Мақолалар

Тил буюк мўъжиза

Ўзбек тилимиз табиати, шакли ва шамойилини ўрганишимиз, доимо эслаб ва эслатиб туришимиз бирламчи заруратлардандир. Айниқса, бугун.
Бугун бир тузум бошқаси билан алмашяпти. Кечаги қулликдан аста-секин қутилиб, мустақил яшашга аста-секин ўрганиб боряпмиз.
Бундай шароитда хоссатан тил масаласи биз учун ўта долзарб масалага айланди. Бир тил зуғуми остидан чиқиб эркин нафас олишга энди шайлана бошлаган тилимиз бугун илгаригидан ҳам катта хавфга йўлиқди. Тилимиз қаршисига ривожланган дунёнинг кучли, маданий, илмий тиллари чиқди ва таҳдид миқёси олдингидан бир неча баробарга катталашди. Бир юз йигирма беш йиллик мустамлака шароитида тилимиз луғат жиҳатидан ҳам, фитрат жиҳатидан ҳам ёт зарбаларга учрай-учрай бузилиш арафасига келиб қолган эди, ҳали ўзини ўнглаб олишга улгурмай, яна жиддий синовга учради.
Бундай вазиятда жамият ўз тилини асрашга шаҳд билан киришмоғи лозим. Асраш учун илк қадам нимани асраш лозимлигини билишдан бошланади. Нимани асраш лозимлигини билиш учун эса энг олдин тилимиз табиатини яхши билиш, тилни самимий севиш, тил қайғусини чинакам чекиш керак.
 
Халқимиз ўз тилини билишга муҳтож. Миллат ойдинлари бу ҳақда жон куйдиришга, бош қотиришга, тинимсиз изланиб, тилни дунёнинг йирик тиллари олиб кириб қўядиган таҳликали ва қоронғи сўқмоқлардан кенг ва ёруғ катта йўлга олиб чиқадиган чорани топишга бурчлидир.
Тил халқники. Бир киши билмаганини бошқа киши билади. Илм ўртада. Тил тақдири кўпчилик билан ҳал этилади. Ушбу мақолада узоқ йиллик кузатувларимиз, ўйларимиз, тажрибаларимизни ўртоқлашмоқчимиз. Ҳар қандай мулоҳаза бошимиз устига.
Шундай қилиб, Оллоҳнинг исми билан бошладик.
 
Оллоҳ таолонинг: “Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишларингиз (дўст-биродар бўлишларингиз) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик…” (Ҳужурот сураси 13-оят) деган қонунига кўра, ҳар бир халқни бошқасидан ажратиб турадиган ўз қиёфаси, феъл-ҳўйи, урф-одати бор.
Булар қаторида тил энг аҳамиятли ўринда туради.
 
Одам (алайҳиссалом) болаларини турли-туман халқлар, қабила-элатлар бўлиб яшашини ирода қилган Оллоҳ, табиий, уларнинг тилларини ҳам ҳар хил қилиб қўйган. Модам яратувчиси Оллоҳ экан, демак, дунё тиллари катта ё кичиклигига, кучли ё кучсизлигига, сўзловчисининг кўп ё озлигига қарамай бирдай қадрли ва инсоният учун ҳар бири алоҳида улкан бойликдир. Инглизчанинг чукча тилидан, арабчанинг вэтнам тилидан устинлиги ё остинлиги йўқ ‒ ҳаммасига бирдай буюк мўъжизадир.
Жумладан, турк-ўзбек тилимиз ҳам Яратувчиси эътибори ила буюк бир борлиқдир.
Халқлар бир-бирлари билан танишишлари, Оллоҳнинг истагига кўра дўст ё Оллоҳнинг истагига қарши ўлароқ душман бўлишлари жараёнида тилларда ўзгаришлар, бир-биридан таъсирланишлар бўлиб турди. Чорасизликдан бу ҳолни “юз бериши табиий бўлган ҳолат” деб атаймиз.
 
