Салтанатнинг емирилиши

Бўлган воқеа

1-БОБ

 

Ҳижрий 1410 йил. Самарқанд. Кўксарой. Оромхонага юзида ажиб севинч порлаб Али Қушчи кирди. Мирзо Улуғбек ўрнидан туриб, қадрдонига пешвоз юрди. Кечагина кун бўйи бирга бўлишганига қарамай, қизғин қучоқлашиб кўришдилар.

– Хуш кўрдик, мавлоно Али Қушчи! Хушхабарлар борми?

Али Қушчи отни елдириб келган эканми, кайфияти баландлигидан ташқари, хиёл ҳансирар эди.

– Расадхонада эдим, устоз. Кун тутилишига оз қолганга ўхшайдир. Толибларингиз қадамингизга мунтазир, бугунги сабоқдан баҳраманд бўлиш илинжида кўнгиллари типирчилайдир.

Осмон сирларини билишга чанқоқлик Улуғбекка таниш туйғу, шу боис у шогирдларининг ҳолатини кўз олдига келтириб, сезилар-сезилмас жилмайди.

– Отлар ҳозирлансин! – деди юмшоқ буйруқ оҳангида.

Хос эшик ортидаги парда қимирлади ва даҳлизга тўшалган гиламдан кимнингдир узоқлашаётган қадам шарпаси эшитилди.

 

Али Қушчининг хуш кайфияти Мирзо Улуғбекка ҳам юққан эди. Икки аллома оромхонадан шошилиб чиқдилар.

Орадан ҳеч қанча фурсат ўтмай, олдинда Улуғбек бирла Али Қушчининг, сал кейинда ўн чоқли мулозимнинг отлари Самарқанднинг ғиштин кўчаларида туёқлари остидан ўт сачратиб, елиб борарди.

 

2-БОБ

 

Расадхона… Ҳар гал бу даргоҳга қадам босаётганида Улуғбекни ҳадсиз бир ҳаяжон чулғаб олади. Негаки, ҳар гал бу ер унга янги олам, янги кашфиётлар ҳадя этади. Тақдир ҳозир улуғ шоҳга – улуғ олимга қандай оламшумул тортиқ тайёрлаб қўйди экан?!

Расадхонанинг чиннидай пишган ғиштлари қадам товушларини сеҳрга йўғириб, жаранглатиб қайтарар эди. Толиблар устозларини эҳтиром ила кутиб олдилар. Одатдаги савол-жавобдан сўнг Улуғбек пиллапоядан юқорилай бошлади. Чап қўлини тўсиққа қўйиб, ўнг қўлидаги дурбинни кўзига олиб борди. Асосий суҳбатдан илгари у ҳар сафар мириқиб осмон жисмларини томоша қиларди…

Ажабо! Нима бу?! Қани осмон?! Унинг кўзига нималар кўриняпти?!

Улуғбек ҳаяжонда дурбин кўзларини салласининг печи билан артди. Қаради. Тағин ўша манзара: унга етти буржигача таниш осмон эмас, қадрдон ой ёки қуёш эмас, балки… айтишга тил ҳам бормайди… кўрган кўз уялади… балки, бир ажнабий қизнинг қип-яланғоч сурати кўринарди. Энг олис юлдузни ҳам кўрсатишга қодир дурбин у беҳаё суратни шундоқ яқинга келтириб қўйган эдики, қаршисида – қўл етгудек масофада чиндан ҳам ўша яланғоч ажнабий тургандай, Улуғбек беихтиёр икки зина пастга тушди. Салла печи билан энди кўзларини ишқалади. Хижолатлик ўрнини аста-секин ғазаб эгаллай бошлади. Улуғбек сўнг бор дурбинга қараб, макон ва замонни аниқлаб олди. Лаблари эса тинмай пирпирар эди: «Менинг салтанатимда-я!.. Амир Темир ибн Тарағай бунёд этган мамлакатда-я!..»

