Шайтони бузург

Бу хотин бурунлари мурда ювғучи эди, бир гапириб ўн кулгучи эди, ҳозир ҳам бир гапириб ўн кулади, лекин…

Майли, бу гапга ҳали келганимиз йўқ, бунгача ҳали кўп гап бор, ўшаниси қизиқ, ўшанисини айтайлик. Шундай қилиб…

Бу хотин бурунлари мурда ювғучи эди, бир гапириб ўн кулгучи эди. Яқин беш-олти йил ичида ўлган аёл зоти унинг қўлидан ўтган: бир томони, қишлоқчилик, элчилик – савоб бўлса, иккинчи томони ва энг муҳими, ювғучилик унга сабаби тирикчилик – тушган латта-путта, пул-мулни йиғиб бир қаро кунга асраб қўяр, умрини шу тахлит ўтказар эди.

 

Дўкончининг ёшгина хотини томоғига балиқ қилтаноғи тиқилиб тўсатдан жон таслим қилган куни Ювғучи йироқдаги бир қавминикида меҳмондорчиликда эди, орқасидан зудлик билан айтувчи етиб келди. Бир пиёла чой ичувга зор қолаверди. Ювғучи апил-тапил йиғиштириниб йўлга тушди, ҳатто кўтариб келган тугунини ҳам унутди. Шошмасдан бўларканми, ўлик – кимсан Дўкончининг хотини-я!

Ярим йўлда унга қари бир нусха – Шайтони Бузург дуч келди.

– Ҳа, Ювғучи, йўл бўлсин! – деб сўради у.

– Дўкончининг хотини оламдан ўтибди, – деб жавоб қилди Ювғучи ҳарсиллаб.

– Йўғ-э! Чатоқ бўпти-ку! Чуқ-чуқ-чуқ…

– Ўзингга йўл бўлсин?

– Юрибман, иш қидире-еб…

– Бекорчидан Худо безор, олдимга туш! – деди Ювғучи,

Шайтони Бузургнинг ҳам нияти асли шу эди – таклиф қилмаганида ҳам Ювғучига илашмоқчи, ўзининг ҳунарини яна бир бора синаб кўрмоқчи эди, таклиф қилиб қолди – зўр бўлди! Эрмак топилганидан боши осмонга етиб, гирд-теварагида шаталоқ отиб, Ювғучига эргашди.

Ювғучи олдин уйига ўтмоқчи, энгил-бошини алмаштириб олмоқчи эди, Шайтони Бузург йўлиққанидан кейин бу ниятидан қайтди – тўппа-тўғри азахонага равона бўлди.

У ерда жамоат жам, ҳамма Ювғучининг пойқадамига мунтазир, жаноза ҳам хийла муддатга кечиктирилган эди.

Ювғучи енг шимариб, қабатига доимий шогирдини олиб, ишга тушиб кетди: ювғич тахтани уйга олиб кирдилар, ўликнинг кийимини ечдилар, яланғоч жасадни тахтага тортдилар; калима қайтардилар; сўнгра шогирд сирланган пақирдаги сувдан чўмичлаб қуйиб турди. Ювғучи мурдани айлантириб юва бошлади. Ора-сира: «Тез-тез қуй!» «Кўп-кўп қуй!», «Қуймайсанми дадил-дадил, нима, сув қаҳатми?!» деб турди, Шогирд унинг таъбига қараб иш тутди. Оқибат шу бўлдики, ўликнинг белидан пастига сув етмай қолди. Ювғучи мана шуни истаган эди, аммо ҳозир кўнглидагини сир тутиб, юзига жиддий тус берди; шогирдига ўқрайди. Шогирд қизаринди, ихтиёрсиз бўш пақирга қўл чўзди.

 – Биратўла иккита пақирни тўлатиб қўймайсанми? – дея Ювғучи ранжиган бўлди.

– Ҳар гал бир пақири етарди-ку, опа…

Ювғучи яна ўқдек тикилди: ер ёрилмади, Шогирд кириб кетса.

– Гап қайтарма! – деди «опа». – Ўлик тепасида гап қайтарганни Оллоҳ ҳам суймайди!

Шогирд юзидан қон қочди – унинг юзи нима, оппоқ чойнак нима.

– Ғафлат босибди, опажон, узр! Гуноҳкорман…

Ювғучи ҳали ҳам осмонда эди, тушмади:

– Шундоқ бўлсин. Буни бошқалар билан тенглаштирма, нақ Дўкончининг хотини-я! – деди.