Ҳозирги замон ўзбек тили тарихий ҳаёт йўли давомида хилма-хил босқичларни босиб ўтди.
1. Албатта, туркликнинг кўп белгиларини энг қадимги турк тили ташиган.
2. Савдо-сотиқ, борди-келди, урушлар таъсирида дунёнинг бошқа (мас., чин, ҳинд, юнон, славян) тилларидан ҳам гоҳ ўз шаклида, гоҳ бир оз ўзлашган ҳолда айрим бегона сўзлар кириб келди.
3. Кейинроқ миллат мусулмонлашиши жараёнида турк тилида араб ва форс тиллари унсурлари ҳам аста-секин кўрина бошлади.
Бу илк уч ҳолатда четдан кирган сўзлар қаторида, улар билан ёнма-ён эски турк сўзлари ва ифодалари ҳам ўзлигини айтарли йўқотмай яшаб келди.
4. XIX ‒ XX асрларда турк-ўзбек тилимизга ўрис тили ва у орқали оврупа тилларидан кўп сўз ва атамалар кирди. Илгари Туркистон тиллари узоқ замонлар ичида ва табиий йўсинда бошқа тиллар билан олди-берди қилган бўлса, ўрис истилоси даврида маҳаллий тилларни ўрислаштириш сиёсати юритилиб, жуда кўп ёт сўз қисқа муддатда ва мажбурийлик остида ёпирилиб-бостириб кириб келди.
Тўғрироғи, зўрлаб киритилди.
 
Тил табиатини биладиган ва ўз тилини қадрлайдиган озчиликнинг қаршилигига қарамай, тил ташвишини чекмайдиган кўпчиликнинг тилда пала-партиш хатти-ҳаракати туфайли турк-ўзбек тилимиз бокиралигини йўқотди: тарихий мустақилигини бой бериб, гарангсиб, истаймизми-йўқми, тан оламизми-йўқми, қаршисидаги кучли, мустамлакачи, илғор тилга қарам бўлиб қолди ‒ унга эргашадиган, итоат этадиган, тақлид қиладиган тилга айланди.
 
Бу сўнгги босқичда мажбурий ўрислаштириш сиёсати юритилгани учун халқимизнинг асил сўз ва атамалари эскилик сарқити ўлароқ луғатларга киритилмади, кирганлари аста-секин “эскирган-архаик” деб айбланиб луғатлардан чиқариб ташланди. Миллий сўзларни кўпроқ қўллаган, туркона-ўзбекона ифодаларда асар ёзган адибларга “миллатчи” тамғаси босилди. Ҳатто одатда тилнинг қаймоғидан яраладиган шеъриятни ҳам ўрисча-оврупача сўзлар босиб кетди.
Айниқса, ўтган аср 30 ‒ 90-йиллари оралиғида тил бойлигимиз бегона сўзлар ҳисобига булғана-булғана, охири бориб ифода йўсини ҳам издан чиқди. Миллат ойдинлари асосий маънавий озуқани ‒ билимни, хабарни ўрис тили орқали олишга мажбур қолганидан, фикрларкан, сўзларкан, ёзаркан, бориб-бориб онгости қатламларида ўрис тили босими остида ихтиёрсиз равишда ўрисча фикрлайдиган, ўзбекчани ҳам ўрисча қолипга солиб сўзлайдиган, ўрисча ифода йўсинларида ёзадиган бўлиб қолди.
Бадиий адабиётдан ҳам олдин оммавий ахборот воситалари тез булғанди. Радио ва телевидение оммалашиб, бу бузуқ “тил” ўзидан-ўзи, табиий равишда миллат онгига ҳам синга бошлади.
 
Тилимиз табиати тўла бузилиб кетди деб бўлмайди, албатта. Чунки оддий халқимиз орасида тоза ўзбекча ўйлайдиган, ўзбекона гапирадиганлар ҳали кўп. Бунга халқимиз серболалиги, аҳолининг катта бўлаги қишлоқларда яшаши, шаҳарлашиш (ўрислашиш) ҳаракатидан бир оз четда қолгани сабаб. Шундай экан, биз асосан шаҳарлашган, ўқимишли озчилик тили ҳақида сўзлаяпмиз. Нимага унда “айримлар тили” демай, умумий ўзбек тилимизнинг аҳволи ёмон деяпмиз? Чунки бу озчилик қатлам умумий об-ҳавога катта таъсир ўтказадиган қатламдир. Сиёсатни шулар юритади, мамлакатни шулар бошқаради, китобларни шулар ёзади, илмий ишларни шулар қилади, оммавий ахборот воситаларини шулар ишлатади. Ва буларнинг “тили” аста-секин қишлоқларга ҳам таъсир кўрсатиб боряпти.
 
