Мақолалар

Шоирни таниш йўлида (Сулаймон Раҳмон)

Sulaymon RahmonОч бўлсам-да сир бермадим, тўқдай ўтдим,

бор бўлсам-да кўринмадим, йўқдай ўтдим…

Сулаймон Раҳмон

 

Истеъдодижодкорнинг мизожига кўратурлича кўринади. Мизожи қизғин кишилар истеъдоди очиқ бўлади ва улар эл орасида тез машҳур бўлиб кетади. Бошқа тоифа ижодкорлар ҳам бор, улар нақадар истеъдодли бўлмасинлар, табиатан камсуқум бўлганлари боисми, кўплар уларни тириклигида унча яхши танимайди, қадрламайди. Ҳолбуки чинакам адабиёт яралиши, бой ва кучли бўлишида буларнингҳам ҳиссаси асло кам эмас. Ҳатто кўпинча катта адабиётни шундай инсонлар яратади.

Шоир Сулаймон Раҳмон шу иккинчи тоифа ижодкорлар қаторига киради, менимча.

Талабалик йилларим Сулаймон аканоми чиққан шоирлардан эди. Кейинроқ “Ёшлик” журнали таҳририятида бир оз муддат бирга ишладик, шахсини, ижодини яқиндан танишимга имкон яралди. Ўшандан бери қўлимга тушган шеърларини ўқиб келаман. Ёқтираман. Лекин, тўғрисини айтсам, ушбу “Сайланма” қўлёзмасини шимиб ўқимагунимча Сулаймон Раҳмонни бир инсон ўлароқ ҳам, бир шоир ўлароқ ҳам унча яхши билмай юрган эканман. Сабабини ҳадеганда топавермадим. Уялдим. Ёнгинангизда шундай улуғ бир шоир яшаса-да, сиз уни билмасангиз! Адабиётга Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби буюкларимиздан кейинроқ, Рауф Парфи, Чўлпон Эргаш каби буюкларимиз қаторидакириб келган, фикрлари, дардлари бу икковлари билан бир, истеъдодда ҳам деярли бир хил шоир ўзи лойиқ даражада қадрини топмаса, одам ҳайрон бўларкан-да.

Тўғриси, шеърларидан бир сайланма тайёрлашни Сулаймон акага таклиф қилганимда орадан пича муддат ўтгач, “Бир кўриб берасизми?” деб уни ўзимга тутқазиб қолишини сира кутмаган эдим. “Лозим топсангиз, бир-икки оғиз сўз ҳам қиларсиз…” деган таклифини эшитиб-ку нима дейишимни билмай қолдим. Бир томондан, элимизнинг катта бир шоирининг ишончи одамга ёқаётган бўлса, иккинчи ёқдан, мен шоирбўлмасам, шеърни қандай таҳрир қиламан, шеър ҳақида, шоир ҳақида қандай сўз ёзаман, деган андиша чўчитар эди. Шундай бўлса ҳам, “Сайланма” қўлёзмасини ёзувчи Набижон Боқий уйимга келтириб берганида уни интиқиб олдим. Ўқий бошладим. Ва… иккала андишам ҳам ўринсиз эканини ҳис этдим. Биринчидан, Сулаймон ака ўзи тилга инжиқ шоир ва ўткир муҳаррир сифатида бошқа муҳаррирга айтарли иш қолдирмаган эди. Камина ҳам Сулаймон Раҳмон етишган таҳрир мактабидаозми-кўпми тажриба орттирганим учунми, энг майда имлою тиниш белгиларигача ишлатиш йўриқларимиз деярли бир чиқди. Иккинчидан, ўқиган сарим қаршимда олдин нимагадир мен унча танимаган улкан бир шоир гавдалана  бошлади, айтиш жоиз бўлса, Сулаймон Раҳмонни ҳақиқати билан англаш бахтига муяссар бўлдим ва унинг ижоди ҳақида бирнима дегим келди.

Назаримда, шеър топиб ишлатилган қофиялар, моҳирона қўллангансўзларйиғиндиси ёкичаппасига тузилган жумлалару кутилмаган сўз ўйинларигина эмас, одамларни қойил қолдирувчи фикру оҳангларгина ҳам эмас, шеър энг биринчи галда дарддир. Жуда улкан, оғир, юракларни еб битирадиган дард! Қофия, ўхшатиш, сўзларни ўйнатиб юбориш маҳоратга киради ва маҳорат шоир дардини ўқувчи юрагига чиройли етказишда асқотади. Юракдан чиққани юракка боради деганларидек,мени ҳайратга солган нарса ‒ Сулаймон Раҳмон умуман ижодида, хоссатан ушбу “Сайланма”сида юрагиниаямай сиқиб-мижғилаббор дардини элига, Ватанига тўкиб солган улкан шоир бўлиб чиқди! Бошқача айтганда, ўзи чеккан азобли оғриқларни халқи ва Ватани дардига ўткир табиблардек малҳам қилганини кўрдим. Унинг дарди енгил эмас, шахсий эмас, балки имон дарди, Туркистон дарди, Ватан дарди, халқини бир юз йигирма йиллик ўрис-совет мустамлакасидан озод кўриш дарди эди. Ҳатто совет даврида ёзилган шеърларида ҳам бу муқаддас, оғриқли дардларини рамзларга, кинояларга буркаб-йўғирибхалққа етказа олгани кишини тўлқинлантириб юборади.Маҳорат билан айтилгани учун у дардлар ўзингиз сезмаган ҳолда юрагингизга кўчиб ўтади ва руҳингизни алғов-далғов қилиб ташлайди.

Булар ҳаммаси яхши, булар гўзал, аммо унда нега Сулаймон Раҳмонни ўз вақтида бор бўйи билан таний олмадим? Нега унингюрагини, дардини илгари ҳозиргичалик билмадим?

“Сайланма”ни ўқияпману ўйимнинг бир чеккасида доим шу савол тураверди.Ниҳоят, ўқиб-ўқиб бир шеърга келдим. Тагига етолмай турганим саволларга шоир ўзи жавоб бергандай бўлди:

 

Истакларим доим баландпарвоз бўлди,

жанглар қилдим, орзуларим сарбоз бўлди,

жанг майдони фақат оппоқ қоғоз бўлди,

мен бу оппоқ қоғозларни тарқатмадим,

олам мени пайқамади, пайқатмадим…

 

Бир шам бўлиб эзгу-эзгин нурлар сочдим,

шуҳрат деган касофатдан нари қочдим,

мўминликка, хоксорликка бағрим очдим,

Ҳақ Оллоҳга имонимни йўқотмадим,

олам мени пайқамади, пайқатмадим…

 

Жаҳолатнинг жабридан кўп жафо туйдим,

разолатнинг макридан ҳам роса тўйдим,

адолатни бир қиз каби жондан суйдим,

сув ичган ўз булоғимни лойқатмадим,

олам мени пайқамади, пайқатмадим…

 

Ёвғон ичдим, умр бўйи ёлғон ичдим,

катта-кичик мансаблардан шеър деб кечдим,

ёвузликни янчаман деб ўзни янчдим,

лекин дину диёнатга ўқ отмадим,

олам мени пайқамади, пайқатмадим…

 

Сен маломат юрагини ёқма, болам,

йўқ ердаги гуноҳларни тақма, болам,

бир хоинга боққан каби боқма, болам,

виждонимга хилоф бирон байт айтмадим,

олам мени пайқамади, пайқатмадим…

 

Оч бўлсам-да сир бермадим, тўқдай ўтдим,

бор бўлсам-да кўринмадим, йўқдай ўтдим,

балки ношуд мерган отган ўқдай ўтдим,

сокин замон денгизини чайқатмадим,

олам мени пайқамади, пайқатмадим…(1993)

 

Диққат қилинг: “пайқамади”нинг ўзигина эмас, “пайқатмадим” деяпти шоир. “Пайқамади”да айтувчи иродаси йўқ, ташқи ирода натижаси у. Олам пайқамаган бўлса,ё шоирнинг, ё оламнинг айби бўлади ‒ ё униси истеъдодини кўрсата олмаган, ё буниси кучли истеъдодни вақтида кўра ва тақдирлай олмаган. Хуллас, мужмаллик. Ҳолбуки, Сулаймон Раҳмонни истеъдодсизликда айблаб бўлмайди, буни унинг ижоди билан эскидан танишлар ҳам, ҳеч бўлмаганда ушбу “Сайланма”ни янгидан ўқиб чиққанлар ҳам билади. Сулаймон Раҳмон истеъдодда замондош машҳур ва тенгқур шоирлардан қолишмайдиган кучли шоирдир!

Унда нимага эл орасида айримларчалик машҳур бўлиб кетмади? Сулаймон акани шахсан таниган мендай бир мухлиси ҳам унинг ниҳоятда дардли ва эътиқодли шоир эканини нимага шу вақтгача илғамадим, орадан йиллар ўтиб эндигина билиб ўтирибман?

Очқичлардан биттаси“пайқатмадим” сўзида. “Пайқатмадим”даги қатъият шоирнинг устун иродасини кўрсатади. У ўзини атай пайқатмаган. Одатда, ҳар қандай ижодкор шуҳратга ўчроқ бўлади. Ҳатто айрим ҳолларда шуҳрат унинг ижодига тоза қон каби куч юбориб туради. Фақат Сулаймон Раҳмонга эмас. У шуҳратни истайдиган нафсини тия олган. Шуҳратга интилиш у ёқда турсин, ундан атай қочган(“Шуҳрат деган касофатдан нари қочдим”), ҳатто номини элга пайқатмасликка ўзида куч-ирода топа олган.

