Ўсаётган қоя ёки Абдулла Қодирийга қайтиб иш кўриш…

Абдулла Қодирийнинг кимлигини билиш учун адабиётимизни бир зум Абдулла Қодирийсиз тасаввур этиб кўриш керак. “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” қандай асарлар эканини билиш учун эса, умуман маънавий меросимизни бу асарларсиз тасаввур қилиб кўрайлик.

Тасаввур эта оламизми? Асло! Тасаввур этган тақдиримизда ҳам, бу буюк шахсиятсиз ва бу асарларсиз янги замон адабиётимиз қандай адабиёт, меросимиз қандай мерос бўлар эди?! Албатта кемтик адабиёт, албатта камбағал мерос бўлар эди…

Йўқ, барибир тасаввур этиб бўлмайди!

Энди, бутун Туркистон халқлари учун Абдулла Қодирий нечоғли қийматли эканини чамалаш учун  Абдулла Қодирийи, “Ўткан кунлар”ию “Меҳробдан чаён”и бўлмаган қўшни мамлакатлар адабиётига бир назар ташлашнинг ўзи етарли, деб ўйлайман.

Лекин, масалага бошқа томондан қаралса, Абдулла Қодирийни энди бир халққа хослаб ҳам бўлмайди. Худди ўтган замонларнинг Фирдавсий, Ҳофиз Шерозий, Саъдий, Бедил, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Фузулий каби сиймолари сингари Абдулла Қодирий ҳам аллақачон бир миллатга мансубликдан чиқиб, бу замоннинг умуминсоний мулкига айлангандир. Хоссатан, Марказий Осиё, Туркистон халқларига бирдай тегишли устоз адибдир. Бу ҳудуд халқларининг насрий адабиёти бошланишида ва юксалишида Абдулла Қодирий ва асарлари тутган ўрин ва хизмат жуда юксакдир ва бу ўринни бошқа ҳеч ким ва бўлак биронта асар боса олмайди. Бу ҳақиқатни Марказий Осиё халқларининг ХХ асрда яшаб ижод қилиб ўтган забардаст адиблари ўз вақтида тан олиб айтишган, эътироф қилишган.

Бир оз сийқаланган бўлса ҳам, шу нуқтада қоя ўхшатишини ишлатгим келди. Абдулла Қодирий маънавий оламимизда ниҳоятда баланд ва тенгсиз гўзал қоядир. Оёғи тагида турганингизда бу қоянинг ҳашамати ва гўзаллиги бир миқдор кўринса, ундан узоқлашган сарингиз ва ҳар гал ортингизга ўгирилиб қараганингизда, у ҳашмат ва у чирой кўз ўнгингизда тобора улуғворлашиб, мукаммаллашиб кўринади.

Буюкларимиз айтишича, табиатдаги ҳар қандай маҳобат ва гўзалликка йўлиққанимизда “Нақадар буюк ва нақадар гўзал-а!” десак, ҳайратимиз мантиқсиз ва етарсиздир. Чунки бу буюклик ва гўзалликни у нарсанинг ўзи бор қилмаган, бор қила олмайди ҳам. Аммо “Нақадар буюк ва гўзал яратилган-а!” деб ҳайратлансак, Яратувчисининг ҳаққини ҳам адо этаётганимиз, қудратига иқрор бўлаётганимиз эътибори-ла, бу ҳайратимиз мантиқли ва ифодамиз етарли бўлади. Адолат ва мантиқ шуни тақозо этади.

Шунингдек, биз бугун “Ўткан кунлар”ни ва “Меҳробдан чаён”ни шунчаки “Нақадар гўзал асарлар!” десак ва ҳатто бу гапни минг карра такрорласак, барибир ҳайратимиз мантиқан етарсиз, ҳиссан кемтик, адолат нуқтасидан чала бўлади. “Нақадар гўзал ёзилган!” дейиш билан эса, ҳам асарнинг гўзаллигини, ҳам ёзувчисининг санъати ва маҳоратини биратўла қўшиб эътироф этган, энг муҳими – ҳақиқатни тан олган бўламиз.

Абдулла Қодирий қаҳрамонлари ўзимизнинг ерли халқдир. Ҳаёт тарзи, ташвишлари, орзу-интилишлари халқимизнинг руҳига том уйғундир. Асарларида ўз даври халқимизнинг, туркистонлининг, Туркистоннинг руҳий-маънавий олами бузилмасдан, бузмасдан акс эттирилган. Унинг ижодини суюмли қилиб турган кўринмас жозиба – сир шу ерда. Бу асарлар халқ ўз ўтмишидан ҳали тўла узилмаган, шунинг учун адибларга ҳам ўтмишга қайтиб иш кўриш анча қулай бўлган, ҳали адабиёт сохта ғоялар пойдеворига мажбуран ўтказиб улгурилмаган замонда ёзилиб қолгани фақат Абдулла Қодирийнинг эмас, бутун ўзбек халқининг бахтидир. Шу маънода Абдулла Қодирий шахси ва ижоди кейинги адибларга ўзига хос йўлчи юлдуздир, унга қараб ҳар ким ўзини ва йўлини тўғрилаб олса бўладиган бир маёқдир.