Луғат бойлигидаги айниш тушунарли. Бу ҳодиса ўз сўзлар ахлатга улоқтирилиб ёт сўзлар тилнинг тўридан жой олишида кўринади.
Ифода йўсинидаги бегоналашиш қандай юз беради?
Кўпроқ шу ҳақда гаплашамиз.
Тилнинг ифода йўсини деганда асосан уч қирра назарда тутилади:
1. Фикрлашдаги ўзига хослик.
2. Товушдаги ўзига хослик.
3. Жумла тузишдаги ўзига хослик.
 
Биринчи бўлиб фикрлашдаги ўзига хосликни кўриб чиқайлик.
Тил том мустақил бўлса, шу тилда сўзлашувчилар ўзининг бузилмаган тилида фикрлайди. Фикрини сўзга айлантириши ва юзага чиқариши осон, қулай ва табиий кечади.
Аксинча, тил бошқа бир босқинчи тилга қарам бўлса, босқинчи тил босими остида ўқиган, илм олган киши бора-бора ўша тилда фикрлаб, ўша тилда гапирадиган бўлиб қолади. Ўз тилида гапирмоқчи бўлганида ҳам ўзидан-ўзи олдин босқинчи тилда фикрлаб, сўнг шу фикрини ўз сўзларига ўгириб ташқарига чиқаради. Бунда тоза миллийлик йўқолади, қандайдир қоришиқ, бўтқа тил пайдо бўлади. Яъни, миллий фикрлаш тарзи бузилса, тилнинг ифода ўзига хослиги ҳам бузилади.
Мисол учун, босқинчи тил босими остида фикрловчи бир “зиёли”, дейлик, “На фоне продолжающиеся войны…” деб хаёлидан ўтказиб, шу фикрини ўзбекча ифодаламоқчи бўлса, унга “фон” сўзи (ёки бошқа бир сўз) халақит қилаверади ва у фикрини камида “Давом этаётган уруш манзарасида (ёки: фонида)…” деб баён қилади. Миясига ўрисча ифода ўрнашиб қолмаганида ва тили тушовсиз бўлганида эди, биринчидан, у ўз тилида ўйларди, иккинчидан, ўз тили табиатидан чиқиб келиб жумла тузарди. Масалан, “Теваракда уруш бўлиб турган бир пайтда…” деб гап бошлаган бўларди.
 
Ўз тилида фикрлаш лаёқатини йўқотган кимса назарида “фон” сўзини (ёки бошқа бир ёт сўзни) айнан олмаса ёки ўшани таржима қилмаса, ёт тилдаги маъно тўлиқ чиқмаётгандай бўлаверади.
Аянчли ҳолатимиз шу нуқтада. Ўзимиз ҳодисага бегона тилда боқяпмиз, яна “Менинг тилимда бу маънони айнан бериб бўлмайди”, деб тилимизга туҳмат қиляпмиз! Иллат тилда эмас, иллат ўзимизда экани хаёлимизга келмаяпти!
Буни ўз тили қобилиятига ишончсизлик дейилади. Тушкунлик дейилади. Тилга ёт сўзлар ёпирилиб кириб келаётганининг бош сабаби мана шу ишончсизлик ва тушкунликдадир. Ўзимиз ўзимизни чорасиз қолдирганмиз-да, энди бу ҳолдан чиқиш йўлини топа олмай, бу каби салбий ҳодисани ўлиб-тирилиб оқлашга, гўё илмий асослашга уриниб ётибмиз.
Киши олдин ўз она тилида табиий фикрлашга қайтсин,  ана ундан кейин унинг оғзидан ўзбекона табиий ифода чиқадиган бўлади.
 
