Кунлардан бир кун

Катта қора пашша тинимсиз ғинғиллаб дераза ойналарига ўзини уради, хона торлик қилаётгандек, кенг дунёга чиқиб кетмоқчи бўлади, тоқатсиз ғинғиллайди, қанотларини визиллатиб яна ойнага ёпишади, яна ғинғиллайди…

Дераза тагида ётган уста Собитали туш кўрарди. Тушида бундан эллик йиллар чамаси наридаги – йигирма беш ёшлик даврлари. Эгнида оппоқ сурпдан яктак-иштон, оёғи яланг, қандайдир маҳобатли боғда танҳо ўзи сайр айлаб юрган эмиш. Оёқ остларида тупроқ эмас, кўнгилларни яшнатгувчи хушбўй, баданларни яйратгувчи майин майсалар. Боғнинг на боши бор, на адоғи… У тўхтаб, ҳадеб тепасига қарармиш: ажабо, осмон кўринмайди, осмон йўқ, осмон ўрнида бири иккинчисига чирмашиб кетган тарвақай шохлар! Бир дарахтнинг ўзида беш-олти хил мева пишиб, шарбатлари оқиб ётибди. «Бунақа боғ етти ухлаб тушимга кирмаган. Ё… жаннатга тушиб қолдимми?! Наҳот мен… – Юраги ҳаприқиб, ҳаяжондан ўзини йўқотиб қўяёзибди, лекин бунга қандоқ ишонсин! – Жаннат, ахир, у дунёда-ку! Ёки мен ўлдиммикан? Қачон?!»

 

Йўғ-э, туш кўраётган бўлсам керак, дермиш тушида.

Бирдан ҳаммаёқни ғинғиллаган товушлар босиб кетибди. Уста ҳайрон: қайси гўрдан пайдо бўлақолди бу уйинг куйгурлар? Боши нега ғувиллаяпти? Пашшами? Айтганча, пашша унинг бошида нима қилади? Ё тавба, миясини кемиришяптими? Ҳа, ҳа, пашшалар устанинг бошига кириб олиб, ниманидир талашиб-тортишиб ейишар, ўзлари кўринмас, лекин тинмай ғинғиллашар эмиш. Ана холос! Еса-ку майли, ғинғиллашига бало борми, дермиш Собитали. Ва тасаввур қилганмишки, боши бош эмас, юмалоқ бир хум: ичи тўла емак эди, еб битирилди; очофат пашшалар галаси ғинғиллайверди, яланг-тақир хумнинг ичи жаранглайверди, жаранглайверди. Ғи-и-инг… ғи-и-инг… Бу мудҳиш товуш асаб-ку асаб, тоғни ҳам емириб юборар! «Э Худо, жаннатга олганинг нимаю бундай азобга қўйганинг нима? Ҳалол ўтказган умримга сийловингми бу? Меҳнатимга мукофотингми? Қўй-э!»

Ғи-и-инг… ғи-и-инг…

Уста Собитали чўчиб уйғонди. Вужуди карахт. Ҳалигилар тушида эдими ёки энди туш кўра бошладими – билолмади.

Пашшалар ҳануз ғинғиллашар, устанинг асабини қақшатишар эди.

Бир вақтга бориб уста ҳушига келди: шипни кўрди, фикри тиниқлашди. Қаерда ётганини эслади. Уйғонишига уйғун равишда танасидаги эски, ланж оғриқ ҳам уйғонган эди; зўрая бошлади. Уста кучанди: апти буришди. Шу палла… ғинғиллаган товуш асли қаердан келаётганнни билиб қолди, билдию ҳафсаласи пир бўлди. Энтикиб-энтикиб, ҳозиргина кўрган тушини қўмсади. Майли, пашшалар ғинғиллашсин, миясини, майли, талайверишсин, аммо-лекин қандай ширин дамлар эди у! Жаннат, жаннат-а! Уч ойдан буён ўлим тўшагида ётганини ҳам, қуруқ жасад танасига ўрнашиб қолган зериктирарли ланж бир оғриқни ҳам, қўйингки, уч ойлик руҳий азоб даҳшатларини бир зум бўлсин-да унутган эди, ахир! Туши нега қисқа бўлди? Уйқусидаёқ ўлиб қўяқолгани тузук эмасмиди?! Тинчгина…

Уста нурсиз кўзларини шипга тикканича, товушсиз, кўзёшсиз, юзида ўлик ифода қотиб, йиғлади. Уч кам саксонга кирган бу чол тирикликни эмас, ўлимни соғиниб йиғларди…

Катта қора пашша эса, ҳамон асабий ғинғиллайди, қанотларини визиллатиб ўзини ойнага уради, яна ғинғиллайди…

«Дунёда биронта имонли банда йўқмикин, шу Худо олгур пашшани дераза ёнидан ҳайдаб юборса!» деб ўйлайди уста.

