Уларга ҳам қийин

Ўртоқлик ҳазили

 

Дунё дунё бўлиб яралибдики… дунё ҳокимлар билан фуқарога ажралиб яшай бошлабдики, улари буларига, булари уларига ҳасад қилиб келади. Фуқаро, подшоларга маза, деб ўйлайди– ҳамма нарса муҳайё, кўнгли тусаган ишини қилади, хоҳлаган неъматини ейди, хоҳлаган мамлакатига боради, оғзига келган гапни гапиради, биров уларни сиқмайди, юрган йўлига биров чизиқ тортмайди… Хуллас, подшоларга маза!

Подшолар (ўйлайдиганлари) ўйлайдики, фуқарога маза – тирикчилик ё бола-чақа ташвишидан бўлак иши йўқ, юмушини бажариб бўлгач, кулбасига кириб кетадию дунёни унутади; хоҳласа гап ейди, хоҳласа марзага чиқиб ажриққа думалайди; бировни ёмон кўрса, олдида жилмайиб туришга мажбур эмас, кўзини лўқ қиладию авлод-аждодига қўшиб обориб-опкелади, айтадиган гапи бўлса, дангалига олади, қолипларга солиб ўтирмайди… Хуллас, фуқарога маза!

 

Аслида, иккаласига ҳам қийин. Биттаси иккинчисини умр бўйи елкасида кўтариб юришга мажбур. Иккинчиси ерда одамларга ўхшаб юролмайди. Юрса, йиқилиб тушади. Йиқилса, турғазиб қўяй десангиз, дарров яна елкага тармашади.

Мен, масалан, уч-тўрт йилдан буён Миша акага жуда ачинаман. Тарактирчилар сулоласидан эди ўзи. Истаганида, шу касбнинг этагидан маҳкам тутиб, туппа-тузук ишлаб юраверарди; Тарактир битта, бошқарувчиси битта. Тўрттагина ғилдирак. Хоҳласа юрғиздиради, хоҳламаса қантариб қўяди. Чамбарак ўзининг қўлида, тўхтатадиган тепки ҳам, чоптирадиган тепки ҳам ўзининг оёғида. Хиллоси биқингинасида. Лозим топса, тезлатади, зарур бўлмаса, тошбақаюриш қилади. Бизга деса, орқасига шатакарава улаб юрсин! Ғашимизга тегмайди. Тарактир ўзиники, калла ўзиники…

Энди-чи? Эндиги ҳолига мунда-ай бир қаранглар.

Ер юзининг олтидан бир қисмини эгаллаб олган темирковушли (гусенисали) тарактир. Ялпайиб ётибди. Юрғизаман деса, ўт олмайди. Ўт олса, юрмайди. Устига устак, ботқоққа ботиб қолган. Ўл дегани одам йўқ.

Беш йилча бурун Миша акани мана шу зорманданинг ўтхонасига (мотўрига) масъул қилиб қўйишди. Юрғиздирсанг, ўз-ўзингники, дейишди. Акам иштиёқ билан ишга киришдилар: қайишни гуппига ўраб силтаб тортадилар. Ўтхона «пақ-пақ!» этади-ю, ёнмайди. Акам яна ўрайдилар. Ниҳоят, торта-торта ўт олдирадилар. «Қани, олға!» деб буйруқ берадилар. Тарактир бўлса, жойидан жилмаёқ ўчиб қолади. Неччи марта шунақа бўлди-ю…

Акам бу бесўнақай, сўлоқмон тарактирни яратганларни сўкишга журъат қилмадилар-у, лекин бармоқни чаккага тираб тура-тура охири, тарактирни қайта созлаш керак, деган хулосага келдилар. Юзни сидириб, чеккадан ёрдам сўрадилар.

– Бунингиз одам бўлмайди. Эскириб кетган. Биздан тайёрини олақолинг, – дейишди улар.

– Йўқ, биз мана шу тарактирни қайта созлаб юрғиздиришимиз керак. Ҳали бунинг очилмаган имкониятлари кўп, – дедилар акам.

Мутахассислар қарашса, ўтхонадан бўлак бирорта мурват йўқ!

– Ташиб кетишибди-да азаматлар, – деб аския қилдилар акам.

– Ўзи олдин бормиди? – дейишди улар.

Сўнг мундай қарашса… Э воҳ! Ғилдираги ҳам йўқ-ку бунинг!

Миша акам аламдан дод деб юборай дедилар. Бошқаларга билдирмай ичларида сўкиндилар. Чирт этказиб ичларига тупурдилар. Ичларида ҳаммасини тан олдилар.

