
Савол. Синфдошларингизни эслайсизми? Улар билан боғлиқ бирон қизиқ воқеани айтиб беринг.
Жавоб. Нега эсламайин, мактабни битирганимизга энди ўттиз етти йил бўляпти. Ўттиз етти йилда унутиб юбораверсам, нима деган одам бўламан!
Лекин, тан олишим керак, муҳтарам синфдошларимдан уялганимдан шундай деб қўйдим-у, аслида, қишлоқда қолган собиқ синфдошларим менга қараганда яхши эслашади. Айниқса, қизларни… Ҳозир буви-момо бўпкетишган, кўчада кўрсам, бирдан таниёлмасам керак. Шармандалик! Онда-сонда ўртоқларим билан кўришганимизда биронтаси тўғрисида гап очилиб қолса, “Қайсийди?” дейман кўз олдимга келтиролмай. “Ўл сен одам бўмий, калланг ишламийди ўзи сени! – дейди масалан Қора Карим ўртоғим. – Ҳов тўртинчида ўқиятганимизда… сочпилигидан тортганингда… бошингга попкасиминан сопқоган кимиди?!”
Ана шунақа, ўртоқларим майда-чуйда тафсилотларигача эслашади, мен бўлсам, ғира-шира… “Шунақа бўганмиди?” дейман тусмоллаб.
Саволнинг иккинчи қисмига келсак, синфдошларим билан бирга кечган қизиқ воқеалар кўп, қай бирини айтай… Ҳа, мана биттаси: еттинчими синфдалигимизда пахтадан қочдик. Қишлоқдан анча узоққа, мошиналарда олиб боришган эди. Пешингача тутппа-тузук тердик, кейин нима жин урди, билмайман-у, бирдан қочгимиз кепқолди: саккизтамиз пиёда сурвордик. То биз қишлоққа етиб келгунимизча шом бўлди, бошқалар мошиналарда аллақачон уйларига келиб бўлишган экан…
Хуллас, томошасини эртаси кўрдик.
Мактабда яхши ўқирдим, синф оқсоқоли (у пайтлар “класком” дейиларди) эдим. Саккизаловимизни тахтанинг тагига тикка қилиб қўйишди. Сўраса нима дейишни келишиб олган эдик. Лекин сўраб ҳам ўтиришмади. Домламиз: “Қани, класкомдан бошлаймизми?!” деб секин менга яқин келди. Ўзимни оқлаш учун оғиз жуфтлашгаям улгурмай қолдим – кучли шапалоқдан бир ёнга учиб тушдим. Ёнимдаги қочоқ шеригим пиқ этиб кулиб юборган эди, бошқа томонга у учди. Кейин айтишича, класкомни урса, биз қутулиб қоларканмиз-да, деб ўйлаган экан. Шунақа қип, пахтадан қочишнинг мазасини ҳаммамиз бир-бир тотиб кўрдик.
Савол. Биринчи ўқиган китобингиз қайси? Китоб қаҳрамонларига ўхшагингиз келганми?
Жавоб. Кичик опамнинг кўп тиришишлари билан ҳарфларни ўқиб-ёзишни ҳали мактабга бормасимданоқ тўла ўрганиб олган эдим. Бир нечта дафтарни тўлдириб ташлаганман. Чунки оиламиз китоб ўқийдиган оилалардан эди. Оллоҳ раҳмат қилсин, дадам ҳам, аям ҳам бўш қолишди дегунча қўлларига китоб олишарди. Дадажоним раҳматли ўқиган китобларини кечалари тўпланиб ўтирганларимизда жуда чиройли қилиб гапириб берардилар. Айниқса Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) тарихларидан, саҳобалар ҳаётларидан, “Ўткан кунлар”дан, достонлардан, “Минг бир кеча”дан ҳикояларини мириқиб эшитардик. Шунданми, китоб ўқишни мен ҳам жуда эрта бошлаганман, аммо биринчи ўқиган китобим қайсилиги эсимда йўқ.