– Маъқул, опажон, маъқул. Ғафлат босиб… Ҳозир битта-яримтасидан бериб юбораман, зипиллаб сув опкелади.

Шундай дея Шогирд эшик тутқичига қўл югуртирди, лекин, худди илонни чангаллаб олгандек, шу заҳоти орқага тортди. «Опа»гинаси чинқириб юборган эди:

– Тўхта! Нима бало, миянг жойидами ўзи?! Қандай одамга буюрмоқчисан? Покми, нопокми – қаёқдан биласан уни? Ҳаром-хариш бирортаси сув келтирса… ҳай-ҳай-ҳай, дарров ёқангни тишла! Жаноза ўқилгунча ўликнинг қулоғи динг бўлади, куфр сўзларингни эшитиб ётибди-я… Э Худо, қандоқ кунларга қолдим, ўзинг бандам дегин… Тағин нимага бақрайиб турибсан, бор, сувни ўзинг опке, тозасидан, тезроқ! Номаҳрамларнинг кўзи тушмасин, қопқоғини ёпиб келтир!

Шогирд шу ёшга етиб ҳеч қачон бунақа оғир – ҳўкизнинг ҳам белини синдирадиган дашном эшитмаган, илгарилари ҳар қандай мурдани ими-жимида, сассиз-садосиз ҳалоллаб қўйишар эди. Энди бўлса…

Ўлик тепасида айтилган бу тиғдор сўзлар унинг юрагига, миясига, яна аллақаерларига нақ найза бўлиб санчилди, сартахтага тортилган мурдадан фарқли белгиси – тикка тургани эди, холос; пешонасидан муздек тер қуйилди, жон қочган оёқларини зўрға сургалаб хонадан чиқа бошлади. Шу пайт ўлганнинг устига тепган бўлди: пақир нохос эшикнинг берк турган табақасига урилиб, қопқоғи ерга учиб тушди, даранглади, гўё бутун олам даранглади!.. Шогирд шилқ этиб остонага чўзилди.

Ичкарида ўтган гап-сўздан хабарсиз хотин-халаж Шогирдни дарҳол ердан кўтариб, қий-чув, тўс-тўполонли қўшни хонага олиб кириб кетди.

Ювғучи қия очиқ эшикдан бош чиқариб, кўзига илинган аёлга:

– Ҳой қоқиндиқ, бир пақир сув келтириб беринг! – дея буюрди. – Доғсув бўлсин, илимилиққина, маъқулми? – Сўнгра: «Ҳеч ким кирмасин!» дея тайинлаб, эшикни зичлади.

Боя йўлда қўйнига кириб олган Шайтони Бузург васваса қўзғаб, Ювғучиға сира тинчлик бермасди. Бир ёқда вақт тиғиз, ҳали-замон сув кўтариб анави хотин ҳам келиб қолади – шайтон шундан хавотирда.

Эшик зичлаб ёпилиши билан Шайтони Бузург фурсат етганини тушунди. Бутун сеҳру жодусини ишга солиб, Ювғучининг танасидан ажралиб чиқа бошлади. Ювғучи аста-секин кўздан йўқолиб, хонада Шайтони Бузург пайдо бўлди ва у бир зумда Ювғучининг қиёфасига кириб, ниятига етиб, ниятига етгани учун ҳам хотирини жам қилиб, ишга киришди. Олдинига, худди эгарга мингандек, ўликнинг қорнига чиқиб ўтирди, тана қимирлаб кетмасин деб тиззаларининг кўзи билан маҳкам уни сиқиб олди, ёйилиб ётган қўлларини йиғиб болдирининг остига қистирди, сўнгра ўликнинг лунжларини авайлабгина сийпалай бошлади. Ўлик оғзини маҳкам юмиб олган эди, очмади. Энди у аврашга тушди:

– Қўрқма, олиб қўймайман. Бир кўраман, холос, кейин қўйиб юбораман… – Шайтони Бузург титроқ қўллари билан тинмай ўликнинг муздек юзини, қошу кўзини силар, сийпалар эди. – Олсам, Худо урсин! Сал очгин, бир кўраману шу билан бўлди: Очақол энди.

Дўкончининг хотини ҳам анойилардан эмас, очиб бўпти!

Шайтони Бузург энди бошқача йўл тутди: ўнг қўлининг икки бармоғини ўликнинг бурун катакларига тиқиб, юқорига, чап қўли билан иягидан чангаллаб, пастга тортди. Қани энди очилса!

Тиригида ўзидан дарс олган Дўкончининг хотини ўлигида гўр бўларми?!

