Мақолалар

Мен тушунмаяпман…

“Бор-йўғи бир ярим бетлик мақолага бир бетлик

Кириш сўз

Бир ношир йигит Амриканинг Ироққа тажовуз пўписалари ва тайёргарликлари энг авжига минган шу кунларда (2003 йил мартининг 7-куни жума намозидан кейин)  биргаликда чиқариб келаётган тақвим китобчамиз биринчи бетига тинчликсеварлик оҳангида қисқача бир сўз ёзиб беришимни илтимос қилди.

– Шундай услубда бўлсинки, масалан, “Амрика” ё “Ироқ” демасдан ҳам бу урушга муносабат билдириш мумкин-ку, тўғрими, Нуруллоҳ ака?! Ахир, Ислом дини тинчликсевар дин, мусулмонлар тинчликни хоҳлайдилар. Муқовани мен бундай ясаттирдим: “Биз урушга қаршимиз” ёки “Биз тинчлик истаймиз” каби сўз ёзмасдан бир сурат беряпман: ер кураси, теварагида гирдикапалак учиб юрган кабутарлар… Шуям бизнинг муносабатимиз-да! – деди.

Тўғриси, бу таклиф менга ёқмади. Четдан қараса, ҳеч ёмон томони йўқ, ҳозирги шароитда тўғридан-тўғри бўлмаса-да, ишора билан муносабат билдириш ҳам катта гап. Аммо кўнглим бу услубга чопмай, инкор этиб турарди. Замонавий қуроллар ила қилинажак қирғинбарот уруш, бўлғуси вайрона шаҳарлар, юзминглаб гуноҳсиз кишиларнинг тилка-пора лошлари… кўз ўнгимда гавдаланди.

– Бир нарса ёзарман… Лекин сиз таклиф этаётган услуб энди кечикди, – дедим. – Ҳар ишнинг ўз палласи бўлади, бу услубнинг даври ўтди. Ҳозир бир томоннинг чаккасига тўппонча тиралган, танаси замбаракнинг оғзига боғланган, ғурури оёқ остига олиб эзғиланаётир. Бундай пайтда хўрланган ва зўрланган диндошимизнинг қаршисига туриб олиб: “Биз тинчликсевармиз”, “Динимиз тинчликка буюрган”, деб туриш, энг олдин динимизга туҳмат, сўнгра мазлумни ҳақорат, ҳақиқатга хиёнат, таслимиятга чақириқ, ёвузлик ва тажовузни пардалаш, дунё аҳлининг диққатини чалғитишдир. Қолаверса, кўриб турибмиз, Амрика ҳеч қанақа муросага юрмаяпти, “Ироқнинг айби бўлса ҳам, айби бўлмаса ҳам, урушаман!” деб жазавага тушган. То сиз таклиф этаётган мўътадил муносабат – “Тинчлик кабутарлари” дунё юзини кўргунича, эҳтимол Ироқ аланга ичида ёнаётган бўлар…

Албатта, мен асабийлашаётган эдим. Ношир ошнамизнинг фикри мазлум руҳиятига баттар тушкунликни сингдирадиган фикр эди. Бундай вазиятда бунақа фикр келадиган бош қанақа бош ўзи?!

Ношир мулоҳазаларимга қўшилгандек бўлди, лекин афтидан ўзи истаганидан бошқачасини босмоқчи эмаслиги сезилиб турарди. Хайрлашаётиб, асл кайфиятини билдира қолди:

– Майли, мабодо ўзингиз ёзмасангиз, биронталарига айтиб ёздириб беринг, – деди.

Биронталарига айтмадим. Ўзим ҳам унинг истаганини ёзмадим. Аммо шу баҳона, ниҳоятда ғазабимни босган ҳолда, ушбу (“Мен тушунмаяпман…”)ни қоралаб қўйдим:

 

Мен тушунмаяпман…

Дунёда одам боласи англаб етмайдиган ишлар кўп. Бу ҳол табиий, албатта. Чунки ақл ҳамма нарсани ҳам олавермайди. Камчиликли. Ожиз. Айни чоқда, гўё ҳаммасини тушуниб-англаб тургандай бўласиз-у, лекин барибир тагига етиб бўлмайдиган ҳодисалар ҳам бор. Масалан, мен бир нарсани ҳеч тушунмайман: эркак билан эркакнинг, аёл билан аёлнинг жинсий бузуқликлари [Бузуқликнинг бу тури, яъни, аёлнинг аёлдан жинсий лаззатланиши, Оллоҳга шукр, миллатимизда учрамаганиданми, тилимизда алоҳида оти ҳам йўқ. Оврупаликлар уни “лесбилик” дейди.] қачондан бери бузуқлик бўлмай қолди?!

Тўғри, эркакларнинг бузуқлиги ҳамма замон ва ҳамма маконда бор бўлган. Аммо инсоният унга бир кулфат ўлароқ қараган! Ҳамма замон ва ҳамма маконда бу ишлар қаттиқ маломат қилинган. Шунинг учун у бузуқликлар жамиятдан яшириқча яшашга мажбур эди. Энди улар очиқликка чиқди! Ҳатто бу асрга келиб айрим жамиятлар бу тубан ишларни “бемалол яшашга ҳақли” деб тан олди. Бузуқилар уюшиб, партияларини тузишди, газет-жўрнолларини чиқаришяпти, сайловларга номзодларини қўйишяпти, депутат бўлиб сайланишяпти, шаҳарларга ҳоким бўлишяпти, давлат раҳбарлигига интилишяпти. Бузуқ теле ва кинофилмлари билан бошқаларни ҳам ўзларининг ҳаёт тарзларига қизиқтиришяпти…

