Мақолалар

“Мармар”у “Аштархон” қани? “Олмаки”ю “Ўзбекистон” қани?

Мевалардан шохлари сингудек бўлиб эгилган дарахтлари, дўмпайиб-пўмпайиб қовун-тарвуз думалаб ётган полизлари, пештахталари ларзон-ларзон, очиқ майдонлари ҳам тўла-тўла бозорлар, қисқаси, тўкин-сочин дастурхони билан бу йилги куз ҳам ўтди.
Деҳқон озгина тин оладиган (агар у тин олса), меҳнат чекиб, топган пулини санайдиган, оиласига, мол-ҳолига қарайдиган, тўй-маърака қиладиган палла кирди. Ҳосилнинг ёзги-кузгилари сотиб бўлинди ёки охиргилари сотиляпти. Қиши билан майдалаб сотиш ниятида омборларга ғамланган қишкилари бозорга чиқа бошлади.
Худди шу оралиқ паллада… майли, деҳқон пулини санаб турсин… деҳқончиликка оид баъзи мулоҳазаларимни бир истеъмолчи сифатида ўртоқлашгим келди.

“Луббой нарез!”

Бундан ўн йилларча илгари бозорларимизда тарвузнинг бир тури пайдо бўлди. Чопониям, мағзининг рангию мазасиям ўзимизникиларга ўхшамасди. Амриқонинг тарвузи экан, дея бошлашди одамлар. Ҳаммани ҳайратга согани – бу ажнабий тарвуз ҳали ёз росмана кирмай туриб, ўнта-ўнта, йигирмата-йигирмата бўлиб пештахталарда кўриниб қола бошлади.
Олдинлари мабодо харидор: “Тарвузингиз пишганми?” деб сўраб қолса, деҳқон ёки сотувчи: “Худо билади, ака, ичига кириб чиқмаганман”, деб ўзини эҳтиётлаб қўярди. Энди эса, бу ажнабий тарвуз тури чиққач, сотувчи қўлидаги пичоқни ўйнатиб: “Кепқолинг тарвузнинг додахўжасига! Луббой нарез! Қизил чиқмаса, пул тўламанг!” деб катта кетадиган бўпқолди.
Чиндан ҳам, кесган тарвузи қизил чиқар эди.
Сабабини бир-икки йилдан кейин билгандай бўлдим.
tarvuz

Бир деҳқон танишим сирини очди:
“Амриқо айёр-да, хамаклагиданоқ рангга кирадиган турини яратибди, — деб изоҳ берди. Кейин бир оз ўйланиб туриб: — Лекин барибир мазаси жуда унақа эмас. Сайилга бораман десангиз, чилланинг ўрталарида боринг, ўшанда росмана маза киради”, деб қўшиб қўйди.
Мазаси жуда унақа бўлмаса ҳам янгилик деб одамлар ола бошлади, ишқибозлари кўпайди ва аста-секин бу истарасиз кўкчипор тарвуз бозорларимизни эгаллаб борди.
Шахсан ўзимга келсак, бу тарвуз пайдо бўлган кунидан менга ёқмаган. Рангиям, мазасиям илк кўрганимдай. Ранги қанақадир сунъий қизил туйилган бўлса, мазаси ҳам ўзимизнинг мармар, аштархон, қумсангир, олачўпон, қора чўпон…тарвузларимизнинг табиий мазаси ўрнини босолмади, назаримда.
Лекин, тан оламан, бу тарвуз кўпчиликка ёқди, ҳамма ҳар жойда шуни ея бошлади. Ва тез орада ўзимизнинг жайдари тур тарвузларни эсдан чиқараёзди. Рангиниям, мазасиниям…
Пойтахтнинг Чорсу бозорига бир деҳқон ёз охирларида мармар тарвуз олиб келди. Менга ўхшаб кўкчипорни емай, ўзимизникини кутиб юрганлар бор экан, кўзларимиз қувонди.
“Нимага буни экмай қўйдиларинг, кута-кута бу йил тарвуз емадик?” деган сўроғимизга деҳқон:
“Олсаларинг, экаверамиз, одамлар олмаяпти-да. Сўйдириб кўради-да, унча пишмапти, деб кетворади”, деб жавоб қилди.
Чиндан, мармар бир оз оқиш қизил бўлади ва унинг пишгани ўзи шу. Амриқо тарвузи эса, қуюқ қондай қип-қизил бўлгани билан бу қизиллиги сунъийдир. Дарров унитибмиз-а…