“Пайқатмаслик”нинг, назаримда, бир неча сабаби бор:

1. Шоир камтар, камсуқум. Суйса ҳам, куйса ҳам ичида ва ичидан. Унга шуниси муҳим.

2. У машҳур бўлиш учун шеър ёзмайди, халқининг бир бўлаги ўлароқ юрагидаги дардини қоғозга тўкса, ижоди элига, юртига фойда келтирса бўлди. Минбар, ўзини кўз-кўзлаш унинг табиатига тескари.“Мўминликка, хоксорликка бағрин очган”, “катта-кичик мансаблардан шеър деб кечган” шоир, энг муҳими, ижодий ҳаёти давомида то шу кунгача“виждонига хилоф бирон байт айтмади”! Уни олам танимаса танимасин, бундан заррача изтироб чекмади, чунки олам уни танимаслигини унинг ўзи истади – пайқатмади!

3. Ижодини совет даврида бошлаб, шеърий умрининг асосий бўлдагини совет даврида кечирган шоир ўлароқ,ўзи чекаётган дард ўрис-совет мустамлакачилиги сиёсатига уйғун эмаслигини, ҳатто қалтис эканини Сулаймон Раҳмонжуда яхши билар, шунинг учун Ватан ғоясини, Туркистон қайғусини, имон дардини қават-қават рамзлар остига яширишга мажбур эди. Яъни, ўзини танитмасликдан, “ҳушёр ва зийрак” кўзларга пайқатмасликдан энг биринчи галда унингўзи манфаатдор эди. Бир шеърини:

 

“Дунёдан шеър йиғиб дунёга сочдим,

дил очган кимсага дилимни очдим,

ҳар неки қувласа, ўзимга қочдим,

даврадош бўлмадим даврон ила мен”,

 

деб бошлайди. Кейинги тўртлигида совет даврида яшаб туриб ҳамюрагининг туб-тубида у тузумни қабул қилмаганига ишора этади: “маслакдош бўлмадим ёлғон ила мен”.

Албатта, бу шеър 1996 йили ‒ мамлакат мустақилликка эришганидан кейин ёзилган. Аммо мазмунига диққат қилсангиз, айниқса, “ўзин мезбон билганмеҳмон”ларга киноясидан шоир асосан қайси даврни назарда тутганини илғайсиз:

 

Суқ кўрсам, сўкиндим, сўқишолмадим,

тўқ кўрсам, тўқиндим, тўқишолмадим,

бу меҳмонхонада чиқишолмадим

ўзин мезбон билган меҳмон ила мен.

 

Албатта, келган юртида ўзини меҳмон эмас, мезбондек тутувчи ‒ Туркистон тупроқларига вақтинчага эмас, абадийга келгандек ҳисобловчи ўрис-советнинг мустамлакачилик мафкурасига терс бунақа фикрни илгари сураётган шоир шахсини ҳам, ғоясини ҳам яширишга, пайқатмасликка мажбур бўлади-да.

Умуман олганда,20-аср бошларида жадидлар бошлаб берган ғоявий анъанани гизли давом эттириб, Ватан деганда асл ватанни тушунган, ҳеч йўқса адабиёт жуғрофиясига Туркистон байроғини тикишга бел боғлаган бу тоифа ижод аҳлиўз элигина тушунадиган рамзлар тилида чулдираб, бегоналарга ўзини пайқатмаслик йўлинитутган. Шу боисмикан,Эркин Воҳидов ҳамда Абдулла Ориповдан фарқли ўлароқ, кенг омма Рауф Парфини унча пайқамади, Чўлпон Эргашниумуман пайқамади, Шавкат Раҳмонниу лойиқ даражада пайқамади. Лекин бу ижодкорлар ўзларининг пайқалмаганига парво қилмай, умр бўйиимон ва Туркистон даъвосида халққа, Ватанга буюк хизматлар қилиб ўтишди. Худди шунингдек,“ҳар неки қувласа, ўзига қочган” Сулаймон Раҳмонни ҳам замондош олам пайқамади, назаримда, ҳамон пайқамаётир.Чунки у камтарликдандир ё бўлак бир сабабдандир ўзини ва ижодининг айрим қирралариниайтарли пайқатмади.Пайқатмасдан ҳам елкасига тушган буюк вазифасини ихлос-эътиқод ила бажарди, ҳамон бажариб келмоқда. Муҳими шу эди ва Сулаймон Раҳмон ўзига муҳимини танлади.

Ҳолбуки,бошқа ёқдан қаралса, Сулаймон Раҳмон ўша совет давридаёқ адабиётда ўз номини, ўрнини топган шоир эди. Вақтида“Илдиз нима дейди” (1973), “Хаёл” (1975), “Ҳилол” (1977), “Биллур қўнғироқлар” (1979), “Учинчи қиз” (1984), “Ойдин диёр” (1985), “Яйнаған ўлке” (1986, қорақалпоқ тилида), “Дарахтларни уйғотади шаббода” (1987) каби китоблари чоп этилган. Масков, Ашхобод ва Исфара адабий анжуманларида иштирок этиб, даврининг машҳур шоирлари Қайсин Қулиев, Довуд Қуғултинов каби совет шеърияти оқсоқолларининг назарига тушган. Шеърлари, китобларини қатор ўзбек адабиётшунослари таҳлил қилишган. Айни чоқда, маҳоратли таржимон ҳамдир. Мухлислар унинг таржимасида Александр Пушкин, Ҳенриҳ Ҳейне, Александр Блок, Юстинас Марсинкявичюс, Андрей Вознесенский, Қайсин Қулиев, Ўлжас Сулаймонов, Геворг Эмин каби қатор ўрис ва жаҳон шоирлари ижодидан баҳраманд бўлишган. Шунингдек, у Жўрж Байроннинг “Дон Жуан” шеърий рўмонини, Пабло Неруданинг “Муштарак қўшиқ” шеърий эпопеясини (яқинларда Жалолиддин Румийнинг “Маънавий маснавий” асари биринчи дафтарини ҳам) ва бир қатор насрий асарларнитилимизга ўгирган.

Шундай серқирра ижодли шоирни “биров билмади”, “эл пайқамади” дейишимиз мантиққа тўғри келадими?

Ҳа, масаланинг нозик томони шу ерда.Қайсидир ижодкор балки жуда чиройли нарсалар ёзар, ҳатто эл орасида ўта шуҳрат ҳам топар, лекин шахсига ‒ асл қиёфасига боқсангиз,яқиндан таниганингизга пушмон еб қоласиз. Аксинча, асл истеъдодли кимдир эл орасида унча машҳур бўлмайди, аммо замонлар ўтиб биласиз: чинакам ҳурматга ва эъзозга лойиқ у бўлиб чиқади. Аслида, мен сўзи билан ўзи бошқа-бошқа, айтганига ўзи амал қилмайдиган, “сўз водийларида адашиб-улоқиб” юрадиган ижодкорларни ёқтирмайман, қадрламайман.Ундайлар сўзида вафони куйлайди, ўзи тинимсиз хиёнат қилади ‒ капалакка ўхшаб гулдан-гулга учиб-қўниб юради; сўзида Ватан, халқ манфаатини устун қўяди, ўзи арзимас битта мукофот учун ватанини ҳам, халқини ҳам сотворади ‒ ахир, бундайларни қандай ҳурмат қиласиз?!.Асарларида тўғриликдан лоф урса-да, ўзи қинғир бўлса, ғояси адолат бўлса-да, ўзи зулмга хизмат қилса, бошқаларни яхшилик қилишга чақирса-да, ўзи ўзига яхшилик чиқариш билан овора бўлса, “Ҳақиқат! Ҳақиқат!” деб бақирса-да, ўзи енгилгина шабадага ҳам эгилиб-букилаверса, ҳақиқатга эмас, замонларга, қош-қовоқларга қараб ижод қилса…бунақа ижодкорни киши ёқтирмайди, албатта. Аксинча, бундайларга одам ачинади. Ўзига қараманг, сўзига қаранг, дейди айримлар. Йўқ, ўзига ҳам қараш керак. Ҳатто, лозим бўлса, ўзига кўпроқ қараш керак. Чунки ижодкорнингсўзи ўзи билан бутун бўлади. Самимийлик дегани шу. Сўзи ҳар қанча кучли бўлмасин, ўзида изи кўринмаса, ҳавойи, ёлғон, қуруқ гап бўлади. Эътиқодида собит, сўзи ишига тўғри келадиган, иши сўзини инкор қилмайдиган ижодкорлар камёб, аммо замонлар ҳурматига лойиқлар шулардир.Ҳарҳолда, менга шундай туюлади.

Сулаймон Раҳмонни шу дамгача унчалик танимабман-пайқамабман деганим шумаънодадир. “Сайланма”ни ўқир эканман, ижодкор бошда қандай эътиқодда бўлса, то ҳозиргача ўша эътиқодда собит қолганини кўрдим. Шеърларини севиб қолдим, шахсига ҳурматим ошди ва кўнглимдан ўтганларини сизлар билан ҳам ўртоқлашгим келди.

