Қисқа тўлқинларда 2

БИЗДАН СЎРАГАН ЭКАНСИЗ…

 

«Ой бошида молхонамизда ёпиқ майлис бўлди. Молбоқарлар, гўнг тозаловчилар, собиқ чўпонлар йиғилдик. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг симпўниясими, симпўзиясими бўлган экан, ўшанинг қайсидир қарорини муҳокама қилдик. Ҳамма гапирди. Менам гапирдим. Бизди моллар ўзининг гўнгига ботиб, билчиллаб яшаяпти, қачан бизга демакратия бўлади, дедим. Бошқа ҳеч нарса демадим. Ҳа, яна, ЮНЕСКА қақа қараяпти, дедим шекилли. Шу, холос. Молхонамизга мовун бўлиб Таиланддан келган кадр майлис охирида ўрнидан турди-да, «Сезишимча, кейинги пайтлар молхонамизда антиферма кайфиятлар кучайибди, биз чўпон-чўлиқлар бундан эҳтиёт бўлишимиз керак, антиферма ғояларни молхонамизга яқинлаштирмайлик!» деб роса ваҳма кўтарди. Кимга ишора қиляптийкан, десам, нуқул менга қараб гапирди. Мен бўлсам, ўлай агар, «анти» нималигини тушунган бўлсам.

Ҳурматли «Муштум», балки сен тушунтириб берарсан?

Салом ва эҳтиром билан, российски сигир боқувчи Абдиқул БЕРДИҚУЛ ўғли».

 

 

«МУШТУМ»дан: Ҳурматли Абдиқул Бердиқул ўғли! Айб ўзингизда! Молларга демократия сўраб нима қиласиз! Шунча йил гўнгига ботиб, билчиллаб яшаб келибди, яшайвермайдими яна шунча!! Гўштга яраб турган бўлса бўлди-да! Энди, мовунингизнинг нутқига келсак, биз унга қарши бир нима деёлмаймиз. Чунки ҳозирча ўзимиз ҳам ўша ферма мовунининг йўриғидан чиқиб кетолганимиз йўқ.

Яна бошқа саволлар туғилса, тортинмай сўрайверинг, бажонудил жавоб берамиз. Саломат бўлинг, Абдиқул Бердиқул ўғли!

 

 

ТАВБА

 

Ошкоралик бўлиб, ҳатто кўнгилдаям сир сақлаб бўлмай қолди. Масалан, кечалари уйқунг қочиб кетиб: «Бўлди! Етар энди! Дўконни ёпиш керак!» деб қатъий қарорга келиб қўйсанг, аллақачон бу фикринг кимларгадир маълум бўлган бўлади. Эрталаб туриб қарайсанки, элга ёйилиб кетган, ҳамма сақич қилиб чайнаб юрибди. Ҳушингни йиғиб олмасингдан, дунёдаги энг йирик ҳайкал тагида яна митинг, яна дўқ-пўписалар… Ўйлаган ўйинггаям пушаймон қилдиради бу ошкоралик ипирисқилари!

У аччиқ алам билан шуларни ўйлаб, бедор ётган эди. «Бу ўйларимам раиятга маълум бўлиб қолса-я!» деб бирдан кўнглига ваҳм оралади. Шартта ўнг ёнбошига ағдарилиб: «Тавба қилдим, тавба қилдим! – деб кўкрагига туфлади. Сўнг товушини хиёл чиқариб нидо қилди: – Яшасин ошкоралик! Яшасин демократия!»

 

Ш. Е. КИШИ

 


“Муштум” журнали, 1990, 21-сон

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*