Пуфак

Ҳангома

Ҳар гал ой бошида фабрика уч-тўрт кун оёқ-қўлини ёйиб, тин олволади. Ҳозир шунақа палла. Куни кеча пилон деб диконглаб юрганлар бугун минг қўйли бойдек хотиржам қадам ташлайди. Куни кеча иш деб буткул дунёни унутганлар бугун фабрика ҳовлисидаги гулзорни томоша қилади. Осмонга қарайди, ўтган-кетганга салом беради, алик олади. Дарахтларнинг барги сарғая бошлаганини пайқайди, салқинроқ ерга ўтириб, қулоғига тишкавлагични тиқиб, кир қидиради.

Ширинликлар фабрикасининг Сифат назорати бўлими бошлиғи Булаҳим Ҳалаев кеча пуфак сотиб олган эди. Уни таниганлар ҳалигача, Булаҳим Ҳалаев ўзига ўзи гап сотиб олди, деб юрадилар. Аслида, борини айтган маъқул: у гап эмас, пуфак сотиб олди. Ҳомиладор аёллар бирор нимага бошқоронғи бўлса, ўша нарсани кўришга ё эшитишга ё ейишга ўзларида кучли истак сезганидек, Булаҳим Ҳалаев ҳам кейинги пайтлар фабрика ташвишларидан бўшаган чоқлари пуфак пуфлагиси келаверадиган бўлиб қолди. Фабрика чиқараётган маҳсулотларни яхши-ёмонга ажратиш ҳам дардисар иш, ундан пуфак пуфлаб юрган яхши эмасми?

 

Булаҳим Ҳалаев шу ниятда икки қўлини чўнтагига тиқиб, ҳуштак чалганича, ҳовлида сайр қилиб юрарди. Ҳаво очиқ. Иш маҳали бўлганидан, одам сийрак. Келиб, кунга терскай ўриндиққа ўтирди. Чўнтакдан пуфакни олиб, кучаниб керишди. Кейин пуфакни кунга солиб пича томоша қилди. Чўзиб-чўзиб юмшатди-да, думидан тортиб туриб, чумагини оғзига тиқди. Шошилмай пуфлай бошлади. Қандай яхши! Бурнидан симириб ҳаво сўради, пуфлайди, чумакни тишлайди, тағин лунжини шишириб пуфлайди, тағин тишлайди; пуфак шишаверади. Булаҳим Ҳалаев орқа-олдига қарамай пуфлайверади, пуфак орқа-олдига қарамай шишаверади. Эҳ-ҳе…

Тарам-тарамли пуфак экан: аста-секин у ер-бу ери бўртиб чиқди. Бўғин-бўғинли пуфак экан, бўртган ерлари бўғинга ажралиб, айрим-айрим шишди. Булаҳим Ҳалаев берилиб пуфлайверди. Ёш боланинг қучоғига сиққудек бўлгандагина ундаги ўзгаришни пайқади. Ҳайратга тушди. Бас қилаймикан, ёрилиб кетмасин яна, деган хаёлга борди. Энди ҳавосини олувди-я! Ажабо, пуфакми ўзи бу? Болачага ўхшайди-ку? «Жичча пуфлай-чи, нима бўларкин. Аммо-лекин чет элникидан қолишмас экан».

Ичига ҳаво тўлгани сари пуфак одам сиёғига кириб борарди. Булаҳим Ҳалаев пуфлашдан тўхтади. Икки бармоғини оташкурак қилиб чумакни қисди-да, ўзидан бир тирсак нарига тутиб қаради. Ана холос! Худди одамнинг ўзи-я! Бош, қўл, оёқ, қорин… Булаҳим Ҳалаевнинг ҳайрати ўчди, қўрқиб кетди. «Ё ўзинг сақла!» деб пуфакни отиб юборди. Пуфак йўлка четидаги семун тўсиққа урилиб, одамга ўхшаб бир ингради ва шоша-пиша ўрнидан турди. Булаҳим Ҳалаевнинг юрагига ваҳима солиб, унга томон тетапоя кела бошлади.