Қисқаси, булар ҳаммаси кечаги гаплар. Кеча яна кўп гап бўлиб ўтди: чол тинимсиз алаҳсиради, ўғилларини чорлади, қизларини чорлади, кампирини ёнидан бир қарич ҳам жилдирмади. Юзида, кўзларида ўлим шарпаси яққол белги кўрсатди.

Тамом!

Кампир тез қишлоқ дастурхончисиникига чопди, чўлда деҳқончилик қилаётган тўнғичига зуд одам юбортирди, хуллас, бўлажак ҳодисага зимдан тайёргарлик кўра бошлади.

Лекин… Лекин уста Собитали кеча ўлмади, тунда бир-икки алағда бўлдию шу билан уйқуга толди. Бугун эса, тонг отар-отмас кўзини очиб, ҳатто ўзи ҳам ҳайратга тушди. Ҳайратга тушмай илож ҳам йўқ эди: ахир, тузалдими бир кечада, нима бало! Вужуди бу қадар енгил, оғриқ қани? Гўё ер юзини дув босган сел, билмаймиз не сабаб билан бир кечада ариди-қўйди. Ақли-ҳуши жойида, сўлиган томирларида қайтадан қайноқ қон изғий бошлаган…

«Қудратингдан ўргилай-да, Эгам!»

Чол хотиржам ётган кўйи оёқларини қимирлатиб кўрди: дуруст! Ёпинчиқ остидан қўлларини авайлаб суғурди-да, буришган-тиришган юзини сийпалади: дуруст! Ётаверганидан қотиб кетган кўрпага тирсагини тираб, қад ростлашга уриниб кўрди; ҳақиқатда дармонга кирибдими ё ўта озиб кетганидан жуссасидан тош қочганми, ҳартугул бу мақсадига ҳам осонгина эришди: дуруст! Мана шу ҳолича – баланд ёстиққа суянгану ярим ётган-ярим турган кўйи тонг оттирди.

Уйнинг қайсидир бурчида калтакесак чирқиллади, пойгакда ётган кампир қимирлади. Аста ўнг елкасига ағдарилиб, ярим ухлоқ ҳолда нималардир деб шивирлай бошлади, сўнг инқиллаб-синқиллаб ўрнидан қўзғалди.

Кампири узил-кесил уйғонганини сезган уста чийилдоқ овоз билан:

– Кунлар ҳалитдан исиб кетибдими? – деди. 

Кампир индамади, аммо чолига кўзи тушиб қўрқиб кетди: уста дераза томонга тикилганча ўтирар эди.

– Уйнинг шувоғини қўлдан чиқариб қўймасак бўлмайди, – деди у кампирини тағин ҳайратга солиб, – калтакесак босиб кетибди.

Кампир чироқни ёқди, қўрқа-пуса яна чоли томонга қаради. «Эй Худованди карим, бечорани мунча қийнайсан? Оладиганингни олиб қўяқолмайсанми, ахир…» дея минғирлаб даҳлизга чиқди. Унинг шарпасидан даҳлизда сергак ётган иккита қизи сапчиб туриб кетишди – бири ўттиз, иккинчиси ўттиз беш ёшлар чамасида эди.

– Отам қалай? – деб сўради ёшроғи уйқу аралаш, ташвишланиб.

– Ўзи асрасин, – деди кампир синиқ бир товушда. – Эрталабдан алаҳсираши бошланди.

– Уф-ф…

Аммо уста соғайиб кетган эди.