Боқинг, илк шеърларидан бирида у нима дейди:

 

Кут, етиб боргайман бир кун ҳансираб,

йўлимни тўсса-да агар қонсираб

ҳасадлар,

      аламлар,

            таъналар,

                    тошлар…

менга бас келолмас адоват, ҳасрат,

енголмас нолалар,

                        ғамлар,

                               кўзёшлар…

кут, сенга етгайман, эй буюк МАҚСАД!(1964)

 

Ажабо, дейсиз,“буюк МАҚСАД” дегандаўн саккиз ёшли йигитча нимани назарда тутган экан?! Юрагида севги туйғулари ҳоким бўлган, севгилиси сиймосидан бошқа нарса кўзига кўринмайдиган ёшда наҳот бу мурти ҳали қотиб улгурмаган йигитча кейинчалик қирқ, эллик, олтмиш каби етук ёшларида куйлаган ғояларни назарда тутган бўлса?! Билмадим. Бир қараганда, масалани ечиш йўли осон ‒ шоирнинг ўзидан сўралса, бўлди. Лекин шоирни кўрмайдиган, ундан сўраш имкони йўқ ўқувчи нима қилади? Албатта, унинг шеърларига, ижодий йўлига, шеърларида кўринаётган шоир юрагига қарайди, дунёқарашининг шаклланиш ва ўсиш жараёнини кузатади. Тандирда пишган ҳар қандай нонда илк хамиртурушнинг хусусиятлари ҳам бўлганидек,эллик ё олтмиш ёшлар ҳам ҳув бошда ўн саккиз ёшлардан шаклланади, албатта. Шуни ҳисобга олсак, шоирнинг “буюк МАҚСАД”и унинг хамиртурушидаёқ бор бўлганини ишонч билан айтса бўлади. Буни илғаш учун шоирнинг барча шеърий тўпламларини, хоссатанушбу “Сайланма”сини синчиклаб бир ўқиб чиқиш етади.

 

Йўқ нарсани орзу қилар орзуманд кўнглим,

кўрмаганни кўрсам дейди кўзларим ‒ йиғлоқ.

Ҳеч тутмаган нарсаларни тутсам дер қўлим,

эшитсам дер эшитмаган гапларни қулоқ.

 

Кошки эди ҳеч бўлмаган нарсалар бўлса,

зўр ниятга она бўлса кошки ҳур ният.

Зурриёдим, кошки сенинг омадинг кулса,

келин бўлиб келса тезроқ гўзал ҳуррият.  (1989)

 

Шоирнинг кўнгли “йўқ нарсани орзу қилади”, йиғлоқ (!) кўзлари “кўрмаганни кўрсам дейди”, қўли “ҳеч тутмаган нарсаларни тутсам” дейди. Буйўқ нарса нима?Ҳур ният ва ҳуррият!Бу нарсалар совет даврида халқимизда чиндан ҳам йўқ эди. Аммо шоир “Кошки ҳеч бўлмаган нарсалар бўлса” деб ўша замонлардаёқ ҳур ният ва ҳурриятни орзу этади!

Сулаймон Раҳмонни фақат лирик шоир деб бўлмайди. Ҳолбуки, ижодида анча-мунча лирик шеърлар учрайди. Уни фақат манзара шоири деб ҳам бўлмайди. Ҳолбуки, талай шеърларида табиат манзаралари жуда чиройли ва кутилмаган нуқталарда туриб чизилади. Менимча, Сулаймон Раҳмон булардан ташқари ва кўпроқ ғоя одами, эътиқод кишиси, дунёқараши собит миллатпарвар ва ватанпарваршоирдир. Шу фитратдан чиқиб келиб қаралса,унинг ижодида ижтимоий мавзулар устуворлиги кўринади. Лирикаси, табиат манзараси ичида ҳам ижтимоий оҳанглар гоҳ яширин, гоҳ бўртиб сезилади. Зотан, юрагида имон, Ватан, адолат, эрк туйғулари ўткир бўлган ижодкорлар асарида албатта ижтимоий масалалар устун бўлади-да. У ўн тўққиз ёшлигида ёзган бир шеърида:

 

“Дарё шовуллайди ‒ дарё эмас у,

тоғлар гулдуроси, ер қаҳқаҳаси.

У ҳорғин руҳларни покловчи туйғу,

ҳурриятнинг азиз, табаррук саси”,

 

деб дарёнинг шовуллашини “ҳурриятнинг азиз, табаррук саси”га ўхшатади. Бу эса, ўз навбатида, “ҳорғин руҳларни покловчи туйғу”дир. Нимага ҳорғин? Нимадан ҳорғин? “Ҳуррият” сўзи эркинлик, озодлик, мустақиллик маъноларида келишини эсласак, буларни соғинган ва анчадан бери уларга етишолмаётган руҳ қаттиқ соғинчдан анча ҳорғинлашгани билинади. Дарёнинг шовуллаши мана шу ҳорғинликни кетказади, уни ювади, поклайди, тетиклаштиради ва қулоқларга ҳурриятдан дарак берувчи бўлиб эшитилади.

Умуман, айрим ватанпарвар, миллатпарвар ижодкорлар Туронюрт, Туркистон тупроқлари яқин ораларда совет мустамлакасидан озод бўлишини тасаввурларига тўла сиғдира олмаган бўлсалар-да, қачондир шундай бир кун келишини тинимсиз орзу қилиб яшашган ва бу йўлдақайсарларча ижод қилаверишган.

Сулаймон Раҳмон бошқа бир шеърида бу орзусини бундай ифодалайди:

 

Тоғ ухлар. Ухлар дарахт,

Шамол ухлар қотиб донг.

Кеча кечар бефарах…

Қайлардасан, Буюк Тонг?!(1969)

 

Қаранг, тоғлар ухлаяпти, дарахтлар ухлаяпти, ҳатто шамол донг қотиб ухлаб ётир. Ҳаммаёқ жимжит, ғафлатда. Бундай ғайритабиий жимжитлик ва ғафлатда кеча ҳам фарахсиз кечади…

Шоир бундай оғир ва эзгин тасвир билан ўқувчи руҳини қандайдир бир кутилмаган хулосага тайёрлаб келади ва: “Қайлардасан, Буюк Тонг?!” деб юрагини очиб юборади. Ҳорғин руҳи аслида нима истаётганини оламга ошкор этади. Тоғи ҳам, дарахти ҳам, шамоли ҳам ухлаб ётган фарахсиз кечадан сўнг отажак Буюк Тонгни ихтиёрсиз равишда ўқувчи ҳам қўмсаб қолади.

Диққат қилинг: Сулаймон Раҳмон Буюк Тонгни ватани ва халқи ҳали зулматда ‒ мустамлака шароитидаухлаб ётган пайтлари соғиняпти.Лекинсоғинчини шароитдан келиб чиққан ҳолда имолар билан, ишоралар билан билдиряпти. “Эллик йил элимга эзгу тилагим, эзгу дардларимни мен ёна айтдим. Оғзимда турса ҳам содиқ элагим, имоларда айтдим, хуфёна айтдим”, деб тан олади кейинчалик шоир бир шеърида.

Бу мавзуда Сулаймон Раҳмон юрагини, дунёқарашини янада яққолроқ кўрсатадиган шеър“Америкалик ҳинду монологи”дир:

 

Ватанда ватансиз ватандошларим,

кўзим, кўзимдаги қонли ёшларим…

 

Не учун толедан фироққа тушдик?

ватанда ватандан йироққа тушдик?

 

Биз улуғ халқ эдик, буюк халқ эдик,

замонлар қаърига чўкдик, қалқидик.

 

Бир жаннат маконга дарбон эдик-ку,

юртимиз ҳуснига қурбон эдик-ку?

 

Оҳ, бу кун ғамларга сарбон бўлдик биз,

оқ танли касларга қурбон бўлдик биз!(1981)

 

Шундай бир адабий усул бор, уни кўпинча шоирлар қўллайди ‒ кўнгилларининг туб-тубига кўмилган, айтишга сиёсат имкон бермайдиган фикрларини ё тарих, ё  замон қаъридан ўхшашини ёзиш билан айтиб олишади. Раҳматли Машраб Бобоевнинг “Муин Бсису монологи” эсингизга тушгандир. Жафокаш фаластин халқининг озодлик учун кураши тимсолида Машраб Бобоев ўзининг ва элининг дардини айтиб олган эди. Бунақа мисоллар жаҳон адабиёти ва ўзимизнинг адабиётимиз тажрибасида жуда кўп. Сулаймон Раҳмон ҳам тепада келтирганимиз шеърида бу усулдан фойдаланиб, амриқолик ҳинду тилидан миллатимизнинг дардларини айтиб олган. Нима деганини қайтариб ўтирмайман, синчиклаб ўқисангиз, шундоқ ҳам тушунасиз.

Ёки бўлмаса, бошқа шеърида замонининг дарду ҳасратини ўзи тиккалайига айта олмаганидан, шахсини сал панага олиб, буюкўзбек мутафаккир жадид адиби Абдурауф Фитратни сўйлатган:

 

“Биз қандай бир машъум манзилга етдик,

кунлар куйиб ётар, тунлар ‒ куюнди.

Кулфатлар уйма-уй изғийди итдек,

гар обид куйинди, зобит ‒ суюнди.

 

Оҳиста-оҳиста забтига олиб

ҳақ деган кимсани эзар исканжа.

Оқил бандаларни кафтига олиб,

мижиғлай бошлайди бир темир панжа.

 

Қатағон қамчиси чийиллар чунон,

диёнат қон қусиб тушар юзтубан.