 – Пуфлашга пуфладингиз, устоз, энди манави еримни дарров қисинг, дамим чиқиб кетмасин, – деди чумагига ишора қилиб. – Тез бўлинг!

Пуфак юриб келаётганида бир қўрққан Булаҳим Ҳалаев унинг гапирганини эшитиб, эс-ҳушидан айрилди.

– Ушланг дедим, устоз!

Булаҳим Ҳалаев серрайганича ўтираверди. Пуфак жон ҳолатда бақирди:

– Қис чумагимни, дедим! Дарров!

Булаҳим Ҳалаев пуфакка шуурсиз қўл чўзди. Титроқ қўллари билан у кўрсатаётган ерни ғижимлади. Пуфак инграшдан тўхтади. Юзига табассум ёйилди.

– Энди… яна пуфланг, устоз, – деди у ялинчоқ оҳангда. – Сал пуфласангиз, ўзимни тиклаб оламан.

Булаҳим Ҳалаев эс-ҳушини йўқотиб, пуфакнинг сеҳрли таъсирига тушиб қолган эди. Нимани буюрса, қилаверди. Пуфлайверди, пуфлайверди, пуфак шишгандан шишиб, то ўзи баробар бўлиб кетмагунича пуфлади.

– Энди битта қистирғич топинг-да, устоз, менга бериб қўйинг, – деди пуфак мамнун қиёфада.

Булаҳим Ҳалаев теваракка қаради. Нарироқда фабрика лаборантларининг оқ халати ёйиб қўйилган экан, туриб, ўшанинг қистирғичини олиб келди.

– Раҳмат, – деди пуфак ўзи чумагини эшиб, қистирғич соларкан. Кейин у ҳам ўриндиққа ўтирди. Чап қўлини Булаҳим Ҳалаевнинг елкасига ташлаб, суянчиққа ястанди. – Қўрқиб кетдингиз-а, устоз? Қўрқманг, сиз Яратганнинг бир бандаси бўлсангиз, мен сиз туғиб катта қилган болангизман.

Булаҳим Ҳалаев юрак ютиб, сўради:

– Кимсан сен ўзи: пуфакмисан, одаммисан?

– Одамман, устоз! Болангизман сизнинг, деяпман-ку.

Булаҳим Ҳалаев ёқасига туфлади.

– Гапингни қайтиб ол, пуфак! Мен сени танимайман!

– Сенсирамасдан гапираверинг, устоз. Сизга даъво қилаётганим йўқ-ку, эслатиб қўйяпман, холос.

– Бўпти, сизлайман, – деди Булаҳим Ҳалаев иложсизликдан кўниб, – лекин сиз ҳам унақа туҳмат қилманг-да одамга.

– Мана бу энди бошқа гап, устоз. Хў-ўш, келишиб олайлик бўлмаса.

– Нимани келишамиз?

– Арзимас шартларим бор, устоз, хўп десангиз, асло мендан ёмонлик кўрмайсиз.

–        Қани?..

 – Биринчидан, менинг одамлигимга ҳеч қачон шак келтирмайсиз.

– Ахир… сиз… пуф…

– Йўқ, пуфакмасман, одамман! Тушундингизми?

– Узр.

– Иккинчидан, қачон пуфланг десам, тихирлик қилмайсиз!

– Майли-я, лекин ишим нима бўлади? Ё бўшайинми?

– Асло! Сифат назоратидан бўшасангиз, кимга керагингиз қолади, устоз! Мен сизни ишдан қўймайман, фақат, вақт-бевақт эътибор бериб турсангиз, бас. Демоқчиманки, ширинлик бизга ҳам ёқади!

– Унда… исмингиз нима?

– Пуфак! “Пуфакжон” дейсизми, “Пуфакбой” дейсизми – у ёғини ўзингиз биласиз. Келишдикми?

– Келишдик.

Шундай қилиб, кунлар ўтаверди. Булаҳим Ҳалаев Пуфакбекни пуфлаб юраверди.