Дармон бўлсин, деб нонуштага атала қилиб беришди. Чол, иштаҳаси очилиб, анчадан бери биринчи марта тўйиб овқатланди. Сарғимтил, заҳил юзига андак бўлса-да ранг кирди. Бироқ, ҳадеганда гап гапга қовушавермади. Кампир кечаги хатти-ҳаракатларидан номус қилиб, устанинг кўзига тик қараёлмай ўтирар, ўғил-қизлари ҳам миқ этишмас, афтидан, ана кетди-мана кетди бўлиб ётган чолнинг кутилмаганда соғайиб қолгани ҳаммани довдиратиб қўйган эди. Фақат, чол атала ичаётганидаги хўриллашгина ўртадаги жимликни бузиб турарди. Атала кетидан чойхўрлик бошланди. Яна жимлик. Гўё оғиз очса, кўнглидан кечгани очилиб қоладигандек, ҳамма саросимада. Ахийри, чол чидамади, жиғибийрони чиқди:

– Талқон ютганмисан баринг? Ё азага келганмисан бу ерга?! – дея чийиллаб берди.

Устанинг бу дағдағаси булоқ кўзини босиб қолган тошни илкис суриб ташлаган эди: дастурхон теварагидагилар бирдан тилга кирди. Кампир сигирининг бугун ҳар кунгидан дадилроқ сут берганини айтди.

– Лекин қимир-қимир қилавериб жонимга тегди, – деб қўшиб қўйди у. – Пақир энди тўлганида туртиб юборса бўладими…

Катта қиз, аксинча, сигири туғмаётганидан нолиди.

– Болаларим сут-қатиққа тўймаганигаям анча бўлди, – дея афсусланди.

– Қисир қолгандир-да, – деди кампир билағонлардек. – Бир йил увол кетади энди.

Уста бош қимирлатиб, кампирининг гапини маъқуллади, сўнг пиёлани дастурхон устига қўяркан:

– Эрингга айт, сотворсин, – деди. – Сотиб, пулига ёшроғидан бўлсаям, туғадиганидан олсин. Қисир сийирни боқдинг нимаю ем-хашагингга ўт қўйиб юбординг нима?

Шу билан сигир тўғрисидаги гап тугаб, суҳбат мавзуи далага кўчди. Кенжа ўғил Абдувоҳид шундай долзарб пайтда тирактирининг бузилиб ётганига ичи ачиб, вақтида эҳтиёт қисмлар топиб беролмаётган инжинирнинг гўрига роса ғишт қалади.

Уста ўғлининг қизиққонлигига бир оз маҳлиё боқиб турди-да, сўради:

– Чигит тушдими ерга?

– Экиб бўлганмиз-у, даштдаги ерлар шундоғича турибди-да ҳалиям.

Чол афсус дегандек бош чайқади.

– Асли, биргадиринг одаммас! Ҳов бирда унга айтганидим, даштгаям, оқтупроққаям, икки-уч йил бошқа экин экиб тур, синалмаган ерга чигит қадаб обрў орттирмайсан, девдим, билганидан қолмади.

– У қарталар бари бир ҳисобга кирмайди, ота. Ҳосили эски пилон бўйича кетаверади.

Уста қаршисида гўё ўғли эмас, маслаҳатини назарга илмаган ўша биргадир ўтиргандай, ёмон ўқрайди.

– «Кетаверади» эмиш, қилаётган меҳнатинг-чи, уям ҳисобга ўтмайдими? Қанча уруғлик хайф, қанча одам сарсон, олгани – бир ҳовуч нарса! Ҳе нодон, нодон-а.

Шу тариқа нонушта тугади. Чол қизларига жавоб бериб юборди.

– Бораверинглар энди, – деди у. – Далангга чиқ, мол-ҳолингга қара, мен тузукдайман, хавотир олмай кетаверинглар.