Рост. Бутун дунёни қойил қолдириш мақсадида улкан тарактир яратишга уриниш бўлган. Аммо битса, бу сўлақмонни қаерда, қандай ишлатишни ўйлаб ҳам кўрмай ишга киришилди. Негадир энг аввал ўтхона ясалган. Ҳатто ўт олдириб ҳам кўришган. Шовқини оламни бузадиган ўтхона тайёр бўлгач, тарактирнинг бошқа қисмларини – шотисини, ўқини, гупчагини, эгарию чамбарагини ясаб чиқишган. Аммо сўлақмонга ғилдирак ҳам лозимлиги бир кимсанинг хаёлига келмаган. Мингоёққа ўхшаб майда ғилдиракчалари кўп-у, уларга темирковуш кийгизилмаса, қайси тарактир жойидан жилади? Ғилдиракчалар айланаверади, тарактир депсинаверади, ботқоқ билчиллаб, домига тортиб кетаверади. Хўш, нима қилиш керак?

Миша акам мутахассисларга қарадилар. Улар бир-бирларига қарашди…

Икки йил деганда мурватлар жой-жойига қўйилди, ғилдиракчаларга темирковуш ҳам кийгизилди. Амаллаб ўтхонага ўт қўйдирилди. Аммо алмисоқдан қолган ўтхона сўлақмонни тортолмади. Кучи етмади.

– Буни тарих музейига топшириб, ўрнига бошқа кучли ўтхона ўрнатиш керак, – деб таклиф қилди кимдир.

Миша ака ўзи неча йил масъул бўлган қадрдонидан айрилишга кўзи қиймади.

– Бир ўтхонали усулдан кўпўтхонали усулга ўтиш керак! – деди бошқа биров.

– Мутлақо бўлмайди! Ўтхона кўпайса, ҳаммаси ҳар томонга тортиб, тарактир парча-пурча бўпкетади. Ўзи илвираб турибди, – дейишди жўровозлар.

Таклиф қайтди.

Миша ака халқдан чиққан-да, барибир виждони қийналди. Аслида, отасининг тарактирини миниб юраверганида бўларкан: ўзи хон, ўзи бек, маза эди. Энди бўлса…

Уни ўтхонадан олиб, наридан-бери созланган сўлоқмоннинг эгарига миндириб, чамбарагини қўлига тутқазиб қўйишди. Отасининг тарактирида эгар, тепки, чамбарак ва хиллоси биттадан, бошқарувчиси ҳам бир киши эди. Ҳозирчи? Ҳозир чамбарак акамнинг қўлларида-ю, тўхтатадиган, тезлатадиган сон-саноқсиз тепкилар бошқаларнинг измида. Акам чамбаракни гоҳ сўлга бурадилар. «Қани, кетдик!» дейдилар. Қаёқда! Биттаси хиллони олдинга улайди, бошқаси орқага улайди. Биттаси тезлик тепкисини босса, бошқаси жонҳолатда тўхтатадиган тепкини босади. Акам чамбаракни ноилож ўнгга бурадилар, эгарда силтаниб: «Қани, олға!» десалар, бу гал аксинча бўлади: буниси юрғизса, униси тўхтатади. Алмисоқдан қолган ўтхона зўриқиб кучанаверади, тарактир ботқоққа ботаверади…

Ў-ў, фуқаро, подшоларга маза, дейсан-а, нимаси маза?!

Ундай десам, халққа ҳам осон эмас. Қачондан бери тинмай додлайдики: «Ҳой, худо хайрларингни бергурлар, биз тарактирнинг тагидан чиқиб олайлик, кейин юрғизасизлар!» деб. Ўтхонанинг шовқини қулоқларни тутганидан бошқарувчилардан биронтаси бу дод-фарёдни эшитмайди. «Ўнгга бур!» – «Сўлга бур!» қилиб ётишибди.

Туриб-туриб, ўйлаб қоламан: модомики бир серсоқол буводан қолган ўтхонадан ё шу шалоғи чиққан сўлақмоннинг ўзидан буткул воз кечолмас эканмиз, унинг нафақат чамбарагию эгарини, балки тепкисини ҳам, хиллоларини ҳам акамнинг бир ўзларига бериб қўяқолсак нима қилади. Ҳар ҳолда, ота касб, эплаб кетармидилар, дейман-да.

…Ий-й, йўғ-а, асло! Мен подшолик замонларини қўмсаётганим йўқ. Шунақа маъно чиқиб қолдими? Худо кўрсатмасин! Шунчаки, уларга ҳам қийин, демоқчиман, холос.

 

Ш. Е. КИШИ

 


“Муштум” журнали, 1990 йил август (16-сон)


Be the first to comment

Leave a Reply

Your email address will not be published.


*