Иккинчи муҳим масала ‒ товушдаги ўзига хосликдир.
Дунёда эл-элат кўп, ёзув оз бўлганидек, ҳар бир миллатда ҳам товуш кўп, аммо у товушларни ифодалайдиган ҳарфлар оз. Товушлар миллатларни, халқларни, ҳатто асосан бир тилда сўзлашувчиларни бир-биридан ажратиб туради. Бир тил ичидаги турли шевалар ҳам фарқли товушлар ҳисобигадир. Масалан, биргина “а” ҳарфини кимдир “о” деб, кимдир “а”, кимдир “э” ва яна бошқа кимлардир айнан биз айтган товушларнинг ўзини эмас, ўшаларга яқин ва мойил оҳангларда ифода этади.
Бу мисолдан ҳарфлар тимсол, товушлар асил экани чиқади.
 
Ўзига хосликни таъминлашда товуш вазифаси асосан икки йўналишдадир:
1. Шеваларни ажратади.
2. Халқларни, миллатларни бир-биридан ажратади.
Халқларда ҳар бир товушнинг оҳанги ҳар хил бўлганидек, чиқадиган ери ‒ махражи ҳам ҳар хилдир. Жумладан, тоза ўзбекчадаги “қ” товуши билан арабчадаги “қ” товушининг пайдо бўладиган ва чиқадиган ўрни бошқа-бошқа ердадир ‒ ўзбекча “қ” томоқнинг олдроқ қисмида, арабча “қ” эса томоқнинг ичроғида шаклланади. Туркларнинг “қ”си бизникига ўхшамайди, “к” яқин қилиб айтилади. Ўрисчада эса умуман “қ” товуши йўқ. Ва ҳоказо.
Босқинчи тил енгилган тил устидан тўла ҳукмронлик ўрнатиш учун биринчи қадам ўлароқ кучсиз тилдаги товуш оҳангларини ўзиники билан бирхиллаштириш, чиқадиган ерларини ҳам ўзиники чиқадиган ердан чиқишига кўниктириш сиёсатини юритади.
Масалан, ўзида йўқ “қ” товушини енгилган тилдан олмайди, аммо енгилган тилда йўқ “ц” (“тс”) товушини мажбуран қабул қилдиради ва, айнан мен каби талаффуз қиласан, деб талаб этади. Босқинчи тилга хос кўп товуш енгилган тилда илгаридан бўлмагани учун уларни чиқаришга тили ҳеч келишавермаса-да, зўравонлик остида аста-секин маҳражини яқинлаштириб, сўнгра охирида мустамлакачи тилнинг ўзидагидек қилиб талаффуз этишга ўрганади.
 
Бу жараёнда энг ажабланарли жойи ‒ ёт товушга тилини келиштириб олганлар тили ҳамон келиша олмаётганлар устидан кула бошлайди. Ҳолбуки, узоқ вақт мустақиллигини асраб қола олган (тили келиша олмаган) одамнинг тили устидан эмас, босқинчи тилга таслим бўлган ўзининг тили устидан кулиши керак эди.
Яъни, четдан кирган сўзларни ўша “чет” билан бир хил товушда талаффуз этиш ютуқ эмас, ютқизиқдир. Бошқа тилни мукаммал ўрганиб, ўша бошқа халқ билан бир хил гаплашиб кетиш албатта энг катта ютуқ ҳисобланади ‒ бу бошқа масала. Биз ҳозир бу ерда ўз тилида сўзлаётганда четдан кирган сўзни ўзининг талаффуз қоидаларига сола олмаган тил ҳақида гапиряпмиз ва бундай тилни кучсиз тил, натижани ютқизиқ деяпмиз.
 