Ўзи эса, кенг, қора лас тўнига ўраниб, ташқари чиқди. Ҳеч кимнинг ёрдамисиз, қўлловисиз, ҳассага таянганича, ўзи чиқди. Эшик тагидаги супачада узоқ туриб қолди. Ёруғдан кўзлари қамашди. Кейин ҳовлисини томоша қилди, соғинган экан, кўнгли алланечук таскин топди. Ҳаммаси жой-жойида турибди-я! Ана, Абдувоҳиднинг тирактири, олдин қаерда бўлса, ҳалиям ўша ерда қантариғлиқ; ҳатто молхона туйнугидан чиқариб ташланган гўнг ҳам ўшандайича… Ҳовлиси, ўзининг макони, қадрдон манзара – булар бари бир бўлиб, уч ой, эҳтимол ундан ҳам ортиқроқ, чет бурчакда охирги йўлчилигини кутиб ётган, ва лекин, бугун негадир қачондан бери борлиғини ўртаб келган оғриқдан туйқус қутулган уста Собиталига ёқимли кайфият ато этди. Ниҳолларни қаранг! Ўтган баҳорда ўз қўллари билан тиккан эди. Э-ҳа, барг ёйибди! Тавба, нега буни дарров илғамади – кўклам-ку бу, ахир, кўклам! Далакўчадаги бир туп катта ўрик шиғил ғўра тукканга ўхшайди. Воҳ-ҳа!

Уста Собитали эҳтиётлик билан зинадан пастга тушди, ҳилкиллаб, чорвоқэшик томон қадам ташлади. Невараси Абдухалил чуғур-чуғур қилиб, унга эргашди. Чол кучи етганича уч-тўрт қадам босиб тўхтар, пича нафасини ростлаб, яна юрар эди. Абдухалил бувасининг атрофида пилдираб, уни тезроқ юришга ундарди.

Чорвоқэшикка етиб келишди. Чол ҳассасини деворга суяб, остонага чўкди. Абдухалилни ўзига тортди, тиззалари орасига олиб, суймоқчи бўлди. Бола қоқсуякка айланиб қолган бу вужудга яқинлашишдан чўчидими ёки устадан келаётган қўланса ҳид кўнглига ўтирмадими, бир силтандию қўлдан чиқиб, далакўча ўртасидан чопқиллаб кетди. Ҳовлиққанидан йиқилиб тушди, турасолиб яна чопди. Уста бир нима дейишга ҳам улгурмади. Невараси ортидан тикилиб қоларкан, хаёли қочди. Қачонлардир ўзи ҳам бола бўлганини, мана шунақа шаталоқ отиб, тупроқларга беланиб ўйнаганларини ҳузур қилиб эслади.

Ёшлигида дадаси билан онаси уни «Вой менинг тегирмончи ўғилгинам»; «Тегирмон, тегирмон, ўйинқароқ боламан», деб эркалатишар эди. Чанг-тўзонга қарамай, куни билан кўчаларга думалаб ўйнаган Собиталининг афт-ангори кечга бориб тегирмончиникидек бўларди-қоларди-да. Эҳ-ҳе, у даврлар… Собитали ҳам бола, кичкинагина болача эди, ахир! Ишонгиси келмайди кишининг. Энди-чи?

Уста Собитали уч ой қандай касал билан оғриганини ҳам билмайди, шунинг учун бировга нолимайди. Қариди энди, тамом-вассалом! Туғилган эди, яшади, қариди, мана энди ўлиши керак – бунинг нимасидан нолийди? Кимга нолийди? Унинг ўлиб бораётганини ўғил-қизлари билмайди дейсизми – билади! Лекин нима қила оларди улар? Мана, масалан: ўзининг ота-онаси бормиди? Бор эди. Уларнинг ҳам ота-оналари бўлганми? Бўлган. Қани у инсонлар? Энди йўқ, ҳаммаси ўлиб кетган, демак, навбат унга етди, у ҳам уларга қовушиши керак – ҳаёт шу-да!

Уста билади, ўлим қачондан бери остонаси остида пусиб ётибди, вақт-соатини кути-иб. Лекин қўрқмайди, хотиржам тутади ўзини. Ора-сира ҳушига келсагина ўйлаб қолади, ҳаётнинг, ўлимнинг тубига етишга ҳаракат қилади, етолмайди. Билгани – Тангрининг қонуни шу – одамлар бу дунёда алмашиб туради… ва охири бориб бир ерда тўпланади. Билади-ю, сира кетгиси келмайди. Инсон-да. Чексиз яшагиси келади. Ҳатто бир сафар, қани энди умрнинг ҳар кунини яшаб бўлгач токчага тахлаб қўяверсанг-да, керак бўлганида истаганингни олиб қайтадан бир яшаб кўрсанг, деб орзу ҳам қилган. Тавба, жинни бўлмаса, оппоқ соқолли кап-катта одам шунақа орзу қиладими! Лекин, фақат бир сафар шундай ўйлади, ўшанда ҳам, қачон эсига тушса, ўзидан кулиб юрди…

Ёнгинасида жаранглаган овоздан чол ҳушига келди.

