Маданият мезонлари

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон элимизнинг таниқли зиёлиларидан. Адиб, таржимон, хассос мақоланавис. 1955 йили гўзал Фарғонанинг Ўзбекистон туманида таваллуд топган. «Исломий маданият» ҳафталик газетининг бош муҳаррири. Уч насрий китоб муаллифи. Икки ўғил, икки қизнинг отаси. Рафиқаси – уй бекаси.

 

Бисмиллаҳир раҳмонир роҳийм.

Бирор-бир халқнинг ёки бирор-бир минтақанинг маданияти ҳақида сўз юритиш учун, аввало, «маданият» тушунчасининг ўзини ойдинлаштириб олиш лозим. «Маданият» сўзи ҳозирги пайтда бизнинг халқимиз учун энг чалкаш, энг тушунарсиз бўлиб қолган. Нимага? Чунки, менингча, мезонлар – ўлчовлар ўзгариб кетган. Ўзимизнинг қадриятларимизни ҳам ўзгаларнинг тарозиси билан ўлчайдиган бўлиб қолганмиз. Ҳолбуки, ўлчов, яъни мезон халқларни бир-биридан фарқлантириб туради.

 

Ўз нуқтаи назарига эга халқ ўзлигини кучли сақлаган халқлардан ҳисобланади. Мезонни йўқотган, тарозисини ўзгалар қўлига бериб қўйган халкнинг истиқболи йўқ. Ундай халқ, қулликка ва хорликка дучор бўлади. Шу кунги аҳволимиздан хулоса чиқарадиган бўлсак, биз кейинги юз йил давомида ўзининг асл мезонини мажбуран ва изчил йўқотиб борган, бошқасига алмаштирган, ўзлигини унутаёзган халқмиз. Ўзлик масаласида биз ҳозир аросатдаги халқмиз.

Хусусан, маданиятни тушунишда, унга муносабатда тамоман издан чиқиб кетишимизга сал қолган эди.

Маданият сўзи арабча сўз бўлиб, «мадина»дан келиб чиққан. «Мадина»дегани эса шаҳар демакдир. Қадимги Ясриб шаҳри Ислом динини қабул қилгач, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ва у зотнинг издошларига ватан бўлгач, «мадинатул набавийя», яъни «пайғамбар шаҳри» деб атала бошланган. Ҳозирда қисқача «Мадина» дейилади. Бизнинг тилимизга эса бу сўз умуман шаҳарга ва шаҳарликларга хос турмуш тарзининг ифодаси сифатида кириб келган. Ҳозирги замон ўзбек тилида «маданият» сўзи оврупача «култур» сўзи ифодалайдиган маъноларни англатувчи умумлашма сўз даражасида қўлланилади.