Ҳандалакни кутиб

Илгари ота-боболаримиз: “Қовун-тарвузнинг уруғи ерга тушди – куз келди”, дейишар эди. Бундан ҳақиқий жайдари тур қовун-тарвузларимиз кузак яқинлашганида пиша бошлагани ва ейилгани билинади. Ҳолбуки, эндиликда ҳали баҳор охирламаёқ, масалан, ҳандалакнинг чиқишини кутиб соғиниб турган бир пайтимизда, лоп этиб бу айёр тарвуз пештахталарга чиқиб кетяпди! Яъни, одамлар оғзи ҳали ҳандалакка тегмай туриб, тарвуз еб қўйяпти!

handalak

Тўғри, илм-фан тўхтаб турмади, бошқа соҳаларда бўлгани каби, деҳқончилик илми ҳам роса ўсди. Олимлар барча хил экинларнинг тезпишар, серҳосил, касалликка чидамли турларини яратиш устида тинмай изланишяпти. Иккинчи ёқда деҳқонлар ҳам қараб тургани йўқ. Иложи борича тезроқ бозорни эгаллаш, рақобатда ютиш ва кўпроқ пул топиш истаги уларни ҳам тинч қўймаяпти. Натижада йилдан-йилга уруғлар сараланиб, айниқса полиз экинларининг пишиш муддати қисқариб боряпти. Бу ҳолни тан оламиз ва, агар табиийлигини бузмасдан янги турлар яратилаётган бўлса, фақат қўллаб-қувватлаймиз.
Аммо ҳамма гап ўша табиийликнинг бузилаётгани, ҳатто, Олмониянинг “Фокус” журнали далолатига кўра, инсон саломатлигига ниҳоятда хатарли бўлган усуллар билан “янги навлар” яратилаётганидадир: “Ирсий чатиштиришлар турларарогина эмас, балки оилалараро, синфлараро, ҳатто ҳукмрон турларо (м., ўсимлик ва ҳайвон организмлари, қурт-қумурсқа ва ўсимлик, ҳайвонлар ва ҳашаротлар, балиқлар ва ўсимликлар… ирс (ген)лари ўзаро аралаштирилиб) амалга ошириляпти.
Яъни, табиатнинг асосий қонунлари бузиляпти. Олдинлари ейиш мумкин бўлмаган организм (м., ваҳший ҳайвонлар, заҳарли ўсимликлар, ҳашаротлар, бактерия ва микроблар в.ҳ.) ирсларидан ирс ташувчи сифатида қўлланиляпти.
Ваҳоланки, бу каби изланишлар узоқ муддатли тест текширувларидан ўтказилмади. Бу маҳсулотлар истеъмол учун қай даражада фойдали ёки зарарли эканини ҳеч ким билмайди… Канадалик молекуляр микробиология бўйича профессор Жон Фаган бундай дейди: “Бугун чатиштирилган ирс (ген)ларнинг овқатларда қўлланиши худди ўриснинг рулетка ўйинига ўхшайди: сўнги натижа маълум эмас… ("Фокус”: “Қопқонга қўйилган текин пишлоқ”)
Журнал яна гувоҳлик беришича, совуққа, муддатга, йўлга чидамли навини яратиш учун памилдорига акула ирси, колорадо қўнғизидан ҳимоя қилиш учун картошкага чаён ирси, қурт тушишидан сақлаш учун олма-нокка қурт ирси, бодрингга чаён, тарвузга одам, қўйга чўчқа ирслари кўчирилган.
Бунақа хавфли йўллар билан яратилган “серҳосил”, “тезпишар” навлардан албатта одам чўчийди-да.
Биз янгиликка ҳеч ҳам қарши эмасмиз. Аммо бу “янгиликлар” қанақа янгилик эканига, сабаб ва оқибатларига эътибор қаратмоқчимиз, холос.
Бизнинг диёрларимизда иқлим шароитимизга мос равишда мева-чеваларнинг пишиш даврида қатъий тартиб бор эди. Ота-боболаримиз қишдан чиқарда дарахт меваларидан: олдин тут ерди, кейин эртапишар гилос, олча, сўнгра олманинг эртапишарини, ўрик, шафтоли ва ҳоказо…
Бу ёғи кечки меваларга уланиб кетарди; полиз экинларидан: олдин қулупнай (гарчи у кейин пайдо бўлган мева бўлса ҳам), кетидан бодринг, ҳандалак, памилдори (бу ҳам биз учун нисбатан янги ўсимлик), қовун-тарвуз ва ҳоказо… Шу тариқа тана-вужудларини қишки очликдан халос этиб, муайян бир кетма-кетликда ҳар хил зарур дармондорилар билан тўйинтириб борарди. Бу жараён (дармондориларга тўйиниш жараёни) вужуднинг табиий эҳтиёжига кўра, керакли муддатларда ва табиий мевалар ҳисобига юз берар эди.
Энди-чи?
“Болалигимдаги ҳандалаклар йўқ – қани у ис, қани у таъм?!” деб бир гал қўмсам гапирсам, зукко акаларимиздан бирлари бундай изоҳ бердилар:
“У пайтлар меваларни ўз вақтида ердик, ҳозир баъзи қовун-тарвузлар ҳандалакдан олдин пишяпти… тўғрироғи пишириляпти. Қовун-тарвуз еб қўйган оғизга ҳандалак мазали туюлармиди?! Қолаверса, қарияпмиз, таъм билгич ҳужайраларимиз ҳам қарияпти…”
Ҳужайраларимиз қариётгани чин, лекин ҳандалак масаласида биринчи айтилган сабаб кўпроқ “айб”ли эканини тан олишим керак…