– Катта, ғўра оберинг, кў-ўп ғўра оберинг, катта, – дерди Абдухалил тинмай.

Уста кўзини бир юмиб очди.

“Хаҳ, хаёл қурғур одамни не ёқларга бошламайди!” деди. Кейин, боланинг илтижо тўла нигоҳига дош беролмай, ерга қаради.

– Дармоним йўқ, болам, каттанг қариб қолган энди. Муни қара, оёқ-қўлим қалтираб ётибди.

Боланинг бу билан иши йўқ эди, яна хархашасини давом эттирди:

– Олиб беровринг, катта, би-ир тош отинг……

Кўнгли чўкди: «Болада нима гуноҳ? Унга ғўра керак! Ғўрани мен олиб беришимни истаяпти».

Уста энди деворга тармашган ҳам эди, дарвоза олдида енгил машина тўхтагандек бўлди, шу заҳоти сигнал эшитилди.

– Ана, амакинг келди, – деди чол неварасининг хаёлини ғўрадан чалғитиш учун. – Чоп, дарвозани оч!

Абдухалил «Амаки!» деб қичқирганича кўча томон учди.

Уста Собитали сезган экан: дарвоза очилиб, Ҳомидвой кўринди. Абдухалил унга осилиб олиб, чорвоқэшикни кўрсатиб, нималардир деди, ўғли тўғри шу томонга келаверди. Яқинлашган сайин эсанкираётгандек қадами сустлашди. Қиёфасида ҳам ташвиш, ҳам ажабланиш аломатлари: одатда, ҳар балони хаёлига келтиргану кутганининг аксига дуч келган одамнинг қиёфаси шу хилда бўлади.

Ота-бола ҳол-аҳвол сўрашдилар.

– Болларинг қани, опкелдингми? – деб сўради уста дарров.

– Ўзим келдим, ота, йўлим тушган эди, келавердим, – деди Ҳомидвой,

Уста Собитали ёш боламиди, сезмаса? Ўғли ҳовлига кириб келганидаёқ сезди: «Ҳа, кампир-а, кампир…» деб қўйди, лекин билмаганга солди ўзини.

– Ётаверган билан ёғи чиқармиди, болам, – деди у ўғлининг ҳалиям нимадандир ийманиб турганини кўриб. – Қарасам, бугун пича тетикман, бекорчидан Худо безор, деб… ҳам ёруғ дунёга чиққим келди… Бор, онанг биланам кўришиб чиқ. Уканг далада, келин иккаласи.

Ҳомидвой қайтиб чиққанида отаси эшик кесакисига суяниб ўтирар, қаршисида бир киши турар эди. Қараса, Тўрақул деган ҳамқишлоғи. У далада сувчилик қилади, Ҳомидвойдан бир-икки ёш катта – элликлар чамасида, лекин ориқлигидан хийла қари кўринар эди.

Қуюқ салом-аликдан сўнг Ҳомидвой уйга кириб эски шолча, иккита тўшак, ўроғлик дастурхон кўтариб чиқди. Сал ўтиб кампир чой келтирди – жойни шу ернинг ўзига қила қолдилар.

– Узо-оқдан кўзим тушди, – дерди Тўрақул, – қарасам, остонада кимдир ўтирибди. Наҳот Уста акам бўлсалар, дейман… Худога шукр, тузалиб қопсиз, куч-қувват берсин! – Кейин Ҳомидвойга юзланди. – Чўллардан сўрасак? Бахайр, кепқопсан? Деҳқончилик бўляптими? Жир битдингми дейман, жа камнамосан, а?

– Қайда, Тўрақул ака, совхозди ишидан қўлимиз энди бўшади. Ҳеч нима экканим йўқ ҳали. Кўрамиз-да, қовун-тарвуз бўлмаса, мошми, ерёнғоқми…

– Ҳа, тузук. Қаерда юрмасин, деҳқончилик қилган ютади. Ота-бувамиз деҳқон ўтган, биз ҳам шундан нон-насибамизни териб юрибмиз-да, нима дедингиз, Уста ака?

