Мақолалар

Ўзимизнинг мошина!..

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган мошиналарга тегишли яна битта гап.

Бизда мошина нимага бунча қиммат? Наҳот зовутдан шунча қимматга чиқади? Унақа десак, чет элларга худди шу мошина Ўзбекистондагидан икки ё уч бараварча арзонга сотилади! Демак, зовутдан янаям арзонга чиқаркан-да?

Лекин кўчада асл таннархни суриштиришнинг сира иложи йўқ. Давлат сири бу. Давлат ҳар бир мошина устига қанча устама қўйиб сотяпти – жонини севган биронта одам буни сўрай ҳам, суриштира ҳам олмайди. Мошин зовути (айтишларича) нақ Коттанинг ўзига қарайди-я!

Аммо оламга жар соламиз: “Ўзбекистонда бир неча хилда мошина ишлаб чиқарилади! Ўзбекистон – автомошина ишлаб чиқарадиган йигирма саккиз давлатдан бири!”

Теварагимиздаги қўшнилар, аксинча, мамлакатларида мошина зовути қурилмаганига шукр қилишади:

“Хайрият, бизда мошин зовути йўқ. Мошина ишлаб чиқарилса-ю, нархи Ўзбекистондагидай бўлса, умуман зовут қурилмагани яхши. Чунки ҳозир биз дунё мошиналарини Ўзбекистондагидан анча арзонга сотиб оляпмиз. Ҳатто Ўзбекистоннинг мошиналари ҳам бизда сув текин. Шундай экан, нимага энди мошин зовути қуришимиз керак?! Бунинг нимаси мақтангулик?!” дейишади.

Мантиқан қаралса, тўғри айтишади. Лекин биз бу масалага мантиқан ҳам, адолат юзасидан ҳам қараёлмаймиз. Бу масалада ақлни ишлатишга ўрин йўқ. Бизда ҳаяжон ғолиб. Биз ўзимиз мошина ишлаб чиқарамиз! Ўзбекистон автомошина ишлаб чиқарадиган йигирма саккиз давлатдан бири! Автомошина державаси!!! Қандай тараққиёт, қандай устунлик!

Менинг ақлим етмайдиган ери шу ўзи. Ҳеч йўқ озгина тушунишга уриниб ўйлайверсам, миям ачиб кетади, лекин сира тагига етолмайман[1].

 

 


[1] Шу кунларда (2013 йил 15 август) интернетда ўқиб қолдим: Twitterда опачамиз Гулнора Каримовадан Ўзбекистон мошиналари нархи ҳақида сўрашган экан: “У нас цены на отечественные автомашины нереальны!» деб жавоб қилибди. Билади занғар ўзи ҳам!

 

nurullohuz.com