Бозор ва ватанпарварлик

Мен бир нарсага ҳайронман: бунча қисқа вақт ичида амриқо тарвузи полизларимиздан, бозорларимиздан деярли барча маҳаллий-жайдари тур тарвузларни қандай сиқиб чиқара олди? Бу сурбет уруғлар (мамлакати каби) шу қадар қудратлими борган жойида фақат ғалаба қиладиган?!
Тўғри, бозорда ватанпарварлик туйғуси ҳамиша ҳам бўлавермайди. Агар давлат аралашмаса ёки бўш қўйиб берса, бу зарур туйғу ўрнини пулсеварлик туйғуси эгаллаб олади ва ватанпарварлик тугул, тескари ишлар ҳам бўлиб кетади бозорда. Бу аралашиш бозорни чеклаш ҳисобланмайди, балки халқ манфаатини, мамлакат манфаатини, ҳатто хавфсизлигимизни таъминлаш бўлади.
Масалан, эркин бозор сиёсатини тарғиб-ташвиқ этаётган ўша Ғарб давлатларининг ўзини олиб кўрайлик. Улар ҳам ички бозорларини мамлакатлари манфаатига уйғун ҳолда ушлаб-бошқариб туришади. Четга, айниқса, энди ўсиб келаётган мамлакатлар бозорига сифатлию сифатсиз товарларни тўсиқсиз олиб кириш учун “эркин бозор” ғоясини зўр бериб тиқиштиришларига, ҳатто бу йўлда турли йўллар билан босимлар ўтказишга уринишларига қарамай, ўзларининг ички бозорларини қаттиқ туриб ҳимоя қилишади. Товар бир хил бўлса, маҳаллийига имтиёз беради, четдан кирмоқчи бўлаётгани йўлига сифат, устама бож сингари талаблар билан тўсиқлар қўяди.
Дейлик, автомобил ишлаб чиқарувчи бир мамлакат халқига биринчи навбатда ўзининг мошинасини ўтказиш учун четдан кирадиганларга бож ҳақини ошириб қўяди. Ва бундай чора кўришга ҳақлидир ҳам.
Худди шунингдек, маҳаллий саноатни шакллантириш ва ўстириш учун, масалан, Андижон косибчилик мактабини, Қўқон енгил саноатини рағбатлантириш айни халқимиз манфаатига мос тушади.
Шу усулни деҳқончилик (уруғчилик) соҳасида ҳам қўллаш керак. Агар бугунги кетув ўз ҳолига ташлаб қўйилса, эртага кеч бўлади. Ҳозирнинг ўзида, масалан, памилдорининг турли-туман маҳаллий уруғлари бозорда қолмади – экилмаяпти. Ҳаммаёқни амриқонинг қаттиқ, сувсиз-мазасиз, ирсияти ўзгартирилган памилдорилари босиб кетди. Бодринг ҳартугул жайдариси ҳам кўриниб турди, лекин янаги йили нима бўлади – Оллоҳ билади. Ёз ўрталаридан ўтиб, кузга келибгина Тошкент бозорларига памилдорининг “Юсупов” нави чиқди, олиб ея бошладик.
Бизга нима бўлган ўзи, дунё емагида-ичмагида маза истаб, дармондори истаб, табиийлик истаб диёрларимизга келяпти, биз бўлсак, фитрати бузилган, ясама – табиатнинг эмас, “илм-фан”нинг “мевалари”га ишқимиз тушиб қолди?!