Яратилган китоблар, қурилган шаҳарлар ва ҳоказо шунга ўхшашлар, шубҳасиз, маданият намуналаридир. Лекин маданият фақат шулардангина иборат эмас. Инсоннинг ҳар бир хатти-ҳаракати, юриш-туриши, бир-бирига муомаласи, урф-одати, кийим-кечаги, табиатга, ўзга халқларга муносабати ҳам айни маданиятдир. Юз-қўлни ювиш тартиби ҳам, дастурхон теварагида ўтириш одоби ҳам, ота-она билан фарзандларнинг ўзаро муомала-муносабатлари ҳам ва ҳоказо ҳаммаси йиғилиб, бир халқнинг яхлит маданиятини ташкил қилади. Хўш, мана шуларни эътиборга олиб, бизнинг халқимизни маданиятсиз деб бўладими? Асло! Аммо, афсуски, оврупача, амриқоча ялтироқ ҳаётни маданиятнинг асл намунаси деб ўзимизнинг миллий ҳаёт тарзимиздан, яъни маданиятимиздан жирканадиган, бурнини жийирадиган кимсалар ўзимизнинг ичимизда ҳам кўп. Бундай хато муносабат бизга қаёқдан келгани маълум. Бизнинг ўзимизга хос маданиятимиз оврупалик калондимоғларнинг мезонига тўғри келмагани учун бизни маданиятсизга чиқариб қўйишган эди. Юз ўттиз йил ичида, айниқса, кейинги олтмиш тўрт йил ичида бу уйдирмага ҳатто ўзимизни-да ишонтира олишди. «Ўрусия Туркистонни қўшиб олиб, саводсиз ва зулматли бу юртга юксак маданият ва илм-фан олиб келди», деган мустамлакача фикрлар миямизга ҳар куни қуйилди. Империячиларнинг итялоғидан кун кўриб келган кўпгина тарихчиларимиз қулликдан фазилат ахтариб, тўқиб чиқарган ғирт бемаъни, сохта ва ёлғон гаплар эди булар! Аслида эса, бизга маданият эмас, маданиятнинг ўрисча мезони олиб кирилди. Минглаб йиллар давомида бизнинг муслим халқимиз тўплаган бой маданият «зарарли», «эскилик сарқити», «халққа ёт» деб эълон қилинди ва унга қарши кураш олиб борилди. Маданият олиб келганини даъво қилаётган халқ, агар у чиндан ҳам маданиятли бўлса, ҳеч қачон ўзга халқлар маданиятини топтамас эди, иморатларини бузмас эди, китобларини ёқмас эди, олим ва зиёлиларини қирғин қилмас эди, урф-одатларига қарши ўт очмас эди, тилини сиқиб қўймас эди, тарихини сохталаштирмас эди ва ҳоказо… Бизда нима бўлди? Бизда бунинг акси рўй берди. Шундан ҳам хулоса қилса бўладики, бизга маданият олиб кирилмади, балки ўзимизнинг маданиятимиз суриб чиқарилди ва ўрислаштириш сиёсати юргизилди холос. Асрлар давомида шаклланган, мукаммал ҳолга келган ва шу мукаммаллиги билан жаҳон халқлари орасида халқимизни муносиб ўринга чиқарган бир маданият атай йўқолиб, ўрнига ўрисча ёки оврупача маданият зўрлик ва айёрлик билан киритилса, бу ҳолнинг нимаси ижобий? Бу аянчли кечмишимизга тарих ҳали ўзининг одил баҳосини беради, иншооллоҳ! Мен минг йиллик маданиятимизнинг сарчашмасини Ислом дини деб биламан. Ислом дини ер курраси халқларининг ҳаётини, турмуш тарзларини тубдан ўзгартириб юборди. Ҳатто Ислом динини қабул қилмаган юртларда ҳам исломий маданиятнинг катта таъсирини бугунги кунда ҳамма кўриб-билиб турибди. Ислом дини, ичимиздаги кўпчилик сохта ватанпарварлар ўйлаганидек, арабларнинг миллий дини эмас. Бинобарин, исломий маданият ҳам арабларнинггина маданияти эмас. Бу дин бутун инсониятни тўғри йўлга солиш ва бутун инсониятни бахт-саодатга эриштириш учун юборилган диндир. Бу дин таъсирида шаклланган маданият ҳам арабларнинггина миллий маданияти эмаслигига шу нарса далилки, Тангри таоло пайғамбаримиз Муҳаммад (салоллоҳу алайҳи васаллам) воситачиликларида Қуръони каримни тушира бошлаганда араблардақа ёввойи ҳаёт кечирадиган халқ камдан кам эди. Ислом уларнинг мана шу ёввойи-ваҳшиёна турмушларини маданий бир ўзанга бурди, аввало арабларнинг ўзини юксак камолотли қавмга айлантирди. Бошқача айтганда, арабларнинг ўша ёввойи ва саҳройи турмуш тарзлари ислом дини таъсирида бутунлай бошқа ўзанга тушди.

Ислом бизни маданиятнинг чўққисига чиқарди. Биз руҳни, қалбни энг олий зотга – Тангри таолога боғлаш орқали юксак камолотга эриша олдик. Биз руҳни, қалбни Тангри таоло ёрдамида буткул қайта тарбияладик, покладик. «Ла илаҳа иллаллоҳ», деб Тангригагина сиғинишимиз ва Тангридангина қўрқишимиз бизни ҳар қанақа иллатлардан тўсадиган, иҳота қиладиган бўлди. Инсоний меҳр-муҳаббат, ўзаро мурувват, ишонч, оқибат, ҳалоллик, ростгўйлик, жасорат, фидойилик, хуллас, кишилик жамияти учун энг зарур бўлган барча яхшиликларга муяссар бўлдик.

Мен ўрис босқинчилари юртимизга келмасидан бурун ҳаётимиз жуда гўзал эди деган фикрдан йироқман. Мен фақат айтмоқчиманки, Ислом динига тўкис риоя этган даврларимизда халқимиз маданиятнинг ҳамма жабҳаларида беқиёс юксакликларга кўтарилди, аммо диннинг асл моҳиятидан узилиб ёки уни тобора тор тушуниб, аста-секин хурофоту бидъатларни дин ўрнида кўриб, ҳаётда шуларнинг кетидан юра бошладигу жамиятда бузилишлар рўй берди. Тараққиётдан ортда қолдик, ўсмай қўйдик, бора-бора жаҳолат ботқоғига ботдик ва охири юртни ҳам бой бердик. Мана, энди мезонни ҳам йўқотдик, ўзимизни ўзимиз танимай қолдик, ўзимизнинг қадриятларимиздан бегонасирай бошладик, имон-эътиқод кўтарилгач, берсанг ейман, урсанг ўламан, деб тек тураверадиган ҳолга тушдик. Нақадар аянчли, нақадар фожиали ҳол!