Бироқ, оғиз росмана очилмаган эса-да, лаблари тортилиб, мурда ўхшовсиз тиржайиб қолди, олд тишлари кўриниб кетди: шайтоннинг бошидан ҳуши учди.

– Ё алҳазар! – дея ичдан ҳайқирди у. – Тағин кеч қопман-ку! Қайси олғир илиб кетди экан? Ахир, яқингинада – атиги бир ҳафта бурун Фалончиникидаги тўйда етти-саккиз хотинни оғзига қаратиб, гурунг бериб ўтирганида ҳаммаси бус-бутун турган эди-ку! Мана шу кўзларим билан кўрган эдим-а… Наҳот қуруқ қолдим?

Эҳ, жаннатда кечган кунлари! Одамни йўлдан уриб не манфаат кўрди, фаришталар қатори ўша ёқда юраверса бўлмасмиди-я!..

Шайтони Бузург астойдил бўзлади. Ҳақ таолодан қарғиш олиб, ерга сургун қилинган илк дамларини эслади. Кўзига ёш келди – ўтмишини қўмсади. Лаънатланган, қувғинга учраган бўлса ҳам, у пайтлар ер юзида ўзи яккаю ягона эди, кўнгли нени тиласа қиларди, не тирқишга бош суқса кириб кетаверарди, на бир тўсиқ, на бир рақиби бор эди. Энди-чи…

 

Руҳи чўкиб, юрак-бағри эзилиб ўтираркан, хаёлига лоп этиб уч йилча бурун шу хотинга қилган ҳазили келди. Ўшанда ҳам Шайтони Бузург худди ҳозиргидек бир аҳволда эди. Чорасиз турмушидан, шўр тақдиридан, қариган сайин нони яримта бўлиб бораётганидан нолиб, нолаю фиғонлар чекиб, бу ўткинчи дунёнинг шум кўчаларида гоҳи шайтон, гоҳи инсон қиёфасида оч-наҳор, иш тополмай хор, санқиб-нетиб юрган эди, кутилмаганда Дўкончининг мана шу ҳашаматли уйи қаршисидан чиқиб қолди. Кенг, ойнаванд равонда сузилиб, қошига ўсма тортиб ўтирган сулувгина жувонга кўзи тушди, гўё ичига ўт тушди, севинганидан чапак чалиб юборай деди. Одатича, вақтни ғанимат билиб, девор ошиб, уйга рухсатсиз-изнсиз кираверса ҳам бўларди-ю, ўша сафар тантилиги тутиб кетди: умрида биринчи марта эшик қоқди.

Жувон дарҳол «Ҳози-ир…» деб овоз берди, эшилиб ўрнидан турди, ҳали силқиб улгурмаган ўсма сувини у қошидан бу қошига оқизиб, чиройли бошчасини у елкасидан бу елкасига олиб, нозли жилмайганича келиб эшикни очди.

– Ассалому алайкум, сулув қиз, – деди Шайтони Бузург оғзидан бол томизиб.

– Хуш келибдилар. Қани, марҳамат, – деди Жувон.

 – Куёв бола кўринмайдилар? – дея суриштирди Шайтони Бузург ҳар эҳтимолга қарши.

– Эрим-м… – Жувон ўпкасини тўлдириб бурнидан ҳаво сўрди, оғзидан чиқарди, этлари жимирлашиб, бирам яйради! У ҳар гал «эрим» деганида, айниқса, буни бошқаларга ҳам эшиттириб айтганида завқи қўзир, эриб битар эди. – Эрим-м… дўкондалар, пул ишлаяптилар.

– Эрингиз-з… – Шайтони Бузург ҳам бу сўзни атай чўзиб айтди, зимдан уни кузатди: Жувоннинг кўзи юмилди, буткул вужуди ҳил-ҳил эриб, сув бўлиб оқди; ўпкасини тўлдириб ҳаво симирди, оғзидан қайтариб чиқариш баробарида эса, «Ву-у-уй», деб юборди; Шайтони Бузургнинг Жувондан кўнгли тўқланди. – Эрингиз-з… бой эканлар, – деди у.

– Ҳа, ҳа, жуда бой, – дея Жувон маъқуллади.

Шайтони Бузург Жувоннинг болдирини секингина чимчилади. Жувон қиқирлаб кулди, шайтон лип этиб унинг оғзига кириб кетди ва эт билан суякнинг орасига суқилиб, яхшилаб жойлашиб олди.