Талабларга кўра ҳамда Булаҳим Ҳалаевнинг елиб-югуришлари натижасида Пуфакбек шу фабриканинг тажриба сехига ишга кириб, қизғин фаолият кўрсата бошлади. Дастлаб устахонасига бутун дунёда ишлаб чиқариладиган қандлардан намуналар келтирди. Кунлаб бир бурчакда биқиниб, уларни ўрганиб чиқди. Кейин бевосита тажриба ўтказишга киришди: биттасининг қандини иккинчисининг қоғозига ўраб кўради, яна бириникининг ширасини бошқасиникига аралаштиради, қайнатади, тиндиради, бўтқасини қандга ўхшатиб кесиб-кесиб, шу фабриканинг қоғозига ўрайди, кўчада ҳаммага биттадан улашиб, фикр йиғади, лекин ҳеч қачон бу фикрлар билан ҳисоблашмайди, тажриба ўтказаверади, маҳсулотини вақти-вақти билан сифат назоратига ҳам кўтариб боради, маъмуриятга юбориб туради, хуллас, тиниб-тинчимайди.

Ора-орада Булаҳим Ҳалаевнинг олдига келиб, дам еб кетади. Дам еган маҳаллари унга дуч келманг, ғайрат-шижоати жўшиб турган бўлади. Фабрика ишчилари билан танишади, дўстлашишга тиришади: бировни олижаноб деб, бировни бўлса, э, сиз авлиё экансиз-ку, деб таърифини келтиради. Дуч келганнинг бошига бир-бир игна суқиб, ҳаммани битта ипга тизади, сўнгра ипнинг иккала учини қўлига чирмаб боғлайди-да, чунонам чирпирак қилиб айлантирадики… чеккадан қараган киши, довул турдими, деб ўйлайди. Чирпирак бўлиб айланаётган довул эмаслигини, бу Пуфакбекнинг иши эканини ёлғиз Булаҳим Ҳалаев билади. Лекин у хотиржам. Ажинашамол қўйнида боши-кетини йўқотиб айланаётганларни роса томоша қилади, барини битта қўймай жин чалиб кетса-я, деб чапак-чапак ўйнайди, ора-чира пуфлаб, шамол ҳосил қилиб, Пуфакка яқиндан ёрдам бериб туради.

Зўр!

Бир куни Пуфакбек унинг олдига ҳовлиқиб келди.

– Яқинда қандчилар йиғини бўларкан, шу ростми? – деди.

– Рост.

– Ўшанга мени вакил қилиб сайлашлари керак! Шунга… битта пуфлаб қўйинг.

Фабрика ҳовлисига чиқдилар. Қадрдон ўриндиққа ўтирдилар. Булаҳим Ҳалаев Пуфакбекнинг чумагини оғзига солди, бурнидан ҳаво сўриб кўксини тўлдирди ва…

– Бу сафар сал кўпроқ пуфлаб юборасиз-да, устоз, – деди Пуфакбек кафтларини ишқалаб.

Булаҳим Ҳалаев пуфлади.

– Яна, яна, – деди Пуфакбек.

Булаҳим Ҳалаев ўриндиққа маҳкам ўрнашиб олиб пуфлайверди, Пуфакбек шишаверди. Шишган сари завқи қўзирди унинг.

– Яна, яна…

Пуфакбек энига ҳам, бўйига ҳам ўсаверди, Булаҳим Ҳалаев мижжалари қизариб пуфлайверди. Бир пайт Пуфакбек пардек енгил бўлиб ҳолди, оёғи ердан узилди. Булаҳим Ҳалаев пуфлашдан тўхтади.

– Етар энди, – деди енги билан тумшуғини арта туриб. – Учиб кетманг тағин.

Шундай дедию ўзи ҳайрон бўлди: одатда одам пуфлаб шиширган пуфак ҳеч учмасди-ку? Демак, ё менинг нафасим енгил, ё бу пуфак бўлакча!

– Пуфланг, устоз! Зўр жойида тўхтатиб қўйдингиз-а. Пуфланг!

– Пуфласам пуфлайвераман, лекин учиб кетасизми деб қўрқяпман.

– Майли, учсам учай. Пуфланг, ахир!

– Йиғин нима бўлади унда?

– Йиғинни пишириб ейманми, учгим келяпти, устоз!

