Мақолалар

Ўзга оламлар

Манзара
 
Симсиз, антенасиз, тўғридан-тўғри ҳаво орқали гаплашишни илм-фани ўсиб зиминга чиқиб кетган Япония ҳам, Қурия ҳам, Олмония ҳам ҳалигача кашф эта олмаяпти, аммо дунёнинг гадойтопмас бир этагида қолиб кетган бизнинг қишлоқда аллақачон кашф этиб бўлинган. Болалик қўшнимиз тентак Деҳқон ҳожи бува бунинг қаловини топиб, жуда чиройли йўлга қўйиб, жорий ҳам этиб кетган. Бундан саксон йиллар бурун. Япон, карис, немис бармоғини тишласин.
 
Деҳқон ҳожи бува доим ҳавога гапириб юрарди. Гаплашганида ҳам биз билган қаёқдаги манов Аҳмат-Тошмат билан эмас, қанақадир кўринмас оламлардаги кимлардир билан гаплашарди. Аммо-лекин юракдан гаплашарди.
Бугун қарасам, Деҳқон ҳожи тараққиётда анча илгарилаб кетган экан-у, билмасдан биз болалар уни тентак дебмиз.
Уни ўзи билан ўзи гаплашяпти деб ўйлардик ва бурни тагида ғўдраниб юришлари биз болаларга антиқа туюларди.
Кун бўйи аллақаёқларда юриб, шом қоронғилиги туша бошлаганида уйига қайтарди. Кўчамизда пайдо бўлиши билан орқасидан тушардик, калака қила бошлардик. Худонинг берган куни ишимиз шу эди.
Калтагина кўчамиз бошини шу Деҳқон ҳожи буванинг пасқамгина уйи бекитарди. Ошиқ-мошиғи ўзидан чиқарилган эшигини ғичирлатиб ёпиши билан орқасидан эшикка тарақлатиб тош, кесак отиб ғашини келтирардик. Уй ичида туриб олиб бақириши, сўнг шартта остонада пайдо бўлиб гўё бизни қувиб солишга ҳиддатланиши болаларча завқимизни қўзитарди. Завқимиз қўзигани сари баттар жазаваланардик.
 
Қаттиқ хафа бўларди, жаҳли чиқарди, кўчада бўлса шартта тўхтаб, уйида бўлса ташқари чиқиб пўписа ҳам қиларди, аммо ҳеч қачон биримизни тутиб олиб урмасди. Тутиб олишга ҳаракат ҳам этмасди. Ҳозир эсласам, биз болалар унга кўп озор берганмиз, аммо у биронтамизнинг бурнимизни қонатмаган экан.
Уч-тўрт бор шу ҳол такрорлангач, охири бизнинг тошпарронларимизга парво қилмай қўяр, лекин ичкаридан бўралаб сўкинганлари анчагача эшитилиб турар эди. Чарчаса керак, охири тинчиб қоларди.
 
Эни-бўйи бир хил кичкинагина тўртбурчак деразаси қалин тунука тасмалар билан панжарасифат қилиб қопланган эди. Уни дераза деб ҳам бўлмасди, чунки уриб синдирилавериб, кесакисидан бошқа бутун жойи қолмаган. “Панжарали туйнук” десак тўғрироқ бўлар балки. Бир-икки қўшни боладан шу тунука панжара ҳам соғ қолмасди. Тош отганимиз отган: даранғ… дурунғ…
Деҳқон ҳожи бува ғазаб билан эшигини очса ё биз томон дағдаға ила бир-икки одим ташласа, қийқириб қочиб қолардик. Ўшандай онларда биздан бахтиёр, биздан шод кимса йўқ бўларди дунёда!
Отига нимага “ҳожи” сўзи қўшиб айтилишини билмайман, вақтида катталардан сўраб ҳам қолмаганмиз, лекин аҳволидан ҳарҳолда ҳажга бормагани аниқ эди. Яна қайдам, билиб бўлмайди…
 
“Деҳқон” ҳам унинг исмими ё бирон замон деҳқончилик билан шуғулланган бўлса унга лақаб бўлиб қолганми ‒ буни ҳам билмайман. Ўзи у туғма тентакми ёки кейинроқ бирон сабаб билан ақлини йўқотганми ‒ бу ҳам менга қоронғи эди.
Мен тенги болаларни унинг “деҳқон”лиги ҳам, “ҳожи”лиги ҳам қизиқтирмас, биз учун у “тентак”, “жинни” эди, тамом-вассалом! Нимага? Чунки у бошқа эсли-ҳушли одамларга ўхшамасди, доим ўзи билан ёки қандайдир кўринмас нарсалар билан гаплашиб юрарди, ўзидан-ўзи куларди.
 