Яна бир ёрқин мисол: ўзбек тилида илгари “ф” товуши умуман бўлмаган, “п” бўлган. Арабчада аксинча: “ф” бор, “п” йўқ. Турк-ўзбеклар Ислом динини қабул қилганидан кейин ҳам тилининг товуш мустақиллигини тўла сақлаб қолди ва то яқин-яқинларгача кундалик ҳаётида “ф”ни ишлатмай келди. Ҳатто Қуръони карим ўқиганида ҳам, айрим мураттаб қорилар мустасно, кўплар арабча “ф”ни ўзбекча “п” товуши билан ифодалар эди. Масалан, ўзимнинг раҳматли дадам “Инна патаҳна…” деб ўқиганлари бугун ҳам қулоғим остида жаранглаб туради.
Бу ҳол дин билан кириб келган араб тили таъсири сўзлар ва атамалар доирасида жуда катта бўлганига қарамай, тилимизнинг товуш мустақиллигига деярли зарар кўрсатмаганини, демак, давлат миқёсида араблаштириш сиёсати юритилмаганини кўрсатади.
 
Тилимиз ўрис тили босқинига учраганидан кейингина қисқа муддатда ёт тиллардаги “фабрика”, “фундамент” каби сўзлар кириши ва уларни эгаси каби талаффуз этишга мажбурланишимиз оқибатида бугун тилимизга “ф” товуши муқим ўрнашиб олди. Албатта, катта авлод “ф”га ўрганолмай узоқ вақт (балки умри охиригача) “пабрика”, “пўндамит” деб тил мустақиллигини сақлаб келди, лекин асосида тилларни ўрислаштириш сиёсати ётган умумий таълим таъсирида кейинги авлодлар энди онаси қорнидан “ф” деб тушяпти. Бугун мен қайсарлик билан “ф”ли сўзларни ҳамон “п” билан талаффуз этсам ёки ёзсам, “билағон” ёшларимиз менинг “қолоқ”лигимдан кулиб, хатоимни тез тўғрилаб қўйгиси келади.
Эсларингизда бўлса, Абдулла Қаҳҳорнинг бир ҳикоясида қаҳрамон ўзининг “зиёли”лигини кўрсатиш учун аслида “п” бўлиши керак бўлган товушларни ҳам “ф” билан алмаштириб талаффуз қила бошлайди. Унинг ҳатто хурраги ҳам “плуқ-қум-брр” бўлиб эмас, “флуқ-қум-брр” бўлиб чиқади, деб ёзувчи “ф”ловчилар устидан енгилгина кулади.
 
Бугун бу ҳикоя ғояси долзарб эмас. Ҳозирги ёшлар у ҳикоядаги кулгининг сабабини билмайди, тасаввур ҳам эта олмайди. Шунақа “зиёли” ва “билағон” бўлиб кетдик ҳаммамиз! Лекин, минг афсус, эришганимизнинг ютқизиқ эканини билмаймиз, ютуқ деб ўйлаймиз.
Товуш мустақиллигимизни тўла енгганидан, яъни, бизга ёт товушларни бизга ёт маҳражлардан чиқаришга ўргатиб олганидан кейингина ўрисча ва оврупача сўзлар ўз товушларида тилимизга ўрнаша бошлади.
Бундан чиқди, тилимиз товуш мустақиллигини қайтадан қозонмас экан, буткул ёт товушли ёт сўзлар бундан кейин ҳам бемалол ва тўсиқсиз луғатимизга кириб келаверади.
 
Аччиқ ҳақиқат ҳам шу: ўрис мустамлакасидан қутилиб мустақилликка эришганимиздан кейин озгина бўш қўйиб юборилиши натижасида охирги йигирма беш йил ичида шўрлик тилимиз олдинги юз йилдагидан кўра кўп бузилишга учради!
Учинчи ўзига хослик фикрни сўзларда, ибораларда, жумлаларда ифодалашда кўринади.
Бу масала ҳам жуда катта масаладир ва уни бир-икки оғиз тушунтириш билан англатиш оғир. Бунинг устига, оддий халқни қўйинг, ўқиган, биладиган, ҳатто ёзадиган кишилар ‒ биз адиблар, шоирлар ва ҳатто тилчи олимлар ҳам кўпимиз бу муаммони бор ҳақиқати билан англамайдиган ҳолга тушганмиз.
Тўғри тушунилишини истардик: мақсадимиз маломат эмас, балки билдиришдир. Бу гапларни англашда кўплар қоқинишига гувоҳ бўлганмиз, худди шу қоқинишимиз илдизи қаерда эканини эслатяпмиз, холос.
Ўзбекона-туркона ифода дерканмиз, маънони
а) бирон-бир ҳодиса, туйғу, билимни етказишда халқимизнинг ўзига хос фикрлаш ва сўзлаш услубига уйғун тарзда ва
б) тил қурилишидаги ўзимизга хосликни инобатга олиб… ифодалашни назарда тутамиз.
Дунё тилларида бир-бирига ўхшаш томонлар ҳам бор, бир-бирига мутлақо ўхшамайдиган ўзигагина хос хусусиятлар ҳам бор. Ўхшаш томонлар аслимиз бир ота-онага бориб тақалишидан бўлса, ўзигагина хос хусусиятлар бир тилда сўзлашувчи қавмлар тўп-тўп бўлиб, асрлар давомида айри-айри ерларда яшашлари ва бу айри ерларнинг ўзига хос томонлари ҳамда кўпроқ ички мулоқот таъсирида юзага келган.
 
