Мақолалар

“Кўзларимиз энди очилди”

Кўзлари энди очилибди эмиш! Шу дамгача нима иш қилишни ва қандай қилишни билмай юришган эмиш! Бир марта “мастер класс” ўтилган экан, бирданига ҳаммаларининг ақллари кириб қолибди!
Астағфируллоҳ! Шу чўпчакка биров ишонадими?!
Уят йўқ! Кулгига қоляпмиз-ку, деб хижолат йўқ! Елкадаги нарсалари бошми, қовоқми?!
Ушбундай “тушунтириш”лари ҳеч бир куракка сиғмаслигини, кимса уларга ишонмаслигини, қайтага жамиятда кулгига қолаётганларини ҳатто билмаяптилар-сезмаяптиларми, демак, елкаларидаги нарса аниқ қовоқ!
Хафа бўлмасинлар, буни биз ўзимиздан чиқариб айтмадик, ўзлари айтишди, ўзлари исботлаб қўйишди!
Битта киши деса ҳам майли эди. Бугун туман депутати ҳам, вилоят депутати ҳам, Олий Мажлис депутати ҳам шу битта гапни ёдлаб олгандай такрорлаб ётибди.

Демак, “эски”лар тавба қилиб ўзини оқлаб олсин, деган маънода топшириқ бўлган. Топшириқ бир жойдан чиққан. “Тавба матни” бир ерда ёзилган. Ва оммавий ахборот воситалари ёрдамга ёлланган ‒ телевизорда шу гап, радиода шу гап, республика, вилоят, туман газетларида шу гап!..
Бундан мамлакатда яна бир, аммо-лекин жуда хунук кампаниябозлик бошлангани билинади.
Ўзбекистон халқини шу даражада паст тушунчали халқ деб ўйлайсизларми, жаноблар? Тўхтатинг-э! Сал ўзингизни босиб олинг-э! Кўзингизни оча олсангиз, сал жиддийроқ очинг-э! Нималар деяётганингиз, нималар қилаётганингизга бир қаранг-э! Ёлғондан тийилинг-э! Халқимизни жуда унақа содда, гўл деб ўйламанг-э!

Чорак аср кўзингиз юмиқ юрган бўлса, бу дегани бошқалар ҳам сизга ўхшаб кўр эди дегани эмас. Ислом Каримов даврида ҳам кўзиочиқлар бор эди жамиятда, бугун ҳам бор. Сиз кўрмаган, кўришни истамаган нарсаларни, аҳволларни, ҳодисаларни улар кўришар эди. Ҳатто сизни ҳам ёлғон аллалар таъсиридан уйғотишга ҳаракат қилишган! Кўзингизни очинг, сиз ҳам кўринг: кетув тўғри эмас, мамлакат аҳволи яхши эмас, ҳаёт бошқа, матбуотдаги сурати бошқа, ўзингизни ўзингиз алдаманг, дейишган!
Аммо сиз ва сиз каби аллачи ва яллачилар уларга қулоқ бермадингиз. Уйқунгиз ва тинчингиз бузилишини истамадингиз. Ёлғон яллалар, бевақт аллалар ила зўрғалатдан “ухлатилган” жамият уйғониб қолмасин деб сиз у кўзиочиқларни жамиятдан ажратиб ташладингиз, қаматдингиз, юртдан қувдингиз, ватангадо дедингиз, давлат душманига чиқардингиз.

Аслида, улардан кўпи шу юрт, шу ватан, шу миллат, шу давлат учун чин юракдан қайғурган эди! Кўзлари юмуқ депутатлар бошчилигида мудраб аста-секин жар ёқасига қараб бораётган жамиятимизни муқаррар ҳалокатдан огоҳлантириб жар солган эди!
Бугун “Кўзларимиз энди очилди”, дер экансиз, тавбангиз чин бўлса, биринчи галда ўша кўзиочиқ жабрланганларни ўйланг! Қамоқлардан чиқаринг! Ватанга қайтаринг! Махсус Қонунлар яратиб, улар ҳам шу Ватанда сиз каби тўлақонли яшашга ҳақли эканларини тан олинг! Шунда ишонса бўлади кўзингиз чиндан очилганига.