Лекин ҳали қайтишимизга умид сўнгани йўқ. Ислом дини, исломий маданиятимиз ва тарихимиз ёрдамида руҳ ва қалбларимизни қайта тарбиялаб, ўзимизни тўғрилаб олишимизга ҳали ҳам имкон бор. Бунинг учун яна қайтараман, ўзимизнинг асл мезонларимизни бақувват қўлларимизга олишимиз керак. Ҳақни ноҳақдан, яхшини ёмондан, маданиятни маданиятсизликдан ажрата билишимиз зарур. Ҳаммамиз тушуниб олишимиз керакки, кўча-кўйда калта иштонлар кийиш ё ҳамманинг олдида оғиз-бурун ўпишишлар маданият белгиси эмас, балки ораста кийиниш ва яхши хулқ маданиятдир. Юрагида ва баданида бор нарсани кўз-кўзлаб юриш маданиятдан эмас, ўзини бегона кўз ва қинғир ўйлардан эҳтиётлаш маданиятдир. Кечаси ётар олдидан кўнгилга яхши ниятлар тугиб, яхши дуолар ўқиб ётиш маданияти мусулмонлардан бошқа қайси халқда бор! Эрта билан юз-қўлимизни ювгач, ота-онамизга саломга киришга ўргатилганмиз – бу маданият эмасми? Овқат маҳали кўп сўзламаслик, катта ёшдагилар суҳбатига ҳадеб аралашмаслик, кўчада ҳатто бегоналар билан ҳам салом-алик қилиш сингари одатларимиз маданият бўлмай нима? Бизнинг оила қуришда, фарзанд тарбия қилишда, таълим беришда ўзимизга хос маданиятларимиз бор эди, лекин бировларнинг тарозисига солиб кўриб, буларнинг ҳаммасини маданиятсизликка чиқариб қўйдик. Кўпчилик олдида ва жамоат жойларида бурун қоқиш бизда ўта маданиятсизлик саналарди, ўрислар ёки бошқа оврупаликлар учун бу одатий ҳол экан. Уни кескин рад қилиш ўрнига, биз ҳам бора-бора шу одатга ўта бошладик. Нутқимиз тоза эди, шалоқ сўзларни аралаштириб гапириш муслим элимизда гуноҳ эди, бизга «маданият олиб келганлар»да бу ҳам одатдаги ҳол экан. Мана, натижада шалоқ сўзлар уйда ҳам, кўчада ҳам, бозордаю уловлар-да ҳам, ҳамманинг қулоғи остида варанглатиб айтиладиган бўлиб қолди. Халқимиз сувга ҳатто тупурмасди, кўчасини тоза тутарди. Аёл номаҳрам эркакнинг кўзидан қочарди, эркакларимиз бегона аёлга тикилиб қарамасди, эндиликда уйда эр ё хотин ва бола-чақа туриб, бир-бирларининг юзларига тамаки тутунларини бурқситиб жазманбозлик қилишни қарийб маданият белгиси деб талқин этишади. Арақхўрликни-ку, асти қўяверинг. Эркак тугул ҳозир бирон-бир ичадиган аёлга ҳам «Аёл бошинг билан нега арақ ичасан?» деб бўлмайди. Бир қараганда, булар майда гапларга ўхшайди. Бироқ мана шу майда нарсалар қўшилиб, халқнинг маънавий қиёфасини, умумий маданиятини белгилайди. Бу масалада Ислом дини ҳар жиҳатдан ибратли. Ислом киши ҳаётининг майда-чуйда, икир-чикирларигача кириб боради, ёмонларини рад этади, яхшиларини ривожлантиради. Куръони карим оятларини, пайғамбаримизнинг ҳадисларини синчиклаб ўқиб чиқинг: инсон ва жамият ҳаётига хос бирон-бир муаммо ёки жабҳа назардан четда қолганми? Йўқ! Асло! Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сўнгги пайғамбар, Қуръони каримнинг инсониятга юборилган сўнгги йўл-йўриқ эканига шу ҳолнинг ўзи энг ишончли далиллардандир.

Энди, бир қараганда беозор бўлиб туюладиган, аслида эса ўзлигимизга зид ва кулгили ҳодисалар ҳақида ҳам икки оғиз сўз юритсак.