– Шошманг бўлмаса, эҳтиёт чорасини кўрайлик. Манов суянчиқдан ушлаб туринг, мен ҳозир келаман, – деди Булаҳим Ҳалаев ва иккита чинор орасига тортилган дор чилвирни ечиб келди. Бир учини Пуфакбекнинг белига маҳкам боғлади, иккинчи учини ҳалқа қилиб ўзининг бўйнию белию оёқлари орасидан ўтказди. – Қалай?

– Фаросатингизга қойил, устоз, – деди Пуфакбек чапак чалиб. – Сал узунроқ қилаверинг, ҳеч бўлмаса томбўйи баландга чиқай!

Пуфакбек қистирғични чумагининг ёнгинасида ҳушёр тутиб, қўйиб берди. Булаҳим Ҳалаев унинг дуч келган еридан чангаллаб, пуфлайверди. Пуфакбек рўй-рост оёғи ердан узилди.

– Воҳ, қандай маза! Яна, яна,..

Булаҳим Ҳалаев ўлар-тириларига қарамай, карнайчидек лунжини шишириб, бўйнини осмонга чўзиб пуфлайверди.

– Яшанг, устоз! Яна, яна…

Булаҳим Ҳалаев ўзи ҳам Пуфакбекка қўшилиб оҳиста кўтарилиб кетаётганини сездию пуфлашни бас қилди.

– Бўлди, етар.

Пуфакбек кўнмади.

– Пуфланг! Пуфланг, устоз! О, янаям тепароққа чиққим келяпти!

– Мен ҳам учиб кетяпман, ахир…

– Пуфланг!

– Пуфламайман!

– Пуфла, деяпман!!! Дўкончи жувонга суюлганингни хотинингга айтайми ё?! Пуфла!

Пуфак сотиб олаётганида кўнгли суст кетиб, дўкончи жувонга ихтиёрсиз кўз қисиб юборган эди, уни бу пуфак қаёқдан кўрақолди? Булаҳим Ҳалаевнинг вужудига титроқ кирди. Бу қўрқинч осмонга учиб кетишдан ҳам ваҳимали эди. Биринчи хотинидан ажрашганидан кейин ҳамкасбидан бўшанган яна бошқасига уйланиб олган, лекин ёмғирдан қутулиб, дўлга тутилган эди. Дўкончи хотинни эшитса, оғзи-бурни қон бўлиши турган гап.

Тинкаси қуриб битганига қарамай, жон ҳалпида яна пуфлашга тушди. Тобора тепага кўтарилавердилар.

– Одамни унақа қийнаманг-да, устоз, – деди Пуфакбек ҳовридан тушгандай бўлиб. – Пуфланг! Яна, яна…

Чинор бўйи баландга чиқдилар. Терак бўйи… Бир пайт чумак оғиздан чиқиб кетди. Булаҳим Ҳалаев шув-в этиб пастлади, лекин ерга етиб келмади – чилвирга осилиб қолди. Пуфакбек чумагини дарҳол қайириб, қистирғич солди. Шу тобда унинг кўзлари, юзлари, қорнию оёқ-қўллари – ҳамма ери бирдек яйрар, бирдек кулар эди. Шу аҳволда осмони фалакка кўтарилавердилар. Ширинликлар фабрикаси пастда дўппидайгина бўлиб кўрина бошлади. Булаҳим Ҳалаевнинг кўзида ёш, шими ҳўл… Пуфакбек эса тинмай қийқирарди:

– О, тубанга қаранг, устоз! О, тепадан қараш маза-я!

Булаҳим Ҳалаев ҳаётдан умидини узди. Кўнглидан: «Энди кетдим… Энамни кўрдим! Умримнинг битгани шудир-да?» деган ўй ўтди.

