Мен бу можароларни ёзмаслигим мумкин эди. Аввалига Алишер Навоий ҳазратларининг қутлуғ тўйлари кунларида нохуш воқеаларни эсласак қандоқ бўларкин, боз устига, гапларимдан тиланчиликнинг ҳиди келиб турибди дегандек истиҳолалар бу йўлдан каминани озгина қайтариб ҳам турди. Сўнг бошқа мулоҳазалар хаёлга келди: ахир масала пишиб етилган бўлса, уни ошкора муҳокама қилиб олиш лозим эмасму? Балки, бир «Лайли ва Мажнун» бошида кечмаётгандир бу можаролар ва унинг ошкор этилиши кўпчиликка наф етказар? Хуллас, шу каби андишалару дўстларнинг далдаси ила қўлга қалам тутдим.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
«Лайли ва Мажнун»ни кино қилса бўларкан деб дастлаб бундан олти йиллар нарида хаёлимдан кечган, аммо ўшанда фаришталар омин деб қўйганию бу иш келиб-келиб ўзимнинг бўйнимга тушиши у пайтлар етти ухлаб тушимга кирмаган эди.
Бу достон ниҳоятда гўзал бўлишидан ташқари, манзаралари ғоят кўримли. Ҳазрат уни атай кинобоп қилиб ёзгандек, буни кўзгули тасвирга ўгириш оппа-осондек кўринган. Нимага киночилар шу дамгача эътибор қилмадилар экан деб ўйлаган эдим. 1990 йил бошларида «Хамса»ни қайта ўқиётган чоғим асар мени баттар асир этди. Айниқса, кўтаринки услуби! Айниқса, Лайли ва Мажнун муносабатларининг бениҳоя назокату фасоҳатли экани! Айниқса, муомала йўсинлари! Айниқса, илоҳий ишқ тасвирлари! Айниқса, Алишер Навоий ҳазратларининг Тангри таолога бўлган ишқлари баёни! Айкиқса… Эски хаёл яна қўзғалди ва энди тинчлик бермай қўйди. Аввалроқ бир ссенарий ёзиб киночиликка аралашиб қолганим боисми «Лайли ва Мажнун»га-да камина уриниб кўришга аҳд қилдим. Ниятимни режиссёр ва машҳур тасвирчи Ҳотам Файзиевга айтдим. Маъқул келди. Ёзишга киришдим.
Азизлар, гапнинг даромадини батафсилроқ сўзлаётганимнинг сабаби шуки, бу асарга шунчаки қутлуғ сана муносабати ила қўл урмаганимга эътиборингизни қаратмоқчиман. Аслида, 550 йиллик тўйга тўғри келиб қолиши мутлақо тасодиф (балки қонунийдир, валлоҳи аълам). Даврнинг бунақа тус олиши, жамиятнинг алмойи-жалмойи муносабатлари кўнгилга бўлак нарсаларни истатди.
Атрофингизга қаранг, ишқ нима, ишрат нима – фарқи қолмади. Ишқ илоҳий либосини ечди, ишрат яланғоч ҳолда кўчага чиқди, айниган жамият унисига-да, бунисигада кўнди. Ҳаром ҳалолни енгиб, фаҳш ила никоҳсиз турмуш қуриб олди-да, мана энди сиз билан бизнинг кўз ўнгимизда ўзларидан кўпайишиб, ували-жували бўлиб ётишибди, во дариғ! Бундай пайтларда инсонликнинг тоза нуқталари ғуборликдан диққинафас бўлмайдими? Қадриятлар ўзгариб, маънавият ўлчовлари бузилиб, издан чиқиб, экранларимизни ахлоқан бузуқ, яланғоч, шармсиз филмлар, фаҳш ва зўрликни тарғиб этувчи олди-қочди асарлар эгаллаб олган бугунги кунда маънавий диди хўрланган, ўзлиги поймол этилган мусулмон халқимизга ҳазрат Навоийдан бир тоза ҳаво, пок туйғулар тақдим этишни орзулаган эдик. Замондошларимиз эътиборини боболаримиз руҳий ва маънавий дунёсига қаратмоқчи бўлган эдик, холос.
Аммо афсуски… Шу маънода афсуски, миллий қарашларимизга, ўзлигимизга зид айрим филмларга бемалол топилаётган маблағ негадир «Лайли ва Мажнун»га қарийб бир йилдан бери топилмай турибди! «Ўзбекфилм»нинг тутиб олган асосий баҳонаси – «халқ ҳозир бунақа филмларга кўп тушунмайди, сарфлаган маблағимизни қайтиб ололмаймиз, куйиб қоламиз…» Агар ўзларингиз тарбиялаб вояга етказган «халқ»ни назарда тутаётган бўлсангизлар, сизлар ҳақсизлар, қадрли «ўзбекфилм»чилар, дегимиз келади-ю… ҳай, майли, деб тилимизни тишлаймиз. Ўрнига ожизона: «Томошабинни шунақа тоза филмларни ҳам кўрадиган қилиб тарбиялашимиз лозим эмасми?» деб ғўлдираймиз. Ҳолбуки, дод дейишимиз керак!
