Мақолалар

Ўқилганини билдириш шарт бўлмаган гап

“БУ КУНЛАР”ни эълон этганимга ҳали кўп бўлмади. Аммо муҳокама бошланди ва қизғин давом этяпти. Фикр-мулоҳазаларнинг ҳаммасини кўра олмагандирман, лекин ўқиган қисмимдан бир оралиқ хулоса қилиш лозимлигини тушундим.
Асарни тўлиқ (!) ўқиб чиққанларнинг юздан 99 фоизи ижтимоий тармоқларга, шахсий саҳифамга ва эл. почтамга мулоҳазаларини ёзиб, тўла қўллаб-қувватлашларини билдиришяпти. Айрим нуқталарига эътироз этганлар ҳам бўлди, албатта.
Иккинчи хил “ўқувчи”лар китобнинг бош қисмини ўқибоқ ёки чалакам-чатти кўз ташлаб чиқиб “муносабат” билдиришга шошилишди. Булар орасида ўзини “илм аҳли” санайдиганлар борлиги ва пойгани шулар бошлаб бергани ажаб. Ҳолбуки, динимиз шошқалоқликдан қайтарган, ҳадисга кўра шошқалоқлик шайтон амали экани қаттиқ таъкидланган!
Учинчи хил тоифа… гапиришга ва муносабат билдиришга ҳам арзимайди аслида! Иши ғаламисликдан бошқа нарса эмас. “Ўқимадим, ўқимайман ҳам, аммо бу одам ва бошқа унга ўхшаганлар…” деб санаб, на оддий инсонийликка, на одобга, на виждонга тўғри келадиган, айтилса тилни булғайдиган сўзлар билан муаллифни ҳақоратлашлар… У гаплар менга чивин чаққанчалик таъсир қилмайди, ўзларининг асл башараларини очибдилар, холос.
Лекин овора бўлмасинлар, мени мувозанатдан чиқара олмайдилар! Ғаламисликлари ҳам тез орада элга ошкор бўлади! Ундайларни Оллоҳ билан ёлғиз қолдираман ‒ Оллоҳ, Ўзинг етарлисан уларга!
Аммо бошқа томондан боқилса, ундайларнинг жирракилиги “Бу кунлар”нинг ҳақлигини билвосита тан олишдир!
Умуман олганда, ҳозиргача кечаётган муҳокама керакли ва фойдали ўзандан оқмаётгани бўртиб билиниб қолди. Айниқса, асарнинг ўзи ва унда кўтарилган масалалар бир четда қолиб, мўмин-мусулмонлар икки тоифага бўлиниб бир-бирига лой чаплашга тушиб кетгани энг хунук ишдир.
“Бу кунлар” ғояси бирлаштиришдир, ундан ҳар ким ўз байроғини юқори кўтариш учун фойдаланмасин. Мен қўлимдан келганича холис туриб ёзишга ҳаракат қилдим, сизлардан ҳам холис Оллоҳ учун, мунозара одобига риоя этган ҳолда муҳокама қилишларингизни сўрайман.
Алоҳида эслатаман: “Бу кунлар” диний асар эмас, соф диний масалалардан баҳс этмайди. Зотан бунга кучим ҳам етмайди. Асар диний ҳаётимизнинг айрим қирраларига, ижтимоий ҳолатига муносабат, холос. Буни баҳона қилиб ким диний мунозара очса ва диний фитна қила бошласа, гуноҳи ўзининг бўйнига.
Яна бир гап: кимдир асарни ёқласа муаллиф унга дўст бўлиб қолмаганидек, кимдир танқид қилса у муаллифга ё муаллиф унга душман ҳам бўлиб қолмайди. Менинг дўстларим ‒ имон, адолат, ҳақиқат; душманларим ‒ куфр, зулм, ҳақсизлик, ёлғон. Шунинг учун беҳуда тортишишларни бир четга қўйиб, мамлакатимиз ва давлатимизнинг келажаги ҳақида биргаликда бош қотирганимиз фойдали.
Энди бир нозик масала.
“Бу кунлар” муносабати билан Ўзбекистондан ғалати-ғалати хабарлар кела бошлади. Асар йўлини тўсишга жиддий ҳаракат бошланибди; уни ўқиётганлар қидириляпти эмиш…
Одатдагидек, давлатимиз яна хато йўлга кирди чоғи: камчиликни тузатиш ўрнига, камчиликни айтаётган оғизни ёпишга, тузум танқидчиларини овлашга киришилибди. Нима қилиб бўлмасин, “Бу кунлар” омма қўлига етиб бормаслиги чораларини кўраётган эмиш…
Кошки бу билан муаммо ҳал бўлиб қолса! Жамиятни етти қават қўрғон билан ўраб, дарвозаларни ичкаридан танбалаб олган билан аҳволимиз яхшиланмаслиги аниқ. Бугун битта оғиз зўрлаб ёпилса, эртага мингта оғиз очилади! Бугун бир киши тутилиб қўлидан қалами олиб қўйилса, эртага барибир бошқа кимдир ўртага чиқади ва ёза бошлайди!
Эс бўлса, ўртадан биринчи галда камчиликни кўтариш керак! Камчиликни кўрсатганни эмас!
Тушунаман:
‒ ҳақиқат бирдан ҳазм бўлмайди, замон керак;
‒ ҳақиқат аччиқ бўлади, чучук ёлғонлар таъмига кўникиб қолган оғизларга бирданига татимайди, ширин-ширин ёлғонларни эшитиб юрган қулоқларга бирданига ёқмайди.
Бугунча энг муҳими ‒ ичкарида ва ташқарида халқимиз “Бу кунлар”ни ўқияпти, муҳокама қиляпти, ўзининг ҳаётига четдан боқиб кўряпти, тушиб қолган ҳолатини таҳлил қиляпти, қийинчилик билан бўлса-да, АСТА-СЕКИН УЙҒОНЯПТИ!

2 Comments on Ўқилганини билдириш шарт бўлмаган гап

  1. Бугун укиб тугатдим асарни. Аёлим бошка миллатли булса хам, унга унинг тилида таржима килиб укиб бердим. Мен хам, аёлим хам жуда катта таасуротда колдик.

  2. Асарингиз Дин, Ватан, Миллат тараққиёти йўлидаги харакатларимизга озми кўпми туртки беради деб ўйлайман. Аллох рози бўлсин, мехнатингиз, қаламингиз сизни савобларга эриштирсин, деб қоламан.

Фикр билдириш чегараланган

nurullohuz.com