Худди тентаклик бир одам устидан кулишга, мазах қилишга етарли сабабдай, биз унинг жиғига тегиб маза қилардик….
Деҳқон ҳожи бува билан деворўрта қўшни эдик. Болалигимда онда-сонда унинг сирли уйига кирганман. Раҳматли онам раҳматли дадамнинг топшириқлари билан у кишига овқат киритардилар. Бирон марта менга ёмонлик қилмаган бўлса ҳам, нимагадир ҳар гал қўрқардим.
‒ Нимадан қўрқасан? Киравер! Ҳеч нарса қилмайди, Деҳқон ҳожининг бировга зарари йўқ, ‒ дейишарди ота-онам.
Сал олдин оқшом чоғи уйига қандай “кузатиб қўйганимиз” эсимда бўларди-да. Шу гал тутиб ўчини олса-я, деб хавотирланардим.
Йўқ, яна индамасди. Қўлимдан овқатни олиб, идишига бўшатиб олар ва косамизни қайтариб бераётиб:
‒ Отангга раҳмат айт! ‒ деб қўярди соппа-соғ одамдай.
Тунука идиши ўчоққа ё примусга қўйилаверганидан таши қорайиб кетган, аммо ичи тоза бўларди. Демак, овқатни еб бўлиб ювиб қўяди. Ё биронта қариндоши кундузи келиб идиш-товоғини ювиб, уйини супириб-нетиб кетади.
 
Уйи эски ўзимизнинг ўчоқли уйлардан эди. Мўриси яхши тортмаса керак, бунинг устига туйнуги ҳам тор, ўчоққа ҳар ўт ёқилганида уй ичи тутунга тўлаверганидан деворлари қоп-қорайиб кетган эди. Кечқурун кирасин чироқ ёқарди. Бунинг ҳам тутуни ва ҳиди ҳамма нарсага ўтириб қолган, кирсангиз, ёқимсиз ҳидлардан кўнгил айнир даражага келарди.
Деҳқон ҳожи бува мана шу қора ва доим қоронғи кулбада яшарди.
Лекин у ёлғиз эмасди. Унинг бир ўғли бор эди. Қачондир уйлангани ва бир ўғил ҳам кўрганидан илгари Деҳқон ҳожи тентак бўлмаган экан-да, деб тахмин қилса бўларди. Аммо бу ўғли ҳам тентаклиги у уйланмасидан олдин ҳам жуда унча соғ бўлмаганини билдириб турарди.
 
Деҳқон ҳожи буванинг ўғлини катталар “Соливой” деб чақиришар, биз кичиклар “Солихон ака” дер эдик. Худди дадаси каби, Солихон ака ҳам ўзи билан ўзи гаплашиб юрарди.
Яъни, ота ҳам, бола ҳам тентак эди!
Ташландиққа ўхшаш бу пасқам уйда ота-бола бирга туришарди. Солихон аканинг онаси ким бўлган ва у ўшанда қаерда эди – мен билмасдим.
Ота-бола уйдалигида гоҳо ғўнғир-ғўнғир гаплашишгани туйнукдан эшитилиб қоларди. Демак, улар фақат ўзлари билан ўзлари эмас, балки бир-бирлари билан ҳам гаплашиб туришарди. Гоҳо нимадир сабаб бўлиб уришиб кетишарди. Ичкаридан бақир-чақир, тўс-тўполон эшитилиб қоларди. Лекин асосан тинч яшашарди.
 
Бугун кўзимда ёш билан эслаб кўрсам, қишлоққа уларнинг сира оғири тушмаган. Қайтага одамларнинг иш-пишини қилиб бериб, кўпларнинг оғирини енгил қилиб юришарди ота-бола. Қишлоқликлар нон, овқат тугиб берганидан ташқари, қўлларига уч-тўрт танга пул ҳам тутқазиб юборишарди. Бир сўз билан айтганда, ота-боланинг тирикчилиги қишлоқ аҳли бўйнида эди.
Деҳқон ҳожи бува биз ёшлигимиздаёқ ‒ ҳали эсимиз қуйилиб улгурмасидан оламдан ўтиб кетди. Солихон ака ёлғиз қолди. Биз бу пайтда сал катта бўлиб қолдикми ёки бошқа бирон сабаби борми, Солихон ака ёлғиз қолганидан кейин уйига “ҳужум”лар ҳам тўхтади. Кўча-кўйда катталар ҳамон ҳазил-ҳузул қилиб қўйишади, лекин мазах, калака анча озайди. Балки ўзимиз вояга етиб, у эски қилиқларимизни ташлаганимиз учун менга шундай туюлгандир. Балки кейинги замоннинг болалари бизнинг “ишимиз”ни қолган еридан давом эттиришгандир. Билмайман…
Солихон ака эса, ўша-ўша Солихон ака эди! Ҳамон кимлар ёки нималар биландир гаплашиб юрар, гоҳо жилмайиб, гоҳо ҳа-ҳолаб кулиб ҳам қўяр, гоҳо нимадандир жаҳли чиққандай, сўкиниб юборар эди.
– Ҳа, Солихон, шеригингиз нима деяпти? – деб жиғига текканларга:
– Бор-бор, тошингни тер! (Ёки: “Йўлингдан қолма!”) – деб силтаб ташларди.
 