– Кам бўлманг, Тўрақул, тўғри гапирдингиз. Умримиз деҳқончилик билан ўтди, унча-мунча уй қуриб, устачилик қилганимиз билан, тагини суриштирсангиз, бари бир деҳқонмиз! Ҳар кимнинг насибаси ўзи билан яралган, бизники ерда, Тўрақул, ерда!.. Нондан олинг, Тўрақул, майиздан қўшиб олинг.

Тўрақул уч-тўртта майизни «пуф-пуф»лаб оғзига солди, чой ҳўплади, лунжидагини ютиб бўлиб, деди:

– Ўлманг, Уста ака! Одамдан нима қолади – мўмин-қобил фарзанд билан ҳалол меҳнати-да! Қишлоқдаги тўртта уйдан биттасига сизнинг қўлингиз теккан, Уста ака. Эсингизда бўлса, уруш тугаб пронтдан қайтиб келгансизу биринчи бизнинг уйни қургансиз, буларни унутармидик, ахир! Эсингиздами?

Уста ширин энтикди.

– Эсимда, Тўрақул, эсимда. Уйда ҳеч қанча ўтирмовдим ўшанда. Ёз эмасмиди, далада иш бошдан ошиб ётибди, одам йўқ. Эртасигаёқ уйга раис кириб келди. «Ҳа?» дейман. Уялади бечора, чайналади. «Шу… соғ-омон қайтибсан, мана… раҳмат! Энди у кунларни кўргилик қилмасин…» дейди-ю, бу ёғини айтолмайди. Ўзим сездим: ишга чиқдим – калхўзда аравасоз эдим-да. Уйларингни ўша пайтлар қурганмиз, эсимда. Унда мана бунақа ҳайбаракалла уйлар қаёқда эди, тўрт томонига тўртта ёғочни тикка қилиб, теварагини девол билан уриб қўяқолардик. Мўйловларинг чиқмаган эди унда, Ҳомидвой иккалаларинг менга кечалари ёрдам қилардиларинг. Дадангиз сизни шогирдликка ҳам бермоқчи бўлган бирда.

– Сизга шогирд тушсам, афсусланмасидим, Уста ака, мана, ўша қурган уйингиз ҳалиям турибди, шувоғиям кўчмаган.

Уста Собиталининг кўнгли эриди, таъби очилди. Қурмағур Тўрақул одамни гапга солишни зап билади-да!

Шувоқ тилга олингани уста Собиталига бошқа нарсани эслатди. Боя ташқарига чиққанидан бери ўй суриб, баъзи бир режаларни тузиб қўйган эди, шуни Тўрақулга айтгиси келди.

– Шу уйнинг биқинига равон қурмоқчи эдим. Бир йилдан ошди кўчиб ўтганимизга, ҳали шувоғи битмаган, денг, Тўрақул.

– Қанақа шувоқ қилмоқчисиз?

– Бунинг укаси қумшувоқ қилайлик деяпти, билмадим энди.

– Менга қолса, Уста ака, сомоншувоқ қилинг. У-бу деймиз-у, бировиям ўзимизнинг шу сомоншувоққа етмайди! Бўлмаганда, ичкарисига сомон уринг: уйни иссиқ тутади, ҳам мустаҳкам.

Устага бу фикр маъқул тушди.

– Майли, гапингиз гап, Тўрақул! Ўзим ҳам шуни кўп айтаман-у, ҳозиргининг болларига бир нима уқдириб бўладими… Ҳа, энди бу ёғини эшитинг: равоннинг рўпарасига қатор қилиб олча экувдим, ҳаммасини қирқиб, гилос улайман, ҳар туридан. Айтганча, кўчат вақти ўтмадими?

– Пича ўтиб қолди-ёв. Нимайди?

– Девол тагига терак кўчат айлантираман. Қарабсиз, беш-олти йилда одам бўпқолади. Терак қадрини уй қурган билади, Тўрақул.

Тўрақул эринмай устанинг ҳар бир гапини маъқуллаб турар, бунга сари Ҳомидвойнинг энсаси қотар эди. «Эшитган қулоқ нима дейди? – дея хаёлидан кечирарди у. – Минг қилгандаям, Тўрақул – бегона. Дўстми, душманми – Худо билади. Ўзинг ликиллаб, бир аҳволда турибсан-у, нафасинг оламни бузади, бунинг ўрнига охиратингни ўйласанг бўларди, демайдими?.. Шунча иш бор экан, ахир, тўртта бирдай жон – биздан қолмас!»