Китоб қаҳрамонларига ўхшагиси келмаган бола топилмаса керак. Айниқса мен жуда таъсирчан эдим. Кунлаб, ҳафталаб китоб воқеалари ичида, қаҳрамонлари орасида юрардим. Олимжон исмли болалик жонажон ўртоғим бўларди, ҳам қўшни, ҳам синфдош эдик. Китоб деса ўзини томдан ташларди, мен битта ўқисам, у учта китоб ўқирди. Таш ҳовлимиздаги ҳовузимиз бўйида кун-кечалаб ўтирволиб, ўқиган китобларимизни бир-биримизга шавқланиб, тўлиб-тошиб гапириб берардик. Айниқса, эртак, достон қаҳрамонларининг кучлилиги – бир силташда улкан дарахтларни қўпориб ташлашлари, бир уришда тоғни талқон қилишлари, душманни от-поти билан қўшиб кўтариб ерга уришлари ва ҳоказо қаҳрамонликлари бизни ўзига тортарди, ўшалардай бўлишни орзу килардик. Ҳовузимизни кўрсатиб: “Кенжа ботирнинг пиёласи шу ҳовузча келса керак-а!” дердик. Ҳовуз бўйидаги ҳайбатли дарахтларнинг айрисини кўрсатиб: Алпомишнинг чўзмакалтаги мана шунақамикан ё бундамам каттамикан?” деб хаёлларга берилардик…
Ўрни келганда айтай: менда ёзувчиликка озми-кўпми ҳавас уйғонишида, умуман китобни севишимда ўша Олимжон ўртоғимнинг ҳам катта ҳиссаси бор (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин).
Савол. Илк ёзган ҳикоянгиз тарихини гапириб беринг.
Жавоб. Ўзининг ижодига бепарволикда менга етадигани бўлмаса керак. Сал-пал ҳикояга ўхшатиб ёзган илк нарсамни на сақлаб қўйганман, на воқеасини эслаб қолганман. Аммо юрагимда “Мендан ҳам ёзувчи чиқади!” деган қатъий ишонч пайдо бўлишига ўша қораламам сабабчи бўлган. Гап бундай. Университетда бир йили ёш ижодкорлар тўгарагини ташкил этган эдик. Машғулотларимизга ёзувчи-шоирларни таклиф этиб турардик. Бир гал Шукур Холмирзаевни чақирдик. Келдилар. Бир ҳафта-ўн кунча илгари машқларимиздан обориб берган эдик, тайёрланиб кептилар. Менинг нарсамни кўпроқ таҳлил қилдилар, анча-мунча илиқ гаплар айтдилар. Машҳур ёзувчининг оғзидан мақтов эшитиш бир орзуманд талаба учун қанчалик бахт эканини тасаввур қилиб олаверинг! Олдинлари ўзимга ишончсизлик бўлган бўлса, раҳматли Шукур аканинг ўша сийловидан кейин бу ишончсизлик буткул ариди: “Бўлди, ёзаман!!!” деб қўйдим ўзимга ўзим. Ва…
Бир куни диплом ишига тайёргарлик учун китоб кўргани Алишер Навоий кутубхонасига йўл олдим. Трамвайдан тушиб, йўлни кесиб ўта бошлаганимда хаёлимга бир ажойиб жумла келди. Биронта ҳикояни шу жумла билан бошласам бўларкан, эсимдан чиқмасидан ёзиб қўйишим керак, деб кўнглимга тугдим. Кутубхонага борганим заҳоти дафтарнинг бир чеккасига ўша жумлани ёздим. Ёздиму… ўзимни тўхтата олмай қолдим. Кутубхонага эрталаб келган бўлсам, то кечқурун ёпилгунича битта ҳикояни битириб, кейин ўрнимдан турдим. “Ютуқ” деб номланган шу ҳикоямни бир неча марта таҳрир қилиб пишитганимдан кейин яна Шукур Холмирзаевга олиб бордим. Ҳикоя Шукур акага маъқул келди, табрикладилар ва ўзлари ишлайдиган “Шарқ юлдузи” журналида чиқазиш учун тайёрладилар. Бу орада “Ёшлик” журнали ташкил бўлди, мен яхши кўрадиган ёзувчилар Эркин Аъзамов билан Хайриддин Султонов проза бўлимида ишлай бошлашди. Уларга ҳам олдинроқ ҳикоямни ўқитган, назарларига тушган эдим. “Шарқ юлдузи”дан ҳикоямни сўраб олишибди, яна бир машҳур ёзувчи Ўткир Ҳошимовга беришибди. Ўткир ака устозлик қилиб, ҳикоямга оқ йўл ёзиб, мени элга танитиб бердилар. Илк ҳикоямнинг қисқача тарихи шу.