Шу ўзимизнинг Соливой-Солихон акамиз ҳам ёши етмишдан ошиб, уч-тўрт йил бурун оламдан ўтди. Вафотини тезюрар поездда Самарқандга кетарканман йўлда эшитдим ва, афсус, жанозасига бора олмадим.
Айтишларича, издиҳом жуда катта бўлибди. Қишлоқликлар деярли барча тўпланган, камига бутун тумандан ҳам одам ёғилиб келган. Энг ҳурматли киши ўлганида ҳам жанозасига бунча кўп одам тўпланмайди, дейишди яқинларим.
Ҳар бир қишлоқнинг ҳам битта-иккита тентаги бўлсин экан! Ҳаёт шулар билан қизиқ ҳамда тўлиқ бўларкан. Деҳқон ҳожи буванинг йўқлигини Солихон ака билдирмай юрган эди, у ўтганидан кейин, мана, энди қишлоғимиз бутунлай ҳувиллаб қолгандай бўлди.
Тошкентдан ҳар борганимда бир йўқлаб қўярдим. Болалик хотираларимнинг ажралмас бир бўлаги, керак бўлса, энг армонли бўлакларидан бири эди…
Қани энди у Деҳқон ҳожи буваю у Солихон ака?!.
 
Орадан йиллар ўтиб у одамларни эслаб қолганим сабаби бор, албатта. Яқинда қизиқ бир иш бўлди.
Эски Жўва бозоридан чиқиб, Қорасарой кўчасига тушиб, яёв ишга бораётган эдим. Орқамдан овоз келди. Кимдир менга нимадир дегандай бўлди. Кутмаганим учун англамадим. Хижолат бўлдим. Одимимни секинлатиб, орқага юзландим:
– Узр, эшитмай қолдим, бир нарса дедингизми? ‒ дедим.
Ёшроқ йигит экан, пўрим кийинган. Лекин сўзимга парво қилмади. Ё эшитмадими, менга қарамади ҳам. Йўлкада мен борманми-йўқманми, иши йўқ. Қандай шаҳд билан келаётган бўлса, ўшандай шаҳд билан орқамдан етиб олди. Ёнимдан ўтаётганида ҳатто кулиб ҳам юборди.
 
Тушунмадим. Бирон ерим очилиб қолдимикан, деб у ёқ-бу ёғимни пайпаслаб кўриб чиқдим. Ҳеч гап йўқдай эди.
Йигит яна нимадир деди, сўнгра қаҳқаҳа урди. Шунда англагандай бўлдим.
Шўрлик… шундай ёш, кўркам… тентак экан-да, деган ўй ўтди хаёлимдан.
Ихтиёрсиз равишда Деҳқон ҳожи бувани, Солихон акани эсладим.
 
Улар-ку ғирт тентак эди. Кийимлари, юриш-туришлари ҳам ўзларига яраша бўларди. Лекин бу йигит… Кийимидан, сочларини кузашидан ҳозирги энг замонавий ёшлардан эди. Оила қурса, бир қизни бахтли қилгудай келбатли! Эсизгина, деб қўйдим ичимда.
Шу каби хаёлларга ботиб, оғир-оғир қадамлар билан, салмоқланиб борарканман, йигит ёш эмасми, одимини катта-катта ташлаб, ўзига ўзи гапирина-гапирина, ўзидан-ўзи кула-кула мендан тезда узоқлаб кетди.
Ишхонамга етиб келганимда йўлда кўрганларимни бир-иккиталарига гапириб бердим. Раҳматли Деҳқон ҳожи бува билан ўғли Солихон аканинг ҳолига ўхшатдим.
 