Қурумсоқ миллионер

Ёз охирлари эди. Ишхонамизга бир танишим, унга илашиб бир бегона йигит ҳам кириб келди. Суҳбатлашиб ўтирдик. Гап айланиб бозор-учар, мева-чевага тақалди. Ҳозир бутун Оврупада ирсияти ўзгартирилган маҳсулотлар масаласи кўтарилган, қаттиқ тортушувлар кетаётгани айтилди. Шу дамгача индамай ўтирган ҳалиги бегона йигит бирдан суҳбатга қоришди. Амриқолик катта бир бизнесменга шопирлик қиладиган ўртоғининг ҳикоясини гапириб берди:
“Хўжайин билан бозорга кирсак, олма-нок керак бўлса, сархилини олмайди, яқинигаям йўламайди, нуқул буррак-суррагини, қурт тушганларини олади. Ўзи милёнер-у, жуда қурумсоқ. Тағинам ўзимизнинг халқимиз сахий экан, меҳмонга деса, бор-будуни сарфлаб бўлсаям тозасини қўяди дастурхонга”, деган экан ўртоғи.
Оврупада кечаётган машмашаларни эшитиб, меҳмон шошиб қолди:
– Гап бу ёқда экан-да… – деди ҳайратланиб.
Ҳа, ўлманг, биродар! Милёнернинг бозордаги қилиғи унинг қурумсоқлигидан эмас, меванинг асилини ва тозасини билишидан, табиийини қадрлаганидандир. Бизнинг у “сархил” олма-нокларга бор-будумизни сарфлаётганимиз сахийлигимиздан эмас, ирси ўзгартирилмаган у ясама меваларни ҳали-ҳозирча яхши танимаётганимиздан, ўзимизнинг жайдари, фойдали ва ниҳоятда мазали (балки шунинг учун қурт тушадиган) меваларимизнинг ҳақиқий баҳосини билмаётганимиздандир!
Бозор ҳам ҳозирча маҳаллий мева-чеваларимизнинг қадрини билмаяпти. Билганида, юртимизга четдан пахмоқ тўрхалтачаларда (лекин худди микроблар сингари сездирмай) бостириб кириб келган у сохта мевалардан кўра ўзимизнинг табиий, жайдари меваларимизни қадрлаган бўлар эди. (Овунтирадиган бир янгилик: ҳарҳолда бу йил жайдари қулупнай “ясама”ларидан сал қимматроқ бўлди!)

“Олдингдан оққан сувнинг…”
tarvuz2Чиндан, олдимиздан оқаётган сувнинг қадрини ўзимиз билмаяпмиз. Юз йигирма йиллик мустамлака шароитида онгу юракларимизга мутелик-хорлик психологияси шу қадар ўрнашиб қолибдики, яхшими-ёмонми ўзимизга хос хусусиятлар ҳам бўлиши мумкинлигини ва бу хусусиятлар яшашга ҳақли эканини унутиб юборибмиз. Ўзимизни паст, ўзгаларни юқори, ўзимизни орқада, ўзгаларни илғор, ўзимизни фақат эргашувчи, ўзгаларни етакловчи ҳис қилиб қолибмиз. Натижада бугун юртимизга, хонадонимизга ҳар қанақа (кийим-кечагу асбоб-ускунадан тортиб, ёт тил ва ёт маънавиятларгача) қаланғи-қасанғи товар бемалол бостириб кириб келяпти. Яхши-ёмонини фарқламай қабул қиляпмиз. Четники бўлса бўлди! “Ўзимизники!” деган ғурур йўқ. Ҳатто тилда ҳам, адабиётда ҳам, илмда ҳам, ахлоқда ҳам, уй-жой қурилишию (евроремонт, евростандарт!), мана, энди деҳқончиликда ҳам – ҳамма соҳада шу кайфият ҳукмрон, ўлчовлар бегона! Бу тушкун ҳолатдан қутулиш чораларини тез ахтармасак, миллатимизни миллат қилиб турган ўз хусусиятларимиз емирилади. Аллоҳ сақласин.
tarvuz5