Туйқус Расадхонада унинг момоқалдироқдек ҳайқириғи янгради:

– Қиличимни келтиринг!!!

Бобоси Амир Темир ҳадя этган қилични келтирдилар.

– Яроғланинглар! – деб буюрди у бошқаларга ҳам. Товуши титраб, йиғи аралашиб чиққандай туюлди.

 

3-БОБ

 

Самарқанднинг Шош дарбозасига етмай, Расадхонанинг шундоқ пой-остонасида мусофирлар чойхонаси бор эди. Унинг қибла тарафида бир дўкон бўлиб, анчадан бери йўловчиларга газит-жўрнол сотиларди. Олдида чамаси эллик отлиқ сиққулик майдони ҳам бор. Мирзо Улуғбек бошлиқ суворийлар тўппа-тўғри отларини шу ерга чоптириб келдилар. Улуғбек отдан тушмай дўкон устига бостириб борди.

Одам бўйи қилиб ишланган у беҳаё сурат шу дўконнинг ойнаванд деворига илиб қўйилибди. Улуғбек бирдан қилич тортмади, ғазабини босиб, хиёл эгилди-да, ичкари мўралади. Ёпирай! Ичкарида бундан бешбаттар яланғоч сурат осиғлиқ турарди. Сотувчи ёшгина жувон экан.

– Қизим, – деб сўз бошлади улуғ шоҳ йиғламоқдан бери бўлиб, – кўринишингдан мўмин-мусулмоннинг фарзандига ўхшайсан, манавинақа шармандаларни дўконингга ёйиб қўйганинг нимаси?!

Жувон ҳам тўлиб турган эканми, бирдан ёрила қолди:

– Нима қилай мен ҳам, амаки! Неча марта айтдим. Мен бунақа нарсани сотмайман, дедим. Мажбурлашяпти-да!

– Мажбурлашса… кўз-кўз қилиб манавиндай илиб қўймасанг ҳам бўларди-ку, – деди улуғ шоҳ илинж билан.

– Бўлмади. Уч-тўрт кун пештахта тагига ташлаб қўйганимга ҳайфсан олдим, «Ўн учинчингни қисқартириб ташлаймиз!» деб пўписа қилиб кетишди. Сотилмаса ҳам ёйиб қўйиш мажбурий экан.

–  Мажбурий? Демак…

–  Ҳа, амаки, ўшанақа уларнинг ниятлари.

Улуғ шоҳнинг нигоҳи ерга қадалди. Оти аллақачоноқ бошини бир ёнга буриб олган, шармсиз суратлардан ҳазар қилаётгандай эди. Али Қушчи, толиблар, мулозимлар эса нима деярларини, нима қиларларини билмай, бошлари хам, ер чизиб туришарди. Улуғбекнинг лаблари яна шивирлай бошлади:

–  Менинг салтанатимда… Улуғ бобом руҳини чирқиллатиб-а!..

Сотувчи жувон ҳамдард оҳангда сўз қотди:

–  Э, амаки, битта бизнинг Самарқандни эмас, ҳозир бунақа суратлар Қўқону Тошкандни ҳам, Хоразму Намангонни ҳам босиб кетди. Бир кимса сенларга ёқадими-йўқми, деб биздан сўроқламайди, одам ўрнида кўрмайди. Ислом динининг қуввати деб донғи чиққан Бухорода ҳам шу аҳвол! Юрт эгаси йўқдай. Шоҳимиз қаёққа қараяптилар экан, билмадим.

Улуғбекнинг қилич дастасини ғижимлаган қўли бўшашди.

–  Қизим, исминг нима? – деб сўради сўнгра.

Жувон айтмайман дегандай бош чайқади.

–  Кимнинг қизи бўласан?

–  Бобонг ким ўтган сенинг?

–  Бошлиғинг ким?

–  Айтсам, катталаримиздан балога қоламан, сўраманг, – деб илтижо қилди жувон йиғламсираб.

Улуғбек яна бир бор зил кетди.

–  Ҳеч бўлмаса… кимнинг фуқаросисан – шуни айт.