– Сиз айтаётган йигит жа унақа тентакмасдир? – деди ходимлардан бири.
– Ғирт тентак! Ўзи билан ўзи завқланиб гапирганларини, бирдан кулиб юборганларини сизлар кўрмадиларинг. Солихон ака ҳам бунчалик баланд овозда қаҳқаҳлаб кулмасиди! – дедим ҳамон ҳайратимни яширолмай.
– Сиз эътибор қилмагансиз, у бола тилпонда гаплашиб келаётгандир? ‒ деди бошқаси.
– Қўлида тилпони йўқ эди. Бўлса, кўрардим.
– Ҳозир тилпонсиз ҳам гаплашишяпти, домла. Тилпон чўнтагида туради, қора қўнғиздай карнайчани қулоғига тиқиб олади-да, ким билан бўлсин бемалол гаплашиб кетаверади, – деди учинчи бир билағони. – Қулоғидан қўйнига тушган ингичка симга кўзингиз тушмадими?
 
Айтганча, замондан жуда унақа орқада қолмаганман. Қулоқлик ва сим билан гаплашаётганларни мен ҳам кўрганман. Негадир бирданига шу эсимга келмабди. Кўрмадим-да. Кўзим тушмади-да. Ёки бу йигит бошқача гаплашдими…
Нима бўлганда ҳам, менга бу иш ажиб туюлди. Дейлик, соппа-соғ бир йигит (ёки қиз) гавжум йўлда кетяпти:
…ўзига ўзи гапиради, кулади;
…савдолардан баҳс қилади, молларни у ёқдан олиб бу ёққа ташлайди, фойдани тортишишади;
…севгилисини ширин сўзлар билан сийлайди;
…ота-онасига узр-маъзурини айтади, бугун уйга кечроқ келишини айтади ва…
…атрофга парво қилмайди!
Худди Деҳқон ҳожи бува билан ўғли Солихон аканинг ўзи дейсиз! Бу замонда одамлар ёппасига тентак бўла бошлади, шекилли…
 
Албатта, ҳеч ким тентак бўлиб қолгани йўқ. Гапнинг келишими учун айтдим буни. Аслида, илм-фан кундан-кунга ривожланиб кетяпти. Кеча бирон зарур гапни кимгадир етказиш учун Марказий телеграфда соатлаб навбат кутилар эди, бугун бир аравачи ҳам юрган йўлида дунёнинг нариги қирғоғидаги президент билан бемалол гаплашиб ётибди.
Яна Деҳқон ҳожи бува билан Солихон акага солиштираман: агар бугунги ҳолимизни техника тараққиёти десак, унда улар нафақат ўз замонларидан, балки бугундан ҳам анча илгарилаб кетишган бўлиб чиқяпти!
 
Ҳалиги йигит-ку нариёқда турган ёки ўзи каби қаерлардадир юриб бораётган аниқ бир одам билан гаплашяпти. Деҳқон ҳожи бува ё ўғли Солихон ака эса биз билмаган ва кўзимизга кўринмаган қандайдир ўзга оламлар билан, қанақадир сирли “суҳбатдош”лар билан мулоқотга киришишган! Фарқи борми? Бор албатта! Ҳамда улар ҳам ўзларича ўзаро жиддий-жиддий масалаларни ҳал этишар балки, фақат, унга бизнинг ақлимиз етмайди.
Демак, илм-фан ўса-ўса Деҳқон ҳожи бува билан Солихон ака даражасига энди етиб келибди!
 
Ундай десам… йўқ, илм-фан Деҳқон ҳожи бува билан Солихон ака топиб қўллаган технология даражасига ҳали ҳам етиб бормаган! Чунки бир япон ёки бир карис ёки бир немис олими яқиндагина кашф қилган гаплашиш усулига кўра, ҳозирги замон кишиси узоқдаги кўринмас кимса ёки нарса билан гаплашиши учун ҳеч бўлмаса шапалоқдай бир апаратга, бир қулоч симга ва осмондаги сунъий йўлдошга муҳтож. Бизнинг Деҳқон ҳожи бува ва Солихон акага эса ўзга оламлар билан мулоқотлари чоғи на тилпон апарати, на сим ва на сунъий йўлдош керак бўлган! Биз билмайдиган ва илм-фаннинг ҳам ақли етмайдиган оламлар билан улар тилпонсиз, симсиз ва сунъий йўлдошларсиз эмин-эркин гаплашиб юраверишган!
Ҳа, XXI аср илм-фани ўтган асрда яшаб ўтган ота-бола қишлоқдошларим эришган даражага етиши учун яна неча йиллар, балки асрлар керак бўлади!
 
Ана шунақа, азиз дўстим. Бордию қишлоғингиз ёки шаҳарингизда симсиз, тилпонсиз ўзи билан ўзи гаплашиб-кулишиб бораётган одамни кўрсангиз, дарров тентакка чиқаришга шошилманг. У тентак эмас, аниқ тентак эмас! У келгуси буюк кашфиётларнинг бугунги кўринишидир.
 
2013 йил 6 июл, шанба.
nurullohuz.com