Ер пастда қолиб кетди. Қушлар пастда қолиб кетди. Булутлар пастда қолиб кетди. Иккаласи ўқдек тепага кўтарилаверди. Пуфакбек қўлларини қанот қилиб, силкиб-силкиб ҳам қўяди…

Булаҳим Ҳалаевнинг шуури ярқ этиб ёришди. У қўлтиғида доим битта бигиз сақлаб юрарди, айниқса, шу Пуфакбекка йўлиққанидан бери эҳтиётан учини чархлатиб ҳам қўйган эди. Бирдан шуни эсладию севиниб кетди. Пуфакбекка сездирмай, чилвирдан тортилиб унга яқинлаша бошлади. Икки ора тобора қисқараверди. Пуфакбек устозининг ниятидан хабарсиз эди, шод, қичқираверди:

– О, қандай зўр! Биз сиз билан, устоз, тарихда мисли кўрилмаган ютуққа эришдик! Биз учдик! Иккаламиз бир бўлсак, нималар қилиб ташламаймиз бу дунёда!

Булаҳим Ҳалаев «Ҳа, шунақами? Ҳа, рост» деганча, чилвирни белига чирмаб айлантириб, Пуфакбекка яқинлашаверди.

– О, ер қанчалар тубанда-я! Одамзоднинг шунчалик тубанда ғимирлаб юрганига ҳайронман, устоз! Ўйлаб қарасам, ҳамма нодон экан: қанд, шакалад, йиғин – ҳаммаси бекор экан, одамлар ўзини ўзи овутиб юраркан, холос. Мана – чинакам ҳаёт, чинакам ширинлик, устоз! О!

Булаҳим Ҳалаев Пуфакбекнинг таранг қорнини мўлжалла-аб туриб… бигизини шартта санчди!

Пар-ра-а-анғ!!!

Дунё чаппа айланди. Булаҳим Ҳалаев тубангами, осмонгами, чапгами, ўнггами қараб учди. Учаверди, учаверди, қаёққа учяпти, нега учяпти, қачондан бери учяпти – билолмай қолди…

 

Ҳангоманинг бу ёғини биз биламиз. Биз ўз кўзимиз билан кўрганимизни айтамиз. Кўрмаганимизга кафил эмасмиз. Ўз кўзимиз билан кўрганимиз эса, мана бундай.

Осмондан нимадир шувиллаб ўчиб келдию ширинликлар фабрикасининг кенг ҳовлисига тўп етиб тушди. «Тўп этиб тушди» дейиш – ҳаддан ташқари юмшоқ ифода. Аслида қандай тушганини тасвирлашга сўз йўқ! Фақат… Ерга урилган пайти тўзғиган чанг улкан булутга айланиб, ширинликлар фабрикаси осмонида буруқсиб туриб қолди – бунисини ҳам кўрдик.

Яна бир нарса: ўша нимадир ерга тўп этиб тушганида Булаҳим Ҳалаев «чўчиб уйғониб» кетмади. Чунки бу айтганларимиз туш эмас эди. Бари бўлиб ўтган, бўлаётган ишлар эди…

Сўнгра, одатда бунақа ишлардан кейин бўладиганидек, акт тузилди:

 

АКТ

Тузамиз бул актни шул ҳақдаким, бир ҳафта бурун фабрикамиз ҳудудида ақл олмас воқеа содир бўлди. Осмондан нимадир шувиллаб учиб келдию зарб билан ерга урилди. Ер титраб, биноларимизнинг фалон-фалон жойлари фалонча сўмлик шикастланди. Ҳовлига тушган «нарса»ни текшириш ниятида ўн кишилик ҳайъат тузилди. Қўлга киритилган далиллар тубандагилар:

а) ўрта бармоқдек келадирган рангсиз пуфак (у ёрилиб, титилиб кетган);

б) одамнинг бир жуфт лаби. Бу лаб эгасининг жинсини аниқлай олмадик: катталигидан – эркакникига ўхшайди, қизиллигидан – аёлникига ўхшайди;

в) узунлиги олти метрча келадирган пишиқ чилвир. Лекин бу чилвирнинг лаб билан пуфакка қандай алоқаси борлиги ҳамон бизга қоронғи.

Ушбу ашёвий далилларни тегишли ташкилотларга тўлиғича топширишимиздан мурод – фабрикамиз еган зарарни фалонча миқдор маблағ билан қоплашларингни сўраймиз, деб…

…ўнта имзо…

Ва ҳоказо… Ва ҳоказо…

 

1985

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*