Тўғри тушунилсин: мен қаматилган, юртдан қувғинга учраган кўзиочиқлар ҳақида сўйлар эканман, улар сафига ўзимни қўшаётганим йўқ ёки уларни ватан учун қайғурган деганда “Бу кунлар” асаримни назарда тутмаяпман, балки Ўзбекистон қамоқларида ётган минглаб зиёли инсонларни, чет элларда Ватан соғинчи билан яшаётган ўнминглаб ватандошларимизни назарда тутиб айтяпман. Чунки мен ўзим қамалганим йўқ, қувғин ҳам қилинмадим, тинч сабаб билан чиққанман юртдан. Мен шу юртнинг бир зиёлиси сифатида халқим ва ватаним олдидаги бўйнимдаги бурчимни адо этдим, холос…

Менга қолса, бу қалбаки тавбаларга ишонолмайман. Бунақа ясама "тушунтиришлар"нинг қиймати йўқ. Чунки чинакам тавба қилмоқчи бўлган одам энг биринчи галда айбларига тўла иқрор бўлади, қаттиқ надомат чекади, шу пайтгача қилиб келган барча гуноҳ ишларини (“депутатлигини” ҳам. ‒ Н.М.Р.) буткул ташлайди, ҳаётни онадан қайта туғилгандай тозалик билан янгидан бошлайди.

Бу “депутатлар” кўзимиз очилди, деяпти-ю, лекин асл хатосини кўрмаяпти. Шунча йил халқнинг пулини текинга еб келганини тан олмаяпти. Уялмаяпти. Надомат чекмаяпти. Ўринларини кўзиочиқларга бўшатиб бермаяпти.
Аксинча, “кўзи очилиб” биринчи кўрган нарсаси ўзининг курсиси бўлди! Қараса, замон бошқа ‒ президент алмашибди, сиёсат ўзгарибди, талаблар бошқача бўляпти ва… тагидаги курси лиқиллаб қолибди! Энг қўрқиб кетган нарсаси шу буларнинг!
Одатда, уйқудан тўла уйғонмаган одам пича довдираб туради, шуури ҳали мудроқликдан тўла қутулмагани учун бундай ҳолатда туйқус тўғри қарорга кела олмайди.

Худди шунингдек, бор-йўғи бир марталик “мастер-класс”дан шартта уйғониб кетганини даъво қилаётганлар ҳам бирданига асл ҳақиқатни кўрмадилар, кечмишдаги ва бугундаги аҳволларини тўғри баҳолай олмадилар, энди нима қилишлари лозимлиги масаласида ҳам энг тўғри қарорга кела олмадилар. Кўзларини чала-ярим очасолиб, энг олдин тагларидаги курсиларини ўйлаб кетдилар. Ва… оғзиларига илк келган гапларни валдирай бошладилар. Эндиги ишларни тўғри йўлга солиш ҳаракатига тушиш ўрнига, довдираб, қалбаки кўзёшлар билан “тавба қила” бошладилар.
Бунинг нимасига ишонасиз, ахир?!

Шу дамгача ухлаб ётган бўлсангиз, ким айбдор? Ким сизни ухлатган эди? Нимага у ёғини айтмайсиз? Нимага кечаги кунингизга баҳо бермайсиз? Уйғонганингиз чин бўлса, айтинг буларни! Ё масаланинг бу ёғи ҳақида ҳали “мастер-класс” олмадингизми?
Унда сиз ҳали ҳам ухлаб ётибсиз. Кимдир сизнинг уйқунгизни сал безовта қилди, холос. Бунинг устига, вақтинча бу “кўзиочиқлик-мудроқлик” даврингиз яна қанча суриши ҳам маълум эмас ‒ буни на биз халқ, на сиз ўзингиз ва на давлат билади.

Агар тавбангизда самимий бўлсангиз, кўзингиз чини билан очилишини, бундан бу ёнги ҳаётингизни ватан равнақи йўлига бағишлашни чин юракдан истасангиз, унда, тепада айтганимдек, сиз ухлаб-мудраб юрган кезларда ҳам кўзи юмилмаган, халқи, дини, ватани, давлати ҳақида чинакамига қайғурган, лекин аччиқ ҳақиқатларни айтиб қўйгани учунгина балоларга қолган, юртдан чиқиб кетишга мажбур қолган ватандошларимизни тезлик билан мамлакатга қайтариш, хато сиёсат туфайли ҳақсиз қамалган фикрли, ғайратли инсонларни қамоқлардан чиқариш чора-тадбирини ахтаринг. Қонунан уларга ўзингиз билан тенг шароит ва тенг имконият яратиб беринг. Шунда, истасангиз, улардан ҳар бири сиз каби узоқ вақт кўзи юмиқ юрганларга ҳаётга очиқ кўз билан боқишни ўргатишади! Узоқ ва давомли “мастер-класс”лар ўтказишади. Текинга!

Энг муҳими ‒ сиз уларга жабр етказгандай улар сизга жабр етказмайди ‒ қамамайди, юртдан ҳайдамайди. Фақат, кўзингизни очади. Кўзингиз ҳамиша очиқ бўлса бўлди улар учун.

nurullohuz.com