Савол. “2” баҳо олганмисиз?
Жавоб. Умуман олганда, фанлардан фақат “5”га ўқиганман, мактабни олтин медал билан битиришимга сал қолган. Баҳога қаралса, медал олишим керак эди, нега беришмаганига ҳалигача ҳайронман. Лекин ўзимга қўйиб берса, олтинга унча лойиқ эмасдим шекилли. Баҳолар барибир нисбий-да. Масалан, баъзан дарс тайёрламай борган кунларим ўқитувчи сўраб қолса, жавоб бера олмай, “Ўтир, баҳоинг икки!” деган ҳукмларни ҳам эшитганман. Доим мақтов эшитишга ўрганиб қолган одамнинг уятдан ерга кириб кетишига шу гапнинг ўзи етарли бўларди. Кейинроқ билсам, бу пўписаларнинг кўпи тарбия учун экан, аълочилардан бўлганим учунми, ёмон баҳони журналга қўйишмас экан. Шундай бўлса-да, бир-иккита “2” журналга ҳам тушган, қаёққа қочиб қутулардим.
Савол. Болалигингизда шўх бўлганмисиз ёки ювошми?
Жавоб. Шўх бўлганман, дейин десам, айрим шўхлар олдида мен жуда ювош кўринардим. Ювош бўлганман, дейин десам, айрим ювошлар олдида мен жуда шўх кўринардим. Демак, ўртача бўлган бўлсам керак-да.
Савол. Мактаб ёшидагиларнинг муҳаббати ҳақида нима дейсиз?
Жавоб. Мактаб ёшидаги муҳаббат… Бўлмаган гап, дея олмайман, чунки нималардир бошдан ўтган. Кулгили-ю, лекин айтай: биринчи синфдалигимдаёқ бошланган. Биттасига талашиб, бир бола билан уч-тўрт кунгача ғижиллашиб юрганларим эсимда. Кейин ўйлаб-ўйлаб, эртаси мактабга келганимда ҳалиги болага: “Бўпти, сенга бердим, пишириб е!” десам, у ҳам роса ўйлаб келган эканми, “Менгаям керакмас, оловур, ўзингга сийлов!” деган эди. Ўртада талаш бўлаётганидан у “бахтли қиз”нинг ўзи хабарсиз!.. Ана шунақа ишлар ҳам бўлган.
Юқори синфларда бу масала жиддийлашади, аммо барибир англанмаган, асов туйғулар сифатида кўпинча ўткинчи бўлади. “Кўпинча” дедим, “ҳамиша” демадим, чунки мактабда кўнгли боғланганлар баъзан кейинчалик турмуш қуришиб, бахтли яшаб кетишган. Кўриб турибмиз, яхши яшашяпти ҳам.
Аммо бир нарсани айтиб қўяй: бу гапларим “англанмаган” бўлса ҳам, “асов” бўлса ҳам, “ўткинчи” бўлса ҳам, тоза туйғулар ҳақидадир, бир жинсли ёшнинг бошқа жинсли ёшга ҳайвонларча талпиниши ҳақида эмас! Ҳолбуки мактаб ёшида кўпроқ мана шунақаси учрайди. Илгарилари-ку, оилада олган тарбияларимиз бу ёввойи туйғуларимизни жиловлаб, чегарада ушлаб турарди, ҳозир баъзи гапларни эшитиб қоламан… Оллоҳ сақласин!
Савол. Болалигингизда ким бўлишни орзу қилгансиз?
