Мақолалар

Оллоҳ оқибатини хайрли қилсин

(Отаси отамизга яхшилик қилган)

Ҳозиргина ўқиб қолдим: совет даврининг охирги паллаларида Ўзбекистонга 5 (беш) йил раҳбарлик қилган Иномхўжа Бузрукхўжаевич Усмонхўжаев бугун 17 март куни 87 ёшида вафот этибди.
Фарғонада номдор Бузрукхўжа Эшон буванинг ўғли эди, тақдир тақозоси билан узоқ йиллар худосиз коммунистларга йўлбошчи бўлди.
Лекин кўп собиқ маҳаллий коммунистларимиз сингари у ҳам юрагининг туб-тубида Оллоҳга ишончни йўқотмаган бўлиши мумкин.

Бир қизиқ мисол.
Ўзбекистонда мафкура бўйича котиб машҳур Раъно Абдуллаева майдонда динга қарши жавлон урган йиллари Иномхўжа Усмонхўжаев қайсидир вилоятда дастурхон устида қўлини фотиҳага очади ва икки ёнига қараб олиб: "Раънохон йўқмилар ишқилиб?" деб киноя қилиб қўяди.
Дарҳақиқат, ўша даврда Раъно Абдуллаева ташаббуси билан "Оллоҳ" сўзидан келиб чиққан деб ҳатто оналар алласи ҳам, "Ялла" ансамблининг оти ҳам тақиқланган эди!
Лекин шахсан бизнинг оиламиз барибир Усмонхўжаевлар оиласидан миннатдормиз. Отаси Бузрукхўжа эшон бизнинг районда шўро раиси бўлган даврда раҳматли Дадамни муқаррар узоқ йиллик сургундан сақлаб қолган.
Уйидан араб ҳарфидаги китоблар (диний адабиёт) чиқди деб совет 1947 йили Дадажонимни қамаган, бир муддат район маркази қамоғида сақлаб, сўнг номаълум ёқларга этап қилаётган палла юртимни охирги марта кўриб қолай деб "қамоқ мошин"нинг бир бармоқ сиққулик тирқишидан кўзда ёш билан кўчаларга, уйларга, далаларга боқиб кетаётганларида бирдан Бузрукхўжа эшоннинг извошини кўриб қоладилар.

Оғизларини тирқишга босиб овозлари борича "Эшон ака!!!" деб бақириб юборадилар.
Оллоҳнинг қудрати билан Эшон бува бу бақириқни эшитади ва мошинани тўхтатиб, аҳволни ўрганиб (раҳматли Дадажоним билан ораси яхши бўлган экан), ҳукмни бекор қилдиришга эришади.
Дадамиз унгача 4 (тўрт) фарзанд кўрган бўлганлар, кейин яна 4 (тўрт) фарзанд кўрадилар. Кейингилар қаторида камина ҳам туғилганман. Оллоҳ Эшон буванинг ўша яхшилигини ўзига ҳамроҳ қилган бўлсин. Қиёматда Дадамиз ва биз фарзандлари бунга гувоҳ бўлишга ҳозирмиз, иншаоллоҳ.

Ўша воқеани – отасининг отамизга яхшилигини Иномхўжа акага айтиб кўнглини кўтараман ва миннатдорлигимни билдираман деб бир-икки марта Фарғонага отландим. Бағдодлик бир ҳожи акамиз ҳатто учрашувга рухсат ҳам олди. Келишилган дамда бизнинг вақтимиз тўғри келмай, учрашиш насиб этмади.
Эски бошлиқларимиздан Рафиқ Нишонов билан Анишчевнинг хотира-мемуарини кўргач, Иномхўжа Усмонхўжаевни ҳам батафсил бир хотира китоб ёзишга ундамоқчи ҳам эдик.
Афсус, бу ният ҳам амалга ошмади.

Жуда мураккаб паллада республикани бошқарди. У даврнинг гапи кўп эди. Ҳамма сирни ўзи билан олиб кетди.
Охирги ҳолатини биз билмаймиз. Бағдодлик ўша ҳожи акамиз: "Бошига тушган кўргуликлардан анча ҳуркак бўлиб қолган, лекин имони бор эди", деган бизга. Бошқа гувоҳлар ҳам айтишича, сўнг йилларда уйида жойнамози ҳамиша ёзиғлиқ тураркан.

Оллоҳ гуноҳларини кечирсин ва раҳматига олсин.

nurullohuz.com