Ҳадик ва жаҳолат ‒ қўш бошли илон,

Раббим деганларга бичади кафан.

 

Айбсиз эътиқодга айб тақар туҳмат,

адолат бу ранжу ситамдан ранжир.

Обид заҳмат олар, зобитлар – рағбат,

итоат тоатга уради занжир.

 

Бағирни мушукдай тимдалар андуҳ,

наҳотки  тош бўлса барча бағирлар?

Наҳот Тошюракка сололмас чандиқ,

тунлари чирқираб чиққан сағирлар?

 

Наҳотки шу ситам ичра ҳам, шоир,

кўзингга кўринса гул, булбул, чаман?

Мени эса эзар дарз кетган дайр,

етимлар оҳидан силкинган ватан…”(2000)

 

Умуман олганда, эл дарди, юртини озод кўриш армони шоирга сира тинчлик бермайди. Туркона лўндалик, қисқалик, чўлпонона маҳорат билан битилган мана бу тўртлигига боқинг:

 

Ў, юрт, ў, юрт, адо юрт,

ой юрт, бой юрт, гадо юрт,

ёт юртларга фидо юрт ‒

ғуруридан жудо юрт…  (1977)

 

Шу тўрт қаторданоқ Сулаймон Раҳмоннинг дарду ғоясини ҳам, истеъдоди даражасини ҳам билиб олса бўлади. Фикр жуда чиройли айтилган! Бадиий тасвир ҳам мукаммал! “Ў”лар, “й”лар, “у”лар, “р”лар, “т”лар, “о”лар, хуллас, барча товушлар уйғунлиги чиройли бир оҳанг яратиб, шеърни ўта жозибали қилган. Мумтоз адабиётимизга хос адабий санъатларнинг кўпи шу битта шеърда учрайди. Айни чоқда, шоирнинг юраги, қайғуси ҳам балқиб кўринади.

Сулаймон Раҳмон ўзига ижодий тиргак қилиб олган маънавий ўлчовни “Иқбол момом ўгитлари” шеърида баён қилган:

 

Ўлан айтсанг, болам, чечан бўлиб айтгин,

юрак-бағринг эзилиб айт, тўлиб айтгин.

Ўз дардингни эл дарди деб найранг қилма,

эл дардини ўз дардингдай билиб айтгин.   (1984)

 

Шоир бутун ижоди давомида мана шу ўгитни маҳкам тутди,айрим замондош шоирлар каби ўз дардини эл дарди деб кўрсатмади, балки“эл дардини ўз дардидай билиб айт”ишга ҳаракат қилди. Эл дарди эса кўп эди…

Сулаймон Раҳмон ўзбекнинг қайноқ виждонли бир фарзанди, Ватаннинг ажралмас бир бўлдаги ўлароқ доимо уйғоқдир, қўлда қалам ила куну тун иш бошидадир. Жамиятга тийрак боқади, ҳар ҳолига муносабатини дарҳол билдиради. Гўзалликларидан ҳайратланса, қинғирликларидан куюнади. Ҳаётнинг турфа ўйинларини кўриб ҳайрону лол бўлади. Масалан, бир шеърида тарихнинг кир ишлари такрорланаётганидан қаттиқ изтиробга тушади, ундан сабоқ чиқаришга ҳаракат қилади. Ҳаётда учрайдиган бунақа ҳолатга, ахир,элнинг зиёлиси қайғурмаса ким қайғуради:

 

Халқнинг душманлари халқнинг дўстини

халқнинг душмани деб эълон қилдилар.

Аямай шилдилар унинг пўстини,

кўзларин ўйдилар, тилин юлдилар…

 

Ҳамон ичимизда яшайди хоин,

сотқинлар зурёди тирикдир ҳамон.

Мана, Қодирийнинг тош хокипойин

тавоф айлаб турар сотқин оломон…

 

Хом сут эмган банда, эй содда одам,

токай яширасан ичда олангни.

Қабоҳат чангали ахир бугун ҳам

юлиб турибди-ку не-неболангни…

 

Қизилқум қумидай бирлашолмаган

зарра-зарра халқим, бунча оланг кўп?

Лаганбардорингда бунча кўп лаган,

нечун мард болангдан номард боланг кўп?

 

Токай бу дунёда ҳеч тинмас увинг,

гўё ҳеч ўғринг йўқ, гўё сўпинг кўп.

Тагингга қуйишга мунча кўп сувинг,

тагингни ковлашга мунча чўпинг кўп?..   (2000)

 

Одам боласининг феъли-ҳўйи юзи-туси каби турфа. Уни англаб охиригача етиш қийин. Бир замонлар халқнинг чинакам дўстларини халқ душманлари атаб гўрга тиққанлар сиёсат ўзгариб бугун уларнинг ўлигига ва шуҳратига эга чиқиб ўтирса! Эли ва юрти учун фидойи Абдулла Қодирийдек зиёлилар манглайига “халқ душмани” тамғасини босиб қирғин қилганлар ваёу қирғинни томоша қилиб турганлар бугун унинг ҳайкалини тавоф этсалар! Бу ёқимсиз эврилишу чеврилишларни кўриб шоир, юмшоқ қилиб айтганда, ажабланади, юраги эзилади. Нимага бундаймиз-а, деб ичдан фарёд кўтаради. Ўзи Қизилқум қумидай сочилиб кетган, ҳеч бирлашолмаётганбўлсак, камига яна бир-биримизга хоинлик қилиб турсак, қачон биз ҳам одамларга ўхшаб одам бўламиз?! Тўғри, ҳамма бирдай эмас, ҳамма хоин ҳам эмас. Одам бор экан, ичида оласи ҳам бўлади-да. Лекин бу олалар нега кўп, нимага бир-биримизнинг тагимизга қуйишга сувимиз, айбларимизни кавлашга чўпимиз кўп?!

Бу каби оғир ўйлардан шоирқаттиқ изтироб чекади. Аммо изтироб чекибгина қолмайди, балки ҳаётнинг қинғир ўйинларига қарши фаол курашга ҳам чорлайди. Натижада у бутун ижоди давомида бунақа салбий ҳолатларга аямай муносабат билдириб келди: жамият ютуқларидан севинди, иллатларига қарши ўт очди ва одамларга тўғри йўлни кўрсатишга ҳаракат қилди. Унинг ижодида ижтимоий оҳангларнинг устунлиги ҳам шундан.

Шоир ҳаёт бошқача бўлишини истайди ва ўзига, керак бўлса, мана бундай бир улкан вазифани юклайди:

 

Бу дунёга бу дунёни иморат этгали келдим,

бу дунёни фақат нурдан иборат этгали келдим.

 

Кўриб умматни ғурбатда, қувиб кулфатни миллатдан,

бузиб ғафлатни ҳам уйқуни ғорат этгали келдим.

 

Ватан хокин ватан сотган ватансиздан халос айлаб,

ватандошда ватан ишқин зиёдат этгали келдим.

 

Яранг қонин ювиб, Турон, шифобахш эрк булоғинда,

гўзал имон чашмасинда таҳорат этгали келдим.

 

Ёниб, яхшини мадҳ айлаб, ёниб, Оллоҳга ҳамд айтиб,

яниб, шайтони лаъинни ҳақорат этгали келдим.

 

Тилаб дўзах балосидан Сулаймонга омонлиқлар,

гўзал жаннат илинжида ибодат этгали келдим…   (1988.2.03.)

 

Сўзимиз бошроғидаСулаймон Раҳмон илк шеърларидаёқ буюк МАҚСАДни кўзлаб қўлга қалам олганини айтган, ёш йигитчанинг буюк мақсади нима бўлиши мумкин деб бир оз ажабланган ҳам эдик. Севгилисига етишиш… Катта шоир бўлиш… Шон-шуҳратга бурканиш… Жуда агар ижтимоий маъно лозим бўлса, ёш совет фуқароси сифатида, коммунизм қуриш… Совет даврида у буюк мақсадлар, одатда, мана шунақа маъноларга йўйилар эди. Зотан, шоир ҳам балки бу ва шу каби шеърларини “зийрак” кўзлардан коммунизм ғоясига ниқоблаб ўтказиб олган бўлса эҳтимол. Аммо йиллар ўтиб, танлаган йўли ва дардишеърдан шеърга пишиб, такомиллашиб борган сари, кузатсангиз, шоирнинг буюк МАҚСАДи том бўлак нарса бўлгани ойдинлашади: олдинроқ айтганимиздек, халқ, Ватан, озодлик, имон…