Масалан, ўзбекча тил қурилиши бошқача, арабча ё ўрисча тил қурилиши тамоман бошқачадир. Бу бошқачаликни ҳис этиш учун мисол тариқасида имон шиоримизни олиб кўрайлик.
Арабчада “Ла илаҳа иллаллоҳ” бўлган бу жумла агар унга айнан боқсак, “Йўқ илоҳ Оллоҳдан ўзга” тарзида тузилганини кўрамиз. Бизга оёғи осмондан келгандек бўлиб туюлаётган ҳол араб тили учун ғоят табиийдир. Чунки ўзбекча гапда эга олдин кесим охирида келиши одатий ҳол бўлса, араб тили қурилишида одатда кесим олдин келади. Ўзбекчада биз “Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ” деймиз. Аксинча, тепада айтганимиз каби “Йўқ илоҳ Оллоҳдан ўзга” десак, асло ўзбекона ифодаламаган, балки ўзбекча сўзлар билан арабча ифодалаган бўлар эдик.
 
Бу масалада ўрис тили қурилиши араб тили қурилишига яқин келади. Улар мусулмонларнинг имон шиорини “Нет божеств кроме Бога” деб таржима қилади ва бу кўриниш ўрисона ифода йўсинига тўла мосдир, ўзларига ғоят табиийдир.
Имон шиоримиз машҳур бўлганидан уни мисол қилдик, бошқа ҳолларда ҳам хулоса шундай ва шунга яқин бўлади.
Минг афсус билан тан олишимиз керак, узоқ вақт миллий қарам бўлиб яшаганимиз натижасида давлатимиз ва тупроқларимизга қўшилиб миллий руҳимиз ва ўзбек тилимиз ҳам мустақил яшаш имконини бой берди. Кўп ҳолларда тақлидчи ва таржима тилга айланиб қолди.
Бугун бошимизда мустамлакачи давлат йўқ, тилимиз ҳам ўрислаштириш сиёсатидан қутилди ҳисоб. Лекин эски издан чиқиб кетолмай ҳамон ўрис тили босими остида яшаяпти. Ўқиётган китобларимиз, газет-жўрнолларимиз ўрисча, дунё хабарларини асосан ўрисчадан оламиз, биз фойдаланаётган баён усуллари анча-мунчаси ўрисча. Натижада ўқимишли қатламнинг фикрлаш тарзи ҳали-ҳамон ўрисчалигича қолмоқда. Оммавий ахборот воситалари асосан шу қатлам қўлида бўлгани учун тилимиз табиатини айни шу “ўқимишли қатлам” бузиб ётибди десак бўлади.
 
