаймиз. Уларнинг ҳаётидан, ижодий тақдирларидан, ўзаро муносабатларидан ўзимизга сабоқлар чиқаргимиз келади. Улар йўл қўйган хатоларни такрорламай, руҳларини шод қилишни, тарихимизнинг бойлигидан, ранг-баранглигидан ғурурланиб юришни хоҳлаймиз.

 

Нурулло Отахонов

Ёшлик журнали 1989 йил 3-сон

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*