Кичкинагина бир мисол.
Бундан ўн беш йиллар бурун бирдан узунчоқ нонларга ишқибоз бўлиб қолдик. Қандайдир суюқ хамирдан тайёрланган кучсиз, ғози йўқ пўкак нонлар ўзимизнинг сўлқилдоқ тандирнондан чиройли кўринди кўзимизга. Мамлакат “Докахлеб”ларга тўлиб кетди. Ҳолбуки, юртимиздан кўчиб кетган битта яҳудий бу пайтда Нуйёрк кўчаларида тандир ўрнатиб олиб, иш ахтариб борган ўзбекларга нон ёптириб, қарсиллатиб пул ишлаб ётибди! Нега деганда, тандир ҳам, тандирнон ҳам халқимизнинг буюк, дунёда ўхшаши йўқ кашфиёти эканини у билади! Биз бўлсак, янгича шароитда бу кашфиётни янада ривожлантириш, янги технологиялар асосига ўтказиш йўлларини излаш ўрнига капиталистларнинг пўкак нонига ошиқ бўлиб қолдик…
Хайрият, тандирнонимизнинг афзаллигини тез орада тушуниб етдик. Лекин барибир бу нонни ёпиш усулларимиз ҳали ҳам ўша-ўша даражада – ота-боболаримиз кашф қилган ҳолида қолиб кетяпти. Шунга қиёсан қарасак, бугун далаларимизда тўла ҳукмронликни памилдорининг, бодрингнинг, тарвузнинг, олманинг, нокнинг фақат бир турига – ўзидан уруғ қолдирмайдиган, ясама ва эҳтимол саломатликка зарарли турига бериб қўйиш оқибати ўйланмаган иш бўлар эди.

Диққат, огоҳ бўлайлик!

Оқибат нима бўлиши мумкин?
Дунёдаги бор тирик мавжудотнинг табиий ҳаёти битта мазмунга – уруғ қолдиришга боғланган. Шундай хусусият билан яратилган улар. Улкан дарахт йил бўйи жимитдек уруғ учун ишлайди. Олма дарахтининг ёки тарвуз паллагининг мақсади инсонга олма ёки тарвуз мевасини пишириб бериш эмас, балки ўзидан насл-уруғ қолдиришдир. Бу уруғларни хилма-хил шаклли ва турлича мазали мевалар ичида етилиши қонуниятини йўлга қўйиб, уларни инсон наслининг давомийлигига сабабчи неъмат қилиб бергани Оллоҳнинг ҳикматидандир.
Демак: биринчидан, уруғ қолдириш қобилияти ўлдирилган ирсияти ўзгартирилган маҳсулотларни кўпайтириш ва дунёга ёйишда ҲАЁТ деб аталмиш бебаҳо неъматнинг табиий мувозанатига жиддий хатар бор.
Иккинчидан, ўзидан уруғ қолдирмаслик хусусияти сурункали истеъмол натижасида инсон вужудига ҳам сингиб, охир-оқибатда одам ҳам насл қолдириш қобилиятини йўқотиши мумкин.
Учинчидан, саратон ва семириш касалликларининг кўпайишига сабаб бўлиш эҳтимоли кучли. Ўтган йилги маълумотларга қараганда, АҚШда 59 милён киши ёғ босиш касалига чалинган. Бундан бор-йўғи ўн йиллар бурун бу касалликка чалинганлар ҳозиргидан тўрт баравар кам бўлганини ҳамда айни ўтган асрнинг 80-йилларидан бошлаб пештахталарни ирсияти ўзгартирилган маҳсулотлар эгаллаганини ҳисобга олсак, шу далилнинг ўзи одамни ўйлаб кўришга мажбур қилади. 
Тўтинчидан, акула, чаён, чўчқа, қурт-қумурсқа, ҳар хил микроблар, пашша каби жониворларнинг ирсияти (гени) чатиштирилган меваларни давомли ейиш оқибатида болаларимиз ва невараларимиз эртага жабра ёки дум, қанот ёки туёқ билан туғилмайди деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Чунки бу уруғларнинг тиббий асоратлари лаборатория шароитида махсус таҳлил қилинмаган (“Фокус”).
Бешинчидан ва балки энг муҳимини "Фокус" журнали бундай тушунтиради: “Шундай қилиб сиз уруғлик ишлаб чиқарувчи ширкат (ва мамлакат)ларга буткул қарам бўлиб қоласиз. Бундан кейин сиз ўз хоҳишингиз билан эмас, балки уларнинг ҳукми билан ишлашга мажбур бўласиз, сизда танлаш имкони бўлмайди, қандай уруғ беришса, шуни оласиз, чунки ўзингиздаги табиий уруғлар йўқ бўлиб кетган. Эътибор беринг, чатиштирилган уруғ ишлаб чиқатувчилар бошда бу уруғларини сизга текинга таклиф қилишади. Обдан шу уруғликдан фойдаланишга ўтиб, қўлингиздаги (мамлакатингиздаги) экологик тоза, анъанавий уруғларни йўқотиб бўлганингиздан кейингина унинг баҳосини англайсиз, қадрига етасиз. Ирсияти чатиштирилган уруғликлар сизга неча пулга тушганини тушунасиз. Нима учун улар уруғларини бошда текинга беришларининг сабабини энди англагандирсиз?
Ҳа, текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади”.