Миллий ўзандан чиқдик, бегона ўзан осон ва қулайга ўхшаб қолди. Нимадир демоқчи бўлсак, ихтиёримиздан ташқарида хаёлан олдин ўрисча шаклини суратлантириб оламиз-да, зудлик билан ўшани ўзбекчага ўгириб тилимизга чиқарамиз. Ёки бўлмасам, таржима ҳам қилиб ўтирмай шартта ўрисчасини айтиб қўяқоламиз. Ўзбекча гапираётган ё ёзаётган пайтимизда ҳам жумлани тайёр ўрисча қолипда тузамиз. Натижа эса маълум: айниқса оммавий ахборот воситалари тили бугун на ўрисча, на ўзбекча ‒ қоришиқ-қалбаки бир тил бўлиб қолди.
Тилимиз тўла мустақил бўлганида ва хаёлда ҳам ўзбекона фикрлаганимизда эди, масалан, икки дунёда “Ўйинга старт берилди” демас эдик! Балки “Ўйин бошланди” ёки “Ҳакам ўйинни бошлади” ёки “Ҳуштак чалинди, ўйин бошланди” деган бўлардик!
Ва ҳоказо. Бунга ўхшаш мисолларни ҳамма соҳадан келтирса бўлади.
Жумладан, диний тилимиз аҳволи ҳам қониқарли эмас. Ҳолбуки, ўрислаштириш сиёсатининг аянчли натижаларини ўнглашда нутқимизга диний руҳ қайтиши энг фойдали илож эди.
 
Бир ҳисобга шундай бўлди ҳам. Йигирма беш-ўттиз йилдан бу ёғида мачит минбарларидан янграётган диний суҳбатлар, тўй-маъракалардаги амри маъруф-наҳйи мункарлар, чоп бўлаётган диний адабиётлар ёрдамида тилимизга эски қадрдон руҳ бир оз қайтди, албатта.
Лекин, бошқа томондан, шўрлик тилимиз ҳали шамолдан тўла қутилиб улгирмай довулга тутилди гўё. Яшириб нима қиламиз: диний мавзуда гапирадиган ва ёзадиган кўпларнинг ўзбек тили бўйича билим савияси анча паст. Бадиий адабиётни кўп ўқиган айрим имомлар бинойидай ўзбекона гапиради, аммо кўплари қандайдир ясама-қоришиқ тилда мавъиза қилади. Ўрис-совет даврида кўп ўқимишли кишилар ‒ олимлар, сиёсатчилар, бошлиқлар, дўхтир ва муҳандислар онгини эркин миллий фикрлашдан ўрис тили тўсиб турган бўлса, бугун диний уламолар зеҳнини араб тили ифода йўсини чалғита бошлади.
 
Бундай вазият икки ҳолатда юзага келади:
а) илм бошқа тилда олинса ва
б) киши ўз тилини яхши билмаса.
Ҳа, ҳолатга тил илми нуқтаи назаридан боқсак, дин олимларимизнинг ҳаммаларининг ҳам нутқи, афсус, халққа ўрнак бўла олмайди. Чунки ҳаммалари ҳам тоза ўзбекона руҳда гапирмайди. Дин илми асосан араб тилида олингани учун имомларимизнинг фикрлаш тарзи ўзлари истаса-истамаса араб тили қолипига тушиб қолган. Ўзбекча нутқларида ҳам, биринчидан, ўринли-ўринсиз арабча, форсча сўз, изофа, ибораларни пала-партиш аралаштириб гапиради; иккинчидан, ўзбекча жумлаларни арабча тил қурилишига мослаб тузади.
Натижада бугун тилимиз, нисбий тасниф қилсак, руҳан учга бўлиниб қолди:
‒ ўзбекона руҳ;
‒ ўрислашган руҳ;
‒ арабча-форсчалашаётган руҳ.
 