Тўрақул кетгач, пешинга яқин уч-тўртта қари-қартанг устани йўқлаб чиқди. Жойни ичкарига кўчирдилар. Келганлар устанинг қурдошлари эди, у ёқ-бу ёқдан олиб, бир соат ўтиришди – бу дунёнинг ўткинчи эканини гапиришди, нариги дунёнинг муқаррар азоб-уқубатини гапиришди. Жаннатлардан умид қилишди. Пайтини топиб, уста Собитали сувчи Тўрақулга айтганларини буларга ҳам қайтарди. Кимдир маъқуллади, кимдир рад қилди, кимдир бошқача маслаҳат берди. Кейин ҳамма тарқалди.

Бу кун шундай ўтди. Кеч бўлди. Отасининг ранги рўйидан кўнгли тинчланиб, Ҳомидвой ҳам чўлга қайтиб кетди.

Ётаролди устанинг чап биқинида санчиқ турди. Сезилар-сезилмас. Лекин кайфияти ҳамон эрталабгидек эди. Чироқни ўчирмади. Уйқу қаёқда, дейсиз. Ўрнини янгилаб қўйишибди: яхши! «Уй битса, бўйнимда Абдухалилнинг чиброни турибди, – деб хаёлидан кечирди у, юмшоқ кўрпага чўкаркан. – Худо хоҳласа, ниятларим катта ҳали! Новвойларни Исфарадан опкеламан, қулинг ўргилсин нон ёпади-да азаматлар! Лекин ҳаммасидан олдин уйни шувоқдан чиқаришим керак…»

Шувоқни ўйлаши билан калтакесак эсига тушди. Калтакесак унга кечаги тушини эслатди. Ё тавба, кундузи лоақал бир мартаям хаёлига келмабди-я! Тушда кўрган-кечирганлари энди кўз олдидан лип-лип ўта бошлади: кўм-кўк, сокин боғ… оппоқ яктак-иштон… оёқ остида момиқ майсалар… ерда юрибсизми, қанот қоқяпсизми – билмайсиз… Жаннат, ҳақиқий жаннат эди у!

«Жаннат» дейиши билан уста пашшаларни эслади, афти буришди. Ғижиниб, бу нохуш хаёлни миясидан қувиб юбормоқчи бўлди. «Жаннатда пашша нима қилади?! – дея ўзини овутишга тушди. – Айтгандай, пашша, ахир, деразада ғинғиллаган эди-ку! Ҳа, ҳа, ўзимизнинг деразада, жаннатда эмас!»

Уста Собитали дераза томонга астойдил қулоқ тутди: жимжитлик. Йўқ, ғинғиллаяпти шекилли, ғира-шира эшитиляпти ҳам, ана – ғи-и-инг… ғи-и-инг… Эмаклаб, дераза яқинига борди, титроқ кирган қўллари билан пардани силжитди. Бироқ пашша энди бу ерда эмас, узоқ-узоқларда ғинғиллаётганга ўхшарди. Уста деразанинг ҳар бир кўзини синчиклаб қараб чиқди ва… бурчакдаги шапалоқдек ўргимчакуяга ўралиб-чатишиб ётган катта қора пашшани кўрдию ҳалак жонига ором қўнгандек, ҳатто ғира-шира ғинғиллаётган товуш ҳам бирдан тингандек бўлди.

«Хайрият-э! – дея ўзига ўзи таскин берди у. – Кеча ўлимимга минг марта рози қилиб юборувдинг-а, касофати!..»

Уста яна ўша тушини қўмсаб, секин орқага эмаклади.

 

***

 

Кампир саҳарда уйғониб, чироқни ёқди. Одатдагидек, чоли ётган томонга – уйнинг тўрига ўғринча қараб қўйди. Лекин бу гал кўзини дарҳол олиб қочмади, узоқроқ тикилди ва даҳшатдан қотди.

Уста Собитали хонанинг қоқ ўртасида, кигиз устида, совуқдан қунишгандек тиришиб, ўлиб ётар эди.

 

1983

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*