Дўкончининг сулув хотини эса, чиройли бошчасини у елкасидан бу елкасига олиб, силқимаган ўсма сувини у қошидан бу қошига оқизиб, яна равонга қайтиб кирди, яна ўсма тортиш билан машғул бўлди. Гугурт чўпининг куйдирилган ўткир учини теккизиб, авайлаб қошларини текислай бошлади. Чап қўлидаги кўзгуга тикиларкан, чиройли бошчасини у елкасидан бу елкасига олди, силқимаган ўсма сувини у қошидан бу қошига оқизди ва…

!!!

Жувон ўзи сулув эди, сулувларнинг сулуви эди, ҳозир янада сулув кўринди, негадир жуда суюмли кўринди. Ўзининг сулувлигини биларди, лекин бу қадар суюмли эканини… Жувон кўзгудаги аксига эркак кўзи билан боқди: у ёнидан боқди, бу ёнидан боқди: тепасидан боқди, пастидан боқди, бир кўзини қисиб-қисиб боқди; хумор боқди, ноз боқди, лабини ўпичга тутгандай ғунча қилиб соз боқди – юраги бирам ўртаниб кетди…

«Оҳ-ҳ!» деб юборса куйиб кул бўлишдан чўчиб, ичидаги шайтон ҳам талвасаланиб қолди.

Хайрият, Жувон ўзини босди, алангага зўр бермади – «оҳ»лаш учун астойдил оғиз очди-ю… олдида қийшиқ ўсган сўйлоқ тишларига кўзи тушиб, нафасини ютди. Олдин ҳам шундаймиди ё энди шундай кўриндими? Бу тишлар шундай сулув жувоннинг, шундай суюмли жувоннииг сулувлигига, суюмлилигига соя солиб турар эди. Жувон аламидан дод деб юборай деди, жаҳл билан кўзгуни тўнкариғлиқ пиёлага урди, иккаласини ҳам биратўла чил-чил қилди-да… ё Ҳақ, деб эрини кута бошлади.

Эр қурғур ҳам аксига олиб, кун ботиб, оламга қоронғилик чўкиб, осмонга яккам-дуккам юлдузлар сочила бошлагандагина дўконини тарк айлаб, уйига қайтди.

Жувон олдин хамир учидан патир қилди: эрига суйкалди, ҳиринглади, эркаланди, у қўлтиғидан кириб бу қўлтиғидан чиқди. У қилди-бу қилди, ишқилиб, ўзининг дўкончи эрини, ўзининг пулдор эрини безовталик дардига гирифтор айлади, сўнгра бирдан… тўнини терс кийиб олди.

Энди Дўкончининг аҳволига қаранг: хотинига суйкалди, у қўлтиғидан кириб бу қўлтиғидан чиқди, у ер-бу ерини қитиқлади, чимчилади, силаб-сийпалади, ишқилиб, ўзининг сулув хотинини, ўзининг суюмли хотинини… алдаб кўрди – бўлмади, авраб кўрди – бўлмади. Юрак қурғур маконидан айрилган қушдек тинмай потирлайверди. Начора, бош эгиб, қулоқ тутди.

Алқисса, Жувон кўнгли тилаганини ундирди: олдидаги саккизта – тепадан тўртта, пастдан тўртта тиш устидан тилла қоплатишга эржонини кўндирди. Дўкончи ертўлага тушиб, темир сандиқчасини очиб, жинчироқ нурида хийлагина пул санади, олиб чиқиб хотинининг қўлига тутқазди.

– Ма, ушла! – деди у – Тилла қоплатасанми, пилла қоплатасанми – билганингни қил! – деди яна.

Жувон эрига суйкалди, қайта-қайта суйкалди, у қўлтиғидан кириб бу қўлтиғидан чиқди, «Эрим-м! Эр-жоним-м!» деди, ўзининг товушига ўзи қулоқ тутди, ўртаниб, «Ву-у-уй», деб яна суйкалди…

Вақтинг кетди – бахтинг кетди, икки юмалаб турса, Дўкончи фикридан қайтиб қолиши ҳам бор, шуларни ўйлаб Жувон эрта тонгданоқ Тишдўхтирининг данғиллама дўконига қараб йўлга тушди. Унинг оғзи қулоғида эди: энди ундан сулув жувон бўлмайди, энди ундан суюмли жувон бўлмайди, бирваракай саккизта тилла тиш ҳазилакам гапми!