Бу мушкулни ўз вақтида ва илмий йўл билан ечмасак, бузилиш чуқурлашаверади, тилимиз асл табиий ўзанига қайтиши қийинлашиб бораверади.
Аммо бу иш жуда нозик. Араб тили Қуръони карим тили бўлгани учун жамиятимизда араб тили дейилса тўғридан-тўғри дин (ҳеч бўлмаганда диний руҳ) тушуниб қолинган.
Дин эътиқод масаласидир. Эътиқод эса ниҳоятда ҳассос бўлганидан жамиятнинг катта бир қисмида бу борада хавотир туғилиши табиий. Тил тозалигини сақлашга бўлган ҳар қандай ҳаракатни кимдир билмасликдан, кимдир эҳтиёт юзасидан бирданига ҳазм эта олмайди. Ҳатто динга қарши ҳаракат деб ўйлаб қолиши ҳам мумкин.
Аслида, хавотирга мутлақо ўрин йўқ. Бундай тушунчага бориш тубдан хато. Чунки дин бошқа, тил бошқадир! Бу икки ҳодисани бир-бирига аралаштирмаслик керак. Мақсад ‒ халқларга динни етказиш, араб тилини етказиш эмас! Дунёнинг ҳар бир халқи, қабила-элати ўз ботил “дин”ини ташлаб ҳақ динни қабул қилишга чақирилади, ўз тилларини ташлаб араб тилини қабул қилишга эмас. Ислом динини қабул этган халқлар араб тилини мутлақо билмаса ҳам, ўз тилига бу тил унсурларини аралаштирмаса ҳам, жаннатга тушаверади. Яъни, арабчада бийрон гапирадиган бир имонсиз билан арабча билмайдиган бир холис мусулмоннинг фарқи дўзах билан жаннат фарқичалик.
 
Нимага?
Чунки, яна такрорлаймиз: дин бошқа, тил бошқадир!
Мана шу ҳақиқатга иқрор бўлиб олсак, ўртадан муаммо бирдан кўтарилади.
Халқимиз динини севади. Қадрлайди. Диндан билим берганларни бошига кўтаради. Ва, шубҳасиз, араб тили дунёда нодир балоғат тилидир. Балки шунинг учун ҳам охирги пайғамбар араблар ичидан танланиб, Қуръони карим араб тилида туширилгандир.
Аммо бу дегани, биринчидан, Ислом динини қабул қилган миллатлар ўз тили тозалигини сақлашга ҳаққи йўқ дегани эмас. Сўзимиз бошида келтирганимиз ояти карима маъносига кўра, Оллоҳ таоло инсонни яратиб, дунёда турли халқлар ва қабила-элатлар бўлиб яшашимизни ирода этибдими, демак, хар бир халққа буюк бир мўъжиза ўлароқ берилган ўз тилини сақлаб қолиши лозимлигини уқтираётгани ҳам англашилади. Акс ҳолда, инсоният турли халқлар ва қабила-элатлар бўлмай қолар эди.
Иккинчидан, ҳар бир тилнинг ижодкори Буюк Оллоҳ экан, у тилни кўз қорачўғидек асраш, яратилган пайтидаги илк гўзалликларини сақлаб қолиш ўша тилда сўзлашувчи халқларнинг бурчидир.
 
Демак, тил тозалигини асраш ҳаракати жоиз бўлибгина қолмай, ҳар бир миллат бўйнидаги улкан вазифалардан бири ҳамдир.
Учинчидан, ҳақ динга чақирувчи киши халқларга дин етказар экан, айни чоқда маҳаллий тилларни арабчалаштириш билан ҳам шуғуллана бошласа, дин етказилаётган миллат: “Ие, буларнинг дарди дин эмас, ўз тилини тиқиштириш экан-ку!” деб ўйлаб қолмайдими?!
Яъни, дин билан тил ҳодисасини аралаштириб юбориш даъват учун ҳам хатарлидир. Ҳатто даъват йўлидаги билинмас катта тўсиқдир.
Бу айтилганларда хулоса ясайдиган бўлсак, ўзбек тилимиз ҳам Оллоҳ таоло бизларга инъом этган буюк мўъжиза ўлароқ то қиёматгача яшаб қолишга ҳамда ўзигагина хос бўлган гўзалликларини сақлаш учун жон куйдиришга ҳақлидир. Бунда ўрис-оврупа тилларидан бўладими, араб-форс тилларидан бўладими ‒ фарқи йўқ, пала-партиш кириб келишлардан ўзини қўришга ҳаракат қилиши керак.
 
Эслатма. Неча асрлар давомида тилимизга кириб,
ўзлашиб, муқим ўрнашиб қолган сўз ва иборалар
ўзбекча саналади ва бу мақолада гап улар ҳақида эмас.
 

 

2017 йил январининг 13 ‒ 15-кунлари.

 

 
nurullohuz.com