Жавоб. Бир бошдан санайверайми? Энг кичкиналигимда мураттаб қори бўлишни орзу қилишга ўргатилган эдим. Уйимизга келган қариндош меҳмонлар олдига мени чақириб: “Бундан сўранглар-чи, катта бўлса ким бўларкин”, дейишарди раҳматли ота-онам: “Қани, ким бўласиз катта бўлсангиз?” деб сўрашса, дарров чўкка тушардим-да: “Мураттаб қори бўламан!” дердим. “Қаерда ўқийсиз?” дейишса, “Бухорои шарифда!” деб жавоб қилардим. Меҳмонлардан олқишлар эшитардим: эркак меҳмонлар бошимни силаб дуо қилишарди, аёл меҳмонлар пешонамдан ўпиб алқашарди. Афсус, қори бўлолмадим, совет мактабида пионер бўлиб ўсдим, лекин, Яратган Эгамга шукр, менга меҳрибонлик қилиб, қориларни суядиганлардан, Қуръон ўқийдиганлардан қилди.
Сал катта бўла бошлагач… улоқ томошасидан сўнг улоқчи бўлишни, дорўйинни кўргач, дорбозликни, Шерали чиққанида, ашулачиликни (ва ҳоказо) орзу қилиб ташлайверганман. Отим йўқ эди, улоқ чопмадим, аммо чорбоғимиздаги иккита дарахт орасига арқон тортиб, ўрик қоқадиган узун чўпни лангар қилиб, ўзимча дор ўйнаганман; талабалик пайтим давраларда рубоб тинғиллатиб, беш-олтита ашулани “ўхшатганман” ҳам. Булар ҳаммаси ўтди, лекин юракда, хотирамда излар қолдириб кетди.
Биз ўқиган пайтлари мактабда қарийб ҳамма фанлардан ва яна бошқа баъзи йўналишлардан хилма-хил тўгараклар бўларди, бари текин эди. Шуларгаям қолдирмай қатнаганман. Ҳатто ўрис тили ўқитувчимиз Маҳмуджон ака (раҳматли) ташаббуси билан очилган “эсперанто тили” тўгарагига ҳам қатнашардим. Ҳозир ўйлаб қарасам, ақлим етмайди: қишлоқ шароити бўлишига қарамай, ҳаммасига улгурардим. Уй ишлари бор, қўй-мол дегандай… ўт териш керак, қишга ҳашак ғамлаш керак, бунинг устига, оилада кенжа боламан, уй ишларининг кўпи ўша пайтда кичик опам иккимизнинг елкамизда… Ўзи, у пайтлар қишлоқ мактабларида ўқиш ғижимланиб-ғижимланиб бор-йўғи тўрт ой-беш ой бўларди: бутун куз ичи пахта териб даладан келмасидик, баҳорда яна дала – ягана, чопиқ, пилла… Шулар орасида ўқишга ҳам улгуриб, яна бирнималарни орзу қилиб юрганларимизга қойилман!
Тахминан еттинчи синфлардан шоир ё ёзувчи бўлишни орзу қила бошладим. Ўн-ўн бешта шеър ҳам қораладим. Адабиёт ўқитувчимиз Абдукарим домла завқ-шавқ билан дарс ўтарди, юқтирди. Орада кимёни ҳам севдим. Ўқитувчимиз Абдуборий домла менга алоҳида аҳамият берарди. Кимё бўйича туман, вилоят олимпиадаларида биринчи ўринни олганман, тўққизинчи синфдалигимда республика олимпиадасида ҳам қатнашдим, совғалар олдим. Лекин барибир ичимдаги адабиёт севгиси устун келди. Қолаверса, томирларимда оқаётган қон ҳам ишини қилди: неча замонлардан бери аждоддан авлодга ўтиб келаётган Қалам мероси, ахир, кимгадир тегиши керак экан-да. Орзуим қанчалик амалга ошди, меросдан нечоғли фойдаланяпман – бу ёғи бошқа масала, ҳукми ўқувчиларга ҳавола. Лекин ниятим яхши. Оллоҳ хоҳласа, келажакда яхши нарсалар ёзгим бор. Ҳозирча ўн йиллардан бери журналистикага шўнғиганман, менинг борим ҳам, йўғим ҳам шу “Ҳидоят” бўлиб қолган.
Савол. Назарингизда ҳозирги ўкувчилар билимга чанқоқми ёки сизнинг болалик даврингиздагиларми?