Шоир дарди ўлароқ бу тўрт ғояни такрор-такрор айтяпман-у, бу дардлар ҳозирги авлодга нечоғли тушунарли деб ўйлаб ҳам қоламан. Умрининг катта бўлдаги бошқа халққа қарам ҳолда кечган авлод билан онгли ҳаёти бу қарамликдан қутула бошлаган паллаларга тўғри келган ёш авлоддағам-қайғу ваорзу-интилишлар турлича бўлиши табиий, албатта. Бир замонлар озодликка муштоқ ватансевар юракларни имо-ишора гаплар ҳам ғалаёнга келтириб юборгани ҳолда бугун у дардлар янги авлод учун долзарб туюлмаслиги, етарлича ҳис қилинмаслиги мумкин. Аммо шуни унутмайлик: дардлар ичида энг каттаси имон дарди, Ватан дардидир. Шу дардлар билан жиддий оғриган ижодкорлар асрларга татигулик асарлар қолдиришган, бундан кейин ҳам шундай бўлаверади.Илк совет даврининг ёрқин ойдинлари Чўлпон ва Усмон Носирни озод Ватан соғинчи қанчалик қийнаган бўлса, совет гуркираган паллалари ижод қилган Рауф Парфи, Сулаймон Раҳмон, Чўлпон Эргаш, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Давронкаби ижодкорларни ҳам ўшанчалик қийнагандир.Исмоил Ғаспирали, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхон, Абдурауф Фитрат каби мутафаккирларнинг илғор фикрлари, Чўлпон ва Усмон Носир шеъриятининг, Абдулла Қодирий насрининг миллий руҳи бу ўрта авлод ижодида алоҳида ажралиб-бўртиб кўринди. Яна ҳам кейинроқ бу руҳ бир оз жанговар ва бир оз кескинроқ тарзда Асқар Маҳкам, Аъзам Ўктамкаби ёшлар шеъриятида балқиди. Наҳот бу дард энди бундан бу ёғига етарлича сезилмаса, ҳис этилмаса?! Наҳот катта авлод қадрлаган, юрагида асраб келган бу руҳ, бу дардлар у замонни кўрмаган ҳозирги ёш авлод учун долзарб бўлмай қолса?! Бир ўқувчи ўлароқ, у улуғларимиз дарди билан касалланган бир мухлис ўлароқ мени ва мен кабиларни яқин ўтмишда ҳайратлантирган, бугун ҳам чексиз ҳайратлантираётган мавзуларни наҳот эртага кимлардир парвосига илмаса?! Шуларни ўйлаб даҳшатга тушаман. Йўқ, дейман, Ватан, адолат, имон мавзуи асло эскирмайди, ҳамиша долзаб бўлиб қолаверади. Чунки бу дардлар ҳеч қачон битмайди. Улар ҳақида айтилмаган гаплар ҳали кўп. Демак, шеър ҳам ёзилаверади. Бу дардларга самимий чалинганкишилар иши ҳам қадрини йўқотмайди! Шунинг учун бу сўзлар қанча такрор айтилса-да, кўнгиллар безмасин, ҳар гал янгидан эшитаётгандек завқ туйсин, ўзига етарли озуқасини олсин.

Сулаймон Раҳмон бир шеърида:

 

“Сўзларим, отланинг, сўзларим,

биз ҳали мақсадга етмадик,

биз ҳали энг асосий гапни

айтолмадик, айтмадик…”

 

дейди. Ҳали совет “гуллаб-яшнаб” яшаётган бир паллада юракларнинг туб-тубига яширилган туйғу ва орзу-армонларни очиқ айтиб бўлмас эди, албатта. Шунинг учун шоир сўзларига куч-қувват, матонат тилаб, ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўплигига ишора этяпти. Бу йўлда озгина бўшлик қилиб бўлмайди. Айни чоқда, сўзлар ҳуда-беҳудага отилмаслиги лозим, ҳали асосий гапни айтишга керак бўлади. Шоир ҳали асосий гапини айтгани йўқ, айта олгани йўқ.

 

Бўш келмангиз, қаттиқ туринг,

бўлар-бўлмасга отилманг,

сиз ‒ халқимсиз, сиз енгилманг,

сиз ‒ имоним, сотилманг!..

 

 “Халқ” сўзининг ўз маъноси “яратиқ”, кўчма маъноси эса “эл, улус”дир. Яна бир кўчма “лашкар” маъноси ҳам бор. Назаримда, “сиз ‒ халқимсиз” деркан, шоир бу учала маънони ҳам кўзда тутган кўринади. Эй менинг яратиқларим, эй менинг элим, эй менинг лашкарларим, ўзингизни бўлар-бўлмасга сарф этманг, бўш келманг, қаттиқ туринг ва енгилманг! Энг муҳими ‒ сиз менинг имонимсиз, асло сотилманг!

Сулаймон Раҳмон ижодини ҳамда ижтимоий ўрнини синчиклаб ўргансангиз, у ўн саккиз ёшида ўзига белгилаб олган буюк МАҚСАДдан сира оғишмаганини, ўсмирлик чоғида ҳам, яқин етмиш ёшлик ҳозирги чоғида ҳам Яратганга, Ватанга, ҳурриятга муносабати борган сари теранлашганини, аммо заррача ўзгармаганини кўрасиз. Ҳа, шоир сўзида, ғоясида собит қолди.

 

Сайрашлар ўзгарди, мен ўзгармадим,

қарашлар ўзгарди, мен ўзгармадим,

курашлар ўзгарди, мен ўзгармадим,

мен ‒ ўша ғамгинман, мен ўша ‒ ғамгин.

 

Султонлар ўзгарди, ўзгармадим мен,

замонлар ўзгарди, ўзгармадим мен,

жаҳонлар ўзгарди, ўзгармадим мен,

мен ‒ ўша жаҳонман, мен ‒ ўша жаҳон.(1995)

 

Шоирнинг ижодий ўлчови,йўналиши ўзгармаганидек, мўлжалга олган манзили ҳам деярли ўзгармади. Ватандек қийноқли бир дардга чалинган шоир шунинг учун ўша-ўша ғамгин, ўша-ўша ёлғиз ‒ ўзгараётган жаҳон ичра ўзгармай қолган бир жаҳон бўлиб“буюк МАҚСАД” сари муттасил илдамлабкеляпти.

 

Сўзларим тик бўлди ‒ ёвлар турдилар,

юзлашсам, дўстларим юзин бурдилар,

ўзларим ўзимни четга сурдилар

маслакдош бўлмадим ёлғон ила мен.

 

Ёлғон ила маслакдош бўлмаган лирик қаҳрамоннинг сўзлари тик, кескир, давомли ва муросасиз эди, ҳар бири мўлжалга аниқ етиб борарди, шунинг учун ёвлар оёққа турарди, аммо не ёзиқ, айрим ҳолларда дўстлар ҳам уни кўтара олмади, ёв қолиб, ўзиникилар ҳам уни четга сурдилар ‒ шоир шундан ҳайрон. Нима бало? Ёки у ҳақсизми? Нимага уни тўғри тушунишмайди? Нимага дардини дунё англамаяпти?

 

Билмайман ‒ ҳақманми, ноҳақманми ё,

балки мен бошқаман, бошқадир дунё,

тунлари тортишиб чиқаман танҳо

душманим Сулаймон Раҳмон ила мен.

 

Одатда, майдонга катта даъво билан чиққан одамнинг ҳаракати ҳам ниятига кўра қатъий, ғайрати мўл бўлади. Лекин айрим ҳолларда Сулаймон Раҳмоннинг лирик қаҳрамони бир оз тушкунликка ҳам тушади. Тўғрироғи ‒ тушкунликка тушаётганга солади ўзини:

 

Мен кулдим, ичимда силкинди фалак!

Ҳеч ким эшитмади ўзимдан бўлак…

 

Йиғладим, ичимда қўпди гулдурак!

Ҳеч кимса билмади ўзимдан бўлак…

 

Мен севдим, ғарқ бўлдим чашми оташқа!

Ҳеч кимса кўрмади ўзимдан бошқа…

 

Мен куйдим, кул бўлдим, айландим тошқа!

Ҳеч кимса сезмади ўзимдан бошқа…  (1996)

 

Лекин бу хил “тушкун”ликни ҳафсала пир бўлиши деб тушунмаслик керак. Чунки шоир руҳи доим тетик ‒ у ўзи илгари сураётган ғояларга содиқ, йўлидан ҳеч қачон чекинмаган, чекинмайди ҳам. Олам уни пайқамаса-да, қадрига бироветмаса-да, дардини ўзидан бошқа ҳеч кимса сезмаса-да, у асосий гапини, асосий Дардини, тўғри Сўзини айтиш ниятидан воз кечмайди, ғоясига хиёнат қилмайди, даъвосидан заррача чекинмайди. Зотан, юзаки қараганда тушкунлик, алам бўлиб туюлаётган бу оҳанглар ҳам аслида ундай эмас, булар ҳолатни бўрттириб етказиш, юрагидаги дардни ўқувчи руҳига ҳам юқтириш учун қўлланган атайин услубдир. Яъни, аслида келажакка ишончи қатъий бўлган шоир сўз ўйини қилиб ўзини ёлғондакам тушкун, аламга ботган қилиб кўрсатяпти, холос.

Мана, яна бир ўшанақа “тушкун” шеър:

 

Оҳ, бу қандай чорасизликдир,

сени ошкор соғинолмасам,

ёвузликдир, балки гизликдир ‒

ҳатто пинҳон сиғинолмасам…

 

Йўлинг қайда, биламан, бироқ

боролмайман ‒ тўрт томоним сув:

пастда ер йўқ, кўк эса йироқ,

йўлим тўсар йўлтўсар қўрқув.

 

Тентирайман, чора излайман,

эшиклар берк, деразалар берк.

Зулмат ичра ёниб бўзлайман:

қайлардасан, нидо бергил, эрк?

 

Нидо бергил, юзсиз оломон

пахта тиқар оғзимга, кулсам…

Сени қандай таниб оламан,

умримда ҳеч кўрмаган бўлсам?

 

Оғизларга боқаман нуқул

ахтариб ҳур овозаларни.