Масалан, юртимизга келган катта-кичик меҳмонни нон-туз билан кутиб олишни олайлик. Бунга ҳозир кўпларимиз эътибор бермай қўйганмиз. Лекин инсоф билан айтайлик: қайси ўзбекда ё қайси мусулмон халқида шундай одат бор? Икки четига гул солинган сочиққа нон, нон устига туз қўйиб, меҳмонга пешвоз чиқиш ўрисларнинг одати ва улар ўзларининг шу миллий одатини давлат мавқесига ҳам кўтарганлар. Хўш, нега биз ўзимизнинг миллий урф-одатларимиз бўйича, яъни ўзбекчасига, яна ҳам кенгроқ айтадиган бўлсак, мусулмончасига меҳмон кутмаслигимиз керак?! Ўтган йилнинг охирларида Ўзбекистон президенти Туркияга борганида у ердаги қондошларимиз Ислом Каримовнинг оёғига қўй сўйиб кутиб олди. Биз нима қилдик? Ўзбекистонга хайр-эҳсон олиб келган туркиялик биродарларимизни тағин ўша нон-туз билан кутдик. Тангрининг инояти билан Ўзбекистон ҳам мустақил давлат бўлди, энди ўзимизнинг урф-одатларимизни, ўзимизнинг маданиятимизни қадрлайдиган замон келмадими? Икки туркий халқ бир-бирини учинчи бир бегона халқнинг одати бўйича кутиб олса ва меҳмон қилса, кулгили бўлмайдими?

Бу одат қон-қонимизга сингиб кетган экан ўзиям. Яқинда телевизордан афғонда асирликдан чиқиб келган бир йигитимизни қўналғада кутиб олиш пайтини кўриб қолдим. Шўрлик йигит олти йил асирликда бўлибди, юртини, қариндош-уруғларини қанча соғинган бўлса керак, қариндошлар эса қўлда нон-туз билан туришибди. Бир отахон у ёққа ўтади, бу ёққа ўтади – нон-тузидан едирмоқчи бўлади. Қандай ясама ва бемаъни манзара! Хурсандчиликни ҳам ўзимизнинг кўнглимиздагидек нишонлай олмай қолибмиз.

Кўчаларга ҳайкаллар ўрнатиш, уларга сиғиниш Исломда ман этилган. Чунки ҳайкаллар маданият белгиси эмас, балки моҳиятан бут-санамларнинг бошқача кўринишидир. Остига гулчамбар қўйиб, бир дақиқа сукут сақлаб, сўнг таъзим қилиш сиғиниш бўлмай, нима? Бу одат ҳам бизга четдан кириб келди, лекин ҳозирги мустақиллик шароитида ҳам раҳбарларимиз унга амал қилмоқдалар. Марҳумлар шарафига ҳар бир шаҳарда ёқиб қўйилган «Мангу олов» ҳам масиҳийлик динидаги ўлганнинг бошига чироқ ёқиш одатидан қолган. Бизда марҳумларни бу тарз ёдламайдилар. Лекин ўзимизники нима, бировники нима – чаппа-роста бўлиб кетган.

Ёки метро поездларидаги бир эълонни олиб кўрайлик. Охирги бекатларга борилганда диктор: «Илтимос, вагонларни бўшатинглар!» дейди. Қайси мусулмон уйига келган меҳмонни мана шунақа қўпол сўзлар билан кузатади?! Эҳтимол, ўрис халқининг маданияти: «Просим освободить вагони» дейишни кўтарар, лекин сиз билан бизга бунақа муомала ковушимизни тўғрилаб, «Уйимизни бўшатиб қўйинглар!» дейиш билан баробардир. Метро хизматидан фойдаланаётган ҳар бир йўловчи шу метро хизматчиларига меҳмон эканликларини назарда тутсак, уларга миллий муомала одобимизни, яъни уйига келган меҳмонни мезбон эшик тагида тавозе билан «Хуш келибсиз, азиз меҳмон!» деган ширин такаллуф билан кузатиб қолишини эслатиб қўймоқчимиз.

Сўзимнинг охирида бутун дунёда тан олинган бир ҳақиқатни фахр билан эсламоқчиман. Бутун дунёда «Шарқ донишмандлиги» деган истилоҳ кўп ишлатилади. Ҳатто Ғарб ёзувчи-адиблари ҳам «Восточная мудрость гласит…» деб ўз фикрларини исботлашда шарқ тафаккури меваларига суянишади. Лекин шу пайтгача биронта адабиётда «Ғарб донишмандлиги» деган истилоҳни учратмадим. Бу билан мен барча соҳада Ғарбдан кўра Шарқ афзалроқ демоқчимасман. Балки Шарқнинг донолигини Ғарб ҳам тан олганлигини айтмоқчиман. Шарқ донолиги эса бевосита Ислом дини, Ислом маданияти таъсирида шаклланган. Шундай бебаҳо бойликнинг ичида яшаймиз, қадрига етайлик, биродарлар. Тангри таоло ҳаммамизни ўзлигимизни танишга, динимизга қайтишга муяссар айласин.

 

Нуруллоҳ Муҳаммад РАУФХОН

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*