Буюк адибимизнинг иборасини бир оз ўзгартириб айтсак, бугун ҳар бир ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирийга қайтиб иш кўрса, ниҳоятда хайрли бўлар эди! Нега деганда, бугун халқимиз асл руҳига қайтиши жуда улкан муаммо бўлиб турибди, Абдулла Қодирий эса у руҳ билан туғилган, ўша руҳ ичида ўсган-яшаган ва теварагига ўша руҳ кўзи-ла боққан, ўша руҳда туриб асарлар ёзган. Бугунги олтмиш-етмиш ёшлиларга етишмаётган том миллийликка йигирма саккиз яшар Абдулла Қодирий ҳеч бир зўриқмай эриша олгани шундан. Ундан ўргансак, суянсак, улги олсак арзийдиган томонларидан энг асосийси шу деб биламан.

Мен бир ўқувчи сифатида ҳам, адабиётга сал-пал алоқали бир киши сифатида ҳам Абдулла Қодирийни, унинг ижодини яхши кўраман. Унинг шахсига ва асарларига болаларча илк қизиқишни раҳматли Дадам уйғотган бўлсалар керак. “Ўткан кунлар”ни сандалга қўйиб олиб ўқиётганларини (адашмасам, эски лотин алифбосида эди) болалигимда кўп кўрганман. “Жулқунбой Кумушни зўр ёзган-да!” деганлари ҳали ҳам қулоғимда. Асар номини “Ўткан кунлар” демасдилар, “Кумуш” дердилар. Кейинчалик талабалик пайтларим Жулқунбойнинг Кумушини ҳам, Раъносини ҳам мустақил ўқиб чиққанимда, сабаби нимада эканини тўла англаб етмаган бўлсам-да, қаттиқ ҳаяжонга тушганман, Абдулла Қодирий олами мени чексиз ҳайратларга солган. Аммо у буюк асарлар тўғридан-тўғри менинг ижодимга (бу сўзни минг бир хижолат билан ёзяпман, нимани қойиллатиб қўйибсиз, оғиз тўлдириб “ижодим” дейсиз, деган истиҳола ичимда менга дакки бериб: “Уял! Уял!” деб турибди) таъсири бўлганми-йўқми эканини шу кунгача ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Мактабни битириш арафаларимдан бошлаб то яқин-яқинларгача бошқа Абдуллани – Абдулла Қаҳҳорни яхши кўрардим, ижодига ҳавас билан боқардим. Болаликдан тилни яхши кўрганим учунми, Абдулла Қаҳҳорнинг бадиий тили мени ўзига буткул ром этиб олган эди. Унга эргашгим, ўхшатиб ёзгим келарди. Бундан ташқари, Чингиз Айтматов асарларидаги тафаккур кенглиги ҳам менга ёқарди. Ўзи кам нарса ёзган бўлсам-да, айрим ўринларда улар асарларидаги ўзимга ёққан жойларига ихтиёрсиз равишда тақлид ҳам қилган бўлсам керак.

Лекин барибир юрагимнинг қават-қават энг ичкарисида Абдулла Қодирий сири мени ўзига тортиб, хумор этиб келган. Абдулла Қодирийни соғиниш туйғуси айниқса кейинги йилларда жуда кучайди ‒ турсам ҳам, юрсам ҳам ҳеч тинчлик бермай қўйди. Олдиндан ноғора қоқиш бўлиб туюлмасин-у, яшириб нима қиламан, айтишимга тўғри келиб қолди: ҳозир ёзишга киришганим, яхши нарса чиқишидан умид қилиб турганим янги асаримга Бош Ҳакам ва Бош Устоз этиб Абдулла Қодирийни танлаганман. Бугун бир кам олтмишга кирган инсон йигирма тўрт-йигирма саккиз яшар йигитчага шогирд тушмоқчиман. Узоқлашган саримиз орқамизда тобора ўсиб бораётган у муҳташам қояга ўзимда журъат сезиб тирмашгим келиб турибди. Ниятимни нечоғли эплайман, шогирдликка нечоғли ярайман, насиб этса, асар битганидан кейин билинади. Чин баҳосини ҳам муҳтарам ўқувчилар беради.

Бугун миллат ўзлигини ахтараётган бир паллада ҳар ким ўтган замонлардаги улуғларимиз қаторида тез-тез Абдулла Қодирийга, унинг асарларига, унинг маъно хазинасига қайтиб туриши шарт деб ўйлайман. Қайтса, адибнинг сирли оламига кирса, янгилик сарқитлари ила кирлашган руҳларини “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”даги асил ёмби руҳларга ишқаб-юқтириб-тозартиб олса, ота-боболарини таниса, улардан беганасираш тугул, уларни севиб қолса, деб орзу қиламан. Айниқса миллатнинг ойдинлари, айниқса ёзувчилар…

 

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

2013 йил 6 – 13 декабири

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*