Оҳ, қоқаман, қоқаман нуқул

эгаси йўқ дарвозаларни…

 

Очилмайди. Бир хаёл қувлар,

ўз кўнглимга қочаман дарҳол:

унда гир-гир айланар, увлар

қафас ичра қамалган шамол…

 

Оҳ, бу қандай чорасизликдир? (1972)

 

“Чорасизлик” деб аталаётган ҳолат ичида буюк чора сезилиб турибди. Шоир эркка мурожаат қилар экан, “Сени қандай таниб оламан, умримда ҳеч кўрмаган бўлсам?” деяётган бўлса-да, аслида, уни жуда яхши танийди. Унга нуқул “эгаси йўқ дарвозаларни қоқаётган”дек туюлса ҳам, бир кун келиб ахири дарвоза очилишига қатъий ишонади. Фақат, асосий чора ҳозирча чорасизликка ўхшаб турибди,эркка мисол қилинганшамол ҳам ҳозирча кўкрак қафаси ичига қамалган ‒ юракдагина гир-гир айланади, увлайди, ҳозирча очиқ нидо бермайди. Ушбу шеър совет ҳали гуриллаб-гуркираб яшаб турган паллалар ‒ 1972 йили ёзилганини инобатга олсак, очиқ нидо беришга чора йўқлиги, бир ҳисобда, табиий ҳам эди…

Сулаймон Раҳмон шеърларида чорасизликда ҳам чора бор деганимизнинг бир маъноси ‒ у дардини айтар экан,доимўзи куйлаган орзуга етишиш йўлларини ҳам кўрсатган. Шулардан биттаси: эл бирлашиши, фикри, зикри бир бўлиши лозим, шундагина бирон натижага эришилади, деган ғоядир:

 

Менга бир дўст керак, қоракўз керак,

бўзчиман, бир ёлчий, менга бўз керак,

бу серсўз жаҳонда битта сўз керак,

то қилсин Туронюрт сўзини битта.(1988)

 

Бўзчи белбоққа ёлчимас деган армонли халқ мақолидан курашчанбир фикр чиқариб, менга бўз керак, мен ҳам белбоққа ёлчий, дейди шоир. Белбоғ ўзбекда мардлик, жасорат, эркаклик, бирсўзлилик, жангчилик тимсолидир. Танбалнинг ҳамиятини қўзғамоқчи бўлса, “Белингда белбоғинг борми?” дейди ўзбек. Элга хизматга чиққан йигит ҳам белбоғини маҳкам боғлаши лозим бўлади. Хуллас, шоир (лирик қаҳрамон), биз ҳам белбоққа ёлчийлик ва у белбоғларни қайтадан белга боғлайлик, деб орзу қиляпти. Аммо белбоғнинг ‒ бўзнинг ўзи етарли эмас унга, мақсадга етиш учун яна бир нарса керак. Нима у? Сўз. Сўз керак. Шундай бир сўз бўлсин, у “то қилсин Туронюрт сўзини битта”! Бунинг учун халқ узоқ йиллик ғафлат уйқусидан уйғониши лозим. Бошқача айтганда, эл уйқуда бирлашмасин, кулгуда, юрт қайғусида ва сабрда бирлашсин, шунда ёв синади.

 

Уйқуси бир элни кулфатлар қучгай,

кулгуси бир элда уйқулар ўчгай,

қайғуси бир элдан қайғулар қочгай,

ёв синар, эл қилса дошини битта.

 

Шеър охирида шоир кутилмаган ва чиройли хулоса ясайди:

 

ўзбекка шундай бир ёқа лозимдир,

то қилсин ўзбекнинг бошини битта.(1988)

 

Яъни, ўзбек бир ёқадан бош чиқармагунича бошқаларга қарам бўлиб қолаверади, косаси оқармайди. Унинг бошини битта қиладиган ёқа нима? У қандай ёқа? Бу саволга жавобни шоир ўқувчи ихтиёрига қолдиради…

Шу мавзуга яқин ёки уни янада ёрқин давом эттирадиган “Бир шоирга” деган шеъри бор. Ўзбекнинг боши битта бўлиши учун шоирларининг, зиёлиларинингўйи, фикри, куйи, оҳанги ҳам халқиники билан бир бўлиши керак, деган хулосага келади муаллиф:

 

Булбул навосидан маст бўлар булбул,

бедона сайраса яйрар бедона.

Дулдул кишнаганда тўлғонар дулдул,

тилинг бегонага ‒ дилинг бегона.

 

Нечун ёт юртлардан излайсан мухлис,

бегона кўзларга кўз тикиб яккаш?

Улар ҳисларингни қилолгайми ҳис,

улар дардларингга бўларми дардкаш?

 

Мунча ўртанасан ич-этингни еб,

додлайсан тургандай қилич тиғида.

Нолийсан, овозим қолиб кетди, деб

шу икки дарёнинг оралиғида…

 

Капалак оҳини не қилар қўнғиз,

чинор титроғидан титрарми терак?

Қачон қўй маърашин англабди тўнғиз,

тўнғизга тўнғизнинг “хур-хур”и керак…

 

Сув сойга оқару бой бойга боқар,

ўзбексан, дўппингни дол қўйиб ўйла.

Ўрисга ўриснинг қўшиғи ёқар,

ўзбекни ўйла сен, ўзбекка куйла…   (1982.18.01.)

 

Шеър “Бир шоирга” деб аталган. Ким  бўлса экан у “бир шоир”? Ён-вери ёки орқа-олдидаги қайси шоирни назарда тутган экан Сулаймон Раҳмон? Билмадик. Кимлигининг бизга аҳамияти ҳам йўқ. Аҳамиятли томони ‒ шеърда тасвирланган қиёфали ижодкорлар ҳаётда учраши. Ундайлар Оллоҳ берган истеъдодни эл дардини ўзиникидай қилиб куйлашга эмас, ўз дардини элиникидай қилиб кўрсатиб найранг қилишга,қандайига бўлмасин шон-шуҳратга бурканишга восита этадилар. Ҳар замонга эврилиб-мослашувчи, ҳар маконга эгилиб-букилувчи “шоир”ларга ўз элининг чапаги етарли эмас, қани эди улар тезроқ оламнинг назарига тушса, номи икки дарё оралиғида қолиб кетмаса, олам уларни пайқаса! Натижада ўзиники қолиб ётларга ёқадиган оҳангларга йўрғалайди, оламга ёққиси, ўзини ётларга ёқтиргиси келаверади. Ҳолбуки, капалакка капалакнинг оҳи қадрдон, қўнғизга ‒ қўнғизники.“Чинор титроғидан титрарми терак?” Айримларнинг қулоғи тўнғизнинг “хур-хур”идан завқ туяди, бизга ўзимизнинг қўй маъраши ёқимли!

Совет давриданафақат адабиётда, балки бошқа соҳа одамлари орасида ҳам ўзлигини йўқотган ёки ўзлигидан тонган бир тоифа пайдо бўлди. Ундайларга ўзимизнинг ҳамма нарса ёмон, бошқаларники яхши, ота-бобоси тугул, ўзи ҳам қолоқ, бошқалар илғор, ўтмишини қоронғи деб билади ва ўкинади, ётларнинг дунёсига кўр-кўрона маҳлиё. Ўз қадрини билмаган, икки дарё оралиғида қолиб кетганидан ўкинч туядиганмана шунақа бадбин тоифага асосли далиллар билан танбеҳ берадиСулаймон Раҳмон.

“Муножот” шеърида Улуғ Тангрига хитоб этиб, миллатининг ўзлигини ва қадрини сақлаб қолишни сўрайди:

 

Ўз юртимда, бегона тилда

нон тилашни рўз қилма, Тангрим.

Мен туғилган, мен севган элга

дўст эмасни дўст қилма, Тангрим.

 

Бегоналар ичра бегона,

ётлар ичра ёт қилма мени,

бахтли қилма мени ягона,

ношод юртда шод қилма мени.

 

Бу шеърни “Бир шоирга”нинг ғоявий давоми, ўзига хос хулосаси деса бўлади. Ёт билан ўзни ажратишга чақириқ бор. Лекин, тўғри тушунилсин, ёт ерга урилмаяпти, ўз улуғланяпти, холос. Кейинги тўртлигида шоир фикрни яна бир босқич кўтариб, ётлар қўли остидаги юрт ҳеч қачон шод бўла олмаслигига ишора этяпти.

Чинакам халқпарвар, ватанпарвар ижодкор шахсий манфаатидан эл-юрт манфаатини устун қўяди, ўзини эмас, элини-юртини ўйлайди. Раҳматли Шавкат Раҳмон: “Бахтиёрман деган биргина сўзни айтиш учун керак қанча куч-чидам, гарчи бахт сўзларнинг энг ёқимлиги, гарчи турса ҳамки тилнинг учида” деб бошланувчи шеърини бундай тугатган эди:

 

Бу сўзни бир умр айтмай яшадим,

Ҳар шодлик келганда юрдим секинроқ,

Ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим,

бахт сўзин айтаман элдан кейинроқ.(1984)

 

Сулаймон Раҳмон ҳам ўз ғамидан олдин эл ғамини ейдиган ижодкор ўлароқ “Муножот”ида: “Бегоналар ичра бегона, ётлар ичра ёт қилма мени, бахтли қилма мени ягона, ношод юртда шод қилма мени”, деб илтижо қилади. Ахир, эли бахтсиз бўлиб битта ўзи бахтли бўлса, унга татирмиди?! Қайси виждон ношод юртда шод бўлишни истайди?! Сулаймон Раҳмонни билган, таниган ёки энди таниб бораётган киши бундан бошқача ғояни ундан кутмайди ҳам. Худди Шавкат Раҳмон каби у ҳам “ғам” сўзини элидан олдинроқ, “бахт” сўзини элидан кейинроқ айтадиган шоирдир. Бошқача айтганда, то юрти шод бўлмас экан, у шод бўла олмайди, то эли бахтли бўлмагунича, у ўзини бахтли ҳис этмайди!

