Мақолалар

Таржимаи ҳол

1955 йил февралининг 14-куни Ойимча қақир қишлоғида машҳур китобдорлар авлоди Муҳаммад Рауфхон (Отахон) Валиев хонадонида туғилди. Муқимий номидаги 8-ўрта мактабни 1972 йили аъло баҳоларга битирди. 9-синфда ўқиётганида кимё фани бўйича туман ва вилоятда биринчи ўринни эгаллаб, республика олимпиадасида қатнашди ва баҳолаш ҳайъатининг махсус совғаларини қўлга киритди.

1972 йили Тошкент политехника институтининг кечки самолётсозлик бўлимига ўқишга кириб, кундузи Чкалов номидаги Тошкент самолётсозлик заводида темирчи-чилангар бўлиб ишлай бошлади. 

Аммо ёшликдан адабиётга бўлган севгиси туфайли ўқишни ва ишни ташлашга мажбур бўлди – 1973 йили Тошкент давлат университетининг филология бўлимига ҳужжат топширди. Имтиҳонлардан кам бал тўплагани боис ўқишга қабул қилинмагач, “Бутуниттифоқ зарбдор комсомол қурилиши” деб эълон қилинган (совет даврида шунақа кўтаринки тадбирлар кўп бўларди) Русиядаги “Татэнергострой” ташкилотига тегишли Нижнекамск шаҳар Химия комбинати қурилишига ишга кетди. У ерда келгуси йил апрелигача монтажчи, электрпайвандчи бўлиб ишлади, Сўнг Совет Армияси сафида икки йиллик ҳарбий хизматда бўлди. Армиядан яна тўғри Тошкентга – университетга келди. Имтиҳонлардан яхши баҳолар билан ўтиб, ниҳоят орзиқиб кутгани ва интилгани филология бўлимига ўқишга қабул қилинди (1976 йили). Ўқиш жараёнида хилма-хил илмий анжуманларда маърузалар билан қатнашди, Уфа шаҳрига талабаларнинг Бутуниттифоқ илмий анжуманига юборилди. Икки йил кетма-кет университет жамоаси таркибида олий ўқув юртлари орасида ўтказилган республика фан олимпиадасида қатнашиб, жамоа ҳисобида ғолиб бўлди. Озод Шарафуддинов, Аюб Ғуломов, Лазиз Қаюмов, Умарали Норматов, Норбой Худойберганов, Бегали Қосимов каби машҳур профессор-устозлардан таълим олди. Беш йил давомида ҳамма фанлардан фақат аъло баҳоларга ўқиб, ниҳоят 1981 йили университетни қизил диплом билан битирди.

Меҳнат фаолиятини 1981 йили Сурхондарё вилояти Ленин йўли (ҳозирги Қизириқ) туманининг янги ўзлашган чекка бир қишлоғидаги тўлиқсиз ўрта мактабда бир нечта фандан дарс бериш билан бошлади.

1982 йили янги ташкил этилган “Ёшлик” журналига ишга таклиф қилинди. Ўшандан бери то шу кунларга қадар республиканинг кўзга кўринган бир қатор матбуот органларида ишлади. Дастлаб “Ёшлик” журналида Хатлар бўлимининг ходими, Проза бўлимида муҳаррир, сўнгра Адабий танқид ва санъат бўлимининг мудири (1982 –1989 йиллар), “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида шартнома асосида мухбир (1989), “Муштум” журналида масъул котиб (1989 – 1991), “Мовароуннаҳр” нашриётида бош муҳаррир (1991 – 1993), “Шарқ юлдузи” журналида бўлим мудири (1993 – 1999), “Ҳидоят” журнали таҳририятида бош муҳаррир (1999-2010), 2010 йил 2 августидан 2013  декабри охирларига “Мовароуннаҳр” нашриёти бош директори, айни чоқда “Ҳидоят”нинг ҳам бош муҳаррири вазифасида ишлади.