Жавоб. Менга болалик даврим устун кўрингани билан асли ҳақиқат бу: ҳамма замонларнинг билимга чанқоқлари ҳам, билимга парвосизлари ҳам бўлади. Бундан ўн йиллар бурун: илмнинг қадри тушди, ҳозирги ёшлар буткул саёзлашиб кетди, Ватаннинг на тарихи уларни қизиқтиради ва на келажаги, деб ўйлай бошлаган эдим. Бир куни йўлим тушиб “Турон” кутубхонасига (у пайтлар ҳали бузилмаган эди) кирдим. Нимани кўрдим, айтайми? Биронта бўш жой йўқ, битта-иккита кексани айтмаганда, қолганлари ҳаммаси ёшлар эди! Рости, бир оз уялиб қолдим. Албатта, улар ўқувчи эмас, талаба бўлса керак, лекин кеча улар ҳам мактабда ўқиган! Демак, жамиятнинг эндиги вазифаси ҳар кимнинг истеъдодига ва лаёқатига яраша шарт-шароит яратиб бериш, йўналтириш, билимнинг ахлоқини назорат қилган ҳолда ундан Ватан равнақи йўлида фойдаланишнинг чораларини қидиришдир.
Ундан кейин, ҳозир билимларнинг ўзи ҳам, уни олиш йўллари ҳам, билимга чанқоқлик кўринишлари ҳам ўзгариб боряпти. Шунинг учун олдинги дамлар билан ҳозирни шунчаки солиштириб бўлмайди.
Савол. Келажакда сизга ўхшаб ёзувчи бўлмоқчи бўлган “Синфдош” ўқувчиларига маслаҳатларингиз ва тилакларингиз.
Жавоб. Умуман ҳар бир киши, хоссатан ижодкор бўламан деган одам ўзи учун энг олдин тирикликнинг бош масаласини ҳал этиб олиши керак: дунё, ҳаёт, инсон нима? улар яратилганми ёки ўзидан ўзи пайдо бўлганми? “заррадан то коинот қадар” бу муҳташам борлиқнинг эгаси борми ё булар ҳаммаси эгасиз, бошсиз, вазифасизми? мен кимман? дунёга нега келдим? нега кетаман? – буларни ўзи учун ижобий ҳал этган одам тўғри йўлда бўлади, қўлига тўғри ўлчовни олган бўлади, мулоҳаза ва хулосалари теран, ёзганлари умрбоқий бўлади, ўзи адашмайди, бошқаларни ҳам тўғри йўлга бошлайди. Салбий ҳал этган киши хато йўлга кирган бўлади, тарозиси бузуқ, ёзганлари ўткинчи, мулоҳаза ва хулосалари саёз бўлади, дунёқарашлар тўқайида ўзи адашиб кетади, бошқаларни ҳам адаштиради. Чунки бу саволлар инсон ҳаётининг энг бош масаласи – имон масаласига тегишлидир.
Кейинги асрларда Ғарбда кўп ижодкорлар йўлсизликдан, чорасизликдан, ўлчовсизликдан, зерикишдан ўзларига ҳар хил “изм”лар билан номланган оқимлар очиб олишди, уни “модерн адабиёт” деб номлашди ва бу ниқоб остида инсонга фитратига терс ғояларни суқа бошлашди. Бунақа бузғунчи ғоялар таъсиридан сақланиш ва соғлом йўлда собит туриш учун ижодкор ўзида ҳимоя қобиғини яратиб олиши керак. Бу иш фақат имон билан бўлади. Имон кўзи билан дунёга боқсангиз, дунё ўртадаги ҳамма пардасини кўтаради, бошқалардан яширган ҳақиқий юзини очади, бошқаларга кўрсатмаган ҳақиқатини ошкор этади. Ва кўрганларингиздан шундай ҳайратга тушасиз, шундай завқланасиз… мана шу ҳайратдан, мана шу завқдан адабиёт туғилади – ҲАҚИҚИЙ АДАБИЁТ!
Менинг тилакларим ҳам, маслаҳатларим ҳам шу. Омон бўлинглар.
(“Синфдош” журнали учун суҳбат)
Leave a Reply