–  Шўронинг, – деди жувон.

Улуғбек ортиқ бу ерда туролмаслигини ҳис қилди. От жиловини қўйиб юборди. Шуни кутиб тургандай, от кескин ортига бурилиб, олд оёқларини баланд кўтарди-да, пишқирганча жойидан силтаниб учиб кетди. Устозининг пойтахт сори эмас, бўлак тарафга кетаётганидан хавотирда Али Қушчи ҳам унинг кетидан от солди.

 

4-БОБ

 

Кимсасиз адирликлар. Майсалар қовжираб, даври ўтганидан дарак беради. Улуғбекнинг оти адир учида бир кўк илинжида тимирскиланиб юрар, шоҳ эса ёнбағирда бир тиззасига чўнқайганча, бошини чангаллаб ўтирар эди.

Али Қушчи қуруқ ўтларни шитирлатиб, оҳиста устозига яқин келди. Улуғбек бош кўтармади, аммо тепасига ким келганини билди. «Ҳм-м-м…» деган узун товуш чиқариб, пешонасига шаппатилай бошлади,

–  Мавлоно Али Қушчи!.. Биродарим.. Олти асрдан бери арвоҳим ўғлим Абдуллатифдан норози бўлиб чирқиллаб келади, энди билсам-м… унинг гуноҳи йўқ экан. Мени у ўлдирмаганида, барибир келажак авлодим – набираларим ўлдирар эканлар. Абдуллатиф-ку бошимни олди, лекин руҳим омон қолган эди, набираларим юрагимни суғурдилар, руҳимни ўлдирдилар. Энди ҳам мен юрт пешвосиманми, мавлоно?! Ҳм-м-м-м…

Али Қушчи ҳозир ҳеч бир сўз устозини юпантира олмаслигини билди.

–  Пойтахтга қайтайлик, подшоҳим, – дея олди холос.

–  Йўқ! – деб ҳайқирди Улуғбек. – Бориб раиятга айтинг: шоҳимиз ўлдилар, юртимиз эгасиз қолди, деб айтинг! – Сал ўтиб, паст товушда нидо қилди: – Бугун қуёш тутилмабди, бугун қуёш юзи тескари чиқибди, мавлоно!..

Али Қушчи айни чоқда улуғ шоҳнинг райига қарамаса бўлмаслигини сезди ва отини қолдирган жой томонга оҳиста юриб кетди.

 

ХОТИМА

 

Яқинда камина қачонлардир Ислом динининг қуввати бўлган Бухорои шариф сафаридан ҳозирги пойтахтимиз Тошканд сори қайтаётиб, қачонлардир ер юзининг сайқали бўлган Самарқанд остонасига бир нафасга қўндим. Расадхона пойидаги мусофирлар чойхонасида ёнбошлаб, ҳордиқ чиқардим. Газит-жўрнол дўкони олдида рўй берган можарога ўша ерда гувоҳ бўлдим. Ул беҳаё, бешарм суратларни ҳам ўз кўзим билан кўрдим. Лекин улар каминага янгилик эмасди. Бундай яланғоч суратлар юртимизни аллақачон мўр-малахдай босиб олган, биз эса гаранг бир аҳволда лоқайд томошабинга айланиб қолган эдик.

Сўнг отланиб, Тошканд йўлида хийла юрганимда, тепаликлар оралиғида шоҳона безатилган бир отга кўзим тушди. От йиғлаб турарди. Нарироқда эса унинг эгаси – улуғ шоҳу улуғ олим Мирзо Улуғбек пешонасини чангаллаб, чўнқайганча қотиб ўтирарди. Лаблари орасидан ҳавога бир хил нидо отилади: «Абдуллатиф, қайдасан, ўғлим?! Менинг бошимни ол, Абдуллатиф, ҳеч бўлмаса руҳим омон қолсин!..»

 

Муҳаммад РАУФХОН,

мусофир

 


“Муштум” журнали, 1990 йил, 10-сон


Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*