Бу ишларни кўра-билатуриб соғлом инсоний фитрат нега бонг урмаяпти, нимага ўзини ҳимоя қилмаяпти – шунисига лолман, шунисини тушунмаяпман…

Дунё бошимга тўпланиб келади. Қўлини шоп қилиб, дарс ўта бошлайди:

“«Де-мок-ра-ти-я» дейдилар буни! Инсон ҳуқуқлари устуворлиги бу! Демократия ҳар бир одамга, жумладан сенинг қолоқ эсинг “бузуқи” деб атаётган одамларга ҳам яшаш ҳаққини беради. Онадан шунақа ишларга мойиллик фитрати билан туғилган бўлса, уларда нима айб?! Дунёдан лаззатланмай ўтиб кетсинми?! Уларнинг йўлини тўсиш адолатданми?! Демократия дегани ҳар бир одамга ўзидаги бор нарсани эмин-эркин юзага чиқариш имкониятини яратиб бериш демакдир!” деб роса устозлик қилади. Узо-оқ сўзлайди.

Чиройли гаплар, гўё тушунарли тушунтиришлар, аммо Ғарб дунёси ўлиб-тирилиб миямга бу ғояларни тиқиштиргани сари қаршимда янги саволлар оёққа тураверади. Масалан, демократиянинг бунақа олижаноб тамойилларига бузуқликнинг нима алоқаси бор, деб ижикилайди менинг қайсар ақлим. Улар ҳам бир инсон-да, дейиладиган бўлса, унда ўғри, қотил, ватан хоини… кабилар-чи – булар одам эмасми?! Болаларни, қизчаларни олдинига зўрлаб, кейин ўлдириб, қонини сўрадиганлар бор – улар ҳам одам, ахир! Онадан шунақа ярамас қилиқларга мойил хусусият билан туғилган деб уларга ҳам яшаш ҳаққи берилсин бўлмаса. Уларнинг ҳам “ҳақ-ҳуқуқлари” тан олинсин, улар ҳам ўзаро уюшиб партияларини тузсин, газет-жўрнолини чиқарсин, баччабозу аёлбозлар сингари, жамият ва давлат ишларида фаол иштирок этсин! Нимага бирлари қамалади, жазоланади-да, бошқалари ҳимоя қилинади?! Бу қанақа мезон, қанақа ўлчов?!

Ҳеч тушунмайман…

Бир ёруғлик илинжида қомус титкилайман – “демократия” сўзининг маъносини излайман. Юнон тилида “демо” (“demoс”) “халқ” деганини, “кратия” (“kratos”) “бошқарув” (ҳокимият) маъносини беришини билиб оламан. Демак, ҳар ким ўз хоҳиш-иродасига кўра яшайдиган, “халқ бошқаруви”га асосланган тузумнинг оти экан. Яхши гап. Бундай қараганда, тушунарли гап. Аммо теварагимизда бўлиб турган ишларга қарасак, қомуслардагина тушунарли, холос. Ҳаётда эса…

Масаланинг тагига етаман деганим сари баттар чалкашиб кетаман. Калаванинг учини йўқотаман. Охири менда ғалати бир истак туғилади. Қанийди дунё ҳамма томони билан ҳовучда тургандек кўринадиган энг баланд бир чўққи бўлса… тирмашиб устига чиқсам… чиқсам-да, бутун инсониятга қараб ҳайқирсам: “Менга тушунтириб беринглар ахир, нималар бўляпти ўзи?!” десам. “Инсон ҳуқуқлари” шиори остида кўтларга, жалапларга, лесбиларга ўз хоҳиш-иродаларига кўра яшаш ҳаққини бераётган демократия нимага бутун бошли халқларга, бутун бошли мамлакатларга бундай ҳуқуқни раво кўрмаяпти?! Шўрлик Ироқнинг, ироқликларнинг гуноҳи нима?! Шўрпешана Афғонистоннинг, афғон халқининг айби нима?! Бор-йўқ айблари ўзларига хос ва ўзларига мос турмуш тарзини танлаб яшаб келаётганларими?! Бошқа бировнинг кўзига ёқимсиз кўрингани билан ўзи шуни хоҳлаб танлаган бўлса, нимага уларнинг ички ишларига аралашасан, эй инсофсиз демократик дунё?! Ёки бутун-бутун мамлакатларнинг, бутун-бутун халқларнинг битта демократ кўтчалик ё битта демократ лесбичалик қадр-қиймати йўқми олижаноб демократик олам мезонларида?!.

Афсус, мен истаган унақа баланд чўққи ҳеч қаерда йўқ. Бўлса ҳам, мен ҳозир у чўққида эмас, ердаман. Ўзим каби оддий, жабрдийда кишиларнинг ичидаман. Овозимни ҳам ўзимдан бошқа кимса эшитмайди. Эшитмаяпти. Лекин сиз, эй замондош, мени кўргансиз. Эсланг. Кўча-кўйда, пиёдаю уловда – ҳар қаерда тентираб, дуч келган одамнинг кўзига жавдираб, мўлтираб, оғзини пойлаб юрган ҳўв ўша жулдурвоқи мен бўламан. Оғизларингизни пойлаганим – битта нарсани сўрамоқчи бўламан, сўрагим келаверади: дунёда ўзи нималар бўляпти, мен-ку тушунмаяпман,

сизлар тушуняпсизларми?!”

2003 йил мартининг 9-куни

соат 22.35.да битди.

3 Comments on Мен тушунмаяпман…

  1. السلام عليكم ورحمة الله وبركاته

    "…Нет сомнений в том, что демократический режим один из современных видов многобожия…"

    Manba:https://islamqa.info/ru/98134

Фикр билдириш чегараланган

nurullohuz.com