Жувоннинг икки биқинидан аста-секин қанот ўсиб чиқа бошлади, оёғи оҳиста ердан узилди. Беш-олти кўчани кезиб ўтишга сабри чидамай, йўлни кўндалангига солди – масофани яқин қилди: кўчалар, ҳовлилар устидан учиб кетаверди, уча-уча Тишдўхтирининг дўконига етиб, ерга қўнди. У ёқ-бу ёғини тузатиб, орқа-олдини силлиқлаб, пардек енгил қадамлар билан зинага одимлади. Тишдўхтирининг мижозлари кўп экан, бир чеккага бориб турди.

Шайтони Бузург Жувоннинг бир жойини қитиқлади, Дўкончининг хотини қиқирлади. Шайтон лип этиб унинг сиртига чиқди, чап елкасига миниб олди.

– Саккизтаси камлик қилади, ўн иккита қўйдир, – деди у.

– Нимага энди? – Жувон йўлбошчисининг мақсадини тушунмади. – Саккизта тишим хунук, холос. Қолганлари кўринмайди, – деди.

– Тўртта жағтишингга ҳам тилла қоплатиб олавер, – дея маслаҳат берди Шайтон Бузург. – Айтганимни қилсанг, асти кам бўлмайсан.

Одатдагидек, Шайтони Бузургнинг мулоҳазаси чин эди, бироқ… 

– Қоплатсам-ку яхши-я, – деди Жувон афсус чекиб, – пулим етмайди-да.

– Бу ёғини менга қўйиб бер, тўғрилайман!

Шайтони Бузург ўзига ёрдамчи ахтариб, кўчага чиқди. Бир шайтонвачча расталарни оралаб, дандонқанд сўрганча ўтиб кетаётган экан, тўхтатди. Аҳволни обдан тушунтирди, йўл-йўриқларини айтди, аммо бир масалада тортишиб қолиб оралари бузилди. Бу олифта шайтонвачча Тишдўхтирини яхши танир экан: «Йўқ, уни йўлга сололмайман, – деб роса тархашлик қилди. – Мендақадан ўнтасига дарс беради у», деди.

Хуллас, савдолари битмади: олифта шайтонвачча дандонқандини сўрганича йўлида кетаверди, Шайтони Бузург эса, кўзлари олма териб қолаверди. Шу пайт нигоҳи анҳор бўйидаги мажнунтол тагида ўйчан ўтирган бир йигиту унинг атрофида парвона бўлаётган шайтонча хонимга тушиб, севиниб кетди, имлаб қошига чорлади. Унга ҳам аҳволни обдан тушунтирди, йўл-йўриғини ипидан-игнасигача айтди, лекин Тишдўхтирининг номи тилга олиниши билан шайтонча хоним ҳам оёқ тираб тураверди: «Овора бўласиз, оға, сизга ёрдам қилолмайман. Шайтон бўлганимга пушаймон едирвормасин», деди. Шайтони Бузург Худонинг зорини қилди, кўнмади, занғар.

Хуллас, савдолари битмади: Шайтони Бузург яна бош қашиб қолаверди. Ўйлаб-ўйлаб ўйига етди. Қари билганини пари билмас, умр бўйи йиққан ҳаётий тажрибаси бой эди, шу қўл келди. «Албатта-да, шайтонга ҳам фириб берибдими, демак, Тишдўхтири одам эмас, шайтон ҳам эмас, нақ иблиснинг устози экан! Иблисга устоз бўлмаганида тўрт боласини етаклаб хотини кетиб қолмас эди», деб кўнглидан ўтказди.

Шайтони Бузург, оғзининг таноби қочиб, капалакнусха бўйинбоғини тўғрилай-тўғрилай, дўконга қайтиб кирди. Жувоннинг навбати етган эди, астагина қулоғига шипшиди:

– Хотиржам бўл, бу ёғи – ҳал!

Кейин яна лип этиб, эт билан суяк орасига кириб кетди. Тишдўхтири бундай сулув жувонни, бундай суюмли жувонни кўриб, бошидан ҳуши учди, учиб бориб дераза ойнасига урилди; телба дунёнинг иши қизиқ, аксига олиб дераза туйнукчаси ҳам берк экан, шашти сўниб, ҳуши яна қайтиб келиб, бошига қўнди. Тишдўхтири Жувон ғоят нозик юмуш билан келганини билиб, хушнуд бўлди.

– Қадамларига ҳасанот, хоним. Кўнгиллари нимани тилайди? – деб турди.

Кўнгил қурғур нимани ҳам тиламайди, бироқ барини қандоқ айтади?!

– Шу… манави тишларимга… тилла қоплатмоқчи эдим… – дея олди, холос.