Биз Сулаймон Раҳмонни кўпроқ ғоя одами бўлса керак деб айтдик. Бизга шундай туюлди. Аммо ғоя ҳар қанча олижаноб ва улкан бўлмасин, айримларга ёқмаслиги ёки, кўпайиб кетса,шеър мухлисини ҳатто бездириб қўйиши мумкин. Чунки шеърни гўзал қиладиган унсур фақат ғоя эмас.Айримлар одатдан бошқача чизилган манзараларга ишқибоз, айримлар руҳий ҳолатларнинг чиройли тасвирини севади, яна бошқаларни гўзал ишлатилган сўзлар, топилдиқ ифодалару кутилмаган ўхшатишлар ўзига тортади. Биз бу ўринда Сулаймон Раҳмонни шахс сифатида ҳам, шоир сифатида ҳам таниш йўлида ўзимизга ёққан ва қадрлаган томонига кўпроқ диққат қаратдик, холос. Аммо бу дегани, чинакам истеъдод эгаларига ярашиқлиқ бошқа сифатлар унда йўқ ёки кам дегани эмас. Сулаймон Раҳмон гўзаллик шайдоларини-да ўзига ром қиладиган даражада чиройли шеърлар битган шоир! У ҳатто ўша ижтимоий теран ғояларини ҳам чинакам шоирона услубларда, гўзал шеърий ифодалар билан айтган.

Ҳадиси шариф: “Шеърда сеҳр бор”, дейди. Одамни ўзига асир қилиб олади деганидир бу. Нимаси билан асир қилади? Албатта, кўп нарсаси ‒ ғояси, ўхшатишлари, тагмаънолари, чиройли сўзлари, кутилмаган қофиялари ва ҳоказолари билан. Бу унсурлар ҳаммаси битта шеърда тўпланиб келса, ўша шеър жуда кучли шеър бўлади. Деярли барча шеъри шунақа савияда ёзилса, демак, шоир чинакам шоир бўлади. Шеъри одамни ўзига сеҳрлаб олади.

Тепада келтирилган шеърларда ёки парчаларда кўрдик, Сулаймон Раҳмон дардини ҳам, ғоясини ҳам шунчаки яланғоч сўзлар билан ифодаламаган, чинакам шеърга хос гўзалликка йўғириб, ўқувчи онги ва руҳига бир хил тарзда таъсир этадиган шеърлар яратган. Чунки у теран фикрли ижодкор бўлганидек, нозик туйғули ҳамдир. Фикр билан туйғу ҳалол қовушмаса, чиройли шеър туғилмайди. Сулаймон аканинг туйғу оламига бир кириб кўринг-а:

 

Қорачиғим, қиқирлаган болакай,

Ана, осмон лолазори, лола уз.

Ой фалакнинг юзида оқ холидай,

само ёрнинг рўмолидай серюлдуз.

 

Шеърдан гўзаллик ахтарганга мана гўзаллик! Кўз қорачиғини “қиқирлаган болакай”га ўхшатиш учун шоир нечоғли нозик кузатувчи ва нозик кайфият эгаси бўлиши керак! Шунчаки ўхшатилмаяпти, тасвирда қорачиқ чиндан қиқирлаб юборяпти! Айниқса, осмонга боққан кўз қорачиғи! Осмон лолазорини сайр этаётган қорачиқ! “Қиқирлаш” сифати берадиган эркаликдан кўнгиллар ихтиёрсиз яйраб кетади. Э, бу сатрларга тушган кўз ҳам қиқирлаб юборади-да!

Тўртликнинг кейинги икки қаторини қайта ўқинг, тасвир ҳартомонлама мукаммал, товушларнингички оҳангдошлиги гўзал: “Ой фалакнинг юзида оқ холидай, само ёрнинг рўмолидай серюлдуз”.

 

Баҳор бугун ўхшамайди ўзига,

капалакми учиб юрган, шавқимми?

Бинафшалар адирларда изғигай,

бойчечаклар қитиқлайди завқимни.

 

Баҳорнинг ўзгачалигидан шоир кўнгли яйраб кетади, учиб юрган капалак ҳам кўзига бошқача кўринади. Капалакнинг қандай учишини ҳамма кўрган: у бер текис учмайди ‒ тепага, пастга, ёнга ташлаб, яйраб-яшнаб учади. Унинг шодлиги ҳаракатларида балқиб кўринади. Шоир ҳам баҳорнинг ўзгача чиройидан шундай шавқ туяди ва “Учиб юрган у нарса капалакми ё менинг шавқимми!” деб ҳушини йўқотгудек бўлиб суюниб кетади. Ҳатто бинафшалар кўзига адирларда изғиб юрганга ўхшаб кўринади, бойчечаклар унинг завқини қитиқлаб юборади! “Қитиқлаш” сўзи худди “қиқирлаш”дек ўқувчи туйғуларини ҳам ихтиёрсиз равишда эркалайди.

 

Боғларга атирлар сепади баҳор,

яшил қўшин тортиб қўпади баҳор,

қишнинг қаншарига тепади баҳор,

на гўзал босқиндир баҳорий босқин! (1979)

 

Баҳор боғларга атирлар сепиши ёки яшил қўшин тортиб қўпиши у ё бу кўринишда балки бошқа шоирларда, бошқа шеърларда учрар, балки шунга яқинроқ ўхшатишларни бошқалар ҳам ишлатган чиқар, аммо “қишнинг қаншарига тепади баҳор” фақат Сулаймон Раҳмонники, фақат унга хос тасвирдир. “Қишнинг қаншари” ўзи алоҳида гўзал тасвир, энди бунинг устига баҳорнинг келиш дабдабаси ‒ у қаншарга тепиши!..Сўз йўқ!

“На гўзал босқиндир баҳорий босқин!” ҳам Сулаймон аканинг топилдиқ сатрларидандир. Кўпинча салбий маъно ташийдиган “босқин” ўта ижобий маъноли “баҳор” сўзига рози-ризочилик билан қовушиб,кўз ўнгимизда бу ажиб никоҳдан бутунлай янгича чиройтуғилибди.

Аслида, бу каби гўзал шеърларни изоҳлашга ё тушунтириб беришга одам қўл урмаслиги керак: шеър бор чиройини ўзи кўз-кўз қилиб турибди! Қайтага, изоҳлайман деб гўзалликка лат етказиб қўйиш ҳеч гап эмас. Буни ҳар ким ўзи ўқиши, манзарани ёлғиз томоша қилиб ўтириши етарли.

Кейинги шеърда ҳам шоир шу услубни қўллаган: маънода ўзаро қовушмайдиган сўзларни қовуштириб, кутилмаган суратларни чизган. Фақат шоирларгина гуноҳкорни ва жаллоднигўзал, айбдорни азиз, душманни эрка, қотилни мунис дея олади. Ва сиз бу ғайритабиийликка ишонасиз, чиндан шундай деб қабул қила бошлайсиз. Чунки шоир бутун маҳоратини ишга солиб, чўлпонона оҳанглар ила шунга сизни ишонтириб юборган:

 

Менинг гўзал гуноҳкорим,

менинг азиз айбдорим,

кўзларимга кулгу солган,

қайғу солган дилдорим,

 

бу не жоду? Васлинг майин

ичган сари чанқадим?

Сен ўргатдинг йиғлаб туриб

кула олмоқ санъатин.

 

Сувда сузган балиқ ‒ маним,

кўкда учган қуш ‒ маним…

Сен ўргатдинг ҳаёт қадрин,

менинг эрка душманим.

 

Сен ўргатдинг ҳасратларни

бол ялатиб боқмоқни…

Кулиб туриб қаршилашни

бошга тушган чақмоқни…

 

Номинг айтсам, дилим ёнар,

тилим ёнар,о, тилим!.. ‒

менинг гўзал жаллодимдир,

менинг мунис қотилим…  (1969)

 

“Тумса хотин қўшиғи” шеъри ҳам Сулаймон Раҳмоннинг санъаткорона маҳоратидан дарак берадиган шеърлардан. Тумса хотиннинг бола кўргиси келаётгани ҳолати айни туйғуларига мос сўзлар билан жудачиройли ифодаланган. Ўхшатишлар топилдиқ, сўзлар топилдиқ, армоннинг бунақа ифодаси топилдиқ:

 

Толтовоққа сузайин деб ялпизбарак,

Чўлпи қилиб тўқидим тол чивиғини.

Жоним болам, борлигингдан бергил дарак,

Кел, битирдим кўрпачангнинг қавиғини.

 

Таъсирчан ҳолат. Ҳали туғилмаган, орзудаги болага худди ёнида ўтиргандек хитоб этиши бўйида бўлмаётган хотиннинг армони ва дарди миқёсини жуда катталаштириб юборган. Буни ўқиб, тумса хотиннинг ҳолатини англаган ўқувчи кўзидан ихтиёрсиз равишда тирқираб ёш чиқиб кетади.

Давомини ўқинг, давоми ҳолатни янада бўрттириб, аёл қалбининг буюк тебранишларини аниқ ифода этган:

 

Дуоларим шайтону жин йўлин тўсар,

Оқ шоҳидан бичиб қўйдим йўргагингни.

