Мақолалар

Майса

Янги униб чиқаётган майсани икки бармоқ орасига олиб хиёл эзғиласангиз, суви чиқиб кетади. Шу қадар кучсиз, шу қадар ҳақир борлиқ у.
Аммо ерни тешиб чиқади! Бетўнни ёради! Аспални қўпоради!
Ҳолбуки, ер зарангдай қаттиқ, у соч толасидай майин. Бетўн метиндай пишиқ, у гул баргидай нозик. Аспал тошдай оғир, у буғдай енгил.
Унақада майсанинг кучи нимада?!
Ғоясида!

Майсанинг ғояси (вазифаси) аспал қўпориш, бетўн ёриш ё ерни тешиш эмас. Бу ишларга кучи етмайди.
Унинг ғояси униб чиқиш! Унга униш буюрилган! Униши учун майсага ёруғлик керак. У ёруғлик ахтаради.
У нур истайди! Нурга талпинади! Боши узра нима босиб тургани уни қизиқтирмайди!
Ёруғлик (нур) сари ҳаракати асносида заранг ерни тешиб чиқади, зарра сиққудай тирқиш топиб олиб бетўнни ёради, аспални боши узра кўтаради!

Инсонда ҳам майсанинг ҳимматичалик ҳиммат бўлиши лозим. Доим яхшилик исташи керак. Яхшиликни қаттиқ исташи керак. Одам нурга талпинар экан, йўлдаги қоронғуликларни писанд қилмай қўяди.
Биз яхшиликка интилишга буюрилганмиз. Бизни бу йўлдаги ҳаракат кучли қилади.
“Мен биттаман, ёмонлик кўп!” дейиш ўта хато тушунча. “Мен кичик одамман, ёмонлик илдизи кучли…” дейиш ўта хавфли тушкунлик. “Мен ниҳоятда ҳақирман, ёмонлик ўта уюшқоқ!” деган киши ҳақирлигича қолиб кетади.
Яхшиликни қаттиқ исташ одамни кучли қилади, ёруғликка жаҳд билан талпиниш бизни ютуққа элтади.

nurullohuz.com