Тишдўхтири чўчиб, бир эшикка, бир деразага қараб қўйди. Дарров бориб пардани туширди, эшик занжирини илди, кейин Жувоннинг момиқ билакларидан ушлаб, юмшоқ курсига ўтқизди. Оғзини очтирди, қайноқ юзларидан, чаккаларидан, иягининг тагларидан ушлаб, силаб-сийпалаб, сўйлоқ тишларини синчиклаб текширган бўлди. Негадир қайта-қайта текширди, шу қадар узоқ текширдики… ишқилиб мени пайқаб қолмасин-да, деб Шайтони Бузург ҳам ғужанакланиб, йўқ ерларга кириб кетди.

Лекин у беҳуда хавфсираётган эди – Тишдўхтири ҳозир ҳеч нимани кўрмасди…

– Нечта қўйдирмоқчисиз? – деб сўради у ниҳоят.

– Саккиз… – Жувон қизаринди, тезда сўзини ўнглаб олди: – Ўн иккита.

– Ўн иккита бўлса, ўн иккита-да, – деди Тишдўхтири сўлагини сўриб. – Тилла опкелганмилар?

– Йўғ-а… Пул…

– Ия, шундайми? Ҳа, майли, зарари йўқ, сиздан ақчаси – биздан тилласи, дегандай… Қани, қанча опкелдингиз?

Жувон сийнабандининг орасидан пул чиқариб Тишдўхтирига берди. Тишдўхтири пулни санади, санаб бўлгунича беш марта бармоқларини ҳўллади.

– Ия, андаккина етишмаяпти-ку? – деди сўнгра.

Жувон тутилиб-нетиб бўлса ҳам муддаосини такрорлади:

– Ўн иккита, иложи йўқми? Жағимга ҳам…

– Жағингизга?.. – Тишдўхтири жувонга суқланиб тикилди. – Оббо сиз-эй, жағимга ҳам, денг! Хў-ўш, қани, бош қотирайлик-чи… Лекин, кичкинагина шарти бор… Хўп десангиз, жағингизга бу ерда эмас, уйимда тилла қопласам… Хўш?

Бу гаплар Жувоннинг қулоғидан кириб товонигача етиб борди, Шайтони Бузург ҳам эшитди, бир жойини чимчилади, Дўкончининг хотини қиқирлади, буни кўриб, Тишдўхтирининг юзига ҳам табассум ёйилди, кўзлари кулди, эриди:

– Сиз учун, майли, тўрттаси текин бўлақолсин! – деди у.

Шундай қилиб, иш пишди: олдин жағтишларга тилла қопланадиган, илк муолажа шу бугуноқ бошланадиган бўлди.

Белгиланган вақтда Жувон Тишдўхтириникига йўл олди. Унинг уйини Шайтони Бузург билар эди, бошлаб борди. Йўл-йўлакай Жувоннинг икки биқинидан яна қанот ўсиб чиқиб, масофани яқин қилди: кўчалар, ҳовлилар, бозорлар, мозорлар устидан учиб, охири Тишдўхтирининг кулбасига етиб, ерга қўнди…

Дўкончининг хотини илк муолажадан анча хушнуд қайтди, жағтишга тилла қоплатиш унга ёқиб қолди. Уйга келиб, лунжларини кериб, жағини ойнага солиб, роса томоша қилди.

Эртаси фавқулодда бир юмуш чиқиб, Шайтони Бузург олисларга хизмат сафарига чиқиши лозим бўлиб қолди. Бунақа сафарлар Шайтони Бузургга ҳеч гап эмас-ку-я, фақат, «Дўкончининг хотини энди Тишдўхтириникига қатнамай қўяди», деб қўрқди у.

Шайтони Бузург ўйлардики, одамни доим етаклаб юриш керак, аммо Шайтони Бузург билмасдики, одамни доим етаклаб юриш шарт эмас, ўзининг ҳам кўзи бор, оёғию қўли бор, бир обориб кўрсатиб қўйсанг – бас, йўлидан адашмайди. Шайтони Бузург фақат мен шайтонман деб ўйларди, одамлар ҳам ўзидан ўзиб кетиши мумкинлигини билмас эди.