Ссенарий хусусида бир-икки маълумот: киноқисса 1990 йилнинг сентабирида тайёр бўлиб, «Ўзбекфилм»га топширилган, ўктабирда «Юлдуз» ижодий уюшмасида Бадиий кенгаш муҳокама этиб, қабул қилган. Бироқ Навоийшунос олим Азиз Қаюмовнинг ижобий тақризи ва «зудлик билан суратга олишни бошлаш лозим!» деган тавсияномаси ҳам, ёзувчи, кинодраматург ва режиссёр Фарҳод Мусажоновнинг саъй-ҳаракатлари ҳам ишнинг силжишига таъсир этмади. Уюшмада «Навоий буюк, «Лайли ва Мажнун» зўр асар, ссенарий ҳам ёмон эмас, аммо… бизда пул йўқ» дейишдан нарига ўтишмади. Сўнг қўлёзма Ўзбекистон Маданият вазирлиги, жумҳурият телерадио Давлат қўмитасини, Ўзбекистон (собиқ) Вазирлар кенгашини, у ердан Молия вазирлигини… бир меъёр айланиб келди ва барибир қуруқ қайтди. Ҳа? Пул йўқ!
Уч ой ўтди. Билдирилган фикрлар асосида асар қайта ишланди ва энди «Ватан» уюшмасининг Бадиий кенгаши муҳокамасига қўйилди. Машҳур режиссёр Мелис Афзалов, киношунос олим Ҳамидулла Акбаров, кинодраматург Рихсивой Муҳаммаджонов ва яна Фарҳод Мусажоновлар бир овоздан мақтаб ссенарийни қабул қилиб олишди. Ҳамидулла Акбаров тиливизирдан бутун жумҳуриятга эълон қилди, ёрдам сўради. Аммо… тағин ўша муаммо – пул йўқ. Энди у ортиқча харажат сарфланиб ўрисчага шошилинч таржима этилиб, Масковга йўлланди. Яна икки қўли бурнида қайтиб келди.
Орадан тағин тўрт ой ўтди. Ниҳоят, тоқат тоқ бўлиб, Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасига, шахсан мутасадди Эркин Самандаровга учрашишга мажбур бўлдик. Ссенарийни ўқиб кўришга ваъда қилиб олиб қолди. Кейин билдик: қўлёзма Эркин акага маъқул бўлибди, Молия вазирлигига «ижобий ҳал этилсин», деб топшириқ берилибди.
Аммо энди негадир ссенарийнинг тақдири «Кинематографчилар уюшмаси»нинг раиси Малик Қаюмовга боғлиқ бўлиб қолди. У киши фикрларининг лўндаси бундай: “Ссенарийни мен айтгандай, менга ёқадигандай қилиб ишлаб берасизлар, қисқартирасизлар, шундан кейингина «добро» бераман…» Ҳатто: «аввалги «Оқ бино оқшомлари» киноларингни мен айтгандай қилиб ўзгартирмаган, қисқартирмаган эдиларинг, мана, биз уни ҳеч қанақа кўрик-фестивалларга юбормадик», деб юбордилар.
Қайта ишлаш асарнинг янада яхшиланишига фойда берадиган бўлса, ишламаган ҳам номард, деб тағин қайта бошдан (эҳтимол ўнинчи мартадир) ёзиб чиқдик. Энди олдимизда янги (эски!) муаммо чиқиб турибди. Биз-ку, уни эринмай қайта ишлайверамиз, аммо «Кинематографчилар уюшмаси»дагилар ё «Ўзбекфилм»дагилар тушунишлари учун ҳар гал ўрисчага таржима қилолмаймиз-ку! Ёки кимнинг яна қандай инжиқлигини кўтаришимиз керак?!
…Шунча ҳасратни ўқиб туриб, айрим муштарийларда «Рухсат бўлмабди, пул топилмабди, битта нарсанинг кетидан чопаверасизларми, ташлаб қўйинглар, бошқа нарса ёзаверинглар-да», деган фикр уйғонган бўлиши ҳам мумкин. Бир ҳисобга тўғри. Ўзимиз ҳам «Ўзбекфилм»га: «Ҳайф сизларга Алишер Навоий! Ҳайф сизларга «Лайли ва Мажнун»! Ҳайф шунча саъй-ҳаракатларимиз!» деворгимиз келиб турибди-ю, тағин… одамга алам қиларкан-да.
Нуруллоҳ МУҲАММАД РАУФХОН
“Муштум” журнали, 1991йил, 17-сон (сентябр)
Leave a Reply