Ўн бир ойнинг султони

Ҳамма кун ҳам Аллоҳнинг куни. Ҳамма кеча ҳам Аллоҳнинг кечаси. Ҳамма ой ҳам Аллоҳнинг ойи. Вақт маъносида бирининг бошқасидан фарқи йўқ. Лекин…

Аллоҳ таоло баъзи кунларни бошқа кунлардан, айрим кечаларни бошқа кечалардан, баъзи ойларни бошқа ойлардан афзал – фазилатли қилиб қўйган.

Жума шундай кун. Барот, Меърож, Лайлатул Қадр шундай кечалардан. Ражаб, Шаъбон, айниқса, Рамазон шундай ойлардандир.

Биз Шаъбон ойини яшаб, Рамазон ойига қадам қўйдик. Жаноби Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) бу қутлуғ уч ойлар кириб келганида, «Эй Аллоҳим! Ражаб ва Шаъбонни бизларга муборак қил, бизларни Рамазонга етказ», деб дуо қиларканлар. Аллоҳимизга шукрлар бўлсинки, сизу бизни яна соғ-саломат Рамазони шарифга етказиб турибди.

 

Бу ойда ҳар бир мўмин-мусулмон ўттиз кун муттасил рўза тутишга буюрилганмиз. Соғлиғимизни тиклаш учун эмас, вазнимизни эпақага келтириб олиш учун эмас, Аллоҳ азза ва жалла шуни биздан истагани учун, холис Аллоҳ учун, Аллоҳнинг розилиги учун рўза тутамиз. Убудиййатимизни, ожизлигимизни, муҳтожлигимизни изҳор этиш учун тутамиз. Меъдаларимизни озиқ-овқатдан рўза туттирганимиз каби, кўзларимизни гуноҳ нарсаларга қарашдан, тилларимизни ножоиз гапларни сўзлашдан, қулоқларимизни ҳаром, фаҳш сўзларни эшитишдан рўза туттирамиз.

Бу ойда инсониятни икки дунё саодатига элтгувчи сўнгги Илоҳий таълимот – Ислом дини ва бу динни келтирган сўнгги Илоҳий китоб – Қуръони карим туша бошлаган. Кўп

муҳим оятлар шу ойда нозил бўлган. Кечаларнинг энг қадрлиси – Лайлатул Қадр шу ойга яширилган. Бу ойда рўза тутиб ихлос билан қилинган дуолар, иншааллоҳ, қабул бўлғувчисидир. Бу ойда шайтони лаин занжирланади, жаннат эшиклари очилади, дўзах олови ўчирилади. Бу ойда масжидларда, хонадонларда Қуръони Карим хатм қилинади, бошдан охиригача ўқиб туширилади. Бизлар эса, гўё янгидан нозил бўлаётгандай, ҳузур ила эшитамиз. Гўё Асри Саодатга бориб қолгандай ҳис этамиз ўзимизни. Қалбларимиз юмшайди, янада ҳалим тортиб қоламиз. Гуноҳларни иложи борича кам, яхшиликларни кўп қилишга уринамиз.

Бу ойда Ҳиндистонда мусулмонлар тўп яшайдиган жойларда кўча ошхоналари ишламайди. Ишлайдиганлари эса мўмин ҳамюртларининг юзи-хотири учун деразаларига парда тортиб қўйишади. Бу ойда ҳатто Исроилда оналар болаларига кўчада овқат емасликни,

рўзадор ўртоқларининг эътиқодларини ҳурмат қилишни таълим беришади. Бу ойда Туркияда шаҳарларнинг катта-катта майдонларида муҳтожларга, мусофирларга ё ифторликка етолмай қолган йўловчиларга атаб ифтор маҳали Рамазон дастурхони ёзилади…

Ҳа, бу ой хайр-эҳсон ва садақотлар беҳисоб қилинадиган, савоблар беҳисоб бериладиган ойдир. Бу ойда осмон эшиклари очилиб, Аллоҳнинг фаришталари ерга инади, Курраи Заминимизга Илоҳий файзлар ёйилади.

Хуллас, Рамазон қолган ўн бир ойнинг Султонидир, гултожидир. Илоҳий тож бошингга муносиб бўлсин, Султоннинг бу йилги ташрифи қутлуғ келсин сенга, эй мусулмон Юртим!

 

Нуруллоҳ МУҲАММАД РАУФХОН

 


“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 1998 йил, 5 ноябр.

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*