Орадан кунлар ўтди, Шайтони Бузург хизмат сафаридан қайтди, тўғри бориб Дўкончиникига тушди. Нима гап, нима сўз – дарров суриштирди. Билса, бу ёғи у ўйлаганидан ҳам силлиқ кўчибди: Дўкончининг хотини олдидаги саккизта – тепадан тўртта, пастидан тўртта – тишига ҳам Тишдўхтирининг хусусий устахонасида тилла қоплатибди; Тишдўхтири ҳам иблис эмас, оддий одам экан – бор пулни санаб, санаб бўлгунича бармоғига беш марта туфлаб… Жувоннинг қўлига қайтариб берибди; Жувон бу пулларни эрига кўрсатмабди, бир хуфя жой топиб, беркитибди. Дўкончи бой бўлса ҳам ўлгудек содда экан, хотинининг оғзидаги саккизта тилла тишни кўрибди-ю, жағидагиларини кўрмай қолибди.

«Жағини кўрмабдими, Дўкончи ҳам гўл экан!» деб хаёлидан кечирди Шайтони Бузург ҳузур қилиб. Неча замонлардан бери бунақа яйрамаган эди. Неча замонлардан бери чорасиз турмушидан нолиб, деярли ишсиз, сарсону саргардон юраверган, қолган умрим шундай ўтар экан-да, деб ўйлаган эди. Энди вақтинча бўлса-да бир эрмак топилганидан ва бу мушкул юмушни илоҳий ҳузурдан қувилган даврларидагидек ҳалолу покиза, виждонан адо этганидан Шайтони Бузург чексиз мамнун бўлди. Энди бу хонадонда қиладиган ишим қолмади, шуниси ҳам етади, дедию ўз йўлига кетаверди.

Дўкончининг хотини эса, жуда сулув бир жувон, жуда суюмли бир жувонга айланиб, гарчи ўн иккитадан ортиқ тилла қоплатмаган бўлса ҳам, Тишдўхтирининг уйига яна кўп бор қатнади, унга яна кўп бор қуллуқ қилди…

 

Шайтони Бузург шайтон эмасми, ҳамон ўликнинг қорнида, худди эгарга мингандек ўтираркан, жами бу ҳодисаларни лаҳзадан ҳам қисқа муддат ичида – кўз очиб-юмгунча эслаб чиқди, хаёл чиғириғидан бир-бир ўтказди. Ва бирдан чапак чалиб юборди: «Ахир, Жувоннинг жағлари ҳам тилладан-ку! Уни мендан бўлак ҳеч кимса, ҳатто Дўкончининг ўзи ҳам билмасди-ку!»

Шайтони Бузург суюнганидан ўзини йўқотаёзди, ўрнидан сапчиб туриб кетди. Нима қилиб бўлсин, жағини каттароқ очиш керак! Бир режа тузди, бунақаси бошқа касбдошларининг миясига келмаслиги аниқ эди. Иккала қўли билан ўликнинг бошидан маҳкам ушлади, чап оёғи товонини иякка қўйди ва жон-жаҳди билан пастга босди. Ўликнинг жағи сал очилиб, тирқиш ҳосил бўлди. Шайтони Бузург тирқишдан ичкари умидвор мўралади: оғизнинг қоронғи тубида нимадир йилт этди. Тилла! Шайтони Бузург жағни каттароқ очди, чап қўлининг икки бармоғини оғизга тиқди, пайпаслади, сезгир эти юмшоқ милкларга тегиб бадани увишди. Даҳшатга тушди. «Наҳот уларни ҳам?!» Дарҳақиқат, тўрттала жағтиш тилла-пилласи билан бирга қоқиб олинган эди!

Э воҳ!!!

Шайтони Бузург эскидан сезиб юрарди: қариди, чарчади, сеҳру жодулари кучини йўқота бошлади, қисқаси, унинг замони ўтган, одамлар орасида унга фириб бериб кетадиганлар ҳам кўпайган, энди бемалол оёқ узатиб, ўлиб қўяқолса бўлади. Бироқ энг даҳшатли томони – Шайтони Бузург ҳеч қачон ўлмасди, ўлолмасди! Оллоҳнинг иродаси ҳам, жазоси ҳам шу эди унга!

Шайтони Бузург жаннатдаги беғубор дамларини қўмсаб, тағин эзилди, номусдан юрак-бағри ўт бўлиб ёнди, ғазабдан шаҳд билан, дуч келган тишга буров солди. Шу пайт сира кутилмаган фалокат юз берди – ўликнинг иягидан босиб турган товони сирғалиб кетиб, оғиз зарб билан юмилди, тепадаги, пастдаги сўйлоқ тишлар зичланиб, иккита бармоғини ярмидан қисиб қолди.