Матбуотда эълон этилган илк ҳикоясини университетнинг 5-курсини битириш арафаларида ёзди ва “Ютуқ” деб номланган бу ҳикоя ўша даврнинг машҳур ёзувчиси, ҳикоячилик устаси Шукур Холмирзаевнинг эътиборига тушди.  Сўнгра яна бир машҳур ёзувчи Ўткир Ҳошимов “Ёшлик” журнали орқали (1982 йил 2-сон) оқ йўл тилаб устозлик қилди.

“Йўл бошида” жамоа тўпламида ҳикоялари (1984), “Дунё кенг” (ҳикоялар, 1986) ҳамда “Шу ерлик киши” (қисса ва ҳикоя, 1988), “Этакдаги кулба” (2014) ва Туркияда “Kuytudaki Kulübe” (2016) китоблари чоп этилган.

1989 йили  “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилган “Оқ бино оқшомлари” ҳикояси “Йилнинг энг яхши ҳикояси” деб топилиб, “Сурхон” мукофотига сазовор бўлган. Шу номдаги киносенарийи асосида қисқаметражли бадиий филм суратга олинган (режиссёри Хотам Файзиев).

Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достони асосида икки серияли кинога мослаб сенарий ёзган, афсус баъзи молиявий-ташкилий ишлар сабаб бўлиб, суратга олинмай қолган ва унинг матни тўлиғича 1991 йили “Шарқ юлдузи” журналининг 2-сонида чоп этилган.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон таржима ишларида ҳам анча сермаҳсул ижодкор. Ўрис, гуржи, хитой, турк адабиётларидан ҳикоя, қисса ва романларни ўзбек тилига муваффақиятли ўгириб, халқимизга тақдим қилган. Айниқса, турк тарихчи олими ва ёзувчиси Аҳмад Лутфий Қозончининг тўрт жилдлик “Саодат асри қиссалари” асарининг тилимизга моҳирона ўгирилиши мамлакатимиз маънавий ҳаётида катта воқеа бўлди ва бу асар бир неча марта қайта чоп этилди.

Булардан ташқари адабий, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий мавзулардаги кўплаб долзарб мақола ва суҳбатлари республикамизнинг турли даврий нашрларида мунтазам чоп этиб келинади.

“Ҳидоят” журнали исмидан тортиб то йўналишигача ёзувчимизнинг ижод маҳсули деса бўлади. Мамлакатда том маънодаги диний журналистиканинг пайдо бўлиши, шаклланиши ва оёққа туришида “Ҳидоят” журналининг аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Сондан-сонга, йилдан-йилга сифати ва обрўйи ошиб, дастлаб бир ярим минг ададда чиқа бошлаган журнал қисқа муддатда ўз ўқувчисини топиб, адади бугунга келиб ўттиз саккиз мингтадан ошиб кетган. 2009 йилдан журналнинг қорақалпоқча чораклик иловаси ҳам чоп этила бошлади.

Ниҳоят, бир неча йиллик ижодий танаффусдан кейин “Чилла” деб номланган ҳикояси “Тафаккур” журнали (2009 йил 3-сони)да, “Этакдаги кулба” ҳикояси “Шарқ юлдузи” журналида (2010 йил 1-сон) эълон қилинди ва мухлислари уни илиқ кутиб олишди. “Оқ бино оқшомлари” ҳикояси “ХХ аср ўзбек ҳикояси антологияси” китобига киритилди ва бу китоб 2010 йил бошларида нашр этилди.

Олти фарзанд отаси, етти набира бобоси. Оллоҳ умр берса, ижодда ҳам, ижтимоий ҳаётда ҳам ҳали кўп яхши режалари бор.

2 Comments on Таржимаи ҳол

  1. Assalomu alaykum. Tushunmagan joyimga kimdir izoh bera oladimi: Domla hozir (2016-yilda) O'zbekistonda yashayaptilarmi

Фикр билдириш чегараланган

nurullohuz.com