“Таважжуҳ”, бир қараганда, ўқилиши оғирдай туюлади. Лекин бу ҳол унинг камчилиги эмас, аксинча, ютуғидир. Теварак атрофимизда пардек енгил, қўшиқнамо шеърлар босиб кетаётган, оммабоплиги боис эл ўшандай асарларни қадрлаётган ҳозирги кўнгил бўлакча оҳангларга муштоқ эрдики, ул бўлакча оҳангларни (залвор, салобат, жиддият, теран туйғу ва исёнкор, оғиркарвон руҳ ва ҳ.з.ни) мазкур “Таважжуҳ”дан топиб, рост гап, чанқоғимиз қонгандай бўлди. Ва гарчи: “Бир ўқиб кўрасизми?” деб берилган эса-да, уни мамнуният ила “Шарқ юлдузи”га тавсия этишга журъат этдик.
Асқарбек дўстимиз Заҳириддин Бобур рўзгоридан энг муҳим ҳолатларни топа билган ва табиийки, ўзининг бугунги ўй-хаёлларини-да йўғириб юборган. Фикри ожизимизча, “Таважжуҳ” шогирднинг Бобурга муносиб каломи, айни чоқда, ғоят замонавий асар бўлибди.
Имкон топилиб, эълон қилинса, халқимиз ҳам бу асардан баҳраманд бўлса деган умидларимиз бор.
Нуруллоҳ ОТАХОНОВ
1990 йил, 19 ноябр.
Leave a Reply