Шайтон тириклар учун шайтон экан, ўликка кучи етмади: қўлини суғуриб ололмади, инграб юборди…

Бу аҳволда ўтираверса, хатарли: кимдир устига кириб қолиши, оломонга ёйиши, кейин уни уркалтак-суркалтак қилиб юборишлари турган гап. Шайтони Бузург жон ҳалпида ювғучи хотиннинг қиёфасидан чиқди, асл ҳолига қайтди, ҳозиргина у ўтирган жойда эса, Ювғучининг ўзи қолди…

 

Шайтони Бузург ҳозир бир четга ўтади-да, одамларга қўшилиб, одамлар қатори йиғлайди. Бу яқин-ўртанинг эли бундай йиғини кўрмаган, шу қадар уввос тортиб йиғлайдики, одамлар ҳайратдан ёқа ушлайди. «Ўликнинг энг қадрдонларидан бўлса керак-да, қайғуришини қаранг! Меҳри бунча баланд бўлмаса!» деб хаёл қилади одамлар. Шу дамгача кўзига ёш келмаганлари ҳам кўнгиллари бузилиб, ичларида нимадир узилиб, увв-ва торта бошлайди. Шайтони Бузург эса…

Шайтони Бузург ўзининг аччиқ қисматидан, шўр пешонасидан нолиб, шайтон бўлиб шу оддий шайтонликни ҳам эплай олмаганидан уялиб, айтиб-айтиб йиғларди, қилмишларидан эмас, қилолмамишларидан минг-минг пушаймон еб фарёд чекарди, ахир у ожиз қолганига иқрор эди!

Майли, булар ҳаммаси ўткинчи гаплар, энди юракни кенгроқ қилинг-да, воқеанинг бу ёғига қулоқ солинг.

Шайтони Бузург етти пуштини иснодга қўйиб, бир ёқларга бошини олиб кетгач, сал ўтмай, пақирда сув кўтариб бояги хотин келди, эшикни тақиллатди, жавоб бўлавермагач, бир табақасини секин очди. Остонага қадам қўйдию қотди!

…сартахтага ўлик тортилган; ўлик устида, худди эгарга мингандек, Ювғучи ўтирибди; ўлик ҳам, Ювғучи ҳам лаблари қулоққача тортилиб, ўттиз иккита тиши кўриниб, иршайиб-тиржайиб қолган; қай бири жонли, қай бири жонсиз – билиб бўлмайди; Ювғучининг иккита бармоғи негадир мурданинг оғзига тиқилган; бармоқлардан сизиб оқаётган қон ўликнинг сўйлоқ тишлари, милклари ораларини тўлдириб, лунжининг бир чеккасидан ювғич тахтага, у ердан эса, чак… чак… чак… этиб обрезга томиб ётар эди…

 

Бу хотин бурунда мурда ювғучи эди, бир гапириб ўн кулгучи эди. Ҳозир ҳам бир гапириб ўн кулади – қордек оппоқ сочларини тўзғитиб кўча-кўйда, бозорлару мозорларда, тўю маъракаларда тентиб юради, кўринганни тўхтатиб, чап қўлидаги иккита калта бармоғини кўрсатади, мақтанишга тушади. Ҳамқишлоқлари-ку унга айтарли эътибор бермай қўйишган, аммо танимаган-билмаган одамлар бўлса, теварагига йиғилиб, «бирорта маънили гап айтиб қолармикан» деган илинжда қулоқ осиб тураверадилар.

– Мана буларни кўряпсанми? – дейди у ҳар гал. – Дўкончининг хотини тишлаб олган! Ана шунақа. Ўлигини юваётганимда шаппа тишлади-қўйди. Дўкончининг хотини одам эмас эди, яхшилар. Дўкончининг хотини ит эди, ит бўлганида ҳам қанжиқ ит эди – тишлади-ю, қўйиб юбормади, касофат! Тобутга солаётиб, пичоқ билан кесиб олганмиз. Ана шунақа… Дўкончи яна битта хотин олди, бу хотиниям тилла тиш қўйдирди, лекин мен энди ювғучи эмасман, яхшилар. Дўкончининг биринчи хотини ўлдию ювғучиликни ташладим. Ҳа-ҳа-ҳа… Эртага худойи қиламан, боринглар. Эртага бизникига худойига-а-а… Дўкончининг хотинига эмас, манов иккала бармоғимга аза тутамиз! Ҳа-ҳа-ҳа… Ўзим тирикману, икки бўғин бармоғим гўристонда – қанжиқ итнинг оғзидами, қаро ернинг қаъридами ётибди. Ана шунақа, яхшилар! Ҳа-ҳа-ҳа…

 

1984

Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*