1457259105_monsanto-1200xx3012-1694-0-160

Бундай уруғликлар ишлаб чиқарувчи “Монсанто” ширкати Амриқо қишлоқ хўжалиги вазирлигига эмас, балки мудофаа вазирлигига тобе экани, яъни, бу ясама уруғларни дунёга ёйиш вазифасини Амриқо мудофаа вазирлиги бўйнига олгани ҳам изоҳга ҳожат қолдирмайдиган бир ҳолдир.

Кичкинагина хулоса

Энг лўнда хулоса шуки, бу ишларнинг таги шилта. Шилта бўлмаса, бу масала ҳозир бутун Оврупада, балки бутун дунёда бунчалик (“Евронюс” кўрсатувини кузатиб боринг) қизғин тортишувларга сабаб бўлмас эди. Демак, ҳали кеч бўлмасидан туриб, биз ҳам бу муаммога эътиборимизни қаратайлик. Фанлар академияси, қишлоқ хўжалик, соғлиқни сақлаш вазирликлари, Қишлоқ хўжалиги университети, Уруғчилик билан шуғулланадиган илмий муассасалар бу соҳада дунёда ва мамлакатимизда юзага келган вазиятни жиддий таҳлил қилиб, илмий хулосаларини берсинлар. Шунга кўра биз хотиржам халта кўтариб бозорга тушайлик. Қолаверса, тобора дунёни эгаллаб бораётган ясама уруғлар ҳақидаги тортишувлар қандай натижа билан тугашидан қатъи назар, асрлардан бери тупроқларимизга мослашган ва ота-боболаримиз асраб-авайлаб бизгача етказиб келган ўзимизнинг жайдари уруғлар кейинги қисқа вақт ичида, шундоққина кўз ўнгимизда, йилдан-йилга йўқолиб бораётгани ниҳоятда ачинарли ҳолдир.
Бу йил ҳам бозорларимизда эски нав бодринг-памилдори ё тарвузлар яккам-дуккам кўринди. Кўзларимизга суртиб, уйларимизга олиб бордик, болаларимизга едирдик, эслатдик, танитдик.
Лекин эртага нима бўлади?
Эрта бир кун тағин қўлда бўш халта билан, бозорнинг қоқ ўртасида, бир хил бодринг, бир хил памилдори, бир хил олма, бир хил нок, бир хил тарвузлар қуршовида, теваракка олазарак қараб:
“Ўзимизнинг “мармар” у “аштархон”, олачопону қорачопонлар қани?! Нашватию жоноқи, “олмаки”ю “ўзбекистон” қани?!” деб қолмайлик.

Нуруллоҳ Муҳаммад РАУФХОН
"Ҳидоят" журнали, 2005 йил 11-сон, 18-19, 30-32 бетлар

nurullohuz.com