Отанг ҳар кун пуч қорнимга қулоқ босар,

Эшитай деб дук-дук урган юрагингни.(1981)

 

Туғмаётган, аммо туғишни жуда-жуда истаётган “пуч қорин”ли аёлнинг бу каби туйғуларини аёл шоирлар ҳам Сулаймон Раҳмончалик тасвирлаб бера олмаган бўлса керак деб ўйлайман!

“Сайланма”га “Бизнинг қишлоқ” туркумидан бир неча шеър киритилган. Ҳаммаси ўзига хос манзараларда чизилган. Мана, биттасини биргаликда ўқийлик:

 

Тонг жангсиз кирмайди бизнинг қишлоққа.

 

Қоп-қора девордай юксалади тун,

мактаб ‒ оқ, бу рангга қоришолмайди.

Гуллар ёришмоққа тиришар, лекин

гуллар юлдуз эмас ‒ ёришолмайди…

 

Шаббода астойдил уннаб кўради

йиртиб очмоқ учун тундан дарчалар.

Жасорат кўрсатиб бир ит ҳуради,

узиб олар ундан қора парчалар…

 

Тошиб чиққан нурлар, деразалардан

тунни уч қадамча чекинтиради.

Чақмоқлар учаркан ўт бўсалардан,

учқунлари тунни… ваҳ, куйдиради!

 

Хўроз урар чўкичин “тап-тап”,

очилар тун аро узун, тор туйнук.

Туйнукдан энг аввал кўринар мактаб,

сўнг эса… оқарган пахтазор қўйни…

 

Тонг оқа бошлайди қишлоққа секин

оқ гуллар тиришиб туртган жойлардан;

бўсалар чақмоғи қора чойшабин

куйдириб, шаббода йиртган жойлардан.

 

Кўппакнинг тишлари ўрнидан ўтиб,

сизиб деразалар ва эшиклардан;

хўроз қичқириғи мисрангдай ботиб,

очилган узун ва тор тешиклардан

 

тонг кириб келади бизнинг қишлоққа…  (1982)

 

Қишлоқда тонг отиши манзараси шеърларда, насрларда, расмларда кўплаб чизилган, аммо бунақа суратини қаерда учратгансиз? Сулаймон Раҳмон тасвирида тонг қишлоқда шунчаки отмайди, жанг билан кириб келади.“Қоп-қора девордай тун”ни енгиш ва чекинтириш осон эмас, ахир. Бу жангда мактабнинг оппоқ девори ҳам, гуллар ҳам, шаббода ҳам, ит ва хўроз ҳам иштирок этади. Гуллар ёришмоққа тиришади, шаббода тундан дарча очишга уннайди, ит тун деворидан қора парча узиб олмоқчидек ҳуради, хўроз чўкичини тап-тап уриб қоронғиликдан туйнук очади ва бу туйнукдан… қишлоққа тонг секин оқа бошлайди

Сулаймон Раҳмон шеъриятда ўзига хос бир олам яратган. Бу оламга кирган киши унинг ранго-ранг манзараларини кўриб роҳатланади. Шоирга қўшилиб ўрни билан йиғлайди, ўрни билан кулади, гоҳ қайғуради, гоҳ роҳатланади, бирда куйинади, бирда завқланади ва мана шу жараёнда юраги шоирнинг юраги билан боғланиб бораётганини сезади. Уни илгари танимаган бўлса, энди яқиндан танийди, илгаридан таниса, янада севиб қолади. Шоир камтарлик қилиб:“Сулаймон, сен кўрган бу олам битта,ҳали сен кўрмаган оламлар қанча”,деган бўлса-да, ўқувчи бу оламлар ичра Сулаймон Раҳмоннинг ўша битта олами ҳам нақадар гўзаллигини англаб етади. Тез-тез бу олам билан ошно бўлиб тургиси келади.

Яна қайтараман ‒ мен Сулаймон Раҳмонни мана шу “Сайланма”си орқали янада яхшироқ танидим. Неча йиллардан бери унинг шеърларини ўқиб келган бўлсам ҳам, тарқоқ ўқиганим учунми, фикрларим, муносабатим ҳам тарқоқ эди, энди гўё битта китобда улар бирлашгандек бўлди. Ва Сулаймон Раҳмон ижодига кўнглим боғланди. Таассуротларимни бошқаларга ҳам улашгим келди.

Адабиёт оламида ҳар ким ҳам ўзига хос оламини ярата олмайди, бундай ижодкорлар кам бўлади. Яратганлари эса ўзларининг ўша оламларида яшайдилар, ижод қиладилар. Баъзан буни ташқи олам пайқайди, айрим ҳолларда пайқамай ҳам қолаверади. Аслида, пайқаш-пайқамаслик табиий ҳол, бундан кўп ҳам қайғурмаслик керак. Бошқаларни қўйинг, баъзида ҳатто ижодкорнинг ўзи ҳам ўзини англамай-танимай ўтиб кетиши мумкин! Зеро, ижод умр бўйи ўзини ахтариш, топиш, англаш ва ўз оламини яратишизтиробидир!Биз мухлислари, ўқувчилари Сулаймон Раҳмонни англашга, танишга уринаётганимиздек, у ҳам ўзини ўзи англаб етишга, янада яхшироқ таниб олишга уриниб келаётгандек туюлади. Бир шеърида ҳатто ўзига ўзи “Мен кимман?” деб савол қўйибди:

 

Мен ёлғиз эмасман, ёлғизлик ‒ ёрим,

шаҳдсизлик шаҳдимдир, аҳдсизлик ‒ аҳдим.

Ҳақорат ‒ бўйнимда содиқ туморим,

дўстсизлик дўстимдир, бахтсизлик ‒ бахтим.

 

Қаровсиз эмасман, сўраб турар ҳол

ҳар кун эшигимни чертиб улфатлар ‒

қашшоқлик елкамдан қучоқлар дарҳол,

кулфатдош бўлади дарҳол кулфатлар.

 

Изтироб инимдир, синглимдир ситам,

хўрликдан ҳеч қачон келмайди ғашим.

Очлик очлигимга шерикдир ҳар дам,

дардлар ҳар нафасда бўлар дардкашим.

 

Азобим ‒ севгилим, соғинч ‒ сирдошим,

ғамлар ғамларимдан эмаслар беғам.

Кўзимдан ҳеч нари кетмас кўзёшим,

эрксизлик ‒ бошимни силаган оғам.

 

Мен бахтли яшайман поймол ор билан,

таҳқирлар қилолмас ҳеч қачон изза.

Мени саратонлар сийлар қор билан,

қайноқ бўронларда қиламан мазза…

 

Иложсизлик бўлди доим иложим,

замон қайнаб ётар, мен эса жимман.

Мутелик тахтимдир, хоксорлик ‒ тожим…

Хўш, энди айтинг-чи, мен ўзи кимман?..   (1999)

 

Албатта, “Мен кимман?” деркан, уўзинигина назарда тутмагани аниқ. Кўзлагани унинг лирик қаҳрамони ‒ замондоши бўлиши ҳам мумкин. Сулаймон Раҳмоннинг ижодий ўлчовидан чиқиб келсак, бу шеърда халқини англашга уриниш ҳам борга ўхшайди.Нима бўлган тақдирда ҳам, бу умумий “мен”нинг ичида муаллифнинг “мен”и ҳам борлиги аниқ. Самимият қоидаси шуни тақозо этади. Бошқа шеърида ҳам ўзини, ўзлигини излашда давом этиб, туйғуларини бундай ифодалайди:

 

Кўрдим, бу дунёни булғатган “…боз”лар,

кўр бўлгин дедилар, кўр бўлолмадим.

Замонга ўт қўйди замонасозлар,

мен аста чекиндим, жўр бўлолмадим.

 

Чекиндим, бу кун мен сафларда йўқман,

ҳур, мўъжаз уйимга қочдим, тиқилдим.

Елкаларда йўқман, кафтларда йўқман,

йиқилдим, ўз кўнглим ичра йиқилдим.

 

Ҳа, Сулаймон Раҳмон умри бўйи эркни куйлаб келди, халқининг, Ватанининг озод-эркин бўлишини кутди, адолатсизликка қарши курашди, “бу дунёни фақат нурдан иборат” бўлишини истади, аммо бу йўлда “ўзлари ўзини суриб қўйганларини” ҳам кўрди, бу дунёни булғатган ҳар хил “…боз”ларни ҳам, “замонга ўт қўйган замонасозлар”ни ҳам кўрди, саратонда қорлар билан сийланди, уларга жўр бўлолмасдан қинғирликлардан чекинди, ҳатто йиқилди… Аммо ўзининг бош ғоясидан, Бош Мақсадидан асло чекинмади, йиқилган бўлса ҳам, кўчанинг бир чеккасига эмас, ўз кўнглининг ичига йиқилди. Бу дегани кураш ҳали тўхтагани йўқ, ёмонлик устидан яхшилик ғолиб бўлиши учун кураш ҳали давом этади, деганидир. Шоир жисми кетса-да, сўзлари унинг ишини давом эттиради, деганидир:

 

Сўзларим, сиз ‒ гулларимсиз,

мангу яшанг, сўлмангиз,

мен ўткинчи, мен ўларман,

лекин сизлар ўлмангиз!..  (1973)

 

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

2015 